Қайднома

Қидирув

Муҳаммад Салоҳ: «Ҳеч қачон ёлғон сўзлаган эмасман»

Муҳаммад Салоҳ: «Ҳеч қачон ёлғон сўзлаган эмасман»

  21.06.2018 06:39
  0
  2767
Муҳаммад Салоҳ: «Ҳеч қачон ёлғон сўзлаган эмасман»

2017|2018 йиллар мавсумини ўта самарали ўтказган Муҳаммад Салоҳ «Ливерпуль» таркибида 44та гол уриб, кўпдан-кўп рекордларни янгилади, ЕЧЛ финалида қатнашди.

Киевдаги ҳал қилувчи баҳсда юз берган нохуш ҳолат туфайли майдонни барвақт тарк этмаганида, «шалпангқулоқ» бу сафар «Реал»га эмас, «Ливерпуль»га насиб этиши реалроқ эди.

Шунга қарамасдан, мисрлик ҳужумчи навбатдаги «Олтин тўп» совринига даъвогарлар сафидан жой олди.

Салоҳ - камсуқум ва камтарин йигит у машҳур Liverpool Echo томонидан берилган 12та саволга жавоб қайтариш учун бор-йўғи 109та сўздан фойдаланди.

Натижада рисоладагидек мақола тайёрлаш учун ҳамкасбларимиз ҳужумчининг аввалроқ баён этган мулоҳазаларига мурожаат этишга мажбур бўлишди.

- Айтинг-чи, сўнгги марта қачон ёлғон сўзлагансиз?

- Мен ҳеч қачон ёлғон сўзлаган эмасман.

- Уйғонган пайтингиз, аввало, нима қиласиз?

- Тонгги илк икки дақиқаликни сукут ва табассум билан қарши оламан.

- Сизга энг мақбул бўлган дам олиш куни?

- Уни уйда ўтказаман, ҳеч ким билан гаплашмайман, ҳеч қанақа интервьюга ўрин йўқ!

(Мулоқот шу зайлда узилиб қолгач, football.ua. сайти вакиллари Салоҳнинг аввалги эътирофларини ёдга олишди).

Севимли футболчилар хусусида

- ЧЛ беллашувларини томоша қилганларим, ўртоқларим даврасида тўп сурганда Роналдо, Зидан ва Тоттига ўхшашга ҳаракат қилганимни яхши эслайман.

Бу футболчиларни жуда ёқтирардим. Чунки уларнинг ўйинларида мафтункор сеҳр бор эди. «А» серияда қайси футболчилар ўйинларидан кўпроқ илҳом олганман? Тотти, Дель Пьеро, Батистута ва кўплаб футболчилардан.

Орзулари ҳақида

- Фаолиятимнинг илк кунидан бошлаб барча совринларни қўлга киритишни орзу қилганман. Мисрнинг энг яхши футболчиси даражасигача кўтарила олишдан умидворман.

Бунинг учун жуда кўп тер тўкяпман. Мақсадим - бутун дунёдаги мухлисларнинг мисрлик футболчилар хусусидаги тушунчаларини ижобий томонга ўзгартириш.

Вазиятлардан фойдаланиш борасида

- Баъзан тўп дарвозага киришни хоҳламай қолади, қанча кўп тепсанг ҳам фарқи йўқ. Эҳтимол, 4-5-йилдан кейин шундай вазиятларни голга айлантирадиган бўлиб қоларман? (2013 йилдаги фикр)

Мақсадлари хусусида

- Шахсан мен ўз олдимга кўпгина мақсадларни қўйишни ёқтирмайман. Шунчаки, ўйинчи сифатида маҳоратимни оширишни, жамоага, жамоадошларимга ёрдам беришни, омадли бўлишни истайман.

«Челси»дан кетиши ҳақида

- «Рома» - дунёдаги энг номдор жамоалардан бири. Унинг таклифини қабул қилишимнинг сабаблари кўп. Менга клуб ҳам, шаҳар ҳам ёқади. «Рома» билан нимагадир эришишни истайман.

«Челси»га ўтиши ҳақида

- «Ливерпуль» мени қўлга киритишга жуда кўп уринди. Музокаралар 2013 йилнинг октябрида бошланиб, бир неча ойга чўзилди. «Базель» кўпгина таклифларни рад этди. Мен эса томонларнинг келишувга эришишларини кутдим. Чунки «Ливерпул»ни ёқтирардим.

Моуриньонинг қўнғироғи вазиятни ўзгартириб юборди. У менга вазиятни тушунтириб, «Челси»га кераклигимни айтди. Мени савияли футболчи деб ҳисоблашини ва таклифни қабул қилишимдан хурсанд бўлишини баён этгач, Лондонга йўл олдим.

«Ливерпуль» хусусида

- Бу жамоани болалик давримдан ёқтирар ва қачондир унинг таркибидан жой олишни орзу қилардим. Клуб тарихини ҳам яхши билардим.

Имконият туғилиши билан уни қўлдан чиқармасликка интилдим. Орзу қилган жамоамда ўйнаётганим ва голлар ураётганимдан ғоят бахтиёрман.

Самарадорлиги борасида

- Мендаги самарадорлик? Жамоага кўпроқ манфаат келтириш ниятим эканини айтиб ўтдим. Табиийки, голларим жамоага ёрдам беради.

«Ливерпул»даги позицияси ҳақида

- Юрген Клопп мени рақиб дарвозасига яқин бўлган позицияга қўйди. Фаолиятимда ҳали ҳеч қачон рақиб дарвозасига ҳозиргидек яқин бўлган эмасман, шундай позицияда ўйнашимни ҳеч ким талаб қилган ҳам эмас.

Доимо дарвоза ёнида бўлгач, албатта, кўпроқ имкониятларга эга бўляпман. Мураббий ҳатто машғулотларда ҳам дарвозадан узоқлашмасликни талаб қиларди.

Самарасиз вазиятлар хусусида

- 10та вазиятдан 10та гол уришнинг иложи йўқ. Буни мен яхши биламан. Шунингдек, кўплаб вазиятлардан фойдалана олмаслигимни ҳам тан оламан. Натижаларни яхшилаш учун тинмай меҳнат қиляпман.

Камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этиш пайидаман. Машғулотларда турли вазиятлардан дарвозани забт қилиш усулларини ўзлаштираман.

Ўйин савиясидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида

- Агарда 5 йил аввалги савиям билан таққослайдиган бўлсак, мен руҳий ва жисмоний жиҳатдан кескин ўзгардим. Ҳар куни янада яхшироқ ўйнашга интиламан. Қандайдир босим остида тўп суришни ёқтираман.

Чунки шу босим янада чиройлироқ ўйнашга мажбур қилади. Ҳаётимни футболга бағишладим, фақат миллионлар ўйини ҳақида ўйлайман.

Месси ва Роналдуга қиёслашлар хусусида

- Месси ёки Роналдуга таққослашларини эшитишдан бахтиёрман, дея олмайман. Бу футболчилар 10-11 йиллардан бери юксак савияни кўрсатиб, ажойиб барқарорликни намойиш этмоқдалар. Мен ҳам кўпгина мавсумларни юқори савияда ўтказиш ниятидаман. Буни уддалашимга умид қиламан.

Вақти келиб, Месси ва Роналдудек буюкларга қиёслашларидан фахрланишимга умид қиламан. Албатта, Мессидек буюк ўйинчи ёнидан жой беришаётгани мен учун жуда ёқимли. Чунки у бир неча йиллардан бери етакчиликни ҳеч кимга бермай келяпти. Мен эса ҳозирча фақат голларим билан фахрлана оламан, холос.

Тотти ҳақида

- Ҳаммадан кўра Франческо Тотти билан кўришишни истайман. У - тенги йўқ ҳужумчи. У - барча фазилатлар соҳиби! Уни жуда ёқтираман, муносабатларимиз ҳам аъло даражада.

ЧЛ хусусида

- Агар менга ЕЧЛдаги ғолиблик ёки шахсий совринлардан бирини танлаш имкониятини беришганида, ҳеч ўйлаб ўтирмай биринчисини танлаган бўлардим. ЧЛ кубогини қўлга киритиш - ҳар қайси футболчи учун беқиёс натижа!

Бошқаси мени қизиқтирмайди. Самарали узатмаларни амалга ошираман, вазиятлар яратаман. Чунки ўз ихтисосимни унутган эмасман. «Тўққиз»ликда тўп сурмайман, қанотда ўйнайман.

Мен учун муҳими - жамоа манфаати. Буни барча билади. Тушунинг, ёлғиз ўйнай олмайман, футбол - жамоавий спорт тури. Агар мен гол урган бўлсам, билингки, жамоам яхши ўйнаяпти. Бордию, гол ўтказиб юборган бўлсак, демакки, ишлар чатоқ.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz