Қайднома

Қидирув

Азиз Ҳайдаров: «Ҳали ҳеч ким «термадан кет», демади»

Азиз Ҳайдаров: «Ҳали ҳеч ким «термадан кет», демади»

  29.06.2018 06:43
  0
  1394
Азиз Ҳайдаров: «Ҳали ҳеч ким «термадан кет», демади»

Тажрибали таянч ярим ҳимоячиси Азизбек Ҳайдаров мавсумлар оралиғидаги таътилни Тошкентда, оила аъзолари даврасида ўтказяпти. Етти йилдан буён БАА чемпионатида тўп сураётган футболчимиз ўтган давр мобайнида Амирликларда катта обрўга эга бўлиб улгурди.

Олти йил давомида «Ал-Шабаб» клуби шарафини ҳимоя қилган Ҳайдаров ўтган йили жамоасини алмаштириб, «Ажман» таркибига қўшилди. Унинг янги клуби 12та жамоа иштирок этадиган БАА Про-лигасида 26 очко билан 8-ўринни эгаллади. «Ажман» 22та ўйиннинг еттитасида ғалаба қозонди.

Бешта учрашувда дуранг қайд этиб, роппа-роса 10та баҳсда мағлубият аламини тотиб кўрди. Чемпионат якунланиши билан ҳамюртимизнинг «Ажман» билан имзолаган шартномаси ҳам тугади. Ҳозирча Ҳайдаровнинг янги мавсумни қайси жамоада бошлаши аниқ эмас.

Шунингдек, термадаги фаолияти ҳам мавҳум бўлиб турибди. Янги мураббийлар штаби тажрибали ярим ҳимоячининг хизматларига эҳтиёж сезадими, йўқми, буниси ҳам бизга қоронғу. Биз айнан шу мавзулар юзасидан Азизбек Ҳайдаровдан интервью олдик.

- Азизбек, мавсумлар оралиғидаги таътил қандай давом этяпти? Оила аъзоларингиз даврасидами ёки хорижда ҳордиқ чиқаришни афзал билдингизми?

- Таътилни Тошкентда, оила аъзоларим даврасида ўтказяпман. Лекин шу билан бирга машғулотларни ҳам канда қилмаяпман. Олти кун давомида «Бунёдкор» жамоаси машғулотларида иштирок этдим. Бундан ташқари, спорт формамни ушлаб туриш мақсадида ўзим ҳам индивидуал тарзда шуғулландим. Бу жараён ҳозир ҳам давом этяпти.

- Таътил қачонгача давом этади ва кейинги режалар қандай?

- Бу саволга аниқ жавоб бера олмайман. Ҳаммаси фаолиятимни қайси клубда давом эттиришимга боғлиқ. Тез кунда бу масалага ойдинлик киритиб оламиз.

- Адашмасам, «Ажман» билан бир йиллик шартнома имзолаган эдингиз. Келишувни узайтириш ҳақида ўйлаяпсизми ёки клубингизни алмаштирасизми?

- Жамоа билан амалда шартномам бор эди. Лекин клуб раҳбарияти мен билан алоқага чиққани йўқ. Афтидан, шартномани узайтиришни исташмади. Мени таажжубга солгани, шу нарсани очиқ айтишмаяпти.

Худди шундай ҳолат жамоамизнинг бош-қа легионерлари билан ҳам юз берган. Мен бошқа хорижлик футболчилар билан ҳам гаплашдим. Менимча, клубга янги легионерлар келади.

- Клуб раҳбарияти жамоанинг ўтган мавсумдаги иштирокини қандай баҳолади? Йиғилиш ўтказилдими?

- Жамоа олдига қўйилган вазифа Про-лигадаги ўрнимизни сақлаб қолиш эди. Бу вазифани чемпионат якунланишига 7та тур қолганида ҳал қилиб бўлгандик. Чемпионатни 8-ўринда тугатдик. Ишончим комил, «Ажман» мутасаддилари хоҳлаган ва кутганидан ҳам яхшироқ натижа қайд эта олдик.

Сўнгги тургача жамоа раҳбарлари, мураббийлар, умуман, ҳамманинг кайфияти чоғ эди. Чемпионатнинг охирги учрашувида дуранг ўйнадик. Лекин ҳафсалимизни пир қилган нарса, раҳбарият ва мураббийлар штаби биз билан мавсум якунлари бўйича суҳбатлашмади.

Ортда қолган мавсумдаги иштирокимиз муҳокама қилинмади. Афтидан, улар мавсум бошида берган ваъдаларини бажаришга қўр-қишди. Биз - футболчилар зиммамизга юклатилган вазифани уддаладик. Лекин раҳбарлар охирида яхши иш қилишмади. Майли, биз легионермиз, шахсан ўзим «Ажман»даги бир йиллик фаолиятимдан хурсанд бўлдим.

Менга берилган имкониятдан яхши фойдаландим. Мураббийлар ҳам ўйинимдан қониқиш ҳосил қилишди, деб ўйлайман. Чунки улар буни ўзаро суҳбатларимизда ҳам айтишганди. Шунчаки, охирги палладаги муносабат нафақат менга, балки бошқа футболчиларга ҳам ёқмади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам очиқ юз билан хайрлашиш керак эди. Сабаби, биз шунга лойиқ ўйин кўрсатгандик. Чемпионат якунланишига 5-6 тур қолган бир пайтда шартномани узайтирамиз, дейишганди. Аммо бу ваъдалар ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолди.

Майли, мен уларни ваъдасида туришга мажбурламайман. Лекин ҳеч қандай муносабатсиз футболчилар билан хайрлашишни оқламайан. Шундай бўлсада, клубда қолган жамоадошларимга омад тилайман. Янги мавсумда бундан ҳам юқори ўринларни эгаллашсин.

- Шахсан ўзингиз якунланган мавсум ҳақида нима дея оласиз? Бир йиллик фаолиятингиздан кўнглингиз тўлдими ёки барибир, ёш ўз таъсирини, ҳукмини ўтказишни бошладими?

- Юқорида айтганимдек, клуб раҳбарияти, мураббийлар ва футболчиларнинг ўтган мавсумдан кўнгиллари тўлди. Олдимизга қўйилган вазифа ортиғи билан бажарилди. Ўзимга реал баҳо бера олмайману, лекин ўйинимдан кўнглим тўлди, дея оламан. Ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчига холис баҳони мухлислар беришади.

«Ёш ўз таъсирини ўтказа бошладими?» деган саволингизга «Йўқ», деб жавоб бераман. Чунки ҳозир 32 ёшдаман ва бу футболчининг айни кучга тўлган даври ҳисобланади. Ҳали БАА, Қозоғистон ва ўзимизнинг клубларда бемалол ўйнай оламан. Таклифлар ҳам йўқ эмас.

Шукрки, оёғим бутун, миям ишлаб турибди. Майдондаги фикрлашим ҳам жойида. Шундай экан, ҳали спорт формам талаб даражасида ва бутсаларимни михга илишга анча бор. Озод агент эканлигимни айтдим. Мени ўз сафида кўришни истаган жамоалар билан мулоқотга тайёрман. Ўзим ёки агентларим билан боғланиб, музокара олиб боришлари мумкин.

- Фаолиятингизни БААда давом эттириш имконияти кўпроқми ёки Ўзбекистон чемпионатида?

- Бу нарсани аниқ айта олмайман. Қайси клубдан менга ҳар томонлама қулай ва яхши шартнома таклиф этилса, ўшани танлайман. У БААдан бўладими ёки Ўзбекистон жамоасими, бунинг аҳамияти йўқ. Ҳозир эркин агентман ва табиийки, таклифларни кўриб чиқишга тайёрман.

- Яқинда Александр Гейнрих Қозоғистон клубида раҳбар лавозимида иш бошлади. Сиз ҳам етти йилдан бери БААдасиз. Балки сизда ҳам кейинчалик Амирлик клубларидан бирида ишлаш режаси бордир?

- Очиғи, ҳали бу ҳақда ўйлаётганим йўқ. Футболчилик фаолиятим камида 3-4 йил давом этади. Гейнрихга келсак, унда Қозоғистон клубида раҳбарлик лавозимида ишлаш учун барча сифатлар бор. Биринчи галда рус тилини мукаммал билиши. Иккинчидан, менга ўхшаб ўз жамоасида бир неча йил ўйнади.

Клуб тизими, ички сир-асрорларни жуда яхши билади. Кейин у футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг бу ишга ўтди. Менда ҳали бир неча йил футболчи сифатида тўп суриш имконияти бор. Эҳтимол, кейинчалик мен ҳам БААда ишларман. Лекин бунинг учун юқорида айтганимдек, араб тилини мукаммал тарзда билишим ва арабларга хос психологияни ўзлаштириб олишим керак.

Ҳозирги ҳолатдаги билимларим БАА клуби тизимида раҳбарлик лавозимида ишлаш учун камлик қилади. Ўйлайманки, орадан йиллар ўтиб, бу мавзуга яна қайтамиз.

- Ўзбекистон олий лигаси эндиликда Суперлига деб юритилмоқда. Нима деб ўйлайсиз, чемпионатимизда фақат ном ўзгардими ёки ўйин сифатида ҳам ўсиш кўзга ташланяптими?

- Биринчи галда Суперлига ўйинларининг барча тур учрашувлари тўғридан-тўғри «Спорт» телеканали орқали намойиш этилаётганини алоҳида эътироф этиш даркор. Бу мухлислар учун ажойиб совға бўлди. Фақат ном эмас, чемпионатнинг ўзида ҳам ижобий томонга ўзгариш кузатилди.

Сафарга отланган жамоалар уйга қандай натижа билан қайтишларини билишмаяпти. Умуман, ҳеч ким кутмаган натижалар кузатилмоқда. Турнир жадвалининг қуйи поғоналарида бораётган жамоалар ҳам грандларни мағлуб этишяти. Аксинча, етакчи клубларимиз ўз майдонларида очко йўқотишяпти.

Бу эса стадионга мухлисларнинг яна қайтишига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, чемпионатнинг янги форматда ўтказилаётганини ҳам қўллаб-қувватлайман. Шахсан менга маъқул келди. Иккинчи босқичда олтита жамоанинг барида чемпион бўлиш учун имконият сақланиб қолади.

- Терма жамоамиздаги ўзгаришлар ҳақида нима дейсиз? Сенегал, Марокаш, Уругвай ва Эрон терма жамоаларига қарши кечган ўйинлар хусусидаги фикрингиз ижобийми?

- Шахсан менга ўтказилган 4та учрашувнинг барчаси маъқул келди. Футболчиларимиз ёрқин таассурот қолдиришди. Эронликларга кичик (0:1) ҳисобда ютқазишган бўлса-да, лекин кўрсатган ўйинлари яхши чиқди. Эрон ўз майдонида ғалаба қозониб, Россиядаги мундиалга хуш кайфиятда йўл олди.

Қайсидир маънода футболчиларимиз ўша байрамни бузиб қўйишларига бир баҳя қолди. Уругвай термасига қарши кечган баҳс борасида ҳам шундай фикрдаман. Ярим соат давомида йигитлар ҳатто уругвайликлардан устунлик ҳам қилишди. Ўша майдон марказидаги биргина хато кейинчалик терма жамоамизнинг ўйин тизгинини қўлдан чиқаришига олиб келди.

Эътибор берган бўлсангиз, майдон эгалари ҳисобни очишгунча, анчагина асабийлашишди. Тажовузкор футбол намойиш этишди. Агар футболчиларимизда халқаро тажриба етарли бўлганида эди, бу ўртоқлик учрашувларидан ижобий натижа билан қайтишарди. Ҳали ёшларимиз ўз устиларида жуда кўп ишлашлари керак.

Мураббийлар яхшигина тер тўкишлари лозим. Эътибор берган бўлсангиз, терма жамоамиз ўртоқлик баҳсларида яхши ўйин намойиш этади. Расмий учрашувларга келганда эса бунинг аксини кўрамиз.

- Карлуш Кейрушнинг миллий жамоамизга келиши ҳақида гап-сўзлар бўлди. Шахсан сизга қолса, қайси мураббийни термага олиб келган бўлардингиз?

- Тўғриси, Кейруш билан олиб борилган музокаралар, португалиялик мутахассиснинг юртимизга келиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлардан бехабарман. Лекин агар Кейрушни олиб келишнинг имкониятини топишса, бу футболимиз равнақи йўлида ташланган катта қадам бўларди.

Ушбу мутахассис қандай савия ва даражага эга эканлигини аллақачон исботлаб улгурган. Эрон терма жамоасининг ҳозирги даражасига етишишида айнан Карлушнинг хизматлари катта. Агар Кейрушдан бошқа мураббий Эронда ишлаганида, бу терма қаторасига иккинчи маротаба мундиал йўлланмасини қўлга киритмаган бўларди.

Юз фоиз ишонч билан айта оламан, Карлуш Кейруш термамиз ўйинини кучайтира олади. У нафақат жамоамизнинг ўйин услуби, балки футболчиларнинг ўйинга бўлган муносабатларини ҳам ўзгартиришга қодир мутахассис.

- Терма жамоадаги фаолиятингиз ҳали давом этадими ёки...?

- Насиб қилса давом этади. Ҳали ҳеч ким менга «Терма жамоадан кет», дегани йўқ. Шунчаки, ассоциация раҳбариятидан қўнғироқ бўлди ва менга терма жамоа ёшартирилаётганини билдиришди. Бу нарсани аллақачон қилиш керак эканлигини айтдим. Мендан сўраб қилиш шарт эмас (кулади). Шунисига ҳам раҳмат, бир оғиз бўлсада терма жамоадаги бугунги ҳолатни тушунтириб қўйишди.

- Темур Кападзенинг ўзи билан гаплашмадингизми?

- Гаплашдим. Кападзени акамдек кўраман, у билан бир неча йил давомида елкама-елка ўйнадик. Темур ака ҳам терма жамоа таркиби ёшартирилаётганини айтди. Унинг мураббийлик фаолиятида омад тиладим. Қандай ёрдам керак бўлса, тайёр эканлигимни билдирдим.

- Ўзбек футболидаги муаммоларни нимада кўряпсиз?

- Ўзбекистон футбол ассоциациясининг янги раҳбарияти муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қиляпти. Олдин энг катта муаммолардан бири ўйинларнинг телетрансляцияси эди. Ҳозир ҳар бир учрашув тўғридан-тўғри намойиш этиляпти.

Муаммолардан бири бартараф бўлди. Ёш кичрайтириш деган жирканч иллат бор эди, унга ҳам жиддий кураш эълон қилинди. Ҳатто шундай футболчилар жазоланди ҳам. Янги раҳбарият футболимиз ривожи йўлида астойдил меҳнат қиляпти.

- Россиядаги жаҳон чемпионатини кузатиб боряпсизми? Таассуротларингиз қандай? Қайси терма жамоага мухлислик қиляпсиз?

- Азалдан Италия термасига мухлислик қилиб келаман. Афсуски, бу сафарги мундиал «Скуадра Адзурра»сиз ўтмоқда. Худди бизнинг миллий жамоа сингари итальянлар ҳам дам олишяпти ва Қатардаги жаҳон чемпионатини кутишяпти. Имкон қадар ҳамма ўйинларни кўришга интиляпман.

Менга Испания - Португалия баҳси жуда ёқди. Ҳар икки жамоа футболчилари ҳам охиригача курашишди. Жуда кўп термаларга ўрнак бўладиган футбол намойиш этиб беришди. Италия бўлмагани учун ҳам Португалияга мухлислик қиляпман. Юлдуз футболчилар, хусусан, Роналду ўйиндаги асосий ишни бажарди.

Хорватия терма жамоасидан кўп нарса кутгандим. Буни улар Аргентина билан ўйинда исботлашди. Хорватлар чемпионатда ҳали узоққа боришади. Германиянинг мағлубиятини кўпчилик кутилмаган натижага йўйди. Лекин мен бундай демаган бўлардим. Ўша куни Мексика ўйин бўйича амалдаги жаҳон чемпионларини мағлуб этди.

Кўрамиз, ҳали асосий сенсациялар олдинда бўлса керак. Жаҳон чемпионати ҳозирча ўз номига муносиб тарзда ўтмоқда. Осон ғалаба қозонаман, деган жамоанинг ўзи қолмади. Бразилия ҳам очко йўқотди, «пентакампеонлар» Коста-Рика билан учрашувда ҳам қийналишди.

Қўшимча дақиқаларда урилган голларгина уларга ғалаба келтирди. Айтмоқчи бўлганим, бутун дунёда футбол ўсяпти. Энг муҳими, ана шу ривожланишдан биз қолиб кетмасак бўлгани.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

"Олтин Дубль" Муборак Франция!

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz