Қайднома

Қидирув

Матонатли Элиас жиддий хасталикни енгиб, футболга қайтди

Матонатли Элиас жиддий хасталикни енгиб, футболга қайтди

  15.06.2018 07:20
  0
  834
Матонатли Элиас жиддий хасталикни енгиб, футболга қайтди

У 13 ёшида лейкемия хасталигига чалинди. 18 баҳорни қаршилаганида эса, Мессига қарши тўп сурди.

Аргентинанинг «Сан-Лоренсо» клуби ҳимоячиси Элиас Перейра орзусига етиш йўлида турли қийинчиликларни бошдан кечирди.

ОҒИР БОЛАЛИК ВА «САН-ЛОРЕНСО» МАКТАБИ

Элиаснинг туғилишидан бир неча йил аввал, 90-йиллар ўрталарида, унинг ота-онаси гиёҳванд моддаларга ружу қўйиб, асосий вақтини Буэнос-Айресдаги тунги клубларда ўтказиб, икки қизи борлиги, уларнинг тарбиясига эътибор қаратиш лозимлигини унутишарди.

Агар ҳолат шу зайл давом этаверганида, учинчи фарзанд туғилиши сўроқ остида қолиши ҳеч гап эмасди: қизиқувчанлик тобеликка айланди, енгил наркотиклар ўрнини оғирлари эгаллади, вазият ўта мураккаб тус олганида, уларни яқинлари асраб қолишди. 1999 йилнинг февралида оилада ўғил - Элиас туғилди.

У олти ёшида пойтахтнинг «Сан-Лоренсо» клуби мактабига борди. Перейралар оиласини эса бу вақтга келиб муаммолар тарк этмасди. Элиас 10 ёшга тўлганида, тўнғич опаси икки фарзанди билан бева бўлиб қолди ва тушкунликка базўр енгди. Ўртанча опаси эса ўғирликда айбланиб, қамоққа тушди.

Чап қанот ҳимоясида ўйнашга кўниккан кенжатой эса кун бўйи футбол билан машғул бўлар, ўз навбатида мактабни ҳам унутмасди, онаси буни қатъий назорат қиларди. Уйига ўта чарчаган ҳолда келар, шунга қарамай, организми чиниқиб, қувватга тўлди.

2012 йили, Элиас 13 ёшга тўлганида, кутилмаганда, унда ҳорғинлик сезилди: кучи ва иштаҳасига қўшилиб вазни ҳам йўқола бошлади. Машғулотлар азобга айлангандек эди.

ТАШХИС ВА ДАВОЛАНИШ

Шифокорларнинг биринчи сўзи - «тепки» (болалар хасталиги) бўлди. Элиасга дорилар ёзиб беришди, аммо препаратлар ёрдам бермагач, ота-онаси хавотирга тушишди. Уни бошқа шифохонага олиб бориб, чуқур таҳлил ўтказишганидан сўнг, қаҳрамонимиз операция қилинди.

Перейра кўзини очганида, тепасида турган тиббиёт ходими шундай деди: «Йигитча, сенда лейкемия хасталиги аниқланди». «Мен бунинг нимани англатишини билмаганим сабабли, «Футболга тезроқ қайта оламанми?» деб сўрадим, холос», - деганди Элиас ўша воқеани эсларкан.

Қон саратони унинг қисқа муддатда майдонга қайтишига йўл қўймасди. Даволаниш жараёни икки йилга чўзилди: дастлаб ҳафтада уч кун шифохонага қатнаб, химиятерапиядан ўтди. Оилавий автомобиль бўлмагани сабабли, манзилга поездда етиб борди - бир томонга 2,5 соатли йўл.

Тонгги соат саккизда амалиёт бошланар, кимёвий муолажа 3-5 соатга чўзилгани боис, уйга кечки соат олтидан сўнг йўл оларди. Элиас Infobae нашрига берган интервьюсида ўша онларни ҳам ёдга олди: «Ҳаммасидан ҳам, ёнимда 5-6 ёшли сочи тақир олинган болакайларни кўриш оғир эди.

Улар йиғлашарди, уларни амалиётга олиб бормасликларини ўтиниб сўрашарди. Беморларнинг ота-оналари тушган ҳолат ҳавас қиладиган даражада эмасди, уларнинг ўрнига ота-онамни қўйиб кўрардим.

Шу боис шифохонада ўзимни қўлга олишга интилардим, аммо уйда уйғонганимда, йиғидан ўзимни тутолмасдим. Ёстиғим устида сочларим қалашиб ётар, улар химиятерапиядан сўнг тўкила бошлаганди. Бунга чидаш осонмас».

ХАЙРИЯ АКЦИЯСИ

Ортиқча харажатларга Перейралар оиласи пул тополмасди, шу боис болакайнинг даволаниши қийин кечди, агар «Сан-Лоренсо» ёрдам бермаганида, вазият тамомила бошқача якунланиши ҳеч гап эмасди. Элиаснинг ота-онаси ҳозир ўша ҳолатни эслашни ҳам хоҳлашмайди.

Футбол клуби ўз тарбияланувчисини оғир аҳволда ёлғиз ташлаб қўймади - 2012 йилнинг апрелида, маҳаллий «Арсенал» клубига қарши кечган учрашув арафасида беморни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия акцияси ташкил этилди. Жамоа дарвозабони Пабло Мильоре машғулотлардан бирига Элиасни ҳам таклиф этиб, унга пенальти тепиш ҳуқуқини тақдим этди.

«Сан-Лоренцо»нинг афсонавий футболчиси Леандро Романьоли («кўк-анорранг» формада 15та мавсум ўтказган) эса болакайни кўргани шифохонага бориб, унга ўз футболкасини совға қилди. Перейранинг уйида ҳозир бунданда ноёброқ совғани топиш амримаҳол.

ШИФОХОНАДАГИ ФУТБОЛ ВА ДАВО УМИДИ

Элиас ҳамиша катта футболга қайтишига ишонди. У миллионлар ўйинига шу қадар кучли меҳр қўйгандики, ҳатто шифокорлар тақиқлашига қарамай, шифохона ҳовлисида тўп тепарди: ўзига ўхшаш беморлар билан тўп ортидан қувиб, кучи тугагунча ўйнайверарди.

«Нимжонлигимдан юрак уришим тезлашиб, кўзларим олди қоронғулашарди. Онам танбеҳ берарди, йиғларди, ўзимни аямаётганимдан ранжирди. Шуниси яхши эди, акс ҳолда, зерикишдан ўлиб қолардим».

ИЛК ПРОФЕССИОНАЛ ШАРТНОМА ВА МЕССИ БИЛАН СУРАТГА ТУШИШ

Перейра аста-секин соғайди, «Сан-Лоренсо» ёшлар жамоасида қадрдон чап қанот ҳимоясида тўп сура бошлади. Ўз устида тинимсиз ишлаши натижаси ўлароқ, 2017 йили Аргентина U-20 термаси таркибидан жой олиб, ўтган йилнинг кузида катталар жамоаси билан бирга Европа бўйлаб турнеда қатнашди ва ўртоқлик учрашувларида майдонга тушди.

Танаффуслар пайти икки таркиб спарринг баҳсларини ўтказишди, уларнинг бирида 18 ёшли Элиас кимсан Лионель Месси билан учрашди. «Кимга қарши ўйнашимни эсласам, тиззаларим қалтираганди - Лео мен учун сайёрамизнинг энг яхши футболчиси. Унинг ҳужумларини қайтара олдимми? Ҳа, эҳтимол, соям Мессининг товонларини ёпгандир.

Шунга қарамай, унга суратга тушиш таклифини билдиришга жазм этдим», - деганди Перейра табассум билан ўша воқеани эсга оларкан.

2017 йилнинг декабрь ойи ўрталарида «Сан-Лоренсо» Элиасга унинг ҳаётидаги дастлабки профессионал шартномани таклиф этди. Футболчи ҳужжатга имзо чекаётганида, ёнида ўтирган ота-онаси кўз ёшларини тия олишмади. Бир пайтлари Перейранинг кумири ҳисобланган ўйинчилар шу онда унинг клубдошларига айланишди.

Авваллари Романьолининг футболкасини совға сифатида олган бўлса, эндиликда ундан тепки қабул қиляпти. Албатта, бу тепкилардан кейин қоладиган оғриқ Элиаснинг ҳаётидаги энг ёқимлиси бўлса, ажабмас. Зеро, тақдир унга бунданда оғриқлироқ зарбаларни берганини қаҳрамонимиз жуда яхши тушунади.

А.Абдувалихўжаев тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz