Қайднома

Қидирув

Марко Асенсио: «Криштиану ва «Реал» бирга бўлиши шарт»

Марко Асенсио: «Криштиану ва «Реал» бирга бўлиши шарт»

  17.06.2018 06:12
  0
  764
Марко Асенсио: «Криштиану ва «Реал» бирга бўлиши шарт»

«Реал»нинг ёш ҳужумкор ярим ҳимоячиси Марко Асенсио Marca нашри мухбирлари билан суҳбат давомида турли масалалар юзасидан шахсий фикрларини баён этди.

У хусусан, Зайниддин Зиданнинг жамоадан кетиш ҳақидаги кутилмаган қарори ва Криштиану Роналдунинг келажагига тўхталди. Табиийки, интервьюда Россия мундиали-2018 хусусида ҳам гап борди.

- Марко, 22 ёшли йигитчанинг «Реал» клуби ва миллий жамоадаги нуфузи шу қадар ошиб кетгани ҳайратланарли. Ютуқларингизни қандай изоҳлайсиз?

- Мадридга бир олам орзу ва ишонч билан келгандим. Мана, воқеалар мен кутгандан ҳам яхшироқ ривожланди: қисқа ўйин амалиётидан унумли фойдаланиб, профессионал маҳоратимни оширдим.

Қисқаси, илк мақсадимга эришдим, лекин тўхтаб қолиш йўқ. Зеро, энди янада юқорига талпинишим шарт.

- Клуб ва миллий жамоада майдонга тушиш борасида Ла-лига футболчилари рўйхатида 3-ўриндасиз. Яъни йиллик статистика бўйича Антуан Гризманн ва Лионель Месси каби аслардан ўзиб кетдингиз.

Бу борада фақат Иван  Ракитич ва Саул Ньегиснинг кўрсаткичлари яхшироқ, холос.

- Албатта, жуда муҳим жиҳат. Аслида янада кўпроқ майдонга тушишим мумкин эди, ҳар ҳолда, доимо шай турдим. Умуман, имкон қадар кўпроқ амалиётга эга бўлиш йўлида доимо яхшироқ ва сифатлироқ ишлашга уринаман.

- Муҳими, сизга устозлик қилган Зайниддин Зидан ҳам, Хулен Лопетеги ҳам ёшларга катта эътибор қаратишади. Шу маънода айтсак, Зизунинг кетиш хусусидаги қарори айниқса, сизга оғир ботгандир...

- Очиғи, бу ҳаммамиз учун кутилмаган қарор бўлди. Шахсан ўз мисолимда айтсам, Зидан билан ҳамкорлик самарасини яққол сездим. Ўртамиздаги муносабат эса оддий эди - мураббий менга ишонч билдирди ва уни оқлашга ҳаракат қилдим.

Эсимда, илк кунларданоқ имкониятга эга бўлиш  учун машғулотларда жиддий тер тўкдим. Асосийси, Зидан барчасини тўғри баҳолаб, мени таркибга қўшишни пайсалга солмади. Хулен ҳам самимий мураббий, аммо ўта талабчан эди.

- Зидан хайрлашув матбуот анжуманида бир куни яна Мадридга қайтиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

Ҳали жуда ёш эканлигингизни инобатга олсак, 4-5 йилдан ке-йин яна унинг раҳбарлиги остида шуғулланиш имкониятига эга бўлишингиз мумкин. Бунга қандай қарайсиз?

- Зизуни ҳамиша мамнуният билан қарши олишим тайин. Чунки воқеаларнинг бундай ривожи ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётганини англатади - мен «Реал»даги фаолиятимни давом эттираётган, Зидан эса қадрдон клубига қайтган бўлади. Ишонинг, жуда ажойиб сценарий.

- Буюк Зизу футболчилик даври айнан сиз ўйнаётган позицияда тўп сурган. Унинг раҳбарлиги остида ўйин услубини яхши ўзлаштиришга интилдингиз. Билишимизча, болалик йиллари айнан Зиданга бош кумир сифатида қараган экансиз...

- Ҳа, худди шундай. Тан оламан, унинг ижросидаги нафис ва енгил ҳаракатлар, чиройли услубни оғзимни очганча кузатардим. Қисқаси, Зизу ўйинларига мафтун бўлганман, кўплаб финтларини ўзлаштирганман.

Тўғри, бу борада роса қийналганман. Қолаверса, ўйин услубимиз ўртасида ҳам сезиларли фарқ бор. Асосий тафовут - Зидан ўнг оёқда тўп сурарди, мен эса чапақайман. Шунга қарамай, мудом айнан унга ўхшашни истаганман.

- Машғулотлар жараёнида мураббий билан мусобақалашган пайтлар ҳам бўлдими?

- Ҳа, Зидан айрим микроучрашувлар ёки «жонли девор» қўйишда бизга амалий ёрдам берарди. Ҳақиқат шуки, унинг машғулотларида ишлашнинг ўзи катта роҳат бағишларди.

- «Реал» вақтида сиз учун 3 миллион евро сарфлаганди. Ҳозирги Асенсионинг баҳоси қанча?

- Бунисини билмайман, нарх-наволар борасида маълумотга эга эмасман. Лекин бемалол таъкидлашим мумкинки, айни пайт трансферим қиймати сезиларли даражада ошгани аниқ. Аслида баҳони вазият ва клуб белгилайди.

- Сизнингча, «Реал» Роналдусиз қолишга тайёрми?

- Шахсан мен жамоа ўйинини Криштианусиз тасаввур қилолмайман. У клубимизда доимо катта ролга эга бўлган, ҳозир ҳам шундай, кейинчалик ҳам вазият ўзгармаса керак. Қисқаси, Роналду ва «Реал» доимо бирга бўлиши шарт.

- Роналду ўйинидаги эволюция сизнинг тараққиётингизга жуда ўхшаш. Ўта ҳаракатчан Криштиану аввалига қанотлар ва бошқа ҳудудларда ўйнаганди.

Ҳозир эса соф ҳужумчи. Бир неча йилдан кейин сиз ҳақингизда ҳам шундай эътирофлар янграйдигандек туюлмаяптими?

- Эҳтимол, эҳтимол... Гарчи ўйин услубимизда фарқ сезилсада, мен ҳам кўпроқ ортга қайтиш, тўп билан муомала қилишни хуш кўраман. Лекин йиллар давомида ўйиним ўзгаришларга юз тутиши муқаррар.

Нима бўлганда ҳам, профессионал футболчи ҳар томонлама мукаммалликка интилиши шарт. Кимнинг қайси позицияда ўйнашини эса вақт белгилаб беради.

- Мундиалда дастлабки голни қандай нишонлаш хусусида бир тўхтамга келдингизми?

- Аввалдан қандайдир ҳаракатларни режалаштиришдан маъно йўқ. Аммо жаҳон чемпионатидаги голларим ҳисобини очишни ўйлаётганим ҳақиқат. Боз устига, шу пайтга қадар терма жамоа сафида рақиблар дарвозасини забт этишни уддалай олмадим.

Демак, мундиал бу камчиликка чиройли тарзда барҳам бериш учун яхши имконият.

- Серхио Рамоснинг ёш жамоадошларига самимий муносабатда эканлиги яққол сезилиб туради. У сизларга ишонади ва доимо ёрдам қўлини чўзади.

- Тўппа-тўғри. Серхио жамоа сардори ва ҳар доим барчамизга йўл-йўриқ кўрсатишдан асло чарчамайди. Шахсан менга жуда кўп ёрдам берди. Ўз навбатида, ибрат олиб, у билан тенглашишга интиламан. Ахир Рамос ҳам қачондир «Реал» ва терма жамоада дебютант сифатида ўйнаган,  муваффақиятга эришиш йўлида тинмай тер тўккан.

Мана, ҳаракатига яраша кўплаб совринларга эга чиқди. Умуман, Рамос клуб ва термадаги мавқеи билан ҳаммамизга ҳақиқий намунадир. Сардоримизнинг ҳар бир маслаҳатига жиддий ёндашаман. Чунки уларга амал қилишнинг фойдаси катталигини биламан.

- Кўплаб мутахассислар айнан Асенсио тимсолида миллий жамоа, умуман, бутун испан футболининг етакчи боғловчисини тасаввур қилишмоқда. Бундан бошингиз айланиб кетмаяптими?

- Очиғини айтганда, мақтовлар ҳаммага хуш ёқади. Ҳар бир ижобий баҳо шунинг баробарида футболчининг зиммасига қўшимча масъулиятларни ҳам юклайди.

Шунингдек, юксак марраларга интилиш ва иштиёқ билан ишлашга ёрдам беради. Буни бош айланиши эмас, балки олға юришга туртки сифатида тушунаман.

- Испания термасининг Россия мундиалидаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- ЖЧдек йирик турнирда арзимас икир-чикирнинг ҳам аҳамияти ўта юқори. Ўйин тақдири кўпинча шу омиллар орқали ҳал этилади. Демакки, барчасини обдон ҳисобга олиб, мақсад сари шошмасдан, босқичма-босқич қадам босиш лозим.

Аввал гуруҳдан чиқиб олишни уддалаш талаб этилади. Кейин ҳар қайси беллашувга алоҳида тайёргарлик кўрилади. Асосийси, ҳар дақиқада арзимас деталлар ҳам муҳим роль ўйнашини эътибордан қочирмаслик керак.

- Сизда толиқиш аломатлари йўқми? Бундай саволнинг боиси шуки, якунланган мавсум бошқаларга нисбатан кўпроқ ўйинларда иштирок этдингиз.

- Йўқ, йўқ, ҳеч қандай ҳорғинлик сезилмаяпти. Чунончи, ҳали ёшман, жисмоний қувватим етарли. Боз устига, янада кўпроқ тўп суришни истайман.

- Аслида Испания эмас, Голландия термаси шарафини ҳимоя қилишингиз ҳам мумкин эди...

- Ҳа, «Эспаньол»да тўп сурганимда шундай имконият юзага келганди. Яъни Голландия терма жамоаси селекционери қўнғироқ қилганди, шунингдек, Рууд ван Нистелрой ҳам алоқага чиқди.

Бироқ ўшандаёқ халқаро миқёсда Испания учун тўп суришни хоҳлашимни маълум қилдим. Бир неча ойдан кейин такрорий қўнғироқлар бўлди. Лекин фикрим ўзгармади.

- Демак, Голландия термаси таклифи жиддий эди ва жамоа вакиллари анча ҳаракат ҳам қилишган...

- Ҳа, фақат ўзим қайси юрт жамоасида ўйнашни исташимни яққол ҳис этиб турардим. Тез орада Испания миллий термасида дебютни нишонладим. Умуман, ҳозир қароримдан ғоят мамнунман!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz