Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Одил Аҳмедов ЖЧ-2018 сабаб юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиб, юртимизга қайтиб келганди. Лекин бу таътил ҳам кўнгилдагидек ва тўлиқ ўтди, дейиш қийин.
Боиси, Аҳмедов ўз клубининг кубок баҳсидаги ўйинида иштирок этиш учун Шанхайга бориб келди. Бу сафарга ҳам бир ҳафта кетди. Хитой футбол федерацияси қарорига кўра, таътил пайтида биргина Аҳмедовнинг жамоаси кубок ўйинида майдонга тушди.
Ҳозирда Одил тўп сураётган «Шанхай СИПГ» жамоаси Хитой Суперлигасининг 11-туридан сўнг турнир жадвалида 23 очко билан пешқадамлик қиляпти. Иккинчи ўриндан жой олган «Шандон Лунэнг» клуби ҳисобида ҳам 23 очко бор. Тўплар нисбатига кўра, бу жамоа 2-поғонани банд этган.
«Шанхай СИПГ» ОЧЛнинг 1|8 финал босқичида Япониянинг «Кашима Антлерс» клубига икки ўйин натижасига кўра ютқазиб, нуфузли мусобақани тарк этди. Демак, энди бор эътибор ички чемпионатга қаратилади.
Шу ҳафтадан эътиборан «Шанхай» Португалияда ўқув-машғулот йиғинини бошлади. Аҳмедов ўз клуби ихтиёрига жўнаб кетиш олдидан Тошкентда ёш футболчилар билан учрашиб, биргаликда футбол ўйнади.
Биз ўйин якунида терма жамоамиз сардоридан интервью олдик.
- Болалар билан мириқиб футбол ўйнадим, - дея сўз бошлади О.Аҳмедов. - Ўзимни бевосита 20-25 ортга қайтгандек ҳис қилдим. Афсуски, биз футболга кириб келган пайтларда ҳозиргидек шароитлар бўлмаган. Асфальт майдонда тўп сурардик.
Шунинг учун ҳам ҳозир футбол ўйинидан кейин болалар билан гаплашганимда, бу имкониятларнинг қадрига етишларини сўрадим. Улар чинакамига бахтли авлод вакиллари эканлигини таъкидлаб, «Ҳар бир ютуққа ўз меҳнатингиз билан эришишингиз керак», деган жумлаларни айтдим.
Ўйлайманки, бу ёшлардан ҳам яқин келажакда маҳоратли футболчилар етишиб чиқади ва бизнинг ўрнимизни муносиб тарзда эгаллашади.
- Одил, умуман, жаҳон чемпионати сабаб юзага келган таътил қандай ўтди?
- Бу таътилни барча футболчилар қатори мен ҳам кутгандим. Чунки Ватанга қайтиш, қадрдонлар билан кўришиш, биргаликда узоқроқ муддат суҳбатлашиш имконияти юзага келарди. Очиғини айтсам, оила даврасида кам вақт бўлдим.
Ҳар куни турли учрашувлар, тадбирлар сабаб таътилнинг катта қисми уйдан ташқарида ўтиб кетди. Албатта, бундай тадбирлар ҳам керак.
Айниқса, бугун болалар билан учрашганимдан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Ўзимни бир зумга бўлсада ёшлик йилларимга қайтгандек ҳис қилдим.
- Айнан таътил пайтида яна Хитойга бориб келишингизга тўғри келди...
- Нимасини айтасиз. Хитой футбол федерацияси шундай тақвим тузган экан. Фақатгина икки жамоа мамлакат кубогининг чорак финал учрашувида майдонга тушди. Қолган иштирокчилар росмана таътилни ўтказишди. Начора, федерациянинг бу қарорига бўйсунмасдан иложимиз йўқ.
Шу битта ўйинга бориб келиш учун бир ҳафта вақт кетди. Афсуски, илк ўйинда кичик ҳисобда мағлубиятга учрадик. Лекин жавоб учрашувида вазиятни ижобий томонга оғдириб олиш учун имкониятимиз етади. Кубокда ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз.
- Суперлигада жамоангиз олдига чемпионлик вазифаси қўйилганми?
- Худди шундай. Биз ўтган йили ҳам ғолиблик учун кураш олиб боргандик. Лекин айрим ўйинларда кутилмаганда очко йўқотганимиз сабабли иккинчи ўрин билан кифоялангандик.
Бу сафар ўтган мавсум йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда ҳаракат қиляпмиз. Чемпионатнинг 11-туридан сўнг турнир жадвалида пешқадам бўлиб турибмиз. Аммо хотиржам бўлишга асло ҳаққимиз йўқ.
Боиси, бизни жамоалар изма-из таъқиб этиб келишмоқда. Иккинчи ўриндаги «Шандон Лунэнг» клуби ҳисобида ҳам худди бизда бўлгани каби 23 очко бор. Учинчи поғонадан жой олган «Пекин Гуоан» 22 очко жамғарган.
Шундай экан, ҳар бир йўқотиладиган очко жамоалар ўрнининг алмашиб кетишига хизмат қилади.
- Одил Аҳмедов клубини алмаштириш ҳақида ўйламаяптими?
- Ҳозирча бундай режа йўқ. Камида мавсум охиригача «Шанхай СИПГ» шарафини ҳимоя қиламан. Қолаверса, ҳали етарлича шартнома муддати ҳам бор. Жамоа ўзгартиришга ҳеч қандай асос кўрмаяпман.
Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби томонидан ўйинимга ҳеч қандай эътироз йўқ. Энг муҳими - мураббийлар, раҳбарият ва мухлисларнинг ишончи.
- «Шанхай СИПГ» ОЧЛни муддатидан аввал тарк этди. Нимчорак финалдаги бу мағлубият клуб раҳбарияти томонидан қандай қабул қилинди?
- Хурсанд бўлмаганликлари аниқ. Лекин биз жавоб учрашувида ғалаба қозондик (2:1, - IF). Афсуски, мусобақани давом эттириш учун битта гол камлик қилди. Японияда ўтказилган биринчи ўйинда «Кашима Антлерс» клуби 3:1 ҳисобида зафар қучганди.
Ўша аламли мағлубият бизга панд берди. Ўз хатоларимиз туфайли дастлабки баҳсда керагидан ортиқча гол ўтказиб юборгандик. Умуман, Япония клубига ҳам тан бериш керак. Кучсиз жамоа бўлганида шу босқичгача етиб келмасди.
- Янгиланаётган терма жамоамиз ҳақида фикрингиз қандай?
- Қисқа муддат ичида Россияда давом этаётган жаҳон чемпионатида ўйнаётган 4та термага қарши майдонга тушишга муваффақ бўлдик. Шунинг ўзиёқ катта ютуқ. Бундай кучли жамоалар билан ўйинлар ўтказилиши тарафдориман.
Таркибимиздаги ёш футболчилар шундай учрашувларда янада тобланишади, маҳоратлари ошади. Ўзим ҳам Сенегалга қарши баҳсда иштирок этдим. Лекин қолган ўйинларда майдонга тушмадим. Эрон ва Уругвайга асосан олимпия ёшидаги футболчиларимиз боришди.
Шу боис ҳам ҳозир бўлаётган ўзгаришларга муносабат билдира олмайман. Бир нарсани айтишим мумкин, ҳамма нарсага вақт керак.
Ҳали миллий жамоага ким янги бош мураббий бўлишини ҳам билмаймиз. Осиё ўйинларидан кейин бу масала ўз ечимини топса керак. Бошқа томондан, БААда ўтадиган Осиё кубогига ҳам ҳеч қанча вақт қолмади.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20