Қайднома

Қидирув

Реал ўғриликми бу? Ёки «Реал»нинг янги бош мураббийи Хулен Лопетеги ҳақида

Реал ўғриликми бу? Ёки «Реал»нинг янги бош мураббийи Хулен Лопетеги ҳақида

  25.06.2018 06:47
  0
  2010
Реал ўғриликми бу? Ёки «Реал»нинг янги бош мураббийи Хулен Лопетеги ҳақида

Жаҳон чемпионати старти арафасида ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган воқелик кузатилди - Испания терма жамоасининг икки йиллик мағлубиятсиз серияси асосий сабабчиси - Хулен Лопетеги истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнига «Реал»нинг собиқ сардори Фернандо Йерро тайинланди.

Сабаби оддий: иши равон кетаётган мураббий тиғиз паллада терма жамоа ташвишларидан ортиб, «Қироллик клуби» билан музокара ўтказишга вақт топди. Шу нарса Испания футболи раҳбарияти ҳамиятига тегди, шекилли, ўта кескин қарор қабул қилинди.

Кейинроқ «Реал» раҳбарлари хотиржам тарзда Хулен Лопетегини янги бош мураббий сифатида расман таништиришди. Испан мутахассиси билан бирданига 3 йиллик шартнома расмийлаштирилди. Эслатма, Лопетеги «қизил фурия»да иш бошлагунча «Райо Вальекано» ва «Порту» клублари, шунингдек,  Испаниянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларини бошқарганди.

Айтиш ўринли, Испания футбол федерацияси ва Лопетеги ўртасидаги шартнома 2020 йилгача мўлжалланган эди. Шуни ҳисобга олсак, мамлакат футболи раҳбарияти қарорини тушуниш мумкин...

Кечагина Зайниддин Зидан ўрнини қайси мард мураббий эгаллашини тахмин қилиш ҳам мушкул эди. Ахир ЧЛдаги қиролларга хос юришни давом эттириш мажбурияти ҳар қандай мутахассисни иккилантириб қўйиши тайин. Қолаверса, «Реал»нинг кичик бир омадсизлиги ҳам мураббийни истеъфога етаклайди одатда.

Шунинг учунми, бир қатор тан олинган номзодлар таклифга дарҳол рад жавоби беришди. Лекин устамон Флорентино Перес тезда камикадзе-мураббийни топди - Хулен Лопетеги. Очиғи, уни Испания миллий жамоасига раҳбарлик қилишга чорлашганидаёқ кўпчилик бир саволни ўртага ташлаганди: «Лопетеги, ким у?»

Энг қизиқ томони, Хулен бир уринишда «фурия роха»ни яна равон йўлга бошлаганига қарамай, ўша савол ҳамон ўз моҳиятини йўқотгани йўқ.

Дарҳақиқат, сеньор Лопетеги ким ўзи? Хулен ўсмирлик чоғи «Реал Сосьедад» академиясида шуғулланиш баробарида оилавий кичик ресторанда ишлаган. Бироқ у клубнинг асосий дарвозабони мақомини ололмаган. Кейинчалик Хуленни «Барселона»га таклиф қилишади, аммо чекига яна захирани «иситиб ўтириш» тушади.

Хуллас, Лопетеги футболчилик фаолияти давомида камтарингина «Логроньес» ва «Райо Вальекано» клубларида бироз муваффақиятли ўйнаган, холос.

Хулен қўлқопларини михга илгач, дарҳол мураббийлик фаолиятини бошлаб юборди - собиқ устози Хуан Сантистебан таклифига кўра, Испания ўсмирлар термаси (U-17)да ассистент ролини бажарди. Испанларнинг ЖЧ финалида бразилияликларга қарши ўйнашгани Лопетегига ижобий таъсир қилгани аниқ.

Қисқаси, ёш мутахассис кичик мундиалдан сўнг «Райо Вальекано» бошқарувини қўлга олди, аммо бир неча ойга чўзилган иши ҳеч қандай натижа бермади. Оқибатда Хулен мураббийликни четга суриб, ўзини ТВга урди. Яъни эксперт ва шарҳловчи ролида намоён бўлди.

Бироқ янги йўналишдан ўзи истаган роҳатни топмадими, аввалига «Реал»нинг халқаро скаутинг бўлимида ишлади, кейин бир мавсум «Кастилья»га устозлик қилди. Клуб президенти лавозими Рамон Кальдерондан Флорентино Перес қўлига ўтгач эса, Лопетеги кўплаб мутахассислар қатори «галактикос» тизимидан четга чиқди.

Тақдир экан, «Қироллик клуби»дан кетиш мураббийга катта зафарлар йўлини очди. Зеро, Лопетеги Испаниянинг U-19 тоифасидаги терма жамоасини Евро-2012да ғалаба сари бошлаш баробарида Кепа Аррисабалага, Сусо, Пако Алькасер, Хуан Бернат, Сауль Ньегис, Жерар Деулофеу, Денис Суарес ва Оливер Торрес каби йигитларни кашф этди.

Қолаверса, параллел равишда ёшлар термаси (U-21)ни ҳам бошқариб, 2013 йили қитъа биринчилигида яна бир ғалабани тантана қилди. Бу сафар Хулен тузган жамоада Давид де Хеа, Асьер Ильярраменди, Начо, Марк Бартра, Иньиго Мартинес, Коке, Родриго, Тьяго Алканьтара,  Альваро Мората, Икер Муниаин, Иско ва Дани Карвахаль ўзгача порлашди.

Лопетеги тактикага жиддий эътибор қаратишдан ташқари, ёшлар билан ишлашга ўч. «Реал» таркибини ёшартиришни истаб қолган Флорентино Перес мураббийнинг шу хислатини биринчи ўринга қўйган бўлса, ажабмас. Тўғри, Хулен ҳозирча клуб футболида айтарли натижага эришмади.

Дейлик, «Порту»да тўлиқсиз икки мавсум ишлаб, ҳеч нима ютмади. Иккинчи томондан, Испания термаси унинг бошқарувида 20 марта майдонга тушиб, мағлубият нималигини билмади.

Перес мураббий ва Испания футбол федерацияси ўртасидаги шартномани бекор қилиш учун 2 миллион евро миқдорида товон пули тўлашга осонгина кўнди. Ажабланадиган томони шуки, Лопетеги келишув муддатини атиги 1 ойча муқаддам узайтирганди.

Айтиш жоиз, Флорентино клуб президенти лавозимидаги иккинчи даврида, яъни 2009 йилдан буён мураббийларнинг аввалги жамоаларига нақ 21 миллион евро миқдорида товон пули тўлади. У бунгача Мануэль Пеллегрини, Жозе Моуриньо ва Карло Анчелоттини «Реал» бошқарувида кўриш учун 19 «лимон» ажратганди.

Энди битта катта савол кўндаланг турибди: Флорентино Перес янги энтренадордан ҳам тезкор натижалар талаб қиладими? Буни албатта, вақт кўрсатади. Ҳозирча 2та вариант бор: баскониялик мураббийга қандайдир имтиёзлар берилади ёки у худди Зидан каби дарҳол самара келтириши керак. Акс ҳолда, Лопетеги чиндан ҳам, камикадзега айланади...

Фактлар

Лопетеги - охирги 65 йил бадалига «Реал» бошқарувини қўлга олган баскониялик биринчи мураббий (Хуан Антонио Ипиньидан сўнг); 

Лопетеги - 2004 йилдан буён «Реал» бошқарувини қўлга олган биринчи собиқ дарвозабон (Мариано Гарсия Рамондан сўнг);

Лопетеги - вақтида «Барселона» шарафини ҳимоя қилган ва кейинчилик «Реал» бошқарувини қўлга олган тўртинчи мураббий

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz