Қайднома

Қидирув

«Реал»нинг пўлат каби мустаҳкам ва пишиқ посбони

«Реал»нинг пўлат каби мустаҳкам ва пишиқ посбони

  14.06.2018 06:17
  0
  742
«Реал»нинг пўлат каби мустаҳкам ва пишиқ посбони

Вақтида бу йигитни бўйи анча пастлиги учун дарвоза яқинига ҳам йўлатмагандилар, умуман, у 27 ёшга тўлгунига қадар ҳеч қайси гранд клуб назарига тушмади ҳам.

Лекин тез орада Икер Касильясдек «Реал» рамзи ўрнини эгаллади, Европа ЧЛнинг 3 карра ғолибига айланди. Ҳозирда босиқлиги билан ажралиб турувчи кипер  шарафига ҳаттоки, фильмлар яратилмоқда.

1953 йили қурилган бутун бир стадион эса уни улуғлаш билан овора. Умуман, Кейлор Навас - «Сантьяго Бернабеу»нинг гулдурос қарсакларига лойиқ кўрилаётган камтарин йигит, сокин дарвозабон...

«ҲОЙ, КЕЙЛОР!»

Перес-Селедон бўйлаб сайр қилиб юрган бахтиёр Наваслар жуфт­лиги туғилажак зурриёдга исм танлаш хусусида баҳслашарди. Ота - Фредди ортиқча бош қотириб ўтирмай, ўғилча туғилиши ва унга отаси исмини қўйишини таклиф этади.

Шу онда кутилмаганда нотаниш овоз эшитилади: «Ҳой Кейлор, мендан узоққа кетиб қол...». Қарангки, шу билан чақалоққа исм танлаш баҳси ўз-ўзидан тўхтайди. Чунончи, отага ҳам, онага ҳам Кейлор варианти жуда маъқул келганди.

Кейинчалик шундай вазиятлар юзага келдики, оилада қабул қилинаётган кескин қарорларга Кейлор шунчаки, четдан қараб туришга мажбур эди. Яъни ота-онаси дурустроқ пул топиш мақсадида АҚШга йўл олишганида, бобоси ва бувиси қарамоғида қолган болакай қанчалик ожиз эканини илк марта ҳис этди.

Жудоликни енгиш жуда қийин кечган бўлсада, Кейлор ўзи учун суюкли эрмак топди - бобосининг ҳамкорлигида маҳаллий «Перес»нинг ўйинларини томоша қилишга одатланди.

Ўзи болалар секциясида шуғулланишга чоғланиб, бобосидан рухсат олганида эса, қаттиққўл мутахассислар уни қабул қилишмади. Мураббийларни Кейлорнинг бўйи талаб даражасида эмаслиги ўйлантириб қўйганди.

НАЖОТ БЕРГАН ЭЪТИҚОД

Қийинчилик кўриб, вояга етаётган Кейлор ўз кечинмаларини ҳеч ким билан ўртоқлашмас, қандайдир одамови бўлиб қолганди. Лекин бир куни кўнглида йиғилиб турган изтиробларини энг яқин  ўртоғининг онасига ошкор этди. Болакайнинг руҳий ҳолатини тўғри баҳолаган аёл аввало, уни тинчлантирди, қайноқ чой билан меҳмон қилди.

Кейин шундай маслаҳат берди: «Ҳар қандай қийин вазиятда ҳам, фақат Яратганнинг ўзидан кўмак сўра». Шу-шу Кейлор майдонга тушганида, бир зум тиз чўкиб, қўлларини юқори кўтарган ҳолда, нималарнидир шивирлашга одатланди. Энг муҳими, йигитчани чулғаб олган тушкунлик ўрнини ўзига хос кучли ишонч руҳи  эгаллади.

Навас бўлажак турмуш ўртоғи, 2 нафар қизалоқни ҳадя этган Андреа Салос билан ҳам айнан ибодатхонага қатнаб юрган вақти танишди. Ўша пайт у эндигина 20 ёшга тўлган, Андреа эса модель бизнесида дастлабки қадамларини ташлаётганди.

«БУ МЕН УЧУН ИМКОНИЯТ»

Кейлор профессионал дарвозабон мақомига «Саприсса» жамоасида эришди. У айнан шу клубда ашаддий мухлислар нафрати ва муҳаббати қандай бўлишини яхши билиб олган.

Қолаверса, дебют мавсумида клубининг КОНКАКАФ ЧЛда ғалаба қозонишига катта ҳиса қўшди. 2008 йили эса Коста-Рика терма жамоадан биринчи марта таклиф олди ва дарҳол ўзича аста шивирлади: «Бу мен учун имконият».

Асосийси, имкониятдан самарали фойдаланишни бошлаб юборган ёш дарвозабон тез орада жамоа билан Америка кубоги-2009 ярим финалида ўйнади ва якунда турнирнинг энг яхши голкиперига аталган соврин соҳибига айланди. Табиийки, Кейлор Навас шундан буён «Лос Тикос»нинг доимий қўриқчиси.

Европа футболига юзланишига келсак, Коста-рикалик дарвозабонга биринчи бўлиб, Краковнинг «Висла»си харидор бўлди. Бироқ «Саприсса» польшаликлар юборган таклифни рад этди. 2010 йилга келиб эса, Испаниянинг «Альбасете»си Навасни ўз сафига чорлади. «Саприсса» раҳбарияти бу сафар клубнинг етакчи ўйинчисини истиқболли йўлдан қайтаришга ботинолмади.

Энг қизиғи шуки, Кейлорни ўз сафига қўшиб олгунига қадар Сегунда-А лигасида иштирок этган жамоа янги голкипер билан янада қуйироққа тушиб кетди. Ана шу омадсизлик оқибатида Навасни ижара келишуви асосида «Леванте»га юборишди. Боз устига, у янги клубда уругвайлик тажрибали амплуадоши Густаво Мунуа билан рақобатлашишга мажбур эди.

Таажжубки, кучли ва соғлом рақобат қитъадош дарвозабонларга ижобий таъсир қилиб, улар аҳил дўстларга айланишди. «Леванте» эса ўз тарихида илк марта ЕЛ саралаш босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Муваффақиятдан руҳланган «бақалар» бош мураббийи Хоакин Капаррос Навасга қарата хитоб қилди: «Кейлор, сен бизнинг 1-рақамимизсан!»

ЮЛДУЗЛИ ЙИЛ

Навас Бразилия мундиали-2014 арафасидаги мавсумни фантастик кўрсаткичлар билан якунлади: 17та «қуруқ» ўйин, бартараф этилган зарбалар сони бўйича энг юқори натижа ва табиийки, Ла-лиганинг энг яхши дарвозабони мақоми. Тез орада моҳир посбонга испан футболи қироллари - «Реал» ва «Барселона» вакиллари жиддий қизиқиш билдиришди.

Бироқ Навас уларга жиддий эътибор қаратмай, машғулотларни давом эттирди. Дарвоқе, Коста-рикалик футболчи чаққонликни маромига етказиш мақсадида теннис тўпларидан фойдаланарди. У болалик давридаёқ ўз синглисидан ракетка ёрдамида зарба йўллашни илтимос қилар ва ўқдай учган тўпни қайтаришга уринарди.

Хуллас, Коста-Рика термаси Бразилия мундиалининг асосий «сенсация»чисига айланган бўлса, Кейлор Навас энг ёрқин кашфиётлар қаторидан жой олди. Эсласак, камтарин «Лос Тикос» мусобақа дебютида Уругвай термасини аяб ўтирмади - 3:1. Навас гуруҳ босқичида ягона бўлиб қолган ўша голни Эдинсон Каванининг «нуқта»дан йўллаган зарбасидан сўнг қўйиб юборганди.

Яъни у Италия (1:0) ва Англия (0:0) термаларига қарши кечган кейинги баҳсларда дарвозаси дахлсизлигини таъминлади. Шу тариқа Коста-рикаликлар 1-ўрин орқали «плей-офф»  босқичига йўл олишди. Табиийки, Кейлор энг сара харидорлар назарига тушди. Лекин «Бавария» вакилларидан ЖЧ тугагунича сабр қилишларини сўради.

Умуман, Навас Бразилия мундиалида пенальти тўсишдаги ишончли ҳаракатлари билан ҳам эътибор қозонди. Жумладан, грециялик Теофанис Гекаснинг «нуқта»дан йўллаган зарбасини бартараф этиб, «Лос Тикос»га чорак финал дарвозасини очди.

КОНКАКАФ вакили голландларга қарши кечган беллашувни ҳам «лотерея»га қадар чўзди. Аммо ўша оқшом Кейлорнинг афсунгарлик фазилати иш бермади - европаликлар барча зарбаларни аниқ бажаришди.

«МАДРИД» ҚЎРИҚЧИСИ

 «Лос Тикос» ЖЧ-2014да дарҳақиқат, бошидан баландроққа сакраган бўлса, Кейлор Навас дарвоза тўсинидан ҳам юксакроққа кўтарилди.

Муҳими, мундиалдаги ёрқин иштирок унга топ-клублардан бирини танлаш имкониятини берди. Аслида «Бавария» ҳамон тинчлик бермаётганди, аммо Кейлорни нимадир ушлаб турарди. Тез орада «Реал» ҳам даъвогарлар қаторига қўшилгач, ўша тўсиқ ўз-ўзидан ғойиб бўлди.

Зеро, у болалик чоғидан айнан «Қироллик клуби»да ўйнашни орзу қиларди. Хуллас, келишувга эришиш жараёни узоққа чўзилмади. «Леванте» ғазнасига жамоа тарихидаги рекорд сумма - 10 млн. евро тушди ва Коста-рикалик иқтидор соҳиби «галактикос» таркибига қўшилган 6-хорижий дарвозабонга айланди.

Унга қадар жамоа қўлқопларини қўлга олиш легионерлардан венгриялик Жула Кижель, аргентиналик Рохелио Домингес ва Альбано Биссарри, германиялик Бодо Иллгнер ва польшалик Ежи Дудекка насиб этганди. Албатта, аввалига Навасда Икер Касильясдек жамоа афсонасини асосий таркибдан суриб чиқариш имконияти деярли нолга тенг эди.

Бундан ташқари, унинг олдида яна бир тажрибали посбон Диего Лопес қаршилигини синдириш вазифаси ҳам турарди. Шу сабаблими, Шимолий Америка футболи вакили бошида кўпам майдонга тушгани йўқ. У асосан кубок турнирининг илк босқичлари ва аутсайдерларга қарши кечган ўйинларда кўриниш берди.

Бош мураббий лавозимига Рафаэль Бенитес тайинлангач, жамоанинг ички муҳитига путур етди, жумладан, таниқли мутахассис билан келишолмай қолган Касильяс ихтиёрий равишда Мадрид клубидан кетди. Қарабсизки, Кейлор 2015|2016 йиллар мавсумидан эътиборан асосий таркибга киритилди. Муҳими, у шундан буён ўз ўрнини ҳеч кимга бўшатаётгани йўқ.

Мана, «Қироллик клуби» Зайниддин Зидан даврида қаторасига 3 марта ЧЛ кубогини ютиб, турнирнинг чин қироли мақомини олди. Ушбу такрорланмас ютуқларда Наваснинг ўзига яраша улуши бор, албатта.

Бундан ташқари, оиласида 2 нафар қизалоқнинг дунёга келгани унинг кайфиятини чексиз кўтариб юборди. Эндиликда Кейлор яшил майдонда омадсизлик кузатилса, дарҳол уйига ошиқади ва оила даврасида руҳий ҳолатини осонгина тиклайди.

«ТЕМИР ОДАМ»

Ҳа, Кейлор Навас ҳам фаолияти давомида етарлича танқидларга дуч келган, келмоқда, келади ҳали. Жумладан, яқинда ўтказилган сўровда 50 фоиздан кўп иштирокчи Кейлор ўз ўрнини Давид де Хеага бўшатиб бериши кераклигини баён этди.

Лекин Мадрид клуби фахрийси Бодо Иллг­нер Коста-рикалик касбдошини тўла қувватлаб, мутасаддиларга айнан унга ишонишда давом этишни тавсия қилди.

Кейлор эса бутун ҳаёти давомида юксак ишончни оқлаб келмоқда: туғилиб-улғайган шаҳрида унга дарвозага яқинлашиш имкониятини ҳам беришмаганди, орадан 20 йил ўтиб, анча қадимий стадион (1953 йили барпо этилган)га шу «пакана» посбон номи берилди. Наваснинг ўзига хос ҳаёт йўли киноэкранларга чиқиб улгурди - «Темир одам» картинаси унга бағишланган.

31 ёшли дарвозабоннинг ўзи эса айни кунларда Коста-Рика термаси Бразилияда чорак финалга тасодифан чиқмаганини исботлаш илинжида Россия сафарига жиддий тайёргарлик кўрмоқда.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz