Қайднома

Қидирув

Мундиал таассуротлари

Мундиал таассуротлари

  23.06.2018 14:04
  0
  1258
Мундиал таассуротлари

Бу галги мундиал ҳар доимгидан ҳам шиддат билан эшик қоқиб келди, назаримда. Гўёки бирданига довул кўтарилгани етмаганидек, ортидан шаррос ёмғир ҳам қуйиб берди. Бразилиянинг дуранги, Аргентина ва Германиянинг мағлубияти шундай ўхшатиш қилишга сабаб бўлаётир.

Бундай натижалардан сўнг баъзилар грандларнинг кучсизланиб қолганига ишора қилишмоқда, айримлар эса уларнинг кейинги ўйинларда ҳаммасини жой-жойига тушириб олишларига ишонишмоқда. Менимча ҳам иккинчиси тўғрироқ - худди «сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичганидек», топ-термалар ҳам кетма-кет икки марта хато қилишмайди!

Ўзи шундоқ ҳам Италия ва Голландиясиз кучсизланиб қолган мундиал гуруҳдаёқ Германияни ёки Аргентинани йўқотишдан манфаатдор эмас. Шундай экан, мухлисларимиз чемпионатни безаб турган мазкур жамоаларга энди чинакамига тарафкашлик қилсалар керак.

3та ЖАМОАДАН ИБОРАТ ГУРУҲ – ТЎҒРИ ЙЎЛ ЭМАС!

Мундиалнинг яққол фаворитларидан саналган Германия термасининг кутилмаганда Мексикага мағлуб бўлиши кейинги чемпионатларда қўлланилиши кутилаёган ЖЧ форматига нисбатан норозилигимни яна бир бор ёдга солди.

Эсингизда бўлса, ФИФА раҳбари Жанни Инфантино чемпионат қатнашчилари сони 48тага етказилиши мумкинлигини маълум қилиб, буни амалга киритиши арафасида бўлажак мундиал формати ҳақида ҳам тўхталганди.

Унинг режасига кўра, кейинги жаҳон чемпионатларида 48 иштирокчи ҳар бирида 3тадан терма бўлган 16та гуруҳга ажратилади. Ва ҳар бир гуруҳдан фақат биттадан, яъни ғолиб жамоагина «плей-офф» босқичига йўла олади. Табиийки, учрашувлар ҳар доимгидек 1|8 финалдан давом эттирилади.

Жаноб Инфантинонинг фикрича, бундай йўл тутилиши ягона йўлланма учун бўлган «интрига»нинг ошишига, сўнгги турда учраб турадиган «келишилган»га ўхшаш ўйинларнинг мутлақо йўқолишига олиб келади.

Шу билан бирга, биз кераксиз ёки ўткинчи дейишга ўрганиб қолган (кўпинча сўнгги турда учрайдиган) учрашувлар ҳам бўлмайди. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек туюлади. Аммо танганинг орқа томони ҳам борки, бунга-да кўз ташлашга мажбурмиз.

Тасаввур қилинг, Инфантино жорий қилмоқчи бўлаётган уч жамоадан иборат гуруҳдан Германия, Мексика ва Жанубий Корея жой олган. Ўша чемпионатнинг 1-турида худди Россияда бўлгани каби мексикаликлар немисларни мағлуб этишса-чи?

Германиядек жаҳон чемпионатидаги асосий фаворитлардан бирининг 4 йиллик тақдири битта учрашувдаёқ ҳал бўлади. Чунки кейинги ўйинда Мексиканинг Жанубий Корея билан ўйинда ютқазишига ҳеч ким ишонмайди.

Агар муболаға бўлмаса, ҳатто корейсларнинг ўзлари ҳам Мексикани ютишларига ишонолмасалар керак. Хуллас, Йоахим Лёвдек даҳо мураббийнинг 4 йиллик меҳнати битта кичкинагина хатони деб расво бўлади. Бундай хатолар, айниқса, бу галги жаҳон чемпионатида кўп учраётганидан етарлича хулоса чиқариб олиш мумкин.

Саралашда ўзи шундоғам Италия ва Голландияларни йўқотган катта футбол бу йўналиш билан давом этса, ЖЧ бошланишидаёқ Германия ва Аргентинасиз, ҳатто, Бразилиясиз қолиши ҳеч гап эмас. У ёғи эса, агар таъбир жоиз бўлса, «кичкина футбол»га айланиб қолади ва ўз нуфузини йўқотади.

Бунинг ортидан қизиқишлар сўнади, рекламалар камаяди ва ҳоказо-ҳоказо. Натижада молиявий ҳолатга, умуман, батамом футболга ҳам путур етади.

Ҳозирги формат ҳар ҳолда анчагина консерватив усул бўлиб, унда терма жамоа биттагина хатоси билан деярли ҳеч нима йўқотмайди. Айниқса, Германия каби грандлар. Улар кейинги турларда жуда катта концентрация билан тўп суришади ва аксарият ҳолатларда иккала ўйинда ҳам ишонарли ютуққа эришишади.

Истисно тариқасидагина бундай воқеа кузатилмаслиги мумкин. Франциянинг 2002 йилги мундиалда кутилмаганда гуруҳда қолиб кетишига ўхшаш воқеликларни ҳисобга олмаганда, бу каби кучли термалар доимо гуруҳдан чиқиб келишган.

ТАКЛИФЛАР

Таклифларга келадиган бўлсак, «учталик» гуруҳдан кўра, ҳар бирида 6тадан терма жамоа бўлган 8та гуруҳ - энг маъқул йўл бўларди. Бу усулда ҳам чемпионат жудаям чўзилиб кетмайди.

Энг заиф иштирокчиларнинг ҳам чемпионатда 5та ўйин ўтказиб қайтиши унга бўлган қизиқишнинг янада ортишига сабаб бўлади. Ўзида 23 нафар футболчини жамлаган миллий жамоаларнинг эса, ўйлайманки, ҳар 3 кунда бир марта майдонга тушишга қурбилари етади.

Ҳар ҳолда, Европа Чемпионлар Лигаси иштирокчилари ҳам кўпинча ўз миллий чемпионатлари доирасида ва ЕЧЛ аро ҳафтада икки марта, яъни ҳар уч кунда бир марта - тағин чет давлатга бориб ўйнаб қайтишни уддалашмоқда.

Бу усул маъқулланмаган ҳолатда эски йўналишдаги 4тадан жамоалик гуруҳни қолдириб, уларнинг сонини 12тага етказиш мумкин. Бунда ҳар бир гуруҳ ғолиблари билан бир қаторда энг яхши натижа кўрсатган яна 4та 2-ўрин соҳиблари ҳам «плей-офф» йўлланмасини қўлга киритади.

Гапнинг индаллоси, Инфантино жанобларининг ЖЧ иштирокчилари сонини 48тага етказиш ҳақидаги қарори, айниқса, бизга ўхшаган терма жамоаси бор мамлакатларга мойдек ёқсада, қарорнинг мен юқорида танқид қилаётган 2-қисмини қайта кўриб чиқмаса бўлмайди.

Бу нарса ўша кучли мамлакат термалари билан бирга ўртаҳол жамоаси бор ва кучсизроқ термага эга давлатларга ҳам унчалик маъқул келмаслиги турган гап.

Сабаби, бизга ўхшаганларнинг ЖЧ саралашларидан ўтиши эҳтимоли юқори бўлишига қарамай, мундиалга бориб бор-йўғи 2та ўйинда ўйнаб, сўнг уйига йўл олади. Бу кимга ҳам ёқарди, дейсиз...

Демак, бўлажак чемпионатларда гуруҳдаги жамоалар сонини кўпайтириш ҳақида бош қотирилса яхши бўларди. Бунга ҳали анча йиллар бор, ҳозирдан бош қотиришга не ҳожат дегувчиларга жавобларимиз тайёр:

биринчидан - ФИФА бундай қарорларни белгилашда жуда-жуда илгари юради, ўша 2026 йилги жаҳон чемпионати мезбонлари сифатида АҚШ, Канада ва Мексика танланишининг ҳозирдан маълум қилингани бунга яққол мисол;

иккинчидан - ФИФА 48талик форматни айнан ўша 2026 йилги ЖЧдан бошлаб қўлланилишини маълум қилган бўлсада, яқинда Жанубий Америка футбол федерациялари ассоциацияси ФИФАга расмий хат йўллаб, ўша 48талик форматни Қатар-2022даёқ татбиқ этишни таклиф қилган.

Инфантино бошлиқ ташкилот аввалига Қатар давлатининг бундай катта доирадаги мусобақани ўтказишга тайёр ёки тайёр эмаслиги ҳақидаги масалани кўриб чиқишинии маълум қилганди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Қатар 48та терма жамоани бемалол қабул қила олишини билдирган. Хулоса эса ўзингизга ҳавола.

МЕССИ - «БУЮКЛАР ИШИ» ДАВОМЧИСИ, РОНАЛДУДА БУЮК ИМКОНИЯТ

Роналду билан Мессини таққослайвериб чарчаб кетган бўлсакда, бу икки футбол даҳосини мутлақо солиштирмайдиган ва кўрсаткичлари умуман ўхшаш бўлмаган иккита фактни кузатдим.

Биринчиси - Мессининг ЖЧда пенальтидан гол ура олмагани. Футбол тарихида бундай «буюк янглишиш»лар талайгина кузатилган. Ўз даврида Марадона, Платини, Сократес, Зико, Роберто Баджо каби даҳолар энг зарур ўйинларда «нуқта»дан тўп киритолмаганлар.

Агар Европа чемпионатини ҳам қўшиб ҳисобласак, бу рўйхат Марко ван Бастен, Рауль, Дэвид Бекхэм каби мегаюлдузлар билан бойийди. Хусусан, «Олтин таёқча» - Роберто Баджонинг ЖЧ-94 финалидаги энг масъулиятли лаҳзаларда тўпни дарвоза устунидан анча юқорига тепиб юбориши «XX аср кадрлари» ичидаги ноёб лавҳа сифатида тарихга муҳрланган.

Демак, Месси ҳижолат тортмаса бўлаверади. У шунчаки буюклар қилган ишни такрорлади!

Иккинчиси - Криштиану Роналдунинг битта ЖЧда энг кўп тўп киритиш бўйича янги рекорд ўрнатиши мумкинлиги. Маълумингизким, 1958 йилги жаҳон чемпионатида Франция терма жамоаси ҳужумчиси Жюст Фонтэн 13та гол уриб, ҳозиргача ҳеч ким янгилай олмай келаётган рекордни ўрнатганди.

Хабарингиз бор, сўнгги чемпионатларда ҳужумчилар нари борса, 6-7та тўп киритишмоқда. Бу борада фақатгина бразилиялик Роналдо бироз илгарилади - ЖЧ-2002да рақиблар дарвозасини 8 марта ишғол қилиб, Фонтэн кўрсаткичига бироз яқинлашди.

Айни пайт Испания билан ўйинда «хет-трик» қайд этган Криштиану, Марокаш дарвозасига битта гол йўллади. Агар кейинги баҳсларда астойдил тер тўкса, Фонтэннинг натижасини янгилаши, жуда бўлмаганда такрорлаши мумкин.

Агар унинг иштаҳаси очилиб кетса, кўраверасиз, «плей-офф» босқичида атайин ўша 13та голдан ўтказиш учун ҳам майдонда тер тўкади ва бу паллаларда уни тўхтатиб қолиш янада қийин бўлиши тайин.

Маълумот учун:

ЖЧ-78. Марио Кемпес - 6та гол

ЖЧ-82. Паоло Росси - 6та

ЖЧ-86. Гари Линекер - 6та

ЖЧ-90. Сальваторе Скилаччи - 6та

ЖЧ-94. Стоичков ва Саленко - 6тадан

ЖЧ-98. Давор Шукер - 6та

ЖЧ-2002. Роналдо - 8та

ЖЧ-2006. Мирослав Клозе - 5та

ЖЧ-2010. Мюллер, Вилья, Снейдер, Форлан - 5тадан

ЖЧ-2014. Хамес Родригес - 6та гол

Нима ҳам дердик, Леога ҳам, Криштиануга ҳам келажак ўйинларда омад!

ТЕРМАМИЗ МУНДИАЛГА БОРГАНИДА...

Жаҳон чемпионати ўз йўлига, лекин биз ўз миллий жамоамиз тақдирига шунчалик бефарқ эмасмизки, мундиал ўтаётган кунларда ҳам термамиз ҳақида ўй суришда, фикрлашда давом этаверамиз.

Шу фикр ҳеч миянгизга келдими, агар ҳозир бош жамоамиз йигитлари Россия майдонларида жавлон ураётган қатнашчилар орасида бўлганида борми?

«Лента»ни бироз орқага қайтарсакда, кузда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон - Жанубий Корея баҳсида бизникилар кичик ҳисобда зафар қучганини хаёл қилсак...

У ҳолда биз корейслар ўрнида Швецияга қарши майдонга тушган бўлардик.

Шин Тэ Йонг шогирдлари шведларга қарши ўйинда ўз имкониятлари даражасида тўп суришди. Тан олиш керак, аввал Голландияни, сўнгра Италияни саралашда қолдириб кетган сариқ либосли йигитларни ютиш, лоақал дуранг натижа ҳам қитъадошларимиз учун тузук кўрсаткич саналарди.

Лекин пировардида осиёча умидлар ҳам битта ўйиндаёқ сўнди-қолди. Параллель баҳсда Мексика термаси Германияни ютиб қўйгач, энди ҳозирданоқ Жанубий Корея учун мундиал эшиклари ёпилди, деб бемалол айта оламиз.

Чунки «немис машинаси» учун кейинги икки ўйинни ютмаслик - агар таъбир жоиз бўлса, ўлим билан баробар, балки унданда оғирроқ иш саналади.

Хуллас, агар ҳамюртларимиз ўша куздаги охирги ўйинда биргина гол ура олганларида, биз мана шу гуруҳда «ўралашиб» юрган бўлардик.

Фикримча, Швецияга қарши ўйинда биз ҳам худди Кореячалик тўп сурардик. Ҳар ҳолда, жуда йирик ҳисобда ютқазмасдик, деб ўйлайман. Лекин Германия ва Мексикага қарши кейинги учрашувларда, албатта, бизни жуда-жуда оғир ўйинлар кутиб турган бўларди.

Ҳозирча шунақа гаплар. Жаҳон чемпионати эса ўзининг энг қизғин палласига кирмоқда. Афсуски, яна бизсиз...

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz