Қайднома

Қидирув

Жаҳон чемпионатида энг кўп иштирок этган футболчилар (фотогалерея)

Жаҳон чемпионатида энг кўп иштирок этган футболчилар (фотогалерея)

  18.06.2018 00:19
  0
  4578
Жаҳон чемпионатида энг кўп иштирок этган футболчилар (фотогалерея)

Рафаэль Маркес Мексика миллий жамоаси билан ЖЧ-2018 турнирида иштирок этмоқда.

Демакки, аввалги 4та жаҳон чемпионатида ҳам «ацтеклар»ни сардор сифатида майдонга бошлаб тушган 38 ёшли «абадий етакчи» фаолияти давомида 5та мундиалда иштирок этган камсонли футболчилар сафига қўшилди.

Жаҳон футболининг биринчи рақамли турнири тарихида бундай натижага атиги 3 нафар футболчи мушарраф бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Қисқаси, ўзига хос элит трио энди квартетга айланди.

Диққатни тортадиган факт шуки, гвардиячилар рўйхатининг бошида турган шу 4 нафар рекордчининг иккиси Мексикадан!

Яна бир томони, «пентахугадор»лар рўйхатини айнан мексикалик футболчи очиб берган ва узоқ вақт бу масалада якка ҳукмронлик қилганди.

ЖЧда кўп иштирок этиш бўйича рекордчилар ҳақидаги ҳикояни айнан ўша «ацтек»дан бошлаш мақсадга мувофиқ.

Антонио КАРБАХАЛЬ (Мексика)

1950, 1954, 1958, 1962 ва 1966 йиллардаги ЖЧ иштирокчиси

Антонио Карбахаль жаҳон кубоги билан илк марта 1950 йили танишган ва ўзининг дебют ўйинида даҳшатли Бразилия термаси вакилларидан нақ 4та гол қабул қилиб олганди. Боз устига, мексикаликлар лоақал бир бора жавоб қайтаролмай, йирик ҳисобли мағлубиятни тан олишганди.

Таажжубки, кейинги ЖЧда ҳам тақдир Мексика термасини яна бразилияликларга рўбарў қилди ва бечора Карбахаль бу сафар 5та гол билан «сийланди». Аммо бу омадсизлик «5» рақами билан ифодаланадиган бошқа кўрсаткичи олдида аҳамиятини буткул йўқотади - дарвозабон миллий жамоадаги фаолиятини давом эттирди ва жаҳон футболининг бош форумида 5 марта қатнашган илк ўйинчи мақомини олди.

Мексикада мухлислар Антониони бежиз «Эль Синко Копас» (5та кубок маъносини англатади) қабилида таърифламайдилар. Кетма-кетлик бўйича айтсак, афсонавий дарвозабон Бразилия, Швейцария, Швеция, Чили ва Англияда ташкиллаштирилган мусобақаларда майдонга тушди.

У хусусан, бир қатор ажиб «сэйв»ларни кўрсатиш баробарида Адаир, Жаир, Диди, Раймон Копа, Пеле, Нильс Лидхольм, Бобби Чарльтон каби афсоналар зарбаларидан сўнг гол қўйиб юборди.

Қизиғи шуки, Мексика термаси Антонио иштирок этган 5та мундиалнинг ҳеч бирида гуруҳ босқичидан нарига ўта олмаган. ЖЧ-70да эса Карбахаль ўрнини бошқа дарвозабон эгаллаган ва «эль три» ўз тарихидаги энг юқори натижани қайд этганди - чорак финал!

Дарвоқе, Тота Карбахаль Россия мундиали старти арафасида, аниқроғи, 7 июнь куни 89 ёшини қаршилади. Табиийки, у ҳамон Мексика терма жамоасига ўзгача мухлислик қилади. Агар КОНКАКАФ вакили рус диёрида яхшироқ натижага эришса, собиқ посбон уни муносиб совға сифатида қабул қиларди. Ўйлаймизки, «пентахугадор»лар сардори шундай совғага муносиб.

Лотар МАТТЕУС (ГФР|Германия)

1982, 1986, 1990, 1994 ва 1998 йиллардаги ЖЧ иштирокчиси

Германия футболининг тирик размларидан бири Лотар Маттеус жаҳон кубогининг иккинчи мультииштирокчисига айланди. Алоҳида айтиш керак, ҳозирга қадар ЖЧ рекордчилари триосида Маттеус ягона майдон ўйинчиси эди. Энди Маркес ҳам унинг ёнидан жой олиб, дарвозабонлар ва майдон футболчилари ўртасидаги нисбатни 2:2 кўринишига олиб келади. Бошқача ифода этсак, бу масалада тенглик қарор топади: 2 нафар дарвозабон ва 2 нафар майдон футболчиси.

Лотар Маттеуснинг жаҳон биринчилигидаги иштирок савияси ва маҳсули бобида ўтмишдоши Карбахалдан анча ўзиб кетганини ҳам айтиш ўринли. У аввалига бундестимнинг икки марта кумуш медаль ютишига имкон даражасида ҳисса қўшди. Шундан кейин олий мақсадга эришиб, немислар жамоаси етакчиларидан бири сифатида жаҳон кубогини боши узра баланд кўтарди.

Чемпионлик тантанасидан кейин немислар қаторасига 2та турнирда чорак финал тўсиғидан ўтолмадилар. Лекин Маттеус ягона «пентахугадор» - Карбахаль ёнидан жой олиш баробарида яна бир ўзига хос рекордни расмийлаштирди. Аниқроғи, ЖЧ финал босқичида 25та учрашувда майдонга тушган Лотар гвардиячилар рўйхати етакчиси бўлиб олди.

Муҳими, у ҳозир ҳам мундиалда 25та ўйин маррасига етган ягона футболчи ҳисобланади. Қисқаси, аввалига ярим ҳимоячи, кейин марказий ҳимоячи сифатида гавдаланган универсал футболчи 1998 йили буюк Диего Марадонага тегишли рекордни қулатганди. Мана, орадан 20 йил ўтдики, унинг натижаси дахлсизлигича қолмоқда.

Тўғри, яқин келажакда дейлик, аргентиналик Лионель Месси германиялик собиқ ярим ҳимоячи|ҳимоячидан ўзиб кетиш имкониятига эга. Аммо бу воқеа Россия мундиали эмас, балки Қатар-2022да кузатилиши мумкин.

Жанлуижи БУФФОН (Италия)

1998, 2002, 2006, 2010 ва 2014 йиллардаги ЖЧ иштирокчиси

Италиялик футбол афсонаси ушбу элит рўйхатда маълум маънода «алдамчи» ролига эга. Гап шундаки, буюк Жижи рекордчи касбдошлари каби 5та мундиал юзини кўрган, аммо улардан фарқли ўлароқ, 1таси (ЖЧ-98)да майдонга тушмаган.

Нафақат Италия, балки бутун жаҳон футболи тарихига ёрқин муҳр босган Жанлуижи ана шу кемтикни тўлдириш баробарида ЖЧнинг мутлақ рекордчисига айланиш учун ажойиб имкониятга эга эди. Бироқ итальянлар ЖЧ-2018 саралаш босқичида кўпчилик ҳафсаласини пир қилишди.

Улар аввалига гуруҳ босқичида испанларга бас келолмадилар, кейин «плей-офф» ўйинларида камтаринроқ Швеция термасини ҳам енголмадилар: Стокгольмда - 0:1 ва Миланда - 0:0. Ҳа, Буффондан мундиалда 6-марта иштирок этиш ҳуқуқини тортиб олишди, гўё. Муҳими, 2006 йилги чемпионлик тожи у билан абадий қолади...

Рафаэль МАРКЕС (Мексика)

2002, 2006, 2010, 2014 ва 2018 йиллардаги ЖЧ иштирокчиси

Россиядаги мухлислар фахрий Сергей Игнашевични «қари чол» қабилида калака қилишаётган паллада мексикаликлар у билан деярли тенгдош саналган Рафа Маркес билан алоҳида фахрлана бошладилар. Ахир «абадий етакчи» самарали фаолияти давомида 5-марта энг асосий турнирга йўл олди.

Муҳими, «эль три» биринчи рекордчи Антонио Карбахаль билан бирор марта гуруҳ раундидан чиқолмаган бўлса, Рафаэль Маркес даврида мунтазам равишда илк вазифани шараф билан уддаламоқда.

Тўғри, «ацтеклар» шундан сўнг ҳар сафар «плей-офф»нинг дастлабки босқичи - нимчорак финалда имкониятни бой бердилар. Аниқроқ айтсак, Маркес сардорлигида майдонга тушишган мексикаликлар охирги 4та мундиалда АҚШ ва Голландия, шунингдек, Аргентина (2 марта) термаларига йўл бўшатишдан ўзга чора тополмадилар.

Қарангки, Мексика термаси бу сафар янги маррани забт этиш учун ажойиб имкониятга эга  - Голландия ва АҚШ миллий жамоалари ЖЧ-2018дан четда қолишди, аргентиналиклар эса ярим финалга қадар Рафа Маркес дружинасига дуч келишмайди.

Айтганча, «ацтеклар»ларнинг фахрий сардори охирги 1 йил давомида ўта ёқимсиз ва жиддий можарони бошдан кечирди. Ҳар ҳолда ОАВда Маркес АҚШ маъмурлари томонидан наркобизнесга алоқадорликда айбланаётгани ҳақида хабарлар урчиди. Хуллас, ундан айбсиз эканлигини исботлаш талаб этилди.

Мана, Рафа яна Мексика миллий жамоаси сафига киритилган экан, демак, барча ташвиш ва тушунарсиз ҳолатлар ортда қолган. «Абадий етакчи» рус ўлкасида ҳам мексикаликларни ўз ортидан эргаштиришга шай.

*** ЖЧ-2018 яна кимлар учун 5-мундиал бўлиши мумкин эди?

Испаниялик Икер Касильяс ва америкалик Дамаркус Бисли ҳам ўз фаолиятларида 5-марта ЖЧда қатнашиш имкониятига эга эдилар. Бироқ «Қизил фурия»нинг ҳозирги таркибида номдор дарвозабонга жой топилмади, АҚШ термаси эса саралаш босқичидан ўтолмай, Бислини рекордчилар қаторига қўшилишдан маҳрум этди.

*** Карбахаль - Маттеус - Буффон - Маркес квартети натижасини яна кимлар такрорлашлари мумкин?

Дейлик, жаҳон футболининг мультиюлдузлари - Лионель Месси ва Криштиану Роналду муваффақиятли фаолиятни давом эттириб, Қатар мундиали-2022 вақтида ўз жамоалари таркибидан жой олсалар, мультииштирокчилар қаторидан жой оладилар.

4та мундиалда тўп суриш кимларга насиб этган?

Кўпчиликка. Дейлик, жаҳон чемпионатида 4 бора қатнашганлар орасида Диего Марадона, Роналдо, Самуэль Это~О, Тьерри Анри, Лев Яшин каби биринчи рақамли юлдузлар бор.

4та ЖЧда иштирок этган футболчилар

Аргентина - Диего Марадона

Бельгия - Энцо Шифо, Фрэнки ван дер Эльст, Марк Вильмотс

Бразилия - Карлос Жозе Кастильо, Нилтон Сантос, Жалма Сантос, Пеле, Эмерсон Леао, Кафу, Роналдо

Болгария - Добромир Жечев

Камерун - Жак Санго~О, Ригобер Сонг, Самуэль Это~О

Англия - Бобби Чарльтон

Франция - Тьерри Анри

Германия - Карл-Хайнц Шнеллингер, Уве Зеелер, Зепп Майер, Оливер Кан, Мирослав Клозе

Италия - Энрико Альбертози, Жанни Ривера, Дино Зофф, Жузеппе Бергоми, Паоло Мальдини, Фабио Каннаваро

Япония - Йошикацу Кавагучи, Сейго Наразаки

Парагвай - Денис Каниса

Польша: Владислав Жмуда

Саудия Арабистони - Сами ал Жобир, Муҳаммад ал Деайя

Шотландия - Жим Лейтон

Жанубий Корея - Хон Мюн Бо, Хван Сон Хон, Ли Вун Жа

Собиқ иттифоқ - Лев Яшин

Испания - Андони Субисаррета, Фернандо Йерро, Икер Касильяс, Хави

АҚШ - Кейси Келлер, Дамаркус Бисли, Клаудио Рейна

Уругвай - Педро Роча

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz