Қайднома

Қидирув

Акром Комилов: «Залцбург»га қўйиб юборишмаганидан афсусланаман»

Акром Комилов: «Залцбург»га қўйиб юборишмаганидан афсусланаман»

  24.06.2018 06:37
  0
  583
Акром Комилов: «Залцбург»га қўйиб юборишмаганидан афсусланаман»

Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий жамоаси июнь ойи бошида Монтевидео шаҳрида Уругвайга қарши тарихий ўртоқлик учрашуви ўтказди.

Тўғри, вакилларимиз аввал ҳам ушбу мамлакат термаси билан бир неча маротаба тўқнаш келишганди. Лекин миллий жамоалар даражасидаги ўйин илк маротаба ташкил қилинди: термамиз Монтевидео шаҳридаги тарихий стадионда, юлдузли таркибга эга жамоага қарши майдонга тушди.

Гарчи ўша ўйинда йирик ҳисобдаги мағлубият қайд этилган бўлса-да, Суарес, Кавани, Муслера сингари юлдузларга қарши кечган учрашув футболчиларимиз учун ҳар томонлама фойдали бўлди. Биз ана шу ўйин тафсилотлари юзасидан терма жамоамизнинг қанот ҳимоячиси Акром Комиловдан интервью олдик.

У сариқ карточкалари сони тўрттага етгани боис Pepsi Суперлига 15-тури доирасидаги ўйинни ўтказиб юборди. Дарвоқе, Комилов Уругвай билан баҳснинг охирида қизил карточка олиб майдонни тарк этганди.

- Акром, бундай узоқ сафарга биринчи чиқишингиз эдими?

- Йўқ, аввал ҳам олис юртларга борганмиз. Лекин бу галгиси анча мураккаб бўлди.

- Узоқ сафар деганда, уч қитъани кечиб, океан ортига борилганини назарда тутгандим.

- Ҳа, ҳақиқатан ҳам, Уругвайга етиб боришимизга деярли бир сутка вақт кетди. Тошкент - Истанбул - Мадрид - Монтевидео авиарейси орқали манзилга етиб бордик. Делегациямизнинг айрим аъзолари ҳатто Мадриддан аввалига Бразилияга учиб бориб, кейин у ердан Уругвай пойтахтига етиб олишди.

Адашмасам, шунга ўхшаш сафарлар шахсан менинг фаолиятимда уч маротаба бўлган. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан бирга жаҳон чемпионатида иштирок этиш мақсадида Янги Зеландияга борганман. Ўша сафаримиз ҳам анча мураккаб кечганди.

Кейин Африканинг қайсидир давлатида ҳам ўйин ўтказганмиз. Фақат ҳозир қайси мамлакатда бўлганини аниқ эслай олмаяпман. Қолаверса, бу йил ҳисобидан Марокашга сафаримиз ҳам енгил бўлмади.

- Лекин барибир, бу галги сафар бошқаларидан ажралиб турди. Юлдузларга қарши кечган ўйинни қолганлари билан таққослаб бўлмайди, назаримда. Шундай эмасми?

- Албатта. Бу ўйин аввалгиларидан ажралиб турди. Учрашувга алоҳида руҳий тайёргарлик ҳам бўлди. Ўзимизни юлдуз футболчиларга қарши баҳсда қандай тутишимиз ҳамма учун қизиқ эди. Бу борада айнан руҳий тайёргарлик муҳим роль ўйнарди.

Ўйлашимча, мана шу синовдан муваффақиятли ўта олдик. Тўғри, натижа биз учун ижобий кўриниш олмади. Лекин жаҳон чемпионатида фаворитлар қаторида қаралаётган жамоага қарши муносиб ўйин кўрсата олдик, деб ўйлайман.

Бу каби учрашувларнинг кўпроқ ўтказилиши футболимиз ривожига хизмат қилади.

- Луис Суарес, Эдинсон Кавани сингари юлдузларни жонли тарзда кўриш, уларга қарши ўйнаш, сиз тасаввур қилгандан ҳам бошқача таассурот уйғотдими?

- Шубҳасиз. Бир нарсани уялмасдан айта оламан, сиз санаб ўтган футболчиларнинг ўйинларини ҳатто стадиондан кузатиш ҳам бизларга орзу эди. Лекин ана шу орзу ортиғи билан рўёбга чиқди. Биз юлдузларга қарши майдонга тушдик. Энг муҳими, ўзимизни йўқотиб қўйганимиз йўқ.

Биласизми, ана шу ўйиндан кейин бир нарсани ўйлаб қолдим - биз ҳам Европанинг энг кучли бешта чемпионатида бемалол ўйнай олар эканмиз. Фақат бунга ўзимизни ишонтира олишимиз ва шу нарсани амалга ошириш учун ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Йил бошида ким ҳам Сенегал, Марокаш, Уругвай сингари дунёнинг етакчи жамоалари билан ўйнашимизни ўйлабди дейсиз. Ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди.

Тўғри, кимлардир айтиши мумкин, «Мундиал олдидан гуруҳдаги рақиблари Осиё жамоалари бўлгани учун биз билан ўйнашга розилик берган», деб. Лекин улар ҳам барибир, терманинг потенциалига эътибор қаратишган.

- Миллий жамоамиз бош мураббийи Темир Кападзе ўйиндан олдин нималар деди?

- Бу ҳаммамиз учун жуда яхши имконият эканлигини мураббийлар айтмаса ҳам билардик. Улар бизга айнан шуни уқтиришди. Қолаверса, Темур ака ўйиндан олдин болаларни тинчлантириб, рақибдан ҳеч қандай кам жойимиз йўқлиги, ўз ўйинимизни бемалол намойиш этишимиз кераклигини айтдилар. Энг муҳими, қўрқмасдан тўп суришимизни сўрадилар. Шу ўринда бир нарсани айтишим керак.

Агар мамлакатимиздаги иқтидорли йигитларни ёшликданоқ Европа клубларига қўйиб юборишса, бизда ҳам камида Уругвай даражасидаги ўйинчилар ҳамда терма жамоа шаклланади, вакилларимиз савия жиҳатидан рақиблардан асло қолишмасди, ишонинг, терма жамоамиз аллақачон жаҳон чемпионатига чиққан бўларди.

Афсуски, бизда бундай эмас. Аччиқ бўлсада ушбу ҳақиқатни тан олишимиз керак.

- Истеъдодли футболчиларимизни, сиз айтгандек, Европа жамоаларига қўйиб юбормасликка қандайдир тўсиқлар халал берадими?

- Тўсиқлар... келинг, бу мавзуда чуқурлашмай қўя қолай. Нима учун кореялик футболчилар Англия, Испания, Германиянинг кўзга кўринган клубларида ўйнашади? Уларнинг биздан ортиқ жойи борми? Керак бўлса, биз уларни ўсмир ва ёшлар футболида мағлуб этганмиз. Нега улар биздан вақт ўтиши билан ўзиб кетишяпти?

Чунки уларни ёшликдан ўша томонларга арзимаган пулга қўйиб юборишади. Ёш футболчи учун отнинг калласидек пул сўрашмайди. Клублар мамлакат футболи ривожи йўлида истеъдодли ёшларнинг Европа клубларига йўл олишларини таъминлаб беради. Бизда эса аксинча ҳолат кузатилмоқда. Бугунги кун билан яшаяпмиз-да!

Агар ҳеч бўлмаса, бир футболчи «кўҳна қитъа» клубида муваффақиятли ўйнаб кета олса, бунинг натижасида кейинчалик бошқа ўзбекистонлик футболчиларга ҳам йўл очилади. Европаликлар Ўзбекистондан шундай истеъдодларни қидириб, чемпионатимизни кузата бошлашади.

Кечирасиз-у, сайёрамизнинг кучли клубларида ҳеч ким ўйнамаганидан кейин ўзбекистонлик футболчиларга қандай қизиқиш бўлсин? Осиёдаги асосий рақибларимиз ҳисобланган Япония, Жанубий Корея, Австралия аллақачон Европа футболи бозорида ўз рекламасини қилиб бўлган.

Шунинг учун ҳам бу мамлакат вакилларига ҳамиша эҳтиёж сақланиб қолмоқда. Шу нарсага эришмас эканмиз, бизга мундиалда ўйнаш армон бўлиб қолаверади.

- Сизда шундай имконият бўлганми? Масалан, Янги Зеландиядаги жаҳон чемпионатидан кейин фаолиятингизни бирор-бир кучлироқ чемпионатда давом эттириш учун таклифлар келиб тушганми?

- Ҳа, менда ҳам шундай имконият бўлган. Фақат Янги Зеландиядаги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан кейин эмас, ундан аввалроқ, БАА мезбонлик қилган ўсмирлар мундиалидан сўнг Европа клубига таклиф қилишган.

- Қайси клубдан таклиф бўлганди ва нима ёки ким сизнинг кетишингизга тўсқинлик қилган?

- Менга Австриянинг машҳур ва номдор жамоаси «Ред Булл Зальцбург»дан таклиф бўлганди. Улар мени кўрикдан ўтиш учун чақиришган. Жамоа машғулотларида иштирок этганман. Иккита ўртоқлик учрашувида майдонга ҳам тушганман. Мураббийларда илиқ таассурот қолдира олганман.

Лекин афсуски, маълум бир сабабларга кўра бу трансфер амалга ошмай қолганди. Албатта, ҳозиргача шундан афсусланаман. Аммо ҳали ёшман ва ўйлайманки, Европа клубларида ўйнашга улгураман.

- Нимага «Зальцбург»да қолмагансиз? Клубингиз трансфер учун катта сумма сўраганми?

- Ўшанда «Зальцбург» клуби мураббийлари ва шахсан жамоа президенти менинг қолишимни хоҳлашган. Ҳатто ўша мавсум учун асосий таркибдан жой ҳам кафолатлашганди. Кейин ўрнимни сақлаб қолиш ўз қўлимда бўлишини айтишганди. Бу борада менга ёрдам беришларини ҳам таъкидлашганди.

Биринчи навбатда, ўзимдан қолиш истагим борлигини сўрашган, кейин шахсий шартнома масаласида ҳам келишиб олгандик. Шунда улар «Клубинг билан алоқага чиқамиз, улар рози бўлишса, ўша куннинг ўзида шартнома имзолаймиз», дейишди. Кейин мен Тошкентга қайтиб келдим.

Бир ҳафтадан кейин клубимиздагилар «Сени олишмади», дейишди. Албатта, ўша пайт ёш бўлганман, қаерга мурожаат қилишни билмаганман. Ҳеч кимга дардимни гапира олмасдим. Эшитадиган одамнинг ўзи йўқ эди. Билмадим, ўшанда жамоамиздагилар «Зальцбург»га қандай жавоб беришган экан?

Буниси менга қоронғу. Билганим шуки, Австрия клубида мени кутишаётганди. Шундан кейин ҳаммаси сув қуйгандек жим-жит бўлиб кетганди. Ҳалигача ўша трансфер амалга ошмай қолганидан афсусланаман.

- Акром, энди яна Уругвай билан ўйинга қайтсак. Ўша учрашувнинг дастлабки 30 дақиқасида чиндан ҳам яхши ўйнадинглар. Кейин нима бўлди?

- Агар биринчи голни ўтказмаганимизда, учрашувнинг охиригача шундай ўйнаган бўлардик. Кераксиз ҳолатда киритилган тўп бизни руҳан синдириб қўйди. Тўғри, футболда голлар асосан йўл қўйилган хатолардан сўнг урилади. Айниқса, Уругвайга ўхшаган жамоалар бундай хатоларни асло кечирмайди.

Ҳужумда камчилик бўлса ҳам ақл билан иш юритиб, ўз мақсадига эришади. Эътибор берган бўлсангиз, ўша ўтказиб юборилган голдан кейин биз «синиб» қолдик. Унгача эса уругвайликлар ҳеч нарса қила олишмаётганди. Йўл қўйган хатоимиз учун аёвсиз жазолашди.

- Афсуски, майдондан четлатилдингиз ва бунинг натижасида жамоадошларингизни қийин ҳолатда қолдирдингиз. Холис фикрингизни айтинг, ўша қизил карточка кўрсатилган вазиятда ҳакам ҳақмиди?

- Менимча, қизил карточка кўрсатадиган вазият эмасди. Бу менинг шахсий фикрим.

- Ўйин давомида юлдуз ҳужумчиларга қаршилик кўрсатдингиз. Ҳақиқатан ҳам улар майдонда жуда тезкорми?

- Мен бундай демаган бўлардим. Тезлиги худди бизникидек. Фақат фикрлаб, тезкор қарор чиқаришида фарқ бор.

- Бу ўйин Марокаш, Сенегал ва Эронга қарши кечган учрашувлардан нимаси билан фарқ қилди?

- Очиғини айтсам, шахсан менга Марокаш термаси Уругвайдан кўра кучлироқ кўринди. Жанубий Америка жамоаси билан ўтган ўйин биз учун осонроқ ўтди. Лекин Уругвайда Марокашга қараганда кучли ижрочилар кўпроқ.

Ўйиннинг боришини ўзгартира оладиган футболчилар масаласида Уругвай устун. Аммо Марокашнинг ҳам ўзига яраша кучли жиҳатлари кўзга ташланди. Масалан, марокашлик футболчилар рақибнинг алдаб ўтишига йўл қўйишмади.

Тўпни маҳорат эвазига олиб қўя олмаган тақдирда, майда фол, яъни қоидабузишлар эвазига бўлсада, рақибни тўхтатиб қолади. Ҳужум уюштиришга қўймайди. Шу жиҳатидан ҳам Уругвайга қарши кечган ўйинимиз осонроқ бўлди.

- Ўйиндан кейин футболчиларимиз мезбон жамоа аъзолари билан ўзаро либос алмаштиришдими?

- Шахсан мен бундай қилмадим. Ўзимнинг футболкам яхши (кулади). Баъзи жамоадошларимиз эса алмаштиришди.

- Суарес ва Кавани ўз футболкаларини кимларга беришди?

- Луис Суарес футболкасини ҳеч кимга бермади. Кавани эса Забиҳилло Ўринбоевга тақдим этди.

- Мезбонлар машғулот ўтказиш учун яхши шароит яратиб беришдими?

- Тўғрисини айтаман, шароитлар биз кутганчалик яхши бўлмади. Майдоннинг сифати талаб даражасида эмасди.

- Кўпчилик жамоамиз ўйнаган тактикани мақтади...

- Темур ака ўйинга яхши тактика танлай олдилар. Очиғини айтсам, олдин терма жамоамизда ўйин тизгини йўқолганди. Ҳозирги ёш футболчилардан иборат таркиб эса ўзига ишонч билан майдонда ҳаракат қиляпти. Бу ерда жамоа устозининг роли ҳам катта.

Бош мураббий футболчиларни ҳар томонлама тушуниб, ўйинга тўғри тайёрлай биляпти. Ўзи кўришни истаган футболни шогирдлари онгига сингдира оляпти. Ўйлайманки, мана шу таркиб билан жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини бажарса бўлади.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 23-августдаги пайшанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz