Қайднома

Қидирув

Доимо «йўқ» деб айт! Ёхуд «Атлетико»нинг мағрур сардори ҳақида

Доимо «йўқ» деб айт! Ёхуд «Атлетико»нинг мағрур сардори ҳақида

  28.06.2018 06:41
  0
  1392
Доимо «йўқ» деб айт! Ёхуд «Атлетико»нинг мағрур сардори ҳақида

Мафтункор футбол оламида не-не воқеалар юз бермайди, дейсиз? Умуман, мантиққа зид бўлган ҳақиқатни қандай «ҳазм» қилиш мумкин?

«Атлетико» - Европа Лигасининг амалдаги ғолиби. Ҳал қилувчи баҳсда («Марсель» - 3:0) «дубль» учун Гризманни мақташ билан овора бўлган мухлислар Габининг сўнгги нуқтасини эътибордан қочиришди.

Бу ҳам майли-я, ҳеч қайси номдор жамоанинг сардори испаниялик «ҳиндулар» етакчисига ўхшамайди. Чунки унинг юлдузлик мақоми доимо шубҳа остида, аммо ўйини - ҳеч қачон!

Боз устига, унинг айрим фазилатлари хусусида ҳеч иккиланмасдан «йўқ» дейиши мумкин.

1. ВАЪДАГА ВАФО ҚИЛМАСЛИК

2017 йилнинг охирида Габининг интервьюси кучли «портлаш»га сабаб бўлганди. Чунки у Европа Лигаси турнирини танқид остига олганди: «Европа Лигасидаги иштирок - бемаънилик. Мусобақада қатнашиш чекимизга тушган экан, ҳар доимгидек фақат ғалаба учун майдонга тушамиз».

Табиийки, бу мухлислар иззат-нафсига тегди: «У ўзи анчадан бери ҳаммага ақл ўргатадиган бўлиб қолган. Қани, аввал ҳеч бўлмаса финалга чиқиб кўрсин-чи, уддалай олармикан? Кейин танқид қилса, ярашади!» «Ҳиндулар» сардори эътироз билдириб ўтирмади. Лекин турнирда ёрқин ғалабаларни қайд этиб, финалдан сўнг нуфузли кубокни боши узра баланд кўтарди.

Испаниялик футболчи ваъдага вафо қилибгина қолмасдан, мусобақа хусусидаги ноўрин эътирофини тан олишга ҳам ўзида куч топа олди: «Энди мен Европа Лигаси ҳақидаги салбий фикрларимни ютиб юборишга мажбурман. У пайтда ҳаммамиз мураккаб даврни бошдан кечираётгандик». Ҳа, хатони тан олиш - марднинг иши!

2. УСТОЗГА ПАНД БЕРМОҚЛИК

Габи шунчаки, «Атлетико» футболчиси эмас, балки Симеоненинг энг яқин кўмакчиси эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Диего футболчилик фаолиятини якунлаётган, Габи эса «Атлетико» сафидан жой олишга уринаётган паллада улар илк бор учрашишди. 7 йилдан кейин икковлон яна Мадридда ўзаро дуч келишди.

2011 йил уларнинг иккиси учун ҳам муҳим аҳамият касб этди. Чунки Диего мураббий сифатида дебют мавсумидаёқ жиддий синовдан ўтди. Тез орада шогирд Симеоненинг ўнг қўлига айланди: мураббий талабини аниқ тушунади ва жамоа­дошларига аниқ етказади, уларни руҳан қўллаб-қувватлаб, майдонда ҳам боғловчилик вазифасини адо этади.

Бунинг эвазига Симеоне уни тўлиқ ишонч билан тақдирлади - Габи мунтазам равишда майдонга тушиш имконияти ва сардорлик боғичига эга бўлди. «Габи бир вақтлари мен тўп сурган 14-рақам остида майдонга тушаётганидан кўнглим ғурурга тўлади.

У жисмоний ва техник-тактик жиҳатлар бў­йича юксак кўрсаткичларга эга, ўйин шиддатига дош беради. Бундан ташқари, катта тажриба эвазига ҳар қандай муаммони бартараф эта олади», - дейди Диего.

3. НОТЎҒРИ КЎРСАТМА БЕРМОҚЛИК

Габининг фаолияти фақат «Атлетико» билан боғлиқ эмас: 2007-2011 йилларда у «Сарагоса»да тўп сурган. Фаолиятидаги можаро ҳам шу жамоа билан боғлиқ. ОАВ маълумотларига кўра, 2011 йилда «Леванте» ва «Сарагоса» ўзаро келишилган учрашув ўтказишган.

Элитада ўз ўрнини сақлаб қолиш учун Габининг собиқ жамоасини фақат ғалаба қониқтирарди. Қаҳрамонимиз «дубл»ни қайд этиб, керакли натижани таъминлаганди.

Орадан уч йил ўтгач, Испания прокуратураси Габини кўрсатма беришга мажбур этди. «Клуб мендан нимани талаб қилган бўлса, шуни бажардим», - деди футболчи хотиржамлик билан.

Жиноий иш ҳанузгача якунига етган эмас, прокуратура маълумотларига кўра, ўйин арафасида мураббий ва тўққиз нафар футболчи (жумладан, Габи ҳам) мукофот пулларини олишди, бир неча кундан кейин эса клуб президентига қайтариб беришди. Пулларнинг кейинги йўналиши маълум эмас.

4. ТЕРМА ЖАМОАДАГИ ИШТИРОК

Европа Лигаси финалида Габи ўзига хос рекорд соҳибига айланди. Яъни, нуфузли мусобақанинг ҳал қилувчи баҳсида гол урган энг кекса (34 ёш, 311 кунлик) футболчи бўлди. Бундан таш­қари, ЕЛнинг кекса ғолиби номинациясида иккинчи поғонадан жой олди. Фрэнк Лэмпард етакчилик мақомида қолди.

Лекин энг ажабланарлиси, мантиққа мос келмайдигани бу эмас: 35 ёшли футболчи бутун фаолияти давомида терма жамоадан бир марта ҳам таклиф олмаган! Тасаввур қилинг-а, «Атлетико» сардори ҳеч қачон «қизил фурия» либосида майдонга тушмаган.

Тўғри, испаниялик ярим ҳимоячи 20 ва 21 ёшдаги терма жамоада асосий таркиб ўйинчиси бўлган, бироқ бу воқеа 15 йил аввал содир бўлган. «Мен ҳамон Испания терма жамоаси имконият беришидан умид узган эмасман. Майдонга тушиб, жамоага манфаат келтира олишимни исботлашни истайман», - дейди Габи.

Аммо унинг умиди кун сайин сўниб бормоқда. Тўғри, умид бағишлайдиган воқеа ҳам йўқ эмас - Ариц Адурис 35га чиққанида Испания терма жамоа­сидаги дебютини нишонлади. Боз устига, тарихий воқеа шунчаки оддий ўйинда эмас, қитъанинг бош турнири - Евро-2016да бўлиб ўтди. Габининг Адурисдан нимаси кам?!

5. «ҚАРИЛИК» МАСАЛАСИ

Габриэль Фернандес - фаолиятининг энг ёрқин дамларини фахрийлик ёшида қайд этган футболчи. Бу жиҳат унинг ўйини сифатига салбий таъсир ўтказмоқда, деган фикрдан йироқмиз, албатта. Муҳими шундаки, испаниялик ярим ҳимоячи жамоадан кетишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган.

Клуб тарбияланувчиси, майдонда ҳам, ечиниш хонасида ҳам жамоанинг ўрнини тўлдириб бўлмайдиган аъзоси, «Атлетико»нинг рамзи - бу таърифларнинг барчаси Габига тегишли.

Ҳа, «ҳиндулар» сафида биринчи бўлиб жамоани тарк этадиган Гризманн, фахрий жангчи Торрес, рақиби билан орани очиқ қилишни хуш кўрадиган Коста каби ранг-баранг ўйинчилар кўп. Лекин сўнгги нафасигача жамоада қоладигани ягона. У ҳам бўлса - Габи!

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz