Қайднома

Қидирув

Отабек Шукуров: «Мен ҳам осиё чемпиони бўлишим мумкин эди, лекин...»

Отабек Шукуров: «Мен ҳам осиё чемпиони бўлишим мумкин эди, лекин...»

  14.06.2018 06:33
  0
  350
Отабек Шукуров: «Мен ҳам осиё чемпиони бўлишим мумкин эди, лекин...»

Ўзбекистон олимпия ва миллий терма жамоаларига номзод футболчи Отабек Шукуров якунланган мавсумни БААнинг «Шаржа» клубида ўтказди.

«Бунёдкор»нинг собиқ ярим ҳимоячиси эркин агент мақомида Амирликлар клуби сафига бориб қўшилган ва янги жамоаси билан бир ярим йиллик шартнома имзолаганди. Маълумот учун, «Шаржа» клубига 1966 йилда асос солинган бўлиб, бу клуб уй ўйинларини Sharjah Stadium аренасида ўтказади.

Клуб 5 марта БАА чемпиони бўлган. Саккиз бор БАА президенти кубоги соҳибига айланган. Бир марта БАА Суперкубогида ғолиб чиққан. Шукуровдан ташқари чилилик Сезар Пинарес, бразилияликлар Веллитон ва Вагнер Виейра легионер сифатида «Шаржа» шарафини ҳимоя қилишади.

Отабекнинг жамоаси 12та клуб иштирок этган БАА чемпионатинининг сўнгги мавсумини 6-ўринда якунлади. «Шаржа» 22 учрашувда 8 ғалаба, 5 дуранг ва 9та мағлубият қайд этди, 29 очко жамғарган ҳолда, 5-ўриндаги «Ал-Аҳли»дан икки очко кўп, 7-поғонадаги «Ал-Жазира»дан бир очко кам тўплади.

Бу билан «Шаржа» ўтган йилги натижасини яхшилашга эришди. Биз Отабек Шукуров билан Нукус халқаро аэропортида суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. Хабарингиз бор, Нукус шаҳрида катта спорт фестивали ўтказилди.

Тадбир доирасида қорақалпоғистонлик ёшларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғалари тантанали равишда топширилди. Ушбу маросимларда Достонбек Ҳамдамов, Жамшид Искандеров, Элдор Шомуродов қаторида Отабек Шукуров ҳам фаол қатнашди.

- Отабек, бу сизнинг БАА клубига кўчиб ўтганингиздан кейинги илк интервьюнгиз бўлади. Шу боис, келинг, суҳбатимиз аввалида «Шаржа» жамоасига кўчиб ўтишингиз ҳақида маълумот берсангиз. Трансфер қандай амалга ошди?

- Хабарингиз бор, ўша пайт «Бунёдкор» билан шартномам якунига етган ва эркин агентга айлангандим. Мавсумни бошқа клуб сафида бошлаш учун бир нечта таклифларим бор эди. «Бунёдкор» директори, мураббийлар ва яқинларим билан маслаҳатлашган ҳолда «Шаржа» вариантини танладим. Таклифлар орасида энг мақбули айнан Амирликлар клуби бўлиб чиқди.

- «Шаржа»нинг таклифи қолган клублар чорловидан нимаси билан афзал кўринди?

- Ўша пайтдаги энг тўғри қарорни қабул қилдим, деб ўйлайман. Ҳамма таклифларни обдон ўрганиб чиққандан кейингина «Шаржа»га розилик бердим.

- Сир бўлмаса, яна қайси клублардан таклифлар олгандингиз?

- Россия, Қатар ва Жанубий Корея жамоаларидан аниқ таклифлар бор эди. Бир неча йилдан бери БАА чемпионатида ўйнаётган Азиз Ҳайдаров билан узоқ гаплашганимдан сўнг бир тўхтамга келдим.

Азиз ака менга БААада футбол рекламаси кучлироқ экани ва бу ерда ўзимни кўрсата олсам, кучлироқ чемпионатларга йўл олишим осонроқ кечишини айтдилар. Улар билан терма жамоада ҳам ўйнаш насиб қилган. Бой тажрибага эгалар. Қисқаси, ўша пайтда қабул қилган қароримдан асло афсусланмайман.

- Одатда, футболчи сифатида ўсишни истаганлар Европа, хусусан, Россия клубларидан тушадиган таклифни қабул қилишади. Баъзилар пул кўпроқ тўланадиган араб жамоаларини афзал билишади...

- Тўғри, бу фикрга мен ҳам қўшиламан. Шахсан ўзимга Россия клубидан тушган таклиф қизиқроқ туюлганди. Яширмайман, Россия чемпионатида ўйнашни хоҳлагандим. Лекин ўша пайтдаги вазиятда «Шаржа»ни танладим. 22 ёшимда легионер мақомига эга бўлдим. БАА чемпионатида узоқ қолиб кетиш истагим йўқ.

Азиз Ҳайдаров айтганидек, бу мамлакатда футбол рекламаси юқори даражада экан. Насиб қилса, ҳали кучлироқ чемпионатларда ўйнашга улгураман. Асосий мақсадим ҳам шу. «Шаржа» ўзимни синаб кўриш учун яхши вариант эди ва амалда шундай ҳам бўлди.

- БАА чемпионатидан олган таассуротларингиз қандай?

- Очиғи, бундай кутиб олишади, деб ўйламагандим. Футболчи учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Футболдан бошқа нарса ҳақида ўйламайсиз. Алоҳида уй ва машина беришган. Оилам ҳам ўзим билан бирга. Ҳеч қандай камчилик сезганим йўқ.

- Аввал БАА клублари ва терма жамоалари билан кўп бор тўқнаш келгансиз. Мана, энди ўзингиз уларнинг чемпионатида ўйнаб, ички муҳит билан яқиндан танишдингиз. Араб футболи нимаси билан сизга маъқул келди?

- Футболчиларнинг жисмоний ҳолати бизникига қараганда яхшироқ. Техникаси ҳам юқори, бемалол 2-3 футболчини алдаб ўтиши мумкин. Рақиб жарима майдончаси атрофида икки киши бўлиб ҳам ҳужумни голга айлантира олишади.

Ана шу жиҳатлари менга маъқул келди. Ўзимизнинг футболчиларда эса жамоавий ўйин яхши йўлга қўйилган. Озгина тезроқ ҳаракат қилиб, қисқа тўп узатишлар билан аниқроқ ўйналса, шу жиҳатда араблардан устунликка эриша оламиз.

- Машғулотлар жараёни ва унга ёндашиш борасида қандай тафовутлар кўзга ташланди?

- Араб клубларида асосан хорижлик мураббийлар ишлашади, айнан улар ҳамда легионер футболчилар ҳамма нарсани ҳал қилишади. «Шаржа» мисолида оладиган бўлсам, бош мураббийимиз маҳаллий мутахассис. Лекин унинг ёрдамчиларидан тортиб, то массажчиларгача бразилиялик.

Ана шу жиҳатдан ҳам машғулотлар бизникидан фарқ қилади. Ҳар кунги машғулот олдидан аввал тренажёр залида машқ бажарилади. Кейин легионерларга қараб ҳам машғулотларда кўп нарса ўрганса бўлади.

- Клуб раҳбариятининг мавсум якунлари бўйича хулосаси қандай бўлди? «Шаржа»нинг иштироки ижобий баҳоландими?

- Билишимча, «Шаржа» сўнгги 3-4 йилдан бери БАА чемпионатида 10-ўриндан кўтарила олмаётган экан. Мен борган пайтда ҳам жамоа айнан 10-поғонадан жой олиб турганди. Якунда эса чемпионатни 6-ўринда якунладик. Кучли бешликдан жой олишимиз учун битта ғалаба камлик қилди.

Етти очколик фарқ билан чемпионликни қўлга киритган «Ал-Айн»га чемпионатдаги ягона мағлубиятини айнан биз тақдим этдик. Ўйлайманки, келаси мавсум жамоамиз яна ҳам юқорироқ, ҳатто совринли ўринлар учун ҳам кураша олади.

Клуб раҳбарлари ҳам кучли учликдан жой олиб, ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш вазифасини кўзлашмоқда. Бунинг учун барча имкониятлар бор. Асосий вазифа - клубнинг аввалги чемпионликка эришган йилларидаги шонини тиклаш.

- Демак, таркибда ўзгаришлар бўлади, шундайми? Ёки ҳозирги футболчилар билан ҳам бу масалани ҳал қилиш мумкинми?

- Таркиб кучайтирилиши аниқ. Менимча, бразилиялик легионерлардан камида икки нафарига жавоб берилади. Уларнинг ўрнига кучлироқлари олиб келинади. Таътилдан кейин борганимиздан кейин бу масалаларга ойдинлик киритилади.

- Таътил қачонгача берилган ва жамоа қайси санада тўпланади?

- Режага кўра, 20-25 июнь кунлари оралиғида Шаржага етиб боришимиз керак. Аввалига клубнинг ўзида тиббий кўрикдан ўтилади. Кейин чемпионатга муносиб тарзда тайёргарлик кўриш мақсадида Европада ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилади.

Адашмасам, биринчи йиғинимиз 12-14 кун мобайнида Германияда бўлиб ўтади. Шундан сўнг бу машғулотлар Голландияга кўчади. Мендаги бор маълумотлар ҳозирча шу. Балки мураббийлар томонидан яна ўзгаришлар киритилар.

- «Шаржа» билан яна бир йиллик шартномангиз бор. Янги мавсумни ҳам БАА чемпионатида бошлайсиз, деб ҳисобласак бўладими?

- Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Клуб ихтиёрига етиб борганимдан кейин бу масалага ойдинлик киритилади.

- Таклифлар борми?

- Йўқ, десам ёлғон бўлар (кулади). Лекин катта эҳтимол билан «Шаржа»да қолсам керак. Шу ўринда бир нарсани айтишим лозимки, БАА чемпионатида легионерлар учун янги қоида киритилди. 3+1 кўринишидаги осиёлик лимити олиб ташланди.

Бу осиёлик футболчи бўлмаслиги керак, дегани эмас. Шунчаки, агар клублар хоҳласа, 4 нафар хорижлик футболчи билан шартнома имзолайверади.

- Жамоадаги таркиб билан боғлиқ муаммолар сизга кўпроқ аён. Шу маънода, қайси позицияларни кучайтириш керак, деб ўйлайсиз?

- Ҳужумкорликни ошириш мақсадга мувофиқ. Жамоавий ўйинни янада кучайтириш лозим. Яхши ҳимоячига ҳам муҳтожмиз. Агар бу муаммолар ҳал этилса, «Шаржа» бемалол чемпионлик учун курашса бўлади.

- Клубда ким билан яқинроқ дўстлашиб олдингиз?

- Араб футболчилари ўзимиз каби меҳмондўст бўлишади, деб сира ўйламагандим. Жамоамизда жуда яхши муҳит юзага келган. Нафақат футболчилар, балки мураббийлар билан ҳам дўстона мулоқотдамиз.

Бир-биримизни меҳмонга таклиф қилиб турамиз. Бутун жамоа ресторанда жам бўлиб ўтирамиз. Бу жамоани яна ҳам жипслаштиради.

- Ўзбекона лутф ила ўз қўлингиз билан ош тайёрлаб бердингизми?

- Ҳа, бразилиялик жамоадошларимни уйга таклиф қилиб, уларга тўй ошини тайёрлаб бердим. Ош пиширилиш жараёнини кўрибоқ улар ҳайратда қолишди.

- БАА чемпионатида сиздан ташқари Игорь Сергеев ва Азиз Ҳайдаров ҳам ўйнашди. Улар билан майдондан ташқарида ҳам кўришиб турдингларми?

- Тўғрисини айтсам, Сергеев билан кўришиш насиб қилмади. Лекин Азиз ака билан мунтазам алоқада бўлиб турдик. Билмаган нарсаларимни сўрайман.

- Сизда Осиё чемпиони бўлиб қайтган терма жамоа таркибида ўйнаш имконияти бор эди. Лекин бу иш амалга ошмай қолди. Ўша пайтда бунга нима тўсқинлик қилганди?

- Ҳақиқатан ҳам, Осиё чемпионатига боришни жуда хоҳлагандим. Чунки бир неча йил давомида Равшан Ҳайдаров ва чемпион бўлган болалар билан бирга ишлагандик. Биз айнан шу ёшда Осиёнинг кучли жамоасимиз. Лекин бундан аввалги турли ёш тоифасидаги қитъа чемпионатларида ўз мақсадимизга эриша олмай келаётгандик.

Бу биз учун сўнгги имконият ҳам эди. Таркибда жуда кўп иқтидорли футболчилар йиғилганди. Шу боис ҳам Хитойдан ижобий натижа билан қайтишимизни кутгандим. Лекин жамоамни ўзгартирганимдан сўнг барчаси клубнинг қарорига боғлиқ бўлиб қолди. Федерациямиз мени Осиё чемпионатига қўйиб юборишларини сўраб, расмий мактуб ҳам жўнатди.

Ўзим эса клуб раҳбарлари ва мураббийлари билан 2-3 марта гаплашиб кўрдим. Лекин мен жамоага қўшилган пайтимда «Шаржа» чемпионатнинг сўнгги поғоналарида бораётган, клуб олдига эса жиддий вазифалар қўйилганди.

Шу сабабли ҳам менга рухсат беришмади. Бошқа араб мамлакатларида бўлгани каби, Амирликларда ҳам легионерлар майдонда катта ҳажмдаги ишни бажаришади. Бежизга хорижлик мураббий ва футболчиларга катта пул сарфланмайди. Начора, бу тақдир.

- Олдинда Жакартада ўтказиладиган Осиё ўйинлари ҳам бор. Айнан қитъа чемпиони бўлган таркибнинг аксарият футболчилари ушбу мусобақада иштирок этишади. Табиийки, сизда ҳам бундай имконият бўлади. Шундай эмасми?

- Ҳозир шу нарсани гаплашяпмиз. ЎФА «Шаржа» клубига хат жўнатар экан. Ўша пайт БААда ҳам чемпионат бошланади. ФИФА кунларига тўғри келмаганлиги учун Осиё ўйинларига боришим муаммо туғдириши мумкин.

- Тил масаласида қийналмаяпсизми?

- Биринчи борган пайтимда таржимон ёрдамида мулоқотга киришдим. Шу жиҳатдан озгина қийинчилик бўлди. Уч ой ўтганидан кейин ўзим мустақил гаплаша бошладим. Шу уч ой давомида таржимоним менга инглиз тилини ўргатди.

Бу жараён ҳамон давом этяпти. Инглиз тилини мукаммал ўрганишни мақсадган қилганман. Чунки БАА клуби мен учун сўнгги манзил эмас. Европанинг кучли чемпионатларида ўйнашни мақсад қилганман.

- Россиядаги мундиал бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Қайси термага мухлислик қиласиз ва чемпионлик йўлида кимнинг имкониятларини юқорироқ баҳолайсиз?

- Франция ва Аргентинага мухлислик қиламан. Лекин Германиянинг чемпионлик учун имкониятларини юқорироқ баҳолайман. Тартиб-интизомни биринчи ўринга қўйган олмонларнинг ҳар қандай таркиби ҳам кучли бўлади.

- Аргентинага Месси сабаб мухлислик қиласизми?

- Фақат Месси учун эмас, шунчаки, ёшликдан Аргентинанинг ўйинлари ёқади. Клублардан «Манчестер Юнайтед»га мухлислик қиламан. Шунингдек, «Барселона» ва «Реал» иштирокидаги ўйинларига ҳам бефарқ эмасман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz