Қайднома

Қидирув

Евромавсум-2017|2018нинг энг яхши дриблингчилари

Евромавсум-2017|2018нинг энг яхши дриблингчилари

  24.06.2018 00:15
  0
  3250
Евромавсум-2017|2018нинг энг яхши дриблингчилари

Франция чемпионати турнир жадвали тубидан «Янги Маҳрез», Италиядан ажойиб «раққос», албатта, Лео Месси ва бошқалар.

Алоҳида қайд этиш керак, энг кучли дриблингчилар рейтингини тузишда мавсум доирасидаги ўйинларнинг камида ярмида қатнашган ва ҳар бир учрашувда ўртача ҳисобда 3,5 марта алдамчи ҳаракатни амалга оширган футболчилар натижаси ҳисобга олинган.

10-ўрин. Алексис САНЧЕС («Арсенал»|«МЮ») - 70 фоиз омадли уриниш (31та ўйинда 84 марта алдаб ўтиш)

Дриблинг чилилик голеадорнинг энг устун жиҳатларидан бири ҳисобланади. У деярли 30 ёшга тўлди. Демакки, табиий равишда тезлиги пасаймоқда, енгил ва чаққон ҳаракатлари сони камаймоқда, ҳаттоки, зарбаси кучи олдингидек эмас.

Лекин Алексис рақибларни алдаб ўтишда ҳамон беназир йигитлигича қолмоқда. Айтиш мумкинки, «Арсенал»дан безиб, «МЮ» сафига қўшилган Санчес бу борада фаолиятидаги энг омадли мавсумлардан бирини ўтказди.

9-ўрин. Алехандро ГОМЕС («Аталанта») - 70,5 фоиз омадли уриниш (33та ўйинда 105 марта алдаб ўтиш)

Бергамо учун «қирол» ва «А» серияси учун камтарин ижрочи. 30 ёшли Гомес дриблинг маҳоратидан кўра, эҳтиросли рақси билан машҳурроқ. Лекин аргентиналик футболчи рақибларини «чув тушириш»га ҳам уста. Бўйи нисбатан паст йигит финт кўрсатишга тушса, тўпни ундан олиб қўйиш осон эмас.

Дарвоқе, Алехандро «Атлетико»га ўтиши мумкин эди, бироқ «Металлист»ни танлади. Афсус... Ҳар ҳолда, унинг ҳамюрти Диего Симеоне қўл остида қандай «рақс» тушишини кўриш қизиқарли бўларди.

8-ўрин. Уссем АУАР («Лион») - 71,9 фоиз омадли уриниш (32та ўйин-да 82 марта алдаб ўтиш)

Бу йигит майдонни яхши кўради, ўйин ривожини олдиндан илғайди ва зарурат туғилса, майдон марказида 1-2та антиқа «ҳунар» намойиш этиши мумкин. Уссемнинг ажиб ҳаракатларига қарасангиз, унинг келажакда топ-даражада ўйнашини тахмин қиласиз беихтиёр.

Ҳа, Франция чемпионатида дриблинг ишлатиш нисбатан осонроқдир, эҳтимол. Ҳар ҳолда, бир мавсум олдин дриблингчилар рейтингида етакчилар қаторидан жой олган Лига 1 вакили Бундеслигага йўл олгач, унинг бу борадаги аниқлик кўрсаткичи бирданига 27 фоиз пасайди.

Лекин бу факт Ауарга харидор бўлиб турган клубларни асло хавотирга солмаяпти. Ахир техник салоҳияти юқори йигитча энди 19 ёшини қарши олди. У айни пайт «Барселона» ва «Ливерпуль» каби грандлар эътиборида турибди.

7-ўрин. Лионель МЕССИ («Барселона») - 72 фоиз омадли уриниш (36та ўйинда 185 марта алдаб ўтиш)

Леонинг сеҳрли алдамчи ҳаракатлари ҳақида бирор янги гап айтиш мушкул. Шундай тасаввур борки, аргентиналик даҳоча дриблинг маҳоратини кўрсата бошласа, рақиблар ҳам унинг томошабинига айланишади, гўё. Леонинг таъқибдан енгилгина қутулишини бошқача изоҳлаш мумкин эмас.

6-ўрин. Пауло ДИБАЛА («Ювентус») - 72,1 фоиз омадли уриниш (33та ўйинда 93 марта алдаб ўтиш)

Аргентина футболининг яна бир вакили майдонда кўпинча дангасаларга хос эринибгина югуради. Ҳарқалай, ўта эффектли юришлар билан ортиқча мақтанолмайди. Умуман, Дибала камданкам ҳолатларда юқори тезлик олади, нисбатан заиф ўнг оёғини ишга солмайди, ҳисоб.

Қисқаси, Пауло асосан айланма зарбалари билан кўзга ташланади. Шунингдек, бетакрор дриблинг маҳорати билан энг бақувват рақибларини ҳам ўрнидан жилмас «дарахт»га айлантириб қўяди.

5-ўрин. Поль ПОГБА («МЮ») - 74,3 фоиз омадли уриниш (27та ўйинда 75 марта алдаб ўтиш)

Жаҳон футболида тўп билан ишлаш техникаси бўйича франциялик ўйинчи олдига тушадиган ярим ҳимоячилар жуда кам. Погба яқин йилларда бу масалада яққол етакчи ролига чиқса ҳам, ажабмас.

Унга ҳаттоки, Лассана Диарра ҳавас билан қараётгандир. Ҳа, яна Мусса Дембеле каби яна бир қатор йигитлар рақибларни усталик билан алдаб ўтишлари мумкин, аммо Погбачалик тез-тез эмас...

4-ўрин. Набил ФАҚИР («Лион») - 75,6 фоиз омадли уриниш (30та ўйинда 90 марта алдаб ўтиш)

Катта клублар скаутларига тинчлик бермаётган Набил ўйиннинг ҳар жиҳатида жуда зўр: гол уришни ҳам, унга ассистентлик қилишни ҳам қойиллатади.

Унда «пас» бериш маҳорати баланд, қўшимчасига, дриблинг салоҳиятидан ҳам бебаҳра қолмаган. Эҳ, агар икки йилча аввал оғир жароҳатга йўлиқмаганидами, Фақирни ҳозир қайсидир гранд клуб вакили сифатида таништирармидик?

3-ўрин. Дуглас КОСТА («Ювентус») - 77,9 фоиз омадли уриниш (31та ўйинда 106 марта алдаб ўтиш)

Карло Анчелоттининг энг катта хатоларидан бири айнан Дуглас Костанинг «Бавария»да ортиқча кўргани бўлса керак. Мана,  бразилиялик футболчи бир нафасда «Юве» қанотларида ҳукмронлик ўрнатди, гарчи мавсум доирасидаги ўйинларнинг ярмидагина бошланғич таркибдан жой олган бўлсада.

Дугласнинг Европа Чемпионлар Лигасидаги дриблинг кўрсаткичи янада юқори - 87 фоиз омадли алдаб ўтиш. Очиғи, бунга ишониш ҳам қийин. Асосий еврокубок тарихида бунақаси ҳали учраган эмасди.

2-ўрин. Наим СЛИТИ («Дижон») - 80 фоиз омадли уриниш (31та ўйин-да 104 марта алдаб ўтиш)

«Янги Маҳрез», фақат Жазоирдан эмас, Тунисдан. Наим аввалига Франция дивизионлари аро роса изғиди, ҳаттоки, 5-даражали лигада ҳам ўйнади.

24 ёшида эса «Лилль» сафига қўшилди, аммо «доглар» раҳбарияти митти арабни «Дижон»га ижара келишуви асосида юборди. Тунислик абжир йигит Бургундия пойтахтида барча позицияларни ёпди, бутун жамоани ҳужумга тортди, дриблингларни деярли хатосиз бажариб, барчага Зайниддин Зиданнинг ёшлигию, алоҳида финтларини эслатди.

1-ўрин. Эден АЗАР («Челси») - 82,5 фоиз омадли уриниш (34та ўйинда 165 марта алдаб ўтиш)

Бельгиялик юлдуз йилдан йилга аниқлик фоизини оширмоқда. Қизиқ, Эден дриблинг намойишининг чўққисига қачон чиқаркин...?

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz