Қайднома

Қидирув

Соғлом турмуш тарзи самараси ёхуд стоматолог, менежер ва фаррошлардан иборат Исландия термаси ҳақида

Соғлом турмуш тарзи самараси ёхуд стоматолог, менежер ва фаррошлардан иборат Исландия термаси ҳақида

  25.06.2018 00:18
  0
  1500
Соғлом турмуш тарзи самараси ёхуд стоматолог, менежер ва фаррошлардан иборат Исландия термаси ҳақида

Россияда ўтказилаётган ЖЧ-2018 дебютанти - Исландия термаси нисбатан қисқа вақт ичидаги шиддатли тараққиёти билан барчани лол қолдирмоқда. Чунки бу жамоа сўнгги 25 йил ичида сезиларли тарзда ўсишга эришди.

Исландиядаги ижобий ўзгаришларни намуна сифатида тарғиб этишни ўринли деб топдик. Хўш, сувликлар қуршовидаги бу овлоқ ўлкада қандай воқеалар юз берди?

КЕЧ БЎЛСАДА ЭРИШИЛГАН ШАРАФ

1993 йилнинг 2 июли. Рейкьявик. Россия терма жамоасини қабул қилган Исландия 1:1 ҳисобидаги жанговар дурангга имзо чекди. Натижа барчани бирдек қониқтирарди: мезбонлар ўша даврда юксак салоҳиятга эга бўлган рақибдан енгилмадилар, руслар эса ЖЧ-94 стартидан бир йил аввал айнан исланд заминида финал босқичи йўлланмасини нақд қилдилар.

Ўша паллада меҳмонларнинг АҚШ мундиалида гуруҳдан чиқа олмаган ҳолда Олег Саленконинг Камерун дарвозасига урган 5та голи туфайли тарихга киришлари ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди.

1998 йилнинг 14 октябри. Яна Рейкьявик. Бу гал митти орол вакиллари сайёранинг энг улкан давлати вакилларини Ковтуннинг латифаномуз голи ва дебютант Смертиннинг майдондан четлатилиши эвазига тор-мор этишди. Оқибатда Россия Евро-2000дан деярли умидини узди.

Тўғри, кейинроқ Олег Романцевнинг мўъжизаси яна имконият инъом этди. Аммо Филимоновнинг «заҳарли қовуни» 78 минглик «Лужники»ни кўз ёшларига ғарқ қилди. Исландия ҳам ҳеч бўлмаганда тўқнаш беллашувига йўл олиш учун сўнгги тургача мардонавор жанг қилди, «Стад де Франс»да Франция дарвозасига 2та гол урди. Лекин якунда 4-поғонадан кўтарила олмади.

Ниҳоят, оролликлар тўқнаш беллашув ҳавосидан ҳам баҳраманд бўлишди. Бироқ бу шарафга анча кейинроқ - ЖЧ-2014 арафасида эришишди. Олис 90-йилларда эса Франция, Россия ва Украина оёқлари остида ўралашиб юрган ношуд жамоа ҳеч кимнинг эътиборини тортмаган, аммо исландиялик қўшиқчи Бьорк ўзининг Homogenic альбоми билан бутун Европани мафтун этганди.

ВАЙРОНАЛАРГА ҚАРШИ ЁПИҚ ИНШООТЛАР

Исланд миллатининг тубдан ўзгариб кетиши хусусидаги гап-сўзлар айни шу даврда пайдо бўлди. Спиртли ичимликлар ва наркотик моддалар ёшлар учун асосий эрмакка айланган, кўрсаткичлар тобора даҳшатли кўриниш олаётганди.

1998 йилга келиб 15-16 ёшли ўспиринларнинг 42 фоизи ҳеч бўлмаганда бир ойда бир марта спиртли ичимлик истеъмол қилар, кашандалар 23 фоизни, заҳарли оғу шайдолари 17 фоизни ташкил этарди. «Биз уларни полиция билан қўрқитар, чекиш оқибатида илма-тешик бўлиб кетган ўпка суратларини кўрсатиб, огоҳлантиришга уринардик.

Бироқ фақат шу йўл билан ҳеч нарсага эриша олмадик. Биздан муҳитни бутунлай ўзгартириш талаб этиларди», - дейди ижтимоий тадқиқотлар институти ходими Йон Сигфуссон.

Ёшлар тарбиясига масъул бўлган мутахассислар жаҳонда юз бераётган янгиликлар, анъаналар, ёшларнинг қизиқишларини синчиклаб ўрганишди. Ота-оналарни мажбурий равишда ўз фарзандлари билан кўпроқ бирга бўлишга, болалар нима билан машғул бўлишларини аниқлаш, уйга ўз вақтида қайтишлари ва тунда кўчада юрмасликларини назорат қилишга даъват этилди.

Лойиҳанинг учинчи бўлими ёшларни спортга жалб этиш бўлиб, уни амалга ошириш энг қийин вазифа ҳисобланарди. Оммавий равишда кўплаб замонавий спорт иншоотларини бун-ёд этиш миттигина орол давлатнинг бюджети учун оғирлик қилиши аниқ эди. Боз устига, Исландия шароитига фақат ёпиқ майдончалар мос келади.

Бундан ташқари, амалга оширилаётган лойиҳа қандай самара беришини ҳеч ким билмасди - спорт ва таълим соҳасидаги муваффақиятлари учун ўсмирларга пластик карточкалар жорий этилиб, йил давомида баллар берилар, кейинчалик ана шу балларни спорт снарядлари ёки экипировкаларга алмаштириш йўлга қўйилганди.

Хуллас, кўрилган чора-тадбирлар ўта қисқа вақт ичида ўз самарасини бера бошлади. Аниқроғи, кутилган натижани келтирди, десак умуман ҳеч нарса демаган бўламиз. Ҳатто, «кутилганидан ҳам аълороқ натижани берди» ибораси ҳам муваффақиятни тўла-тўкис таърифлашга камлик қилади.

Кўрсаткичларга эътибор беринг: 15 йилдан кейин ёшлар ўртасидаги алкоголь истеъмоли 5 фоизни ташкил этди, кашандалар эса атиги 3 фоизни. Наркотик моддалар ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди, спиртли ичимликлар савдоси 35 фоизга тушиб қолди. Энг салмоқли ютуқ - мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимига сарфланаётган харажатлар уч мартага қисқарди! Яъни, беморлар камайди.

«ХАСТАЛАР» - 99,8 ФОИЗ

Ҳа, 15 йил ичида исландияликлар спортга ошно тутиндилар. Ҳозир у ерда 30та сунъий қопламали стадионлар, 150га яқин мўъжазроқ майдончалар футболчилар ихтиёрида, УЕФА лицензияларини олган мингга яқин мураббийлар фаолият юритишмоқда, расман рўйхатга олинган футболчилар сони эса 20 минг нафар.

Аҳолининг 16 фоизи айнан футбол соҳасида меҳнат қилмоқда. Евро-2016 доирасидаги Англияга қарши ўйинни Исландия аҳолисининг 99,8 фоизи томоша қилди.

Бу рекордни янгилашнинг деярли иложи йўқ! Фидойиликнинг олий намунасини кўрсатган мухлисларни терма жамоа ажойиб ғалаба билан мукофотлади - нимчорак финалда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган футбол кашфиётчилари йўлни Исландияга бўшатиб беришди.

Оролликларнинг дастлабки муваффақияти 2011 йилда қайд этилди. U-21 тоифасидаги Европа чемпионатида Шакири етакчилигидаги Швейцария терма жамоаси ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Ярим финал йўлланмасини берадиган иккинчи ўрин учун Беларусь, Исландия ва Дания баҳс олиб борди.

Буни қарангки, барча даъвогарлар 3 очкодан жамғаришган, тўплар нисбати ҳам бир хил - 3:5 эди. Фақат ўзаро учрашувлардаги устунлик эвазига Беларусь мусобақани давом эттирди.

Якунда МДҲ вакили бронза медалларига сазовор бўлди. Лекин ўша қаҳрамонлардан ҳеч қайсиси кейинчалик юксак савияга чиқа олмади. Рисоладагидек ўйин кўрсатган Исландиянинг 6 нафар аъзоси эса Евро-2016да чинакам ёрқин иштирокни таъминлашди.

Евро-2012 финал босқичида қатнашиш имкониятини оролликлар аввалроқ бой беришганди - 8та учрашув, 6та мағлубият. Аммо ЖЧ-2014нинг саралашида жамоа ҳаммани ёқа ушлашга мажбур этди. U-21 тоифасидаги мусобақада тобланган Сигурдссон, Гудмундссон, Финнбогасон, Бьярнасон ва Сигторссонлар жамоа ўзагини ташкил этиб, Исландиянинг 17 голидан 15тасини ўз ҳисобларига ёзиб қўйдилар.

Якунда улар Швейцариядан (яна ўша Шакири етакчилигидаги) кейин иккинчи ўринни банд этдилар. Тўқнаш баҳсда Хорватияга дуч келиб, йўлланмани бой бердилар (0:0 ва 0:2). Шу тариқа ЖЧ орзуси 4 йиллик муддатга кечиктирилди.

Евро-2016га Исландия Чехия, Туркия ва Голландияни ортда қолдирган ҳолда йўл олди.

Францияда бўлажак чемпион - Португалия ва Венгрия билан дурангга эришгач, Австрия устидан эришилган ғалаба (2:1) эвазига гуруҳдан чиқди. Кейин эса Англия ҳам томошабинлар сафидан жой олди. Эътиборлиси, мамлакат президенти Гудни Йоханссон ҳам ўша оқшом стадиондаги мухлислар орасида эди. Табиийки, бош раҳбарнинг эътибори жамоага қўшимча куч-қувват бағишлаган.

СТОМАТОЛОГ, МЕНЕЖЕР ВА ФАРРОШ

Франция билан кечган чорак финалдаги мағлубият (2:5) оролликларнинг юксак нуфузига путур етказа олмади. Ҳатто Уэльснинг сенсацион натижаси ҳам Исландияни мухлислар меҳридан жудо этолмади. Чунки унинг таркибида Бэйлдек юлдуз йўқ, лекин барча ўйинчилари чинакам фидойи эдилар.

Евро-2016 орқали биз ажойиб йигитлар ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлдик. Келинг, Россияда нафақат исландиялик, балки бетараф мухлисларни ҳам хурсанд қилиши кутилаётган футболчилар билан танишайлик.

* Дарвозабон Ханнес Хальдорссон ўз маҳоратига астойдил ишона олмаганми, ҳар ҳолда 21 ёшли пайтида вазни 105 кг. эди. Лекин режиссёрлик маҳорати талаб даражасида бўлиб, Евровидениега юздан ортиқ реклама роликлари, 3та сериал ва клипларини тақдим этди.

Сўнгра кутилмаганда футболда порлади - тинимсиз машғулотлар эвазига ортиқча вазндан халос бўлди, дебют мавсумидаёқ Исландиянинг энг яхши футболчиси номини қўлга киритди. ЖЧга Исландиянинг биринчи рақамли дарвозабони мақомида келди.

* Ҳимоячи Кари Арнасон 5 йил аввал Англиянинг тўртинчи дивизио-нида тўп сурган, параллель равишда АҚШда олий маълумот олиб, менежер ихтисосига эга бўлганди. Лекин барибир, футбол устун келиб, Еврода исландияликлар шаънига бемаъни фикрлар билдирган Роналдуни танқид қилганди.

* «Ростов»да тўп сурадиган Сверрир Ингасон эса авваллари футболчиликни кўча супуриш билан бирга олиб борган. Чунки футболдан топган даромади жуда оз бўлган.

Рагнар Сигурдссон эса Хорватияга қарши тўқнаш баҳси арафасида Манжукич деган фамилияни илк марта эшитаётганини таъкидлаган, айнан Марионинг голи йўлланма тақдирини ҳал қилганди. Таажжубки, Россияда бу икки жамоа бир гуруҳдан жой олди.

* Жамоа етакчиларидан бири - Гильфи Сигурдссон бир марта ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилмаган бўлсада, Евро-2016да ўйнаш шарафига бир бокал шароб ичишга гаров ўйнаганди. Лекин бу шартни гаров ўйнаган дўстининг ўзи бекор қилди: «Агар чиндан ҳам шу пайтгача ичмаган бўлсанг, майли, шундайлигича қолсин! Ичишинг шартмас».

* Евро-2016да Исландияни швециялик Ларс Лагербек бошқарганди. Энди жамоа маҳаллий мураббий - Хеймир Хадльгримссон раҳбарлигида майдонга тушмоқда. Мутахассис ўз касбида, айниқса, руҳий тайёргарликка катта эътибор беради.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz