Қайднома

Қидирув

Эркак йиғламасин дунёда ёхуд мавсумни кўз ёши билан якунлаган футболчилар

Эркак йиғламасин дунёда ёхуд мавсумни кўз ёши билан якунлаган футболчилар

  16.06.2018 06:45
  0
  1839
Эркак йиғламасин дунёда ёхуд мавсумни кўз ёши билан якунлаган футболчилар

Навбатдаги бош турнир бошланиши арафасида поёнига етган мавсум бир умрга хотирадан жой оладиган бетакрор лавҳаларга жуда бой бўлди.

Стадиондан тўппа-тўғри тарих саҳифасига кўчиб ўтадиган муросасиз беллашувлардаги даҳшатли босим эса футболчиларни не кўйга солмади, дейсиз?

Эҳтирослар оташидан сел бўлиб қуйилган кўз ёшлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмаганига шубҳа йўқ.

МУҲАММАД САЛОҲ ВА ДАНИЭЛЬ КАРВАХАЛЬ

ЕЧЛнинг охирги финал баҳсида икки нафар футболчи майдонни барвақт тарк этишга мажбур бўлишганди. Аввалига «Ливерпул»нинг даҳшатли қуроли - Муҳаммад Салоҳ рақиб ҳимоячиси Серхио Рамос билан тўқнашиб кетди ва елкасидан жароҳат олди. Натижада 30-дақиқада томошабинга айланган мисрлик ҳужумчи кўзда ёш билан майдонни тарк этди.

Орадан 7 дақиқа ўтар-ўтмай, «Қироллик клуби» ҳимоячиси Даниэль Карвахаль ҳам сафдан чиқди. Жамоадошлари ҳужумини қўллаб-қувватлаш мақсадида олдинга интилган пайтда у ҳам жароҳат олганди. Тўғри, финал ҳуштаги чалинганидан кейин Карвахаль ўша фалокатни ҳам, унинг аянчли оқибатини ҳам бутунлай унутиб юборди.

Боиси, унинг жамоаси қаторасига учинчи марта нуфузли соврин соҳибига айланганди. Муҳаммад Салоҳ эса... Аламли кўз ёшларнинг бир томчисига ҳатто Нил дарёси ҳам дош беролмаган бўларди.

ЛОРИС КАРИУС

Тақдирнинг бу футболчи учун тайёрлаб қўйган қалтис ҳазилини таърифлашга тил ожиз: ЕЧЛдек нуфузли мусобақанинг ҳал қилувчи баҳсида бир эмас, икки марта рақибга гол совға қилиш ғояси учига чиққан фантастнинг ҳам хаёлига келмасди.

Аммо у юз берди. Футбол олами тарихида илк марта. Бу томошанинг такрорланишига шахсан мен ишонмайман.

ДИМИТРИ ПАЙЕТ

Франциялик ярим ҳимоячи чекига тушган савдо кўлами ва нуфузи жиҳатидан бир мунча камтарин. Лекин омадсиз лаҳзаларни Пайет ҳам узоқ вақт унута олмаслиги аниқ. Балки бир умр ёддан чиқармас?!

Хабарингиз бўлса, «Марсель» ва «Атлетико» ўртасидаги Европа Лигаси финалининг биринчи бўлимида Димитри жароҳат олиб, майдонни тарк этди.

Етакчи ўйинчисидан жудо бўлган «Марсель» эса кучли рақибнинг босимига дош бера олмади ва йирик ҳисобда имкониятни бой берди.

НЕЙМАР

«ПСЖ» клуби ҳамда Бразилия терма жамоасининг асосий ҳужумчиси учун барчаси хайрли якунланди: у ЖЧ-2018да иштирок этмоқда. Аммо «Марсел»га қарши беллашувда шикастланиб, майдонни барвақт тарк этганидан кейин мундиалдаги иштироки шубҳа остида қолганди.

Неймарнинг бахтига, жароҳат унчалик жиддий эмаслиги маълум бўлди. Ҳужумчи эса мавсум якунида «ПСЖ»ни тарк этиб, даволаниш учун ватанига йўл олди. Пойтахт клуби Неймарсиз қолганига қарамасдан, «олтин дубл»га эришди.

ГАБРИЭЛЬ ЖЕЗУС

Неймарнинг терма жамоадаги ҳамкори ҳам мундиал йўлида жиддий синовдан ўтишига тўғри келди.

Янги йил арафасида «Кристал Пэлас»га қарши баҳсда бразилиялик ҳужумчи тиззасидан шикастланиб, сафдан чиққанди. Икки ойлик муолажадан сўнг у саломатлигини тўла тиклаб олди.

ЖАНЛУИЖИ БУФФОН

Замонамизнинг буюк дарвозабони «Ювентус» - «Верона» учрашувида жамоаси ва мухлислари билан хайрлашар экан, кўз ёшларини тия олмади.

40 ёшли афсона 17 йил «кекса синьора» шарафини ҳимоя қилди. Табиийки, мухлислар уни олқишлар билан кузатиб қўйишганди. Улар орасида кўз ёшларини тия олмаганлари ҳам кўп эди.

АНДРЕС ИНЬЕСТА

Бу ярим ҳимоячи ҳам узоқ вақт давомида жонажон жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилиб, кўплаб сов­ринларга эришди. Лекин Иньеста учун сўнгги финал - «Барселона» - «Севилья» қарама-қаршилиги ўта ҳаяжонли тарзда ўтди.

Андресни бутун стадион, ҳатто рақиб жамоа мухлислари ҳам олқишларга кўмиб ташладилар. Ҳа, ўзаро меҳр-оқибат жўшган бундай лаҳзаларда кўз ёшларини тийиб олиш осонмас.

ДОМЕНИКО КРИШИТО

«Зенит»нинг италиялик ҳимоячиси Россиядаги етти йиллик фаолиятидан сўнг жамоа билан хайрлашди.

«СКА-Хабаровск» клубига қарши кечган беллашувнинг охирги дақиқаларида питерликлар сардори кўзларида ёш билан ўз ўрнини ёш жамоадоши - Илья Скроботовга бўшатиб берди.

АЛЕКСАНДР КОКОРИН

Бу ҳужумчининг руҳий азобларини ҳатто кўз ёшлари ҳам юва олмайди - Европа Лигаси нимчорак финали доирасидаги «РБ Лейпциг»га қарши уй учрашувининг дастлабки дақиқаларида оғир жароҳат олган Александр мавсумнинг якуний босқичида «Зенит»га ёрдам бера олмади.

Қўшимчасига, у ўз ватанида ўтаётган жаҳон чемпионатини ҳам трибунадан кузатишга мажбур. Бундай омадсизликдан кейин йиғламасликнинг иложи йўқ.

ОЛЕГ ШАТОВ

Бу футболчи кўз ёшларини «Краснодар»нинг захира ўриндиғида тўккан бўлсада, сабаби «Зенит» билан боғлиқ. Гап шундаки, ярим ҳимоячи питерликларнинг асосий таркибидан жой ололмай, «Краснодар»га «сургун» қилинганди.

Якунда Шатов унга ўйнаш имкониятини бермаган Роберто Манчинидан ўч олди - у ва Дзюбанинг Тулада урган голлари «Зенит»ни ЕЧЛ йўлланмасидан маҳрум этди. Тўғри, Артём йиғламади, аммо Олег роса хумордан чиқди.

САЛОМОН РОНДОН

Бир пайтлари «Зенит»да тўп сурган, ҳозирда «Вест Бромвич Альбион» шарафини ҳимоя қилаётган ҳужумчи ҳам жароҳат туфайли кўзига ёш олди.

Бироқ у «Эвертон» аъзоси Жейми Маккартига шикаст етказгани учун йиғлади. Қилмишидан пушаймон бўлган Рондонни ҳатто бош мураббий ҳам овута олмади.

Ў.Умаров тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz