Қайднома

Қидирув

ФИФАнинг сўнгги рейтинги ҳақида: Ўзбекистон 95-қаторда… бу жуда паст эмасми?

ФИФАнинг сўнгги рейтинги ҳақида: Ўзбекистон 95-қаторда… бу жуда паст эмасми?

  23.06.2018 00:17
  0
  1733
ФИФАнинг сўнгги рейтинги ҳақида: Ўзбекистон 95-қаторда… бу жуда паст эмасми?

Биласиз, ЖЧ-2018 финал раундига йўл олган 32та миллий жамоа май ойи охири ва июннинг илк кунлари ўртоқлик-назорат ўйинларига зўр берди. Табиийки, бу жамоалар фақат ўзаро ўйнагани йўқ. Яъни мундиал иштирокчилари учун сўнгги синов вазифасини ўтаб берган ўйинлар бутун жаҳонни қамраб олди.

Жумладан, Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида илк марта Жанубий Америкага сафар қилиб, Уругвай термасига қарши майдонга тушди. Хуллас, «ўртоқлик»лар кўплигини инобатга олсак, ФИФА рейтингининг дастлабки 100та қаторида сезиларли ўзгаришлар рўй бериши муқаррар эди.

Бироқ 7 июнь куни эълон қилинган янги рейтингнинг дастлабки 7 поғонаси аввалги ойдаги ҳолатда қолди. Аниқроғи, жамоалар ҳисобидаги очколар анча ўзгарган бўлсада, уларнинг ўринлари алмашмади. Дейлик, рейтинг пешқадамининг яқин таъқибчиси - Бразилия термаси очко борасида яхшигина захира тўплади.

Диққат қилинг, Қирғизистон терма жамоаси нақ 17 поғона пастга тушган бўлсада, ҳамон миллий жамоамиздан юқорида турибди. Буни  Ўзбекистон термасининг охирги 2та ўртоқлик ўйини (Эрон - 0:1 ва Уругвай - 0:3)да ҳам имкониятни бой бергани билан изоҳлаш мумкин.

Хуллас, айни рейтинг бўйича айтсак, ОФК миқёсида атиги 13-ўринда турибмиз. Жаҳон рейтингидаги ўрнимиз эса 95-қатор... Очиғи, бунга ишонгингиз ҳам келмайди. Аввалги ой рўйхати билан таққослаганда, миллий жамоамиз яна 7 поғона пастга тушди. Очко бўйича йўқотиш даражаси эса 27,09 баллни ташкил этди.

Қисқаси, Теҳронда Эрон термасига ютқазганимиз туфайли қуйи юзталикка яқинлашиб қолдик. Бу кетишда ишқилиб, 1996 йилнинг ноябрь ойида қайд этилган антирекорд (жамоамиз 119-ўринга тушиб кетганди) янгиланмаса бўлгани...

*** ОФК рўйхатида етакчи бўлиб турган Эрон термаси 36-ўриндан бир поғона пастга сурилди. Австралия миллий жамоаси эса 1 июнь куни Чехия термасини 4:0 ҳисобида енгиш эвазига умумий рейтингда бирданига 4 поғона юқорилади. Энг муҳими, «соккеруз» ЖЧ-2018га ОФКнинг рейтинг бўйича 1-рақамли жамоаси сифатида киришди.

*** Ой якунларига кўра, Иордания термаси Осиё ва Австралияни ўз ичига олган конфедерацияда ўринлар бўйича энг катта ўсишга эришган жамоа бўлди (+8 ўрин). Шунингдек, Австралия (+4) ва Жанубий Корея (+4) миллий жамоалари ҳам олдинга дадил қадам ташлади. Очколар бўйича ўсишга қарасак ҳам, худди шу 3та жамоа олдинда.

*** Ўзбекистон (-7) миллий жамоаси Қирғизистон (-17) ва Яман (-9) термалари қатори ой давомида ўринлар бўйича энг шиддатли қулашга юз тутди. ОФК миқёсида очко йўқотиш борасида ҳам айни шу жамоалар ажралиб турибди.

Ой давомида энг катта ўсишга эришган жамоалар (ўринлар бўйича)

1. Озарбайжон: +21 ўрин

2. Папуа-Янги Гвинея: +14 ўрин

3. Сальвадор: +13 ўрин

   Янги Зеландия: +13 ўрин

5. Косово: +11 ўрин

6. Латвия: +10 ўрин

   Соломон ороллари: +10 ўрин

8. Словения: +9 ўрин

9. Мадагаскар: +8 ўрин

   Иордания: +8 ўрин

Ой давомида энг катта қулашга юз тутган жамоалар (ўринлар бўйича)

1. Гайана: -18 ўрин

2. Қирғизистон: -17 ўрин

   Гвинея-Бисау: -17 ўрин

4. Пуэрто-Рико: -14 ўрин

5. Руанда: -13 ўрин

6. Кюрасао: -10 ўрин

7. Намибия: -9 ўрин

   Яман: -9 ўрин

9. Шотландия: -8 ўрин

   Уганда: -8 ўрин

   Сьерра-Леоне: -8 ўрин

   Мозамбик: -8 ўрин

Ой давомида энг катта ўсишга эришган жамоалар (очколар бўйича)

1. Озарбайжон: +76,48 очко

2. Словения: +63,05 очко

3. Польша: +54,61 очко

4. Сальвадор: +49,53 очко

5. Бразилия: +46,57 очко

6. Венесуэла: +45,55 очко

7. Руминия: +44,66 очко

8. Уругвай: +42,41 очко

9. Парагвай: +36,18 очко

10. Косово: +33,2 очко

Ой давомида энг катта йўқотишга юз тутган жамоалар (очколар бўйича)

1. Тунис: -102,09 очко

2. Шотландия: -75,39 очко

3. Гвинея-Бисау: -74,89 очко

4. Кабо-Верде: -67,23 очко

5. Қирғизистон: -61,29 очко

6. Бельгия: -47,68 очко

7. Украина: -44,23 очко

8. Сьерра-Леоне: -39,84 очко

9. Пуэрто-Рико: -39,41 очко

10. Либерия: -37,92 очко

ЖЧ-2018 гуруҳлари рейтинги қандай?

ФИФАнинг янги рўйхатига асосан, яъни ҳар бир жамоанинг мав-қеига қараб, ЖЧ-2018 гуруҳлари ўртача рейтингини шакллантириш мумкин. Демак, энди шу аснода қайси гуруҳдан кейинги босқичга чиқиш мураккаброқ эканлигини тахмин қилиб кўрамиз. Шу формула бўйича қилинган ҳисоб-китоб натижаларига кўра, «Е» квартети жаҳон чемпионатининг энг кучли гуруҳи экан.

8-ўрин. «A» гуруҳи – 49 (ўртача рейтинг)

Уругвай - 14-ўрин

Миср -  45-ўрин

Саудия Арабистони - 67-ўрин

Россия - 70-ўрин

Россия терма жамоаси сўнгги 2 йил давомида расмий ўйинларда майдонга тушмагани боисми, 32та иштирокчи орасида энг паст рейтинг кўрсаткичига эга бўлиб турибди.

Умуман, ЖЧ-2018 очилиш ўйинида рейтинг натижалари энг паст жамоалар майдонга тушди. «А» гуруҳида кучли 10таликка кирган бирор жамоа йўқ. Тўғри, Уругвай термаси мундиалда яхши натижага эришса, биринчи элит гуруҳга қўшилади.

7-ўрин. «H» гуруҳи – 28 (ўртача рейтинг)

Польша - 8-ўрин

Колумбия - 16-ўрин

Сенегал - 27-ўрин

Япония - 61-ўрин

Япония термасининг бунчалик пастга қулагани сабабини олдинги бош мураббий Воҳид Халилхожичдан сўраш керакми ёки таркибни ёшартиришни истамаётган Акира Нисинодан? Польша миллий жамоасининг 8-ўринда турганини эса биринчи навбатда, Роберт Левандовски ва унинг саралаш босқичида урган голларига боғлаш керак.

6-ўрин. «F» гуруҳи - 24,25 (ўртача рейтинг)

Германия - 1-ўрин

Мексика - 15-ўрин

Швеция - 24-ўрин

Жанубий Корея - 57-ўрин

«F» квартетида икки конфедерациянинг рейтинг бўйича энг яхши жамоалари (УЕФА - Германия ва КОНКАКАФ - Мексика) жой олган бўлса ҳамки, гуруҳ «оддийроқ»дек кўринмоқда.

5-ўрин. «D» гуруҳи - 23,75 (ўртача рейтинг)

Аргентина - 5-ўрин

Хорватия - 20-ўрин

Исландия - 22-ўрин

Нигерия - 48-ўрин

Исландия термаси жаҳон чемпионатида дебютант сифатида қатнашмоқда. Нигерия миллий жамоаси эса Африканинг рейтинг кўрсаткичи энг паст вакилидир.

4-ўрин. «B» гуруҳи - 23 (ўртача рейтинг)

Португалия - 4-ўрин

Испания - 10-ўрин

Эрон - 37-ўрин

Марокаш - 41-ўрин

Португалия ва Испания термалари ФИФА рейтингида кучли 10талик орасида, аммо марокашликларнинг мав-қелари нисбатан паст. Муҳими, ичимизда бир ишонч борки, ушбу квартет доирасидаги  ўйинлар ҳали ҳаммани лол қолдиради.

3-ўрин. «G» гуруҳи - 22, 75 (ўртача рейтинг)

Бельгия - 3-ўрин

Англия - 12-ўрин

Тунис - 21-ўрин

Панама - 55-ўрин

Тунис термаси айни пайт Африканинг энг кучли жамоаси, рейтинг бў-йича, албатта. Бельгия жамоаси эса УЕФАда биргина Германия термасидан орқада. Ҳаттоки, дебютант - Панама термаси ҳам топ-50га яқинлашиб қолган.

2-ўрин. «C» гуруҳи - 16,5 (ўртача рейтинг)

Франция - 7-ўрин

Перу - 11-ўрин

Дания - 12-ўрин

Австралия - 36-ўрин

Бу тўртликда ЖЧ-2018 олтин медалига асосий даъвогарлардан бири Франция термаси бор. Перу ва Дания миллий жамоалари эса сўнгги бир йил давомидаги натижалари (асосан саралашнинг «плей-офф» босқичи орқали) туфайли кучли 10таликка яқинлашди. «Соккеруз» - ОФКнинг энг кучли жамоаси (рейтинг бўйича).

1-ўрин. «E» гуруҳи - 16,25 (ўртача рейтинг)

Бразилия - 2-ўрин

Швейцария - 6-ўрин

Коста-Рика - 23-ўрин

Сербия - 34-ўрин

Ҳа, рейтинг бўйича энг кучли гуруҳ. Демакки, Бразилия термасини 2014 йилдагидан ҳам мураккаброқ ўйинлар кутмоқда. Швейцария ва 8 йиллик танаффусдан сўнг мундиалга қайтган Сербия термалари алоҳида эътиборга муносиб. Айни рейтингга қарасак, юқори 10таликдан жой олган Швейцария ва Франция термалари ўртасида атиги 1 очколик фарқ бор, холос.

ФИФА рейтинги бўйича ОФК жадвали

Ўр.      Ўр. (ФИФА) Фарқ  Жамоа           Очко  Фарқ

1.          36           +4        Австралия             718         +18,33

2.          37           -1         Эрон                       708         -18,65

3.          57           +4        Ж.Корея                544         +23,67

4.          61           -1         Япония                   521         -7,25

5.          67           0           С.Арабистони        465         +3,28

6.          73           +3        Сурия                     440         +16,65

7.          75           -2         Хитой                     423         -7,91

8.          77           +4        БАА                       418         +12,66

9.          79           +3        Ливан                     411         +7,49

10.        84           +3        Уммон                   391         +8,06

11.        89           +2        Ироқ                      377         +4,7

12.        92           -17       Қирғизистон          363         -61,29

13.        95           -7         Ўзбекистон          354         -27,09

14.        97           0           Ҳиндистон             350         -4.08

15.        98           +3        Қатар                      348         +8,59

16.        99           -3         Фаластин               347         -9,93

17.        102         0           Вьетнам                 334         0,37

18.        108         +2        КХДР                     303         +6,11

19.        110         +8        Иордания               296         +24,18

20.        113         +3        Баҳрайн                  289         +8,25

21.        115         -4         Филиппин              280         -8,98

22.        119         +1        Тожикистон           264         -2,35

23.        122         0           Таиланд                  248         -4,79

24.        123         -2         Хитой Тайпейи      247         -16,26

25.        130         -2         Туркманистон       229         -12,64

26.        133         -9         Яман                      227         -23,57

27.        138         -3         Мьянма                 206         -21,48

28.        142         +2        Гонконг                 195         +1,06

29.        145         -5         Афғонистон           188         -11,4

30.        150         -2         Мальдив ор.          171         -11,58

31.        159         +1        Қувайт                   128         +2,48

32.        161         +3        Непал                     118         +7,47

33.        164         0           Индонезия             111         +0,49

34.        166         +4        Камбоджа              103         -1,8

35.        169         +3        Сингапур               99           -3,15

36.        171         0           Малайзия               93           -10,96

37.        178         +1        Лаос                       82           +1,58

38.        183         +1        Бутан                      68           0

39.        185         +1        Макао                    60           +0,11

40.        186         +2        Мўғулистон           51           0

41.        190         -1         Гуам                       45           -0,04

42.        190         0           Шарқий Тимор      45           +0,86

43.        194         +3        Бангладеш             35           +1,76

44.        195         0           Бруней                   34           -2

45.        200         0           Шри-Ланка            17           -0,24

46.       201      +2        Покистон       10        0,17

Фирдавс САЙФИЙ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz