Россия термасининг 2008 йилги Европа чемпионатидаги иштироки ёдингиздами?
Ўшанда, Швейцария ва Австрия майдонларида кечган баҳсларда русларни фақатгина бўлажак чемпион - Испания термаси енгганди (гуруҳ босқичида - 4:1, ярим финалда - 3:0). Ҳар икки мағлубиятга испанлар ҳужумчиси Давид Вильянинг алоқаси бор.
Яқинда championat.com сайти маҳоратли форвард билан ўша онларни ёдга олиш баробарида, бугунги ҳолат бўйича ҳам суҳбат уюштирди.
- Россия термасига қарши қандай ўйнаганингиз ёдингиздами?
- Албатта, эслайман. 2008 йилги Европа чемпионатида ўйнагандик. Ўшанда биринчи учрашувда 3та гол урган бўлсам, кейингисида жароҳат олгандим.
Ваҳоланки, иккинчи ўйин ўта муҳим саналар, у ярим финал доирасида ўтказилганди. Хайриятки, муваффақият қозониб, финалга йўл олдик. Кейин эса бош совринга эга чиқдик.
- Нима деб ўйлайсиз, бугунги Испания термаси Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам олтин кубокни қўлга киритиши мумкинми?
- Бизда кучли жамоа бор ва табиийки, у турнир фаворитлари қаторида зикр этилади. Демак, ҳеч иккиланмай, термамизнинг мундиалдаги чемпионлигига умид билдирсам бўлаверади.
- Россия миллий жамоасининг имкониятлари камроқми?
- Русларни ҳам ҳисобдан чиқариш тўғри бўлмайди. Ишончим комилки, Россия термаси муносиб тарзда иштирок этади.
Умуман, вазиятни баҳолаш осонмас: россияликлар иштирокидаги кўп учрашувларни кўрмаганман. Ҳа, ўзаро тўқнаш келганимиздан кейин термаларда кўп нарса ўзгарди.
- Кўп нарса, аммо ҳаммаси эмас. Масалан, Россия жамоасига яна Сергей Игнашевич таклиф этилди. 38 ёшли ҳимоячи Евро-2008да сизга қарши тўп сурган. Сизни ҳам мундиалда кўришимиз мумкинмиди?
- Бу борада нимадир дейишим қийин. Албатта, ўзим буни хоҳлайман, аммо қарор қабул қилиш менинг ихтиёримда эмас. Мураббий 31 майга қадар жаҳон чемпионатида қатнашадиган футболчилардан иборат таркибни эълон қилди.
(MLSда фаолият юритиш орқали Испания миллий жамоасидан таклиф олиш мумкинлигини Вилья бир йил олдин исботлаб улгурди. Океанортида тўп сураётган ҳужумчининг «қизил фурия» таркибидан жой олганини терма устози Хулен Лопетеги қуйидагича изоҳлади:
«Унинг бизга кўп ёрдами тегиши мумкин». Вильянинг Америка лигасидаги 24та баҳсда 19та гол ургани маҳоратли мураббийга ишонч бағишлаганди.
Шунингдек, Давид бир неча маротаба ой футболчиси номини қўлга киритди. «Футбол»ни «соккер»га алмаштириш қандай кечгани ҳақида Давид самимий фикрлар билдирди).
- MLSга йўл олишдан аввал уч ой Австралияда тўп сурдингиз. Хўш, ушбу чемпионатдаги иштирокдан қониқиш ҳосил қилдингизми?
- Ҳа, ёрқин дамларни бошдан кечирдим. Гарчи Австралияда қисқа муддат тўп сурган бўлсамда, вақтимни мазмунли ўтказдим.
- АҚШга кўчиб ўтишда муаммолар туғилмадими?
- Ҳеч қандай ноодатий ҳолатга дуч келмадим. Янги клубга ўтиш чоғида кўп нарсага умид қилмай, бор эътиборни ўз ишимга қаратишни маъқул кўраман.
Эҳтимол, шу сабабдан мураккабдек туюлган вазиятлар ҳам назаримдан четда қолар. Чунки қийинчилик ҳар битта мамлакатда кузатилади.
- MLSнинг бошқа чемпионатлардан фарқи нимада?
- Умумий таассурот - бу ерда футбол даражаси яхши. MLS афсонавий ўйинчиларни лигага чорлаш орқали машҳур номлар эвазига обрў орттиради. Испанияда эса жамоалар тузишдан мақсад - турли совринларни қўлга киритиш.
- Дарвоқе, афсонавий футболчилар ҳақида: Пирло ва Лэмпард каби ҳамкасбларингиз билан фақат АҚШга бориб ўйнашга тўғри келганидан афсусланмайсизми?
- Бу ерда улар билан тўп суриб, роҳатландим. Европада эса ушбу футболчиларга қарши ўйнаганман, шундай экан, афсусланишга ҳожат йўқ. MLSга футбол ўйнаш учун келдим.
Тўғрисини айтсам, таркибимизда қандай юлдуз ўйнаши у қадар аҳамиятли эмас. Чунки ҳеч ким майдонга тушишдан аввал ўзини афсона санамайди, шу жумладан, мен ҳам.
- Шунга қарамай, MLSдаги иштирокингиз пайтида термадан фақат бир марта чақирув олдингиз. Фаолиятингизда туб бурилиш ясаш имконияти туғилса, нимаданидир ўзгартирармидингиз?
- Бу ҳақда ҳар қанча ўйлаш мумкин, аммо энди ҳеч нимани ўзгартириб бўлмайди. Дарвоқе, хаёлларга берилиш менинг услубимга тўғри келмайди. Реал ҳаётда яшашни маъқул кўраман.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20