Қайднома

Қидирув

Шацких, Бақоев ва Геворкян ёхуд собиқ иттифоқ ҳудудидаги энг яхши тўпурарлар

Шацких, Бақоев ва Геворкян ёхуд собиқ иттифоқ ҳудудидаги энг яхши тўпурарлар

  30.06.2018 00:23
  0
  1059
Шацких, Бақоев ва Геворкян ёхуд собиқ иттифоқ ҳудудидаги энг яхши тўпурарлар

БУ ФУТБОЛЧИЛАР СОБИҚ ИТТИФОҚ ҲУДУДИДАГИ ЭНГ ЯХШИ ТЎПУРАРЛАР ҚАТОРИДАН ЖОЙ ОЛИШДИ

«ИнтерФутбол»нинг украиналик махсус шарҳловчиси Виктор Ерёмин-Хохлюк бу сафар ўқувчиларимизни ўзининг муаллифлик лойиҳаси - Олег Протасов номидаги тўпурарлар клуби билан таништиради. У ушбу фахрий клубга собиқ иттифоқ ҳудудидан чиққан ва хориж чемпионатларида энг кўп гол урган футболчиларни киритган.

Спорт соҳасида катта тажрибага эга Виктор Хохлюк голеадорлар клубига 2017 йилнинг февралида асос солган ва уни хорижда биринчи бўлиб 100та гол маррасини босиб ўтган украиналик Олег Протасов шарафига атаган.

Диққатга сазовор томони, илк рўйхатга ўзбек футболининг икки донгдор вакили - Максим Шацких ва Улуғбек Бақоев киришган.

Шунингдек, элит клуб лауреатлари сафида анчадан буён  Ўзбекистон миллий чемпионатида тўп сураётган Туркманистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Артур Геворкян ҳам бор.

Олий лигамизнинг 2013 йилги мавсумида энг яхши тўпурар мақомига эришган украиналик Олександр Пишур эса рамзий рейтингдан жой олишга реал номзодлардан бири эди.

Демак, энди ғоя муаллифининг шу 4 нафар футболчи ҳақида нималарни баён этганига эътибор қаратамиз. Чунончи, у ҳар бир голеадорга тааллуқли қизиқарли фактларни ҳам келтирган.

Максим Шацких

Шацких - Украинанинг 6 карра чемпиони (2000-2001, 2003-2004, 2007 ва 2009 йиллар), Украина кубогининг 5 карра соҳиби (2000, 2003, 2005-2007 йиллар) ва мамлакат суперкубогининг 2 карра эгаси (2004 ва 2006 йиллар). Ўзбек футболи тарбияланувчиси шунингдек, Украина чемпионатида 3 марта (2002, 2005 ва 2006 йиллар) ва Қозоғистон биринчилигида 1 бора (2009 йил) кумуш медаль ютган.

Макс 2005 йил якунида Осиёнинг энг яхши футболчиларини аниқлаш учун ўтказилган сўровда 2-ўринни эгаллаган (аслида ўшанда уни бош лауреат сифатида эътироф этишлари кутилганди). Ўзбекистонда эса нишондор ҳужумчини нақ 4 марта мамлакатнинг энг кучли футболчиси сифатида тан олишган - 2003, 2005, 2006 ва 2007 йилларда.

Қолаверса, «Динамо» (Киев)да порлаган ҳужумчи 2000 ва 2003 йилларда Украина чемпионатининг энг яхши тўпурарига аталган соврин эгасига айланган. Умуман, Максим Шацких ҳалигача Украина чемпионати тарихидаги энг яхши голеадор бўлиб турибди. Унинг ҳисобида Премьер-лигада урилган 124та гол бор.

Тушунарлики, Шацких хориж клублари сафида урган голларидан катта қисмини Киев «Динамо»си либосида нишонлаган. Аниқроқ айтсак, жами 328та ўйинда рақиблар дарвозасини 142 марта нишонга олган (1та ўйинда ўртача - 0,43та гол).

Макс бундан ташқари, олий даражада «Арсенал» (Киев) учун 100та ўйинда 23та, «Локомотив» (Астана) учун 16та ўйинда 9та, «Говерла» (Украина) учун 29та ўйинда 6та гол урган. Россия қуйи дивизионида эса Калининграднинг «Балтика» клуби сафида 29та ўйин ўтказиб, мамлакат кубоги учрашувларидан бирида «хет-трик»ка эришган.

Хуллас, умумий ҳисобда айтсак, ўзбек футболининг энг яхши ҳужумчиларидан бири ҳисобида Олег Протасов номидаги тўпурарлар клуби рейтингида 183та гол бор. У бу натижаси билан ўзига хос жадвалнинг 4-қаторида турибди. Қисқаси, Шацких - хориж клубларида урган голлари сони бўйича собиқ иттифоқ ҳудудидаги 4-яхши тўпурар!  

Алоҳида таъкидлаш ўринли, Украинада легионер тўп-урарлар фахрий клуби айнан Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги бош голеадор шарафига аталган. Умуман, Максим ҳали-ҳамон Украинада тўп сурган хорижликлар орасида энг сермаҳсул ўйинчи ҳисобланади - жами 171та гол.

Унинг украин диёрида 100та гол маррасини босиб ўтган биринчи легионер бўлганини ҳам эслатиш жоиз. Собиқ ҳужумчи айни пайт собиқ клуби - Киев «Динамо»сининг мураббийлар штабида фаолият юритмоқда. Киевликлар мавсум-2017|2018 якунига кўра, маҳаллий Премьер-лигада 2-ўрин билан чекланишганини кўпчилик билса керак.

Улуғбек Бақоев

Ўзбек футболининг яна бир донгдор ҳужумчиси. Футбол бобида дунё кезиб чиққан Улуғбек 2004 йили Кустанайнинг «Тобол» клубидан қўним топди ва биринчи мавсумдаёқ 22та гол уриб, Қозоғистон чемпионати тўп-урарлари пойгасида ғолиб бўлди. Тўғри, ўшанда Арсен Тлехугов ҳам рақиблар дарвозасини айнан 22 марта нишонга олганди.

Бақоев кейинчалик яна бир неча  бора чемпионатнинг энг яхши голеадори мақомига эришди. Хусусан, 2010, 2011 ва 2012 йиллар мавсумида асосий снайперга аталган совринни бегона қилмади. Табиийки, бу алоҳида натижа. Зеро, Қозоғистонда бошқа ҳеч ким кетма-кет 3 марта пойгада ғолиб бўлиш миссиясини такрорлай олгани йўқ.

Яна бир эътиборга молик факт шуки, 2012 йили мамлакатдаги обрўли нашрлардан бири - Gol ўзбекистонлик моҳир голеадорни Қозоғистон чемпионатининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этганди.

Бақоев худди ҳамюрти Шацких каби ҳамон рекордчи бўлиб турибди. Аниқроғи, Макс Украинада энг кўп гол урган легионер бўлса, Улуғбек Қозоғистон чемпионатида фаолият юритган хорижликлар орасида энг яхши натижага эга - 237та ўйинда 111та гол.

Бу натижа бутун фаолиятлари давомида Қозоғистон элит лигасида ўйнаган кўплаб маҳаллий ҳужумчилар учун ҳам қўл етмас довонлигича қолди. Ўзбек футболи вакили қозоқ ўлкасидаги илк голларини 2004 йилнинг 2 май куни Руднийда нишонлаганди.

Эътиборлиси, Улуғбек ўшанда қандайдир 2 дақиқа ичида «Восток» дарвозабони Геннадий Кирикни икки бора ранжитиб, «дубль» расмийлаштирганди. Бақоевнинг Қозоғистон биринчилигида 100 гол маррасидан ўтиши учун эса 190та ўйин кифоя қилди. Унинг ўртача маҳсулдорлиги - 1та ўйинга 0,53та гол. 

Бақоев Қозоғистон чемпионати тарихида 100та гол маррасига етган 6-футболчидир. Ўзбекистонлик ҳужумчига қадар Андрей Мирошниченко, Олег Литвиненко, Нуркен Мазбаев, Нурбол Жумаскалиев ва Мурат Тлешев шундай натижага эришгандилар. Умумий ҳисобда айтсак, Бақоев номига Олег Протасов тўпурарлар клубида 123та гол ёзилган ва у жадвалнинг 8-ўрнида.

Артур Геворкян

Ўзбекистон чемпионатининг икки карра энг яхши хорижлик футболчиси. Туркманистонлик легионер 2013 ва 2014 йиллар мавсумида шундай мақомга эришган. Артурни шунингдек, 2013 йили чемпионатнинг энг фойдали футболчиси сифатида эътироф этишган. 2014 йили эса у Ўзбекистон олий лигасининг энг яхши тўпурари бўлган.

Совринлари ҳам етарли. Дейлик, Геворкян миллий чемпионатда бир қатор совринлар соҳибига айланишдан ташқари, 2011 йили Қаршининг «Насаф» жамоаси сафида ОФК кубогини боши узра баланд кўтарди. Умуман, Туркманистон термаси етакчиларидан бири фао-лиятининг катта қисмини айнан Қарши клубида ўтказди.

Айни пайт эса «Қизилқум» (Навоий) шарафини ҳимоя қилмоқда. Артур яқинда, аниқроғи, 22 май куни Ўзбекистон чемпионати Суперлигаси доирасида Тошкентнинг «Локомотив» жамоасига қарши кечган баҳсда Олег Протасов номидаги тўпурарлар клуби учун 125-голини урди.

Геворкян ўзига хос фахрий клуб тузилганидан хурсанд. Яъни у Олег Протасов номидаги тўпурарлар клуби ҳақида ижобий фикрда: «Албатта, афсонавий футболчилар рўйхатига тушганимдан хурсандман. Тўпурарлар рамзий клуби шундай имконият тақдим этди. Раҳмат! Очиғи, ҳар бир гол мен учун жуда муҳим ва қадрли. Табиийки, у жамоамга ғалаба келтирса, қиймати икки ҳисса ортади. Умид қиламанки, ҳали ўз номимдаги голлар сонини ошираман. Зеро, ҳозирча фаолиятимни тугатиш ҳақида ўйлаётганим йўқ».

Олександр Пишур

Ўзбекистон чемпионати ғолиби ва кубоги соҳиби (2013 йил). Украиналик легионер ўзбек диёрида кейинги йили мамлакат суперкубоги соҳибига айланди. Шунингдек, 2013 йилги мавсумда 19та гол уриб, Ўзбекистон чемпионати олий лигасида энг яхши тўпурар бўлди.

Олександр ўзбек футболидаги фаолиятининг энг яхши дамларини «Бунёдкор» (Тошкент)да ўтказди. У бунга қадар Украина ва Словакияда ҳам бинойидек маҳсулдорлик кўрсатганди. «Голеадорлар» китоби (унинг муаллифи -  Виктор Хохлюк)да Олександр Пишурнинг ўйин услуби шундай таърифланган: «Бўйдор ва бақувват ҳужумчи ўйин услуби бўйича гавдасидан унумли фойдаланади.

Майдонда асосан марказий ҳужумчи позициясида ҳаракатланади. Айниқса, «иккинчи қават»да устун. Яъни доимий равишда ҳимоячилар билан «дуэл»га киришади ва бунда кўпинча ғолиб чиқиб, бош билан аниқ зарба йўллайди. Бундай ҳолатда тўп тез-тез дарвоза тўрига «илинади».

Пишур Ўзбекистонда «Навбаҳор» (Наманган) ва «Шўртан» (Ғузор) жамоаларида ҳам ўйнади, бироқ «Бунёд-кор»даги маҳсулдорлигини такрорлай олмади.

Хуллас, Олександр ҳисобида Олег Протасов номидаги клубга тортадиган 83та гол бор. У шундан 41тасини Ўзбекистон чемпионатида нишонлаган  - «Бунёдкор»да 35та ва «Навбаҳор»да 6та. Олександр Пишур ҳозирги вақт Киевда мураббийлик курсларида ўқимоқда. Демакки, унинг Олег Протасов клубига тўлақонли аъзо бўлмаслиги та-йин. 

Айтганча...

Олег Протасов - собиқ иттифоқ терма жамоаси, «Днепр» ва Киев «Динамо»си клубларининг афсонавий тўпурари. У ҳам рамзий клуб тузилганидан хурсандлигини яширмади: «Виктор, қизиқарли ташаббус билан чиққанинг учун катта раҳмат. Жуда таъсирландим. Ушбу тўпурарлар клуби бутун собиқ иттифоқда машҳур бўлишидан умидворман. Чунончи, футболчилар шу каби эътирофларга муносиблар. Бу борадаги изланишларингизга омад!»

Олег Протасов номидаги тўпурарлар рамзий клуби (2018 йил июнь ойи ҳолати)

Т|р.            Футболчи                         Мамлакати       Жами Чем.   Кубок    Хал. кубок

1.               Шота Арвеладзе                Грузия               265       199     38          28

2.               Андрей Шевченко             Украина             197       136     19          42

3.               Валерий Попович             Россия               193       175     8            10

4.               Максим Шацких        Ўзбекистон        183       132     28          23

5.               Дмитрий Липартов           Россия               161       152     9            -

6.               Темури Кецбая                  Грузия               143       113     23          7

7.               Артур Геворкян               Туркманистон  125       98       18          9

8.               УлуҒбек БаҚоев           Ўзбекистон        123       111     10          2

9.               Александр Катасонов       Россия               122       105     7            10

10.             Генрих Мхитарян            Арманистон      119       80       16          23

11.             Акмал Холматов             Тожикистон      118       89       21          8

12.             Владимир Двалишвили   Грузия               117       91       13          13

13.             Владислав Иванов          Россия               114       95       18          1

14.             Георгий Деметрадзе         Грузия               113       102     8            3

15.             Муҳсин Муҳаммадиев      Тожикистон      112       97       13          2

                  Игорь Ниченко                 Украина             112       97       14          1

                  Эдгарас Янкаускас            Литва                 112       90       9            13

18-19.       Евгений Кабаев                 Россия               108       97       9            2

                  Юра Мовсисян                 Арманистон      108       96       5            7

20.             Игорь Чумаченко              Украина             106       93       12          1

21-22.       Руслан Любарский            Украина             105       80       18          7

                  Никита Андреев               Россия               105       86       16          3

23.             Олег Протасов                  Украина             103       89       13          1

24.             Закария Бегларишвили   Грузия               100       80       19          1

 

Номзодлар

1.              Сергей Корниленко          Беларусь            86         75       5            6

2.             Олександр Пишур Украина  83            69            10            4

Изоҳ: фаолиятлари давом этаётган футболчилар қалин қора ёзувда кўрсатилган.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Олег Протасов номидаги тўпупарлар рамзий клуби

Клуб собиқ иттифоқ давридаги афсонавий ҳужумчи Олег Протасов шарафига аталган. Бинобарин, у собиқ иттифоқ ҳудудидаги футболчилар орасида хориж жамоалари сафида юқори савияда 100та гол урган биринчи тўпурардир.

Тўпурарлар клубига кириш критерия-лари

***  Олег Протасов номидаги тўпурарлар клубига собиқ иттифоқ ҳудудида туғилган футболчилар кириш ҳуқуқига эгалар.

*** Ўйинчиларнинг хориж жамоалари (жумладан, собиқ иттифоқ ҳудудидаги мустақил республикалар клублари) сафида олий даражали расмий турнирларда урган голлари ҳисобга олинади.

Олий даражали расмий турнирлар - миллий чемпионат ва кубоклар (бошқа кубок мусобақалари), шунингдек, ФИФА (халқаро футбол уюшмаси), АФК (Осиё|Австралия футбол конфедерацияси), АФК (Африка футбол конфедерация-си), КОНМЕБОЛ (Жанубий Америка футбол конфедерацияси), КОНКАКАФ (Шимолий, Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари футбол конфедерацияси), ОкФК (Океания футбол конфедерацияси) ҳамда УЕФА (Европа футбол ассоциациялари иттифоқи) байроғи остида клуб миқёсида ўтказиладиган хал-қаро мусобақалар.

Виктор ЕРЁМИН-ХОХЛЮК, Тошкент шаҳри


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz