Қайднома

Қидирув

Эльфи Ферншилд: «Ўзбекистонда иқтидорлар жуда кўп»

Эльфи Ферншилд: «Ўзбекистонда иқтидорлар жуда кўп»

  30.06.2018 06:13
  0
  856
Эльфи Ферншилд: «Ўзбекистонда иқтидорлар жуда кўп»

Ўтган ҳафта Германиядаги JFL in Schlotheim футбол мактаби директори Эльфи Ферншилд ва катта мураббий Бенжамин Гасман юртимизда меҳмон бўлиб, бир қатор тадбирларда иштирок этишди.

Ўз навбатида, германиялик мутахассисларни алоҳида суҳбатга чорлаб, уларнинг ташрифдан кўзланган мақсадларига қизиқдик.

- Эльфи, аввало, юртимизга ташрифингиздан кўзланган мақсад ҳақида маълумот берсангиз...

- Шуни алоҳида таъкидлашим лозим, бу Ўзбекистонга биринчи ташрифим эмас. Бунгача ҳам юртингизга икки марта келганман ва умид қиламанки, ҳозирги сафарим охиргиси эмас. Энди мақсадга кўчсак, JFL in Schlotheim мактаби Тошкентда ўз филиалини очган - JFL in Taschkent.

Ушбу мактаб раҳбари Дилшод Қориев ўз ишини аъло даражада уддаламоқда. Дейлик, JFL in Schlotheim ҳамда JFL in Taschkent ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилган бўлиб, тажриба алмашиш жараёни узвий давом этмоқда. Ташрифимизнинг бош сабабларидан бири ҳам шу.

Қолаверса, Қўқон шаҳрида ҳам худди шундай филиал ишга тушди ва унинг очилиш маросимида бевосита қатнашдик. Шунингдек, Қўқонда маҳаллий мураббийлар учун мастер-сабоқ ўтказдик, болалар билан учрашдик ва айтишим керак, уларнинг кўзларидаги қувончни кўриб, ўзимиз ҳам бағоят севиндик.

- Ўзбек футболи тарбияланувчилари ҳақида нима дея оласиз? Улар орасида алоҳида иқтидорга эга йигитларни ҳам кўрдингизми?

- Албатта, кўрдим! Ҳозирги фикрим эҳтимол, сизлар учун бирмунча баландпарвоз гапдек туюлар, аммо борини айтаман - Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар жуда кўп, жуда. Болалар айниқса, техник салоҳият бобида футболи ривожланган анча-мунча ўлка вакилларидан сира қолишмайдилар.

Тошкентда ҳам, Қўқонда ҳам техникаси ҳавас уйғотадиган болаларни етарлича учратдим. Фақат битта масала бор - шу ёшларни тўғри тарбиялаш ва маҳоратларини тобора шакллантириб бориш зарур.

- Қизиқ, болалардан кимларнидир Германияга олиб кетиш фикри туғилмадими?

- Яшириб нима қилдим, ташрифдан кўзланган яна бир мақсад аслида шу. Дарвоқе, ўз ўрнида битта маълумот - айни вақт JFL in Schlotheim мактабида ўзбекистонлик икки нафар футболчи таҳсил олмоқда. Алоҳида айтишим жоиз, Даврон Қориев ва Азиз Илёсов анча истиқболли кўринишмоқда ҳамда улардан умидимиз катта.

Умуман, такрор бўлсада, айтаман, юртингизда бундай болалар кўп. Хуллас, бу галги сафар доирасида ҳам бир қатор иқтидорларни кўздан кечирдик.

- Айнан кимларни, натижалар, таассуротлар қандай?

- Бу ҳақда ҳозирдан очиқ-ойдин гапириш унча тўғри эмас. Чунки ҳали қилинадиган ишлар етарли. Фақат шуни тасдиқлашим мумкинки, айни вақтда бир қатор йигитларни Германияга олиб кетиш учун ҳужжатларни тайёрламоқдамиз. Аммо бу жараён осон эмас.

Ёш футболчиларни Германияга чақириш учун таклифномаларни шу ернинг ўзида тахладик. Энди қолгани Германия элчихонаси ва давлатимиз иммиграция хизматига боғлиқ. Айнан иммиграция қўмитаси болаларни Германияда таҳсил олишларига рухсат бериши лозим.

Элчихона вакиллари қабул кўплиги боис, биз танлаган болалар масаласи билан фақат сентябрь ойида шуғулланишлари мумкинлигини билдиришди. Бу анча вақт йўқотилишига олиб келади. Кўрамиз, балки элчихона бизга ёрдам бериш учун баъзи имтиёзларни тақдим этар...

- Ташриф давомида Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва Спорт вазири Шоакром Исроилов қабулида бўлибсиз.

- Ҳа. Аввало, таклиф ҳамда қабул учун жаноб вазирга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Спорт ҳақида жуда яхши суҳбатлашдик, мактабларимизда олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот бердик. Ўзбек спорти эришаётган ютуқлар дарҳақиқат, таҳсинга лойиқ.

Умид қиламанки, вақти келиб, Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этади ва унинг таркибида JFL филиалларида тарбияланаётган футболчиларни ҳам кўрамиз.

- JFL in Schlotheim мактабида яна қайси мамлакатлар вакиллари бор?

- Германиялик иқтидорли болалардан ташқари, 12та хориж мамлакатидан таклиф қилинган ёш футболчилар таҳсил олишади. Яъни тарбияланувчиларимиз орасида Африка, Америка ва Осиё давлатлари вакиллари бор. Албатта, уларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор билан қараймиз.

Оддийроқ айтсам, болаларга миллий қарашларидан келиб чиқиб, зарур шароитларни яратиб беришга интиламиз. Қисқаси, мактабимизда болаларга муносабат яхши йўлга қў-йилган. Муҳими, нафақат машғулот масаласида, балки ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида тарбияланувчиларга индивидуал муносабат шакллантирилган.

Ҳаттоки, оддийгина таом масаласига ҳам катта эътибор қаратилади. Бола нимани суюб истеъмол қилади, у қандай витаминларга эҳтиёж сезмоқда - ҳаммаси қатъий назорат остида. Масалан, сафар ўйинига чиққанда, ҳар бир болакай рационида ёзилган таомни ўзимиз олиб борамиз. Зеро, у сафарда ҳам ўзини уйдагидек ҳис қилиши лозим.

- Бундай ёндашув бола тарбиясига акс таъсир қилмайдими?

- Йўқ-йўқ. У ҳар доим эътибор остида эканлигини ҳис қилади. Шунинг баробарида мактабимиз тарбияланувчиларни ҳаётга тайёрлаб боришда ҳам илғор. Дейлик, ўз боғимиз бор ва у ерда турли тадбирлар ўтказилади. Диққатни тортадиган томони, тадбирларни болаларнинг ўзлари ташкил этадилар.

Хусусан, стол-стулми керакми ёки саҳна - барчасини ўзлари тайёрлайдилар. Бундай ёндашув ўз навбатида, болада меҳнатга нисбатан кўникма ҳосил қилади. Яхши биласиз, ҳаттоки, дунёнинг энг машҳур академиясида таҳсил олган тарбияланувчилар ҳам тўлиқ 100 фоиз профессионал спорт билан шуғулланмайдилар.

Яъни айримлар спортда ўз ўринларини тополмайдилар. Шу сабабга кўра, болаларни аввало, катта ҳаётга тайёрлашни мақсад қилганмиз. Хуллас, кимдир профессионал футболчи бўлмаган тақдирда ҳам, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши учун қўлдан келган барча ишларни амалга оширмоқдамиз.

АБДУЛЛОҲ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz