Қайднома

Қидирув

ЖЧдан чалғиб... Ёки кучли бешлик чемпионатларининг энг яхши ва антиқаҳрамонлари ҳақида

ЖЧдан чалғиб... Ёки кучли бешлик чемпионатларининг энг яхши ва антиқаҳрамонлари ҳақида

  19.06.2018 00:29
  0
  1374
ЖЧдан чалғиб... Ёки кучли бешлик чемпионатларининг энг яхши ва антиқаҳрамонлари ҳақида

Тушунарлики, жаҳон чемпионати ўтказиладиган йиллар миллий чемпионат якунлари матбуотда одатдагидек тўлақонли таҳлил қилинмайди. Зеро, Европада энг кучли лига ўйинлари тугаши билан барча-барча ўз диққат-эътиборини бўлажак мундиал арафасидаги воқеаларга қаратади табиий равишда.

Лекин биринчиликлар якуни кўпчиликни етарлича қизиқтиради, барибир. Шуни ҳисобга олиб, Испания, Англия, Германия, Италия ва Франция элит дивизионлари якунига боғлиқ энг асосий жиҳатларни яхлит мақолада акс эттиришга уриниб кўрдик.

Ўйлаймизки, бу хилма-хилликни хуш кўрувчи ва турли-туман маълумотларга эҳтиёжманд газетхонларимиз учун айни муддао.

ИСПАНИЯ ПРИМЕРОСИ: «РЕКОРДЧИ «БАРСА»

Бош қаҳрамон - Лионель МЕССИ. 34та гол ва 5-«Олтин бутса». Аргентиналик даҳоча шунинг баробарида 12та голга ассистентлик қилиб, бу борада жамоадоши Луис Суарес ва Пабло Форнальс («Вильярреал») билан бирга чемпионатнинг энг яхши натижасини кўрсатди. Месси шунингдек, Ла-лига тарихида битта мавсум давомида нақ 6та жарима зарбасини голга айлантирган 4-футболчи бўлди.

Бош омадсиз - Хосе Анхель СИГАНДА. 6 йил давомида «Атлетик» ўринбосарларини бинойидек бошқарган баскониялик мураббий бош жамоада Эрнесто Вальверде ўрнини эгалладию, янги ролда вазифани уддалай олмади - мавсумни ЕЛда бошлашган «шерлар» охирги 11 йилдаги энг паст натижани қайд этишди - 16-ўрин.

Бош кашфиёт - «БЕТИС». Севилья жамоаси сўзсиз, мавсумнинг асосий кашфиёти бўлди. Қаранг, аввалги чемпионатда 15-ўринни банд этиб, элитада зўрға жой сақлаб қолган «Бетис» бу сафар ҳаттоки, анча кучли қўшниси - «Севилья» (7-ўрин)ни ортда қолдириб, юқори олтиталикка кирди. Муҳими, камтарин жамоа 5 йиллик танаффусдан кейин ЕЛга қайтадиган бўлди.

Бош хафагарчилик - «МАЛАГА»нинг пасайиши. 5 йилча йилча олдин Иско ёрдамида ЧЛ чорак финалида ўйнашган, аввалги мавсум эса ўз майдонларида «Барселона» (2:0), «Валенсия» (2:0) ва «Севилья» (4:2) каби кучли рақибларни ишонч билан мағлуб этишган «анчоуслар» бу сафар стартдаёқ қўл кўтаришди.

Дейлик, «Малага»нинг илк ғалабасини 10та тур кутишга тўғри келди. Якун шуки, жамоа Примеродаги 10 йиллик иштирокдан сўнг Сегундага равона бўлди.

Бош воқеа - ИНЬЕСТА хайрлашуви. Испан Ла-лигаси мавсум охирида бир қатор содиқ ўғлонлари билан хайрлашди - Хаби Прието («Реал Сосьедад»), Фернандо Торрес («Атлетико»). Лекин «Барселона» фахрийси Андрес Иньеста билан видолашув алоҳида воқелик ҳисобланади, барибир.

Мамлакат футболи тарихидаги энг муҳим гол муаллифи «кўк-анорранглилар» сафидаги 16 йиллик фаолиятидан сўнг Японияга йўл олди.

Энг яхши мураббий - Эрнесто ВАЛЬВЕРДЕ. Ортиқча таърифга ҳожат йўқ. «Барселона»даги ишини Испания суперкубоги учун баҳслардаги мағлубиятлар билан бошлаган мутахассис кейинчалик барчасини тўғрилаб, йўл-йўлакай бир қатор ички рекордларни янгилади.

Энг асосийси, «Барса» чемпионлик йўлида айтарли муаммога учрамади. Эҳ, каталонияликлар агар 37-турда «Леванте»га ютқазишмаганидами, мағлубиятсиз мавсум Вальверде обрўсини янада ошириб юборарди.

Рақамлар

*** Андрес Иньеста «Барселона» сафидаги ўйинлари сонини 675тага етказиб қўйди.

*** Криштиану Роналду чемпионатдаги илк голини октябрь ойи ўрталарида урди. Бу орада унинг голсиз серияси 355 дақиқага етди. Португалиялик юлдуз «Ре-ал»даги 9 йиллик фаолияти давомида бу қадар узун омадсиз серияга бирор марта йўлиққан эмасди.

*** «Барселона» клуб тарихидаги энг қимматбаҳо икки футболчига жами 235 миллион евро (transfermarkt.de маълумоти) тўлади.

Каталонияликлар августда Усмон Дембеле учун Дортмунд «Боруссия»сига 115 миллион беришди, январда эса 120 «лимон» эвазига Филиппе Коутиньо («Ливерпуль») трансферини амалга оширишди.

*** Лионель Месси Испания чемпионатидаги самарали узатмалари сонини 148тага етказиб, бу борада Ла-лиганинг мутлақ  рекордчисига айланди.

Аниқроқ айтсак, аргентиналик юлдуз февраль охирида Мичел («Реал»)нинг нақ 20 йилдан кўпроқ муддат ушланиб турган натижаси (147та голга ҳаммуаллиф-лик)ни яхшилади.

*** «Барселона» мағлубиятсиз сериясини 43та турга чўзиб, «Реал Сосьедад» томонидан 38 йил олдин қайд этилган рекорд (қаторасига 38та ўйинда мағлубиятсиз одим)ни нафақат янгилади, балки анча яхшилади ҳам.

*** «Барселона»нинг «Сельта»га қарши ўйин (2:2)даги бошланғич таркибида 1 нафар ҳам клуб тарбияланувчиси йўқ эди. Каталония жамоасининг фақат «бегона»ларга таяниши охирги марта мавсум-2001|2002да кузатилганди.

Иборалар

- Ла-лигада рақобат кучли, ўйнаш қийин, лекин ЧЛда ғалаба қозониш - ўзгача завқ-роҳат. Зайниддин ЗИДАН («Реал» бош мураббийи).

 - Тўғри, декабрь ойида «Реал»нинг Клублар ўртасидаги ЖЧда қозонган ғалабаси шарафига чемпионлик йўлакчаси ҳосил қилмадик, чунки бу турнирда мадридликлар билан мусобақалашмадик.

Шу маънода айтсам, «Реал» ҳам бизни чемпионлик йўлакчасида қарши олмаса керак. Ахир «Мадрид» бу мавсум «Барса»га чинакам қаршилик кўрсата олмади-ку...  Жерар ПИКЕ («Барселона» ҳимоячиси).

Испания чемпионати рамзий терма жамоаси

Ян Облак («Атлетико») - Хорди Альба («Барселона»), Самуэль Юмтити («Барселона»), Диего Годин («Атлетико»), Альваро Одриосола («Реал Сосьедад») - Серхио Бускетс («Барселона»), Андрес Иньеста («Барселона»), Пабло Форнальс («Вильярреал») - Лионель Месси («Барселона»), Криштиану Роналду («Реал»), Антуан Гризманн («Атлетико»).

АНГЛИЯ ПРЕМЬЕР-ЛИГАСИ: МИСР ЁҒДУСИ

Бош қаҳрамон - Муҳаммад САЛОҲ. «Ливерпул»нинг мисрлик ҳужумчиси рицар унвонига муносиб ишлади, гўё. Қаранг, Алан Ширернинг буюк рекорди (1та мавсумда - 31та гол) ҳам Салоҳ ёғдуси олдида «эриди». Бу натижани фақат Криштиану Роналду ва Луис Суаресдек мегатўпупарларгина такрорлагандилар.

Мана, Мо АПЛ голеадорлари учун чўққини яна бир тўп (гол) миқдорида юқорилади. Қолаверса, Африка футболи вакили 3 ой якунига кўра, АПЛнинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилди - бу ҳам рекорд.

Бош кашфиёт - «БЕРНЛИ». Шон Дайч жамоаси бир йил олдин лигада қолиш учун тер тўкканди, қолаверса, янги мавсум арафасида бир қатор муаммоларга учради (хусусан, етакчи ҳимоячиси Майкл Кин «Эвертон»га йўл олди). АПЛ клублари орасида энг кам бюджетга эга «Бернли» шунга қарамай, мардонавор курашиб, якунда ақл бовар қилмас натижага эришди - 7-ўрин ва ЕЛ йўлланмаси.

Диққат қилинг, Шон Дайч шогирдлари атиги 39та гол қўйиб юборишди (бу «Ливерпуль» ва «Челси»никидан 1тагина кўп, «Арсенал»никидан эса 12та кам).  Демак, 11та ўйинда ўз дарвозаси дахслизлигини сақлаб қолган Ник Поупга тасанно.

Бош хафагарчилик - «ЭВЕРТОН»нинг депсиниши. Асосий антимукофот эгаси - «Эвертон». Зеро, клуб менежерлари янги марралар орзусида нақ 200 млн. евро сарфлашганди.

Бироқ Гилфи Сигурдссон ва Дэви Классен, Майкл Кин ва Жордан Пикфорд, шунингдек, Уэйн Руни ҳам кутилган даражада ёрдам беролмадилар. Хуллас, «Эвертон» турнир жадвали бўйича олдинга силжиш ўрнига бироз орқага кетди - 8-ўрин.

Бош воқеа: Арсен ВЕНГЕР истеъфоси. Арсен Венгернинг бармоқ изларини Лондондаги Юлдузлар хиёбонига босиш керак. Шубҳа йўқ, француз мутахассиси нафақат «Арсенал», балки бутун Англия футболи тарихида ўзи учун ёрқин саҳифа ҳозирлади.

Умуман, Арсеннинг «канонирлар» бошқарувидаги фаолияти ҳақида катта асар ёзиш мумкин: 22 йилда 17та соврин (хусусан, 3та чемпионлик), мағлубиятсиз мавсум (2003|2004) ва саноғи йўқ кашфиётлар... Барчаси учун раҳмат, мсье Венгер!

Энг яхши мураббий - Хосеп ГВАРДИОЛА. Муҳокамадан мутлақо холи масала. Ахир каталониялик мутахассис «Манчестер Сити»ни чемпионлик маррасига шунчаки, етакламади, балки бу йўлда деярли барча рекордлар янгиланишини таъминлади. 114 имкониятдан 100 очко, 38 имкониятдан 32 ғалаба, атиги 2та мағлубият, нақ 106та гол...

Англия чемпионати рамзий терма жамоаси

Давид де Хеа («МЮ») - Маркос Алонсо («Челси»), Ян Вертонген («Тоттенхэм»), Николас Отаменди («Манчестер Сити»), Кайл Уокер («Манчестер Сити») - Давид Сильва («Манчестер Сити»), Кевин де Брюйне («Манчестер Сити»), Кристиан Эриксен («Тоттенхэм») - Серхио Агуэро («Манчестер Сити»), Гарри Кейн («Тоттенхэм»), Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль»).

ГЕРМАНИЯ БУНДЕСЛИГАСИ - ТАРАҚҚИЁТ МАШИНАСИ

Бош қаҳрамон - Хамес РОДРИГЕС. «Хамес? Ушбу ижара келишувидан маъно нима? Боз устига, шундай баланд нарх...» — Германия матбуоти ўтган ёз колумбияликнинг Бундеслигага йўл олганини асло хушламаганди. Амалда у «Бавария» қудратини янада оширди.

Хамес Родригесга айниқса, Юпп Хайнкеснинг бош мураббий лавозимига қайтгани ижобий таъсир қилди. Чунончи, қария мутахассис колумбиялик йигитга тўлиқ ишонч билдирди ва у бунга жавобан Роберт Левандовскини тўп билан таъминловчи бош ижрочига айланди.

Бош кашфиёт - Леон БЭЙЛИ. Бундеслига бутун еврофутболни ҳеч ким кутмаган янги иқтидорлар билан бойитишда давом этди. Ямайкалик Леон Бэйли аслида Бельгиянинг «Генк» клуби сафида ҳам кўзга ташланиб улгурганди. 20 ёшли йигитча «Байер» сафини тўлдиргач, илк ўйинлардан кейиноқ «Янги Роббен» мақомини олди.

Гап шундаки, Ямайка вакилининг ўйин услубида уста голландга хос белгиларни осонгина пайқаш мумкин. Леон ҳозирда Англия клублари, шунингдек, «Бавария» эътиборида турибди. Дейлик, мюнхенликлар кечаги «нотаниш» йигитча учун нақ 100 млн. евро (клуб тарихидаги рекорд сумма) таклиф қилишмоқда. 

Бош хафагарчилик - «ГАМБУРГ»нинг лигадан тушиб кетиши. Ҳа, бой тарихга эга клубнинг Бундеслига сарҳадларидан чиқиб кетгани якунланган мавсумнинг энг оғриқли воқелигидир. Зеро, «динозаврлар» Германия элит лигасидан бирор марта тушиб кетишмаган ва чемпионатнинг «отахон» иштирокчиси эдилар. Начора, «Гамбург» энди барчасини қайтадан бошлашга мажбур...

Бош воқеа - Йонас ХЕКТОРнинг «Кёльн»га содиқ қолгани. «Кёльн»нинг Бундеслигада ўз ўрнини сақлаб қололмаслиги ўтган йилнинг кузидаёқ ойдинлашганди, ҳисоб. Ҳар ҳолда, ЕЛда «Арсенал»дан ҳам устун келган жамоа миллий чемпионатдаги илк ғалабасини декабрь ойидагина нишонлади.

Қисқаси, «эчкилар» мухлислари нажотдан эрта кунда умид узиб, келажакка қарай бошлашди. Эътиборли томони, Германия футболидаги энг иқтидорли чап қанот ҳимоячиларидан бири - Йонас Хектор кўплаб жамоадошларидан фарқли равишда, «Кьёлн»га содиқ қолиши ва қуйи лигада ҳам у билан бирга бўлишини маълум қилди.

Муҳими, у «Бавария»дек гранд таклифини ҳам бир четга суриб, чемпионат тугаши арафасида «эчкилар» билан шартномаси муддатини узайтирди.

Энг яхши мураббий: Доменико ТЕДЕСКО. «Шальке» спорт директори  Кристиан Хайдел ўтган йили камтарин «Эрцгебирг»га устозлик қилган 31 ёшли мутахассисни бош мураббий лавозимига тайинлаб, катта таваккалга қўл урганди. Қарангки, «Ҳаммаси ёки ҳеч нарса» қабилидаги ёндашув самара берди.

Германиялик итальян клубда иш бошлагани ҳамоно жиддий қарор қабул қилди: Бенедикт Хёведесга тегишли сардорлик боғичини дарвозабон Ральф Ферманнга олиб берди. Кейинчалик ўйин ўз-ўзидан яхшиланиб, «Шальке» охирги 4 йил бадалига илк марта ЧЛ йўлланмасига эга чиқди.

Германия чемпионати рамзий терма жамоаси

Лукаш Градецки («Айнтрахт») — Жошуа Киммих («Бавария»), Налдо («Шальке»), Матс Хуммельс («Бавария»), Венделл («Байер») — Томас Мюллер («Бавария»), Леон Горецка («Шальке»), Хамес Родригес («Бавария»), Леон Бэйли («Байер») — Роберт Левандовски («Бавария»), Миши Батшуайи («Боруссия» Д.).

ИТАЛИЯ «А» СЕРИЯСИ - «ИНТРИГА» ҲИМОЯЧИСИ

Бош қаҳрамон - Мауро ИКАРДИ. Аргентиналик ҳужумчининг «А» сериясидаги маҳсулдорлиги арифметик ўсиш кўринишида: мавсум-2015|2016 - 16та гол, мавсум - 2016|2017 - 24та гол ва мавсум-2017|2018 - 29та гол.

Шундай голеадорнинг Аргентина термаси сафидан четда қолгани ачинарли. Икарди ва унинг ҳамхонаси (шахсий агенти) Ванда Нара эса мутлақо хотиржам. Очиқ тан олиш керак, «Интер» бу ҳужумчисиз ЧЛга қайтиш миссиясини бажаролмасди.

Бош кашфиёт - АЛИССОН. Асосий кашфиётни дарвозабонлар орасидан қидириш - соф телбаликми? Маурицио Саррининг айтишича, жамоа дарвозасининг дахлсиз қолишида ҳимоячиларнинг хизмати 90 фоизга тенг, қолган 10 фоиз иш голкипер ва бошқа ўйинчилар улуши ҳисобланади.

Бразилиялик Алиссон Бекер эса бу фикрга асло қўшилмайди. Gazetta dello Sport нашри статистикачиларининг ҳисоб-китобларига кўра, «Рома» дарвозабони шу 10 йилликда кучли 5та чемпионатдаги амплуадошлари орасида энг омадли дебютни қайд этди.

Бош хафагарчилик - «НАПОЛИ»нинг армони. Неа-поль жамоаси мавсумда икки хил таасурот уйғотди. Ижобийси - «эшаклар» чемпионатнинг биринчи қисмида «Ювентус»даги тушунарсиз пасайишдан унумли фойдаландилар.

Салбийси - ҳал қилувчи дамлар яқинлашган сари мутлақо кутилмаган ҳолатларда очколарни бой беришди. Ваҳоланки, кўпчилик «Наполи»дан ниҳоят, «Ювентус» «гегемония»сига нуқта қўйишини кутганди.

Бош воқеа - Симоне ВЕРДИнинг «Болонья»дан кетмагани. «Наполи» президенти Аурелио де Лаурентис йил бошида, аниқроғи, 14 январь куни Болоньяга ташриф буюриб, Симоне Верди билан юзма-юз гаплашиб кўрди.

Ярим ҳимоячининг шахсий агенти эртасига мижози «Болонья» тақдиридан роса қайғураётганию, шу сабаб, қишда жамоадан кетмаслигини маълум қилди. Оддий айтганда, 25 ёшли истеъдод жамоа манфаати ва мухлисларни ўйлаб, «Наполи»нинг яхшигина таклифидан бош тортди.

Диққатга сазовор жиҳати шуки, Верди биргина Неаполь клуби эмас, балки «Милан», «Аталанта», «Лацио» ва «Интер» каби реал даъвогарларга ҳам қиё боқмади. Муҳими, Симоненинг фидокорлиги бесамар кетмади - «Бо-лонья» «А» сериясидаги ўрнини сақлаб қолди.

Энг яхши мураббий - Лучано СПАЛЛЕТТИ. «Рома» тиффозилари бир йилча олдин «Зенит»нинг собиқ устозини шундоқ «Стадио Олимпико» майдонига тирикла-йин кўмишга тайёр туришганди. «Интер» фанатлари аксинча, Спаллеттига анча яхши муносабатда бўлишди. Натижада мураббий Мауро Икардини янги босқичга, клубни эса ЧЛ ҳудудига олиб чиқди.

Италия чемпионати размий терма жамоаси

Алиссон («Рома») - Александр Коларов («Рома»), Калиду Кулибали («Наполи»), Милан Шкриньяр («Интер»), Жоао Канселу («Интер») - Лоренцо Инсинье («Наполи»), Жоржиньо («Наполи»), Миралем Пьянич («Ювентус»), Дуглас Коста («Ювентус») - Мауро Икарди («Интер»), Чиро Иммобиле («Лацио»).

ФРАНЦИЯ 1-ЛИГАСИ - «ПСЖ» ЧИН ҲУКМРОН

Бош қаҳрамон - Эдинсон КАВАНИ. Уругвайлик голеадор Златан Ибрагимович кетганидан кейин жамоанинг бош ҳужумчиси ролини қўлга олганини тўлиқ исботлади. Ваҳоланки, бутун мавсум давомида кўпчилик биринчи навбатда, у эмас, балки Неймар ва Килиан Мбаппега эътибор қаратди.

Эҳтимол, Каванига камералар нигоҳидан бироз четга чиққани қўл келгандир. Лекин Неймар жароҳатга йўлиққанидан ке-йин уругвайлик ҳужумчи яна бош ролда намоён бўлди. Асосийси, у ҳар икки ҳолатда бирдек самарали тўп сурди.

Ўз ўрнида, Мемфис Депай («Лион») ҳам бош қаҳрамон ролига даъво қилганини айтиш ўринли. «МЮ»да ишлари юришмаган голланд Францияда «Гол+пас» тизими бўйича 32 очко тўплади: 19та гол ва 13та самарали узатма.

Бош кашфиёт - Карл Токо ЭКАМБИ. «Анже»нинг камерунлик ҳужумчиси Лига 1даги дебют мавсумида атиги 7та гол урганди. Бу сафар эса африкалик легионер камтарин клубнинг нақ 40 фоиз голини ўз номига ёздириб қўйиб, чемпионатнинг энг яхши тўпурарлари қаторига кирди.

Оддий ҳисоб-китобга кўра, Экамби 17та голи билан «Анже»га 13 очко келтирибди (бунда фақат ўзининг голлари натижага таъсир қилган ўйинлар ҳисобга олинган).

Бош хафагарчилик - «ИНТРИГА» йўқлиги. «ПСЖ» вакиллари «Монако»ни тахтдан ағдаришда асло оғирлик сезишмади. Умуман, парижликлар чемпионатда «интрига»га асло ўрин қолдиришмади.

Демак, Францияда ҳам чемпион ҳар йили ўзгарадиган ва ҳаттоки, «Монпелье»дек камтарин жамоага навбат келадиган даврлар ўтмишда қолган кўринади.

Франция чемпионати рамзий терма жамоаси

 Альфонс Ареола («ПСЖ») - Дани Алвеш («ПСЖ»), Жорже («Монако»), Камиль Глик («Монако»), Марсело («Лион») - Фабиньо («Монако»), Хоссем Оуар («Лион»), Мемфис Депай («Лион»), Флориан Товен («Марсель»), Неймар («ПСЖ») - Эдинсон Кавани («ПСЖ»).

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz