Қайднома

Қидирув

Карлос Алберто Паррейра: «Юлдузларнинг кўплиги ғалаба гарови дегани эмас»

Карлос Алберто Паррейра: «Юлдузларнинг кўплиги ғалаба гарови дегани эмас»

  15.06.2018 06:13
  0
  600
Карлос Алберто Паррейра: «Юлдузларнинг кўплиги ғалаба гарови дегани эмас»

Бразилиялик афсонавий мураббий Карлос Алберто Паррейра ЖЧ-2018да техник таҳлил гуруҳини бошқаради. Бундай гуруҳ 1966 йили Англияда бўлиб ўтган мундиалдан буён ишлаб келади.

Паррейра анча муваффақият қозонган мураббийлардан ҳисобланади. У ЖЧ-1994да Бразилия миллий жамоаси билан жаҳон чемпиони бўлган, бешта турли терма бошқарувида мундиалда ишлаган ягона мураббий.

Паррейра ўз вақтида Қувайт (1982), БАА (1990), Бразилия (1994 ва 2006), Саудия Арабистони (1998) ва ЖАР (2010) термаларини жаҳон чемпионатларида бош­қарган. Яқинда таниқли мутахассис ФИФА расмий сайтига интервью берди.

- Қайси жаҳон чемпионати сизда ёрқин таассурот уйғотган?

- Иккитасини айтишим мумкин. Дастлаб 1970 йили Мексикада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатини тилга оламан. Бу ўринда жаҳон чемпиони бўлганимиз эмас, балки айнан ўшанда илк бора мураббийлар штабида ишлаганим аҳамиятли.

Ўша кунларни ипидан-игнасигача эслайман. Шунингдек, ЖЧ-1994 ҳам мен учун қадрли. АҚШга Бразилия термаси бош мураббийи сифатида борганман, кўплаб қийинчиликларни бошдан кечирганмиз.

Бразилия 24 йилдан буён жаҳон чемпиони бўлолмасди. Мухлисларимиз бундан ғазабда эдилар. Биз эса босим остида қолгандик. Шу боис ҳам турнир ўта қийин кечганди.

- 1970 йили Пеленинг ўйинларини захира ўриндиғида кузатиш муҳимроқми ёки 1994 йилда мустақил равишда жаҳон чемпионлигини нишонлашми?

- Бу икки хил нарса. Лекин уларнинг иккиси ҳам мен учун бир хил даражада. Футбол тарихидаги энг кучли футболчи билан ишлаш мен учун фахр. Бундай лаҳзаларни унутиб бўлмайди. Пеле билан ҳамон дўстона муносабатда эканлигимиздан мамнунман.

Жаҳон чемпионатидаги ғалаба сизни янги даражага олиб чиқади. 1978 йилги Сесар Луис Менотти, 1986 йилги Карлос Билардо ёки 1970 йилги Марио Загаллоларни эсланг. Ҳар сафар қандайдир тадбирда иштирок этсам, Яқин Шарқ ва Бразилиядаги ишларимни ҳеч ким эсламайди.

Кўп ҳолларда «Бразилия терма жамоаси билан жаҳон чемпиони бўлган Карлос Альберто Паррейра» сифатида ёдга олишади. Бундай натижалар ҳеч кимнинг хотирасидан ўчмайди.

- ЖЧ-1970дан сўнг футболда қандай ўзгаришлар бўлди?

- Мендан бу ҳақда кўп сўрашади. Кўпчилик футбол олдингидек эмас, деб ҳисоблайди. Авваллари миллионлар ўйини чиройли ва томошабоп бўлган, ҳозир эса романтика кам ва кўп югурилади, дейишади. Менимча, ундай эмас. Тўғри, ўтган вақт давомида футбол ўзгарди, у бошқача бўлиб қолди.

ЖЧ-1966гача футболчи ўйнарди, бунинг учун имкон беришарди. Ўша кезлардаги футболда иқтидор энг муҳим омил саналарди. 1966 йилдан кейин футболда ўзига хос инқилоб юз берди. Энди футболчига ўзи ўйнаб, рақибни ўйнатмаслик талаби қўйила бошланди. Ҳужумчилар ҳам ҳимояда ишлашга ўргандилар.

Натижада бўш зоналар борган сари камайди. Тўпни қабул қилишингиз билан прессинг остида қоласиз. Ўйин эса тезлашди. Бугунги кунда футболчиларнинг ҳимоядан ҳужумга қанчалик тез ўтишларидан ҳайратланаман. 70-йилларда ўйин давомида нари борса 6 километр югуриларди. Бугунги кунда эса айримлар 12-14 км. масофани босиб ўтишмоқда.

Футболдаги тактика ва теория бир жойда турмаётганидан хурсандман. Тан олиш керак, спортнинг бу турида ҳалигача иқтидор ҳал қилувчи ролни ўйнайди. Жамоа жаҳон чемпиони бўлиш учун таркибида бир-икки нафар Неймар, Лионель Месси ёки Криштиану Роналдуга ўхшаш футболчиларга эга бўлиши керак.

- Россиядаги мундиалдан қандай футбол кутяпсиз?

- Менимча, асосий эътибор жамоа­вий ўйинга қаратилади. Термалар кўпроқ ҳимоя ҳақида қайғуришади.

- Бразилияда бўлиб ўтган 2014 йилги жаҳон чемпионати сермаҳсул ўтганди. Россияда ҳам «голлар ёмғири»ни кутишимиз мумкинми?

- Бунга аниқ жавоб бериб бўлмайди. Ўйлайманки, сермаҳсуллик ўртачадан юқори бўлади.

- Мундиалда видеоёрдамчи тизими - VARнинг таъсири қандай бўлади?

- Унинг ёрдамида ҳар қандай шубҳалар арийди. Ҳакамлар ҳам ўзларини ишончлироқ тутишади. Кучли жамоа ғалаба қозониши лозим. Реферининг хатоси туфайли ҳеч ким жабрланиб қолмаслиги керак.

- Охирги учта жаҳон чемпионатида Европа термалари ғолиб чиқишди. Россиядаги мундиал ҳам «кўҳна қитъа» вакилига аталадими?

- Европадан бўлмаган жамоалар орасида Жанубий Америка вакиллари кучли. Улардан фақат Бразилия ва Аргентина чемпионликка даъвогарлик қилиши мумкин. Кўпчилик Аргентинанинг саралаш босқичини бўш ўтказганини гапирмоқда. Лекин бу терма таркибида сайёрамизнинг энг яхши футболчиси - Лионель Месси бор.

Бразилия эса Коутиньо, Неймар, Габриэл Жезус, Фирмино ва Дуглас Косталар туфайли жаҳондаги энг кучли ҳужумга эга. Бошқа тарафдан эса, юлдузларнинг кўплиги ғалаба гарови дегани эмас. Энг муҳими - яхлит жамоа бўлиш.

А.Аҳмедов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz