Қайднома

Қидирув

ЖЧ-2018 географияси ёхуд бошқа давлатда туғилиб, ўзга юрт шарафини ҳимоя қилаётган футболчилар

ЖЧ-2018 географияси ёхуд бошқа давлатда туғилиб, ўзга юрт шарафини ҳимоя қилаётган футболчилар

  02.07.2018 00:18
  0
  1946
ЖЧ-2018 географияси ёхуд бошқа давлатда туғилиб, ўзга юрт шарафини ҳимоя қилаётган футболчилар

Россияда давом этаётган мундиалда Голландия ва Италия терма жамоалари йўқ, аммо голландияликлар ҳам, италияликлар ҳам бор.

Аргентина термасида эса Франция фуқароси Лионель Месси билан ёнма-ён тўп сурди. Битта миллий жамоа таркибида нақ 17 нафар маҳаллийлаштирилган футболчи (!) борлигига нима дейсиз?

Soccer.ru сайтининг тиниб-тинчимас мухбирлари айнан ўзига хос «паспорт назорати» ўтказиб, Россия мундиалида қатнашаётган ўйинчиларнинг қайси давлатларда туғилганларини аниқлади.

Ишонинг, бунинг ортидан жуда қизиқарли фактлар йиғилди, терма жамоаларнинг замонавий институти ҳақида муайян тушунча ҳосил бўлди.

***** Бугунги Франция термаси таркибидаги икки нафар футболчи Европа ташқарисида туғилган. Ҳимоячи Самуэль Юмтити Камерунда дунёга келган. У кўп болали оиланинг тўртинчи фарзандидир.

Дарвозабон Стив Манданданинг киндик қони тўкилган жой ҳам Африкада - Конго. Фарқли томони шуки, Стив оиладаги кенжа фарзанд эмас, балки 4 нафар ака-уканинг тўнғичи ҳисобланади.

***** Франция миллий жамоаси «заявка»сига тушган 17 нафар (!) футболчининг аждодлари Африкадан. Тўғри, уларнинг туғилган манзиллари ва паспортлари ҳамда бобокалонлари юртлари ўртасида боғлиқлик йўқ.

Дейлик, ЛюкаЭрнандеснинг отаси Испанияда туғилган ва ҳимоячининг ўзи «Атлетико» мактабида таҳсил олган. Лекин у «Реал»даги укаси Тео каби Марселда дунёга келган.

**** Французлар ўз тарихларида биринчи ва ҳозирча охирги марта жаҳон чемпиони бўлишганида, кубокни ҳаммадан олдин боши узра баланд кўтариш ҳозирги жамоа бош мураббийи Дидье Дешамга насиб этганди.

Унинг аждодлари Баскониядан, шунингдек, ўша жамоа етакчиси ЗайниддинЗиданнинг боболари жазоирлик, ўзи эса марселлик. Юри Жоркаефф умуман 3та миллатга мансуб - арман, қалмиқ, поляк.

***** Қолган жамоалар таркибида Франция паспортига эга 29 нафар футболчи бор! Франция шунингдек, битта кўрсаткич бўйича ўз рекордини янгилади: ЖЧ-2014да французлар ўлкасида туғилган 47 нафар футболчи иштирок этганди, ҳозир бундайлар сони 50 нафар.

Боз устига, Бразилияга паспорт бўйича 16 нафар «француз» билан борган Жазоир термаси Россия мундиали чиптасини қўлга киритолмади.

***** Бошқа иштирокчилар сафида бразилиялик футболчилар ҳам бор. Тўғри, бундайлар атиги 5 нафар - Россия термаси вакили Марио Фернандес, португалияликлар таркибидаги ПепеДиего Коста ва Родриго (Испания), шунингдек, «поляк» Тиаго Сионек.

Айтганча, Польша терма жамоаси сафига мутлақо кутилмаган ҳолда қўшилган ҳимоячи Куритибада туғилган.

***** Бутун ЖЧ тарихидаги энг кутилмаган «француз» - Гонсало Игуаин. Бу ҳужумчи Брест шаҳрида туғилган ва 10 ой Францияда яшаган (отаси шу мамлакатда ўйнарди).

Эътиборлиси, «Пипита» кейинчалик Франция паспортини олди ва худди Давид Трезеге каби мамлакат терма жамоаси сафида ўйнаши мумкин эди.

Дарвоқе,  Давиднинг отаси Хорхе Трезеге Аргентина термаси шарафини ҳимоя қилган. Тақдирнинг аччиқ қисмати экан, катта Трезеге ҳам, кичиги ҳам ЖЧ финалининг ҳал қилувчи палласида омадсизликка юз тутган.

***** Марокаш термаси футболчиларни маҳаллийлаштириш бўйича турнир чемпионидир. АФК вакили таркибида Россияга келган нақ 17 нафар ўйинчи жомадонида бошқа мамлакат паспорти ҳам бор. Боз устига, марокашликлар фақат европаликлар эмас, бошқа қитъадан ҳам номзод топишган.

Демак, 8 нафар франциялик, 5 нафар голландиялик, 2 нафар испаниялик ва ягона бельгияликдан ташқари, таркибда ...Канада фуқаросига ҳам жой ажратилган. Аниқроқ айтсак, дарвозабон Ёсин Буну Монреалда туғилган.

Тўғри, айни пайт «Жирона» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Буну 6 ёшлигидан буён Испанияда яшамоқда.

***** Жаҳон чемпионатида голландияликлар сафи анча кенг - 7 нафар футболчи. Яъни Марокаш термасидан жой олган «голланд»лардан ташқари, Нигерия жамоаси сафида ҳам «лолалар юрти»да таваллуд топган ва мамлакат паспортини олган икки ўйинчи бор.

«Голланд»лардан бири Ҳаким Зиеш марокашликларнинг асосий умидлари ҳисобланади. Шунингдек, Муборак Буссуфа, ака-ука Нуриддин ва Софиён Амрабат ҳам чакки эмаслар.

Нигериялик ҳимоячи Уильям Троост-Эконг эса Голландиянинг Харлем шаҳрида туғилган.

**** Испания термаси «заявка»сида 3 нафар бразилиялик бор, аммо улар турли мамлакатларда туғилганлар. Ҳужумчилар - Родриго ва Диего Коста ҳужжат бўйича ҳам Жанубий Америкадан.

Тьяго Алькантара (1994 йилги жаҳон чемпиони Мазиньонинг ўғли ва термадоши Родригонинг амакиваччаси) эса отаси ўйнаган Италияда дунёга келган.

***** Испанияда туғилган 2 нафар футболчи бошқа юрт (Марокаш) термаси сафидан жой олган. Улардан бири Ашраф Ҳакими Мадридда дунёга келган ва «Реал»да ўйнашига қарамай, «қизил фурия»дан таклиф тушавермагач, Марокаш фуқаролигини қабул қилди.

***** Германия термаси сафида мамлакат ташқарисида туғилган футболчи йўқ. Лекин кўпчиликка маълум - Илкай Гюндоган ва Месут Озил асли турк, Сами Хедира эса ота томонидан араб (аждодлари тунислик).

Қолаверса, Жером Боатенгнинг ота томони ганаликларга бориб тақалади, Антонио Рюдигер онаси узоқ Сьерра-Леонедан. Тўғри, бу футболчилар тарихий ватанларига аҳён-аҳёнда боришади, агар вақт топсалар, албатта.

Умуман, немислар маҳаллийлаштириш масаласига ижобий қарашади. Ҳар ҳолда, мамлакатда бошқа юртдан келганларнинг яшашлари учун яхши шароитлар яратилган.

***** ЖЧ-2018да иштирок этаётган 10та жамоа таркиби тўлиқ мамлакат ҳудудида туғилган футболчилардан тузилган. Яъни ўз анъанасини сақлаб қолган Бразилия, Мексика, Колумбия ва Жанубий Корея термалари қаторига Саудия Арабистони, Перу, Исландия, Германия, Швеция ҳамда Бельгия жамоалари қўшилди.

Шведлар ва бельгияликлар мигрантлар фарзандларини ҳам сафга олишган, лекин фақат ўз юртларида туғилган футболчиларни.

***** ФИФА Қатар-2022 мундиалидаёқ иштирокчилар сонини 48тага ошириш ғоясига мойил эмас, аммо қарангки, рус диёридаги чемпионатда айнан 48та мамлакат вакили бор. Бунда қандайдир маъно яширинми?

Демак, жамоалар таркибида франциялик, испаниялик ва бразилиялик ўйинчилар қатори Канада, АҚШ, Босния ва Камерун каби ЖЧдан четда қолган мамлакатлар вакилларини кўриш мумкин.

Тўғри, бу борада ЖЧ-2014 рекорди (Бразилияга 50та мамлакатда туғилган футболчилар боришганди) янгилангани йўқ. Мисол учун, 4 йил олдинги мундиалда Ўзбекистонда кўз очган футболчи ҳам қатнашганди - нигериялик Питер Одемвинжи. 

***** ЖЧ - чин маънода байналминал футбол байрами. Мисол учун, турнир тарихидаги бош тўпурар Мирослав Клозе польшалик, аммо Германия термаси учун ўйнаган.

Умуман, маҳаллийлаштириш қоидалари анча тартибга солинган бўлсада, ушбу тажриба ҳамон амалда. Четда айниқса, бразилияликларга талаб катта.  

***** Марокаш, Сенегал ва Тунис термалари «заявка»сида 3 нафардан франциялик легионер бор. Шунингдек, португалияликлар ҳам 3 нафар «француз»га ишонч билдиришган - Антони Лопеш, Рафаэль Геррейру ва Адриен Сильвага.

Умуман, жами 736 нафар иштирокчидан 52 нафари Францияга дахлдор.

***** Бошқа жамоалар сафида «немис»ларга ҳам жой топилган: Седрик Соареш (Португалия) ва Леон Балогун (Нигерия) Германияда дунёга келишган.

***** Англия термаси фақат миллий лига вакилларидан шакллантирилган ягона жамоадир. Айтганча, ЖЧ-2014да инглизлар таркибида Шотландия биринчилигида ўйнайдиган футболчи ҳам бор эди.

*** 736 нафар футболчидан 89 нафари ҳозирги жамоаси мамлакати эмас, бошқа давлатлар ҳудудида туғилган. ЖЧ-2014да бу кўрсаткич бирозгина паст эди - 83 нафар.

Ваҳоланки, Бразилияга 8 нафар «ориунди» (ўзга юртларда туғилган итальян) ва маҳаллийлаштирилган футболчига эга Италия ҳамда деярли францияликлардан тузилган Жазоир термалари ҳам борганди.

***** Ўз мамлакати миллий чемпионатида ўйнайдиган футболчилар сони атиги 206 нафар. Бошқача айтганда, мундиалда иштирок этаётган 72 фоиз футболчи легионер мақомида.

***** ЖЧда Ямайка, Камерун ва Уганда каби мамлакатларда туғилган футболчилар ҳам бор. Яна Италиядан ҳам вакил кўриш мумкин. Россия, аниқроғи, Санкт-Петербургда дунёга келган Брайан Идову эса Нигерия термаси сафида.

Швейцария термаси энг сермиллат жамоалардан биридир. Унинг таркибида ҳаттоки, камерунлик футболчилар ҳам бор. Жамоа бош мураббийи Владимир Петкович эса нақ 4та мамлакат паспортига эга.

ШВЕЙЦАРИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ

Йосип Дрмич: Хорватия

Бриль Эмболо, Ивон Мвого, Франсуа Мубанже: Камерун

Харис Сеферович: Босния ва Герцеговина

Жердан Шакири: Косово

Желсон Фернандес: Кабо-Верде

Гранит Жака, Валон Бехрами, Блерим Жемаили: Албания

Йохан Журу: Кот-д~Ивуар

Рикардо Родригес: Испания ва Чили

Мануэль Аканжи: Нигерия

Бош мураббий Владимир Петкович: Хорватия, Сербия, Швейцария, Босния ва Герцеговина

А. АҲМЕДОВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz