Қайднома

Қидирув

Кутилмаганлик нашъаси

Кутилмаганлик нашъаси

  20.06.2018 06:39
  0
  661
Кутилмаганлик нашъаси

Янги давр мундиалининг илк баҳси. Сўнгги дақиқалар. Александр Головин гол уриш иштиёқида зарба йўллашга ҳозирланмоқда. Ҳисоб ҳайратомуз, яъни 4:0!

Шундай бўлсада, россиялик ва бетараф мухлислар ўша лаҳзада «Уради!» дейишди комил ишонч билан саудиялик рўзадор футболчиларга андак адолатсизлик қилишаётганини унутиб. Рус футболининг порлоқ юлдузи эса пинагини бузмай, ҳисобни чиройли кўринишга келтирди.

Ана, Криштиану Роналду моҳир кипер Давид де Хеани учинчи бор «чув» тушириш учун пайт пойламоқда. Вазият таранг. Ҳисоб 2:3 - «қизил фурия» фойдасига. Аксарият мухлислар бу сафар «хет-трик» қайд этилишига шубҳаланишмади. Роналду тушмагур ҳам қойилмақом тарзда уларнинг ишончларини оқлади.

Александр Головин гол урган лаҳзада рус шарҳловчилари ҳаяжону эҳтиросда араб ҳамкасбларидан ўзиб кетишди ва гўёки, бутун дунёни «Беш! Беш! Беш!» ҳайқириғи тутди.

Криштиану Роналду жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолганида эса, Испания, ҳаттоки, «Реал» ва Рамос ҳам нафасини ичига ютди. «Хет-трик» учун имкон берилмаган Диего Коста эса унга ҳавас билан боқди ғарибгина. Хўш, юқорида тилга олинган голларнинг урилишига бу қадар ишонч-нинг сабаби нима?

Узр, жавобга шошилмаймиз. Чунки ушбу мисралар ёзилаётган чоғ Александар Коларов ўйин қаҳрамони бўлишга даъвогар Кейлор Навас дарвозаси томон зарба беришга шайланди. Нигоҳимиз саҳифадан узилиб, экранга михланди. «Уради!» деган овоз янгради ёнгинамизда ва сербиялик ҳимоячи ҳам уриш миссиясини уддалади.

Тавба, одамларга нима бўлган? Улар гол урилишини қандай сезишмоқда? Воажаб, мухлислар наинки гол урилиши, балки урилмаслигини ҳам аввалдан айтиб туришибди. Дейлик, Аргентина ва Исландия терма жамоалари ўртасидаги баҳснинг охирги дақиқаларида Мессида айбини ювиш имкони туғилди.

Ажабки, қанча-қанча мухлислар «Афсуски, уролмайди!» дейишди бош чай-қаб. Қарангки, уларнинг айтгани тасдиқланди - Александр Головин ёки Александар Коларов уддалаган иш Мессидек даҳо учун оғирлик қилди. Шундай савол ва ўй-хаёллар оғушида қоғоз қоралар эканмиз, телефон жиринглади

. О, ноодатий рақамлар! Биз +7925... шаклидаги рақамларга кўникмаганмиз. Демак, Москва - мундиал марказидан боғланишмоқда. Тахминимиз тўғри чиқди. Домла Ғуломжон Ҳамидов! Таассуротларимиз билан  ўртоқлашдик. «Яйраяпмиз, қуёш порлаяпти. Ер устида футбол. Ер остида, метрода ҳам футбол томошаси. Пул бўлса, бас!» дея мундиал шукуҳини ифодалади у киши.

Доимий мухлисимиздан ғайритабиий ишонч натижасида урилган голлар ва Мессига уриш насиб этмаган голлар хусусида сўрадик. Домладан ўзига хос жавоб қайтди: «Саратонда, қоқ пешинда адирда сув оқмай қолади, аммо тупроқ оқади».

Тушунарли, Месси - сув, гол урганлар - тупроқ! Майли, нима ҳам дердик... Зукко мухлислар узоқни кўзлаб мулоҳаза юритишади. Биз учун ҳар бир мухлисимиз мушоҳадалари қадрли. Энди таассуротларни нари суриб, мундиалдаги ғайритабиий натижалар ва голлар хусусида мулоҳаза билдирсак.

1. Денис Черишев аслида Станислав Черчесов учун асосий таркиб футболчиси ҳисобланмайди. Тақдир ҳукми эса бошқача. Мураббий ишонган футболчи Алан Загоев ўйин ҳали қизимай туриб жароҳатланди ва испан футболи ҳавосида камол топган иқтидор мажбуран майдонда.

У шу каби имконни кутиб яшагани аниқ. Шунинг учун тақдир ҳукмидан самарали фойдаланди. Темур Кападзе ўртоқлик учрашувларида имкон бераётган футболчиларчи? Улар бугунги имконлар эртага орзу-хаёл бўлиб қолишини ўйлашадими?

Агар бу хусусда жиддий бош қотиришса, терма жаомамиз таркибида Денис Черишев ва Александр Головин каби узатмалар беришади, голлар уришади.

2. Аргентина термасидек юлдузли рақибдан очко тортиб олган «викинглар»нинг имконлари қай даражада? Улар бошқа рақибларни мағлубиятга учрата олишадими? Футболда кутилмаганлик руҳи ҳамиша яшайди. Шу руҳ ўлароқ, Дания ва Греция терма жамоалари «кўҳна қитъа» чемпионига айланган.

Мундиалда иштирок этишнинг ўзини катта муваффақият санаган «викинглар»ни ҳам шу омадли кутилмаганлик сийлади. Бироқ уларнинг мундиалдаги одимлари, барибир, узоққа бормаса керак. Футболнинг том маънодаги қонуниятлари бутунлай бузилиб кетиши мумкин эмас.

Акс ҳолда, мухлислар миллионлар ўйинидаги санъат ва маҳоратга, иқтидор ва адолатга ишонмай қолишади. Исландча экзотика маълум лаҳзалардагина завқли. Катта футбол асл кучини кўрсата бошлагач, «викинг»ча важоҳатли «ху» нидоси тинади, юксак руҳдаги курашларга йўл бўшатади.

Футбол дунёси эса исландларни шунда ҳам олқишлайверади. Ахир евроаренада Италия ва Голландия каби терма жамоаларни йўлда қолдириб, мундиалга чиқишнинг ўзи бўладими? Айтишга осон. Терма жамоамиз учун «Кўзингни оч!» қабилидаги тарсаки-сабоқ бу! Футболда ўртамиёна ёки ундан пастроқ терма жамоанинг мундиалга бориши учун имконият мавжуд.

Демоқчимизки, гап бош жамоамиз йўлини такрор тўсган Эрон ва Жанубий Корея футболи қудратида эмас, аксинча, йигитларимиз рақибларга лоқайдларча имкониятни бой беришганида! Исланд футболи бизга шу ҳақиқатни яна бир бор исботлади.

3. «Реал» билан маош мисолидаги иззат-нафс бобида баҳслашаётган Роналду ҳақ! У Месси ва Неймардан кам пул олишини адолатсизлик сифатида баҳоламоқда, бундай мезонга рози эмаслигини таъкидламоқда. Бу - фақат Роналду учунгина инсоф доирасидаги талаб! Баҳс энди мундиал ўйинлари фонида сиртдан давом этади, чоғи.

Ҳарқалай, Криштиану баҳсга бошқача бел боғлаган кўринади. Мессида эса, очиғи, бундай кайфият кўзга ташланмади. Бугун Роналду маҳоратини ундаги зардадан куч олаётган қатъият қўллаб-қувватламоқда! Футболимиз истеъдодлари португалияликнинг зардаси, қатъиятига ҳавас қилишса арзийди. Зеро, майдонда ишини дўндирган футболчига адолатли зарда ва қатъият ярашади.

4. Мундиал бошланишидан аввал «МЮ»нинг ашаддий мухлиси Дониёрбек таҳририятга қўнғироқ қилиб, Хулен Лопетегини АПЛда тўп сурувчи испаниялик футболчиларга ўгай кўз билан қарашда айблаганди. Унинг фикрича, Альваро Моратадан Яго Аспасни устун қўйиш бир ёқлама ёндашув натижасидир.

Охир-оқибат нима бўлди? Лопетеги истеъфога чиқарилди, Аспас Португалия термасига қарши баҳсда захирадан майдонга тушиб, майсалар орасига чўкди, гўё. Дониёрбек Германия - Мексика учрашувидан сўнг ҳам биз билан боғланиб, Чичарито - Хавьер Эрнандес учун хурсандлигини қувониб сўзлади.

«МЮ»да танилган ўйинчини ҳамон олқишлаётган ўзбекистонлик мухлисда яширин футбол маънавиятидан қалбимиз тўлқинланди. Дониёрбекдек садоқатли мухлисларимиз ҳурмати учун ҳам футболчиларимиз кучли рақибларга қарши худди мағрур ацтеклар каби курашишлари даркор! Йоахим Лёвнинг эскирган «машина»си ҳарчанд уринмасин, Мексика термаси дарвозасига йўл тополмади.

«Викинглар» ортидан «ҳиндулар»нинг ғолибона ҳайқириғи янгради. Айни чоғда швейцариялик футболчилар ҳам энг даҳшатли фаворит - Бразилия термасидан очко тортиб олиб, кутилмаганлик сценайрийсини чиройли тарзда давом эттиришди.

Шундай шукуҳли дамларда ички қатъият билан шивирлайлик: «Бўшалсин! Бўшалса ўзади ўзбекнинг оти!» Бу хитобда Йўлдош Эшбек ва у каби миллатпарвар шоирларнинг буюк орзулари муҳрланган! Футболимизга ҳам тааллуқли бу буюк орзу-истаклар!

Дарвоқе, Германия - Мексика учрашувида юртдошимиз Олим Арифов илк бор комиссар вазифасини бажарди. Бу ҳам футболимиз учун тарихий воқеа. Аввал Равшан Эрматов, мана, энди Олим Арифов! Хўш, бизни навбатда ким ёки қандай воқелик кутмоқда?!

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz