Қайднома

Қидирув

Соядаги «ўнг қўл» ёхуд Диего Симеоненинг ёрдамчиси ҳақида нималарни биласиз?

Соядаги «ўнг қўл» ёхуд Диего Симеоненинг ёрдамчиси ҳақида нималарни биласиз?

  19.06.2018 06:13
  0
  639
Соядаги «ўнг қўл» ёхуд Диего Симеоненинг ёрдамчиси ҳақида нималарни биласиз?

Ассистентлар пешонасига доимо бош мураббийлар «соя»сида юриш қисмати ёзиб қўйилган. Ҳар ҳолда, уларнинг асосий фаолияти парда ортида қолади. Катта саҳнага чиқишларига эса одоб-ахлоқ мезонлари йўл қўймайди.

Шунинг учун аксарият жамоаларнинг ёрдамчи мураббийлари жамоатчиликка таниш эмаслар. Лекин «Атлетико»да Диего Симеоне билан ҳамкорликда ишлаётган Херман Бургосни кўпчилик эътиборидан яширишнинг иложи йўқ - у чайир гавдали қотма Диего ёнида қудратли тоғни эслатади. Боз устига, Херман ҳам ўта жўшқин, серғайрат...

Қисқаси, «Эл Моно» (Херманнинг лақаби) худди «Эл Чоло»дек фотомухбирлар ва операторлар учун бебаҳо совға. ОАВ вакиллари фақат уларнинг эҳтиросли имо-ишоралари ва қиёфаларидаги ўзгаришларни вақтида тасвирга олишга улгурсалар, бас.

БУЮК ЭМАС, ЛЕКИН ТАНИҚЛИ

Херман Бургос ҳеч қачон буюк футболчи мақомига эришмаган, лекин доимо касбдошларидан яққол ажралиб туришни эплаган. Аслида дарвозабонлар азалдан бошқа футболчиларга унча ўхшамайдилар, уларнинг «тупроқ»лари ерликларга хос эмасдек, гўё.

Агар асрлар алмашуви даврида ғаройиб табиатли футболчилар рейтингини эълон қилиш зарурати туғилганида, Бургос кучли ўнталикдан жой оларди, албатта. Унинг футболчилик фаолия­ти 2та мамлакатда ўтди. 30 ёшига қадар жонажон ватани - Аргентинадан четга чиқмаган голкипер қўлқопларини михга илиш вақти яқинлашган вақт Испанияга йўл олди.

Херман ҳозирги «бошлиғи» - Симеоне билан ёшлигидаёқ танишган, аммо яқин муносабат ўрнатишга улгурмаганди. Чунончи, Диего 20 ёшидаёқ Европага юзланиб, фаолиятининг ёрқин саҳифаларини Италия ва Испанияда безади. Херман аксинча, маҳаллий «Феррокариль Оэсте» ва «Ривер Плейт» клубларида ўйнаш билан чекланди.

Хусусан, Буэнос-Айреснинг номдор жамоасида Аргентина футболида мавжуд деярли барча совринларни ютди, шунингдек, бир умрлик лақаб олди - «Эл Моно». Бу ибора маймун маъносини англатади.

Хуллас, пойтахтликлар кипернинг ташқи кўринишига қараб, шу лақабни танлашганди. Бироқ Бургос ҳаётда вазмин ва бесўнақайроқ кўринсада, футбол майдонида қўрқмас жасур жангчига айланарди.

«Реал» ва «Атлетико» ўртасидаги «Мадридча дерби»лардан бири ҳанузгача испаниялик мухлислар хотирасидан кўтарилган эмас. Ўшанда Херман кимсан Луиш Фигунинг 11 метрлик нуқтадан йўллаган зарбасини тўсган, лекин тўпнинг нақ башарасига теккани натижасида бурни пачоқланган эди.

Одатда ўз вазифаларига масъулият билан ёндашадиган посбонлар асосан жарима майдончасидан чиқмаган ҳолда ўйнайдилар. «Эл Моно» эса дарвозадан анча олислаб, ҳимоячиларга кўрсатмалар беришни ёқтирарди. Ҳаттоки, таниқли амплуадоши Хосе Луис Чилавертнинг асоссиз «дайдилик» оқибатида гол асносида жазоланиши ҳам Бургосга айтарли таъсир қилмади.

Яъни у олдинга чиқиб кетиш одатидан воз кечмади, барибир. Айт­ганча, Херман «Атлетико»ни кўрмай туриб, фаолиятини якунлаши ҳеч гап эмасди. Инчунин, аргентиналик кипер «Мальорка»да 2 мавсум ўйнагач, қўлқопларини михга илиб, қолган умрини мусиқага бағишламоқчи бўлганди.

Худди ватандоши Карлос Роа ўзини мутлақо бошқа ишларга йўналтирганидек. Лекин 33 ёшли пос­бон якунда ўз қарорини ўзгартириб, фаолиятини давом эттирди. Акс ҳолда, ўта самарали Симеоне - Бургос дуэти шаклланмасмиди? Эътиборлиси, улар футболчи сифатида «ҳиндулар» шарафини атиги бир мавсум (2003|2004) бирга ҳимоя қилишди.

Қолаверса, ўшанда совринлар қўлга киритилмади. Лекин иккиси ўртасида терма жамоада бошланган илиқ муносабатлар Испания пойтахтида чинакам эркакларга хос дўстлик даражасига кўтарилди.

Симеоне мураббийлик фаолиятини изга солаётган паллада Бургос 80-йилларда ўзи асос солган «Ғарб» рок гуруҳида шуғулланиб юрди. Футбол соғинчини эса испан радиосидаги шарҳловчилик воситасида қондирди.

Ниҳоят, 2011 йили Диего уни «Расинг»да ҳамкорлик қилишга чақиргач, «Лаббай», деб жавоб берди. Кейин ижодий жуфтлик «Атлетико»ни юксакликка олиб чиқиш мақсадида Испания пойтахтига йўл олди.

Агар 2003 йили шифокорлар аниқ ташхис қўймаганларида, «Эл Моно»­нинг ҳаёти тамоман ўзгача кечиши мумкин эди: футболчининг буйрагида хавфли ўсимта борлиги аниқланганди - саратон. Бургос ўрнида характери юмшоқроқ киши бўлганида, бу даҳшатли хабардан ўзини буткул йўқотиб қўйиши аниқ эди.

Аммо Херман тушкунликка берилмади, хасталикни ҳазил-мутойиба билан қабул қилди: «Олдинда «Мальорка»га қарши ўйин кутиб турибди. Балки жарроҳлик амалиётини 1 ҳафтага кечиктириб турармиз?» Лекин шифокорлар гуруҳининг қарори қатъий янгради: «Йўқ, қанча тез бўлса, шунча яхши».

«Ҳиндулар»нинг 33 ёшли посбони шунда ҳам ҳазиллашишни тўхтатмади - худди ўзи каби оғир хасталикка чалинган ва жарроҳлик муолажасидан кейин соғая бошлаган «Депортиво» дарвозабони Молинага қўнғироқ қилди: «Салом, Хосе. Соғлигинг яхшими, биласанми, афтидан боқий дунё жамоаси дарвозабонга муҳтож, шекилли.

Лекин мен ҳам худди сен каби ҳозирча ёруғ дунёда ўйнашни истайман». Шундан кейин Хосе Молина гўшакдан касбдошининг хандон қаҳқаҳасини эшитди. Тез орада Бургос шифохонага йўл олди ва оқ халатли ходимдан навбатдаги янгликни эшитди: «Сени операция қиладиган жарроҳ - «Реал» мухлиси».

У шу гаплардан кейин дарҳол 1,5 ой аввал Фигунинг 11 метрдан йўллаган зарбаси йўлига юзини қалқон қилганча «Реал»ни дербидаги ғалабадан маҳрум этганини эслади. Бироқ кипернинг хавотири асоссиз бўлиб чиқди: ўз касбига садоқатли шифокор азалий рақиб посбонининг соғайиб сафга қайтиши учун бор куч-малакасини ишга солди.

«БУЙРАКДАН ВОЗ КЕЧИШ? ҲЕЧ ҚАЧОН!»

Инсон организми, хусусан, буйракка оид билимни ҳаётий тажрибасидан олган Бургос 13 йилдан кейин Сауль Ньигес билан анчайин жиддий оҳангда суҳбат ўтказди ва ноёб иқтидорнинг бевақт йўқолишига йўл қўймади.

Гап шундаки, «Атлетико»нинг сўнгги 10 йил ичидаги энг моҳир тарбияланувчиси - мавсум-2014|2015нинг иккинчи ярмида «Ба­йер»га қарши кечган ўйинда майдонга тушиб, буйрак қисмига кучли зарба қабул қилганди. Оқибатда Сауль жарроҳлик столига ётган ва муолажалардан сўнг белига катетер ўрнатган ҳолда, майдонга қайтганди.

Футболчи 2 йил шу зайлда тўп сурди, бироқ ҳар бир ўйин ёки машғулотдан кейин қонга беланиб кетарди. «Табиийки, катетерсиз ўйнашни хоҳлардим, лекин у бўлмаса, буйрагим фаолияти бузиларди. Яна кучли оғриқ ҳам азоб берарди. Шунда шифокорлар бир ой ўйнаб, бир ой даволанишни маслаҳат беришди.

Мен эса тўлақонли тўп суриш илинжида  хаста буйракдан воз кечишга аҳд қилгандим...», - деганди Сауль. Айни шу паллада Симеонега 6 йилдан буён ассистентлик қилаётган Бургос масалага аралашди. У шогирдининг уйига бориб, у билан эркакчасига гаплашди: «Ҳой йигит, эсинг жо­йидами? Энди 22 ёшга тўлдинг, ҳаётингнинг асосий қисми олдинда.

Иккинчи буйрагинг ҳам ишдан чиқса, нима бўлади? Ўйлаб иш тут. Сабр қилсанг, хасталик ўз-ўзидан енгилади». Сауль мазкур суҳбатдан кейин катетер билан ўйнашда давом этди, у воз кечишни ўйлаган буйрак эса аста-секин соғая бошлади.

Мана, муаммо бутунлай ортда қолди ва «ҳиндулар» ўтган йили иқтидорли ярим ҳимоячига 2026 йилгача мўлжалланган янги шартнома таклиф этишди.

«ЧОЛО» ВА «МОНО» - ДЕ НИРО ВА ПЕШИ

Қисқаси, футболчилар кўнглига осонгина йўл топадиган «Эл Моно» мураббийлик соҳасида асосий ролга кўтарилолмади ёки шунчаки, буни ўзи истамади. Аммо у 8 йилдан буён Симео­не билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. Диего уни 2011 йили ишга таклиф этганди.

Натижада «Атлетико» клуби ва Аргентина терма жамоасида шаклланган дўстона муносабатлар янада ривожланди. Эндиликда «Чоло» ва «Моно» «ҳиндулар» жамоасида муваффақиятли фаолият юритишмоқда. Қолаверса, Бургос ўз исм-шарифининг бош ҳарфлари билан аталадиган мусиқий гуруҳ - GАRВ (Gezman Adrian Raman Burgos)да ижод қилишга ҳам вақт ажратмоқда.

Санъат соҳасида муайян ютуқларга эришган ассистентнинг ўзи Симеоне билан ҳамкорлигини Роберт де Ниро ва Жо Пешидан иборат Голливуд дуэтига ўхшатади: «Диего билан ҳамкорликдаги фаолиятимиз де Ниро ва Пешининг «Қойилмақом йигитлар» картинасидаги ҳаракатларини эслатади. Ҳа, Диегонинг феъли меникига яқин - у ўжар.

Бундай вазиятда менинг вазифам битта: мувозанатни йўқотмаслик ва унга ёрдам бериш асносида шубҳаларни йўқотиш. Бу масалада наф келтиришим аниқ. Чунки бир ишни бошласам, сира иккиланмайман.

Қолаверса, ҳақиқатни «букиб» ўтирмайман. Диего - ўта эҳтиросли, жиззаки дўст. Мен эса доимо вазминроқ бўлишга интиламан. Бу фазилатга дарвозабонлик туфайли эга бўлганман».

Дарҳақиқат, Симеонедек чўрткесар шахс ёнида Бургос ўта ювошдек кўринади. Чунки у ўз «раҳбари»ни турли «бало-офат»лардан ҳимоя қилиши лозим. Лекин аслида ундаги ғурур, нафсоният ҳам етарли даражада. Мисол учун, «Мальорка» шарафини ҳимоя қилган кезлари ажо­йиб «сэйв»ларни амалга оширган бўлсада, руҳий барқарорликни ҳеч қачон йўқотмасди.

Тўғри, бир сафар асабларини жиловлай олмагани рост: Бургос асоссиз равишда ҳақоратлар ёғдирган «Эспаньол» ҳужумчиси Маноло Серранони битта хук зарбаси билан нокаутга учратиб, кейинчалик 11та учрашувга дисквалификация қилинганди.

Энди эса нафақат ўзи, балки Симеоне бошлиқ бутун «Атлетико» учун қайғурмоқда. Жумладан, ЕЛ ярим финалида 4 учрашувга четлатилган бош мураббий ролини муносиб бажариб, чиндан ҳам, «ўнг қўл» эканлигини амалда тўлиқ исботлади!

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz