Қайднома

Қидирув

Ўтган мавсумнинг энг омадли ва омадсиз трансферлари (фотогалерея)

Ўтган мавсумнинг энг омадли ва омадсиз трансферлари (фотогалерея)

  07.07.2018 00:17
  0
  3096
Ўтган мавсумнинг энг омадли ва омадсиз трансферлари (фотогалерея)

Жаҳон чемпионати туфайли Европа футбол мавсуми якунларини кўриб чиқиш иккинчи масалага айланди ўз-ўзидан. Лекин мавзулар хилма-хиллигини таъминлаш учун сарҳисоб ишларига ҳам саҳифа ажратиш керак, барибир.

Қолаверса, евромавсум якуни кўпчиликни етарлича қизиқтиради, албатта. Шуларни унутмаган ҳолда, бу сафарги фотожамланма-мақолани ўтган мавсумнинг энг омадли ва омадсиз трансферларига бағишладик.

МАВСУМ-2017|2018: ЭНГ ОМАДЛИ 6та ТРАНСФЕР

Харажатни тўла оқлаган дарвозабон: ЭДЕРСОН (Бразилия)

Олдинги клуби: «Бенфика» (Португалия)

Янги клуби: «Манчестер Сити» (Англия)

Трансфер нархи: 40 млн. евро

Натижа. Ўтган ёзнинг энг қимматбаҳо дарвозабони «Сити»да биринчи рақамли киперга айланиб, клубининг АПЛда «олтин» ютишига катта ҳисса қўшди.

 

Минимал сарфга максимал гол: Кристиан СТУАНИ (Уругвай)

Олдинги клуби: «Мидлсбро» (Англия)

Янги клуби: «Жирона» (Испания)

Трансфер нархи: 2,5 млн. евро

Натижа. Уругвайлик ҳужумчи Примеродаги илк уринишида 21та гол урди (33та ўйинда) ва фақат Яго Аспас (22та), Луис Суарес (25та), Криштиану Роналду (26та) ҳамда Лионель Месси (34та)дан ортда қолди, холос. Қаранг, 2,5 миллион евро эвазига шунча гол! Таққослаш учун айтсак, Альваро Моратанинг АПЛдаги 1та голи «Челси» учун 6 млн. еврога тушди.

 

Италияда порлаган ўсмир: Женгиз УНДЕР (Туркия)

Олдинги клуби: «Башакшеҳир» (Туркия)

Янги клуби: «Рома» (Италия)

Трансфер нархи: 13,4 млн. евро

Натижа. 20 ёшли вингер «Рома» учун «Янги Салоҳ» бўлди. Трансфер баҳоси эса 50 миллион еврога кўтарилди. Ана, фойда, ана, манфаат.

 

Германияда порлаган ўсмир: Жан-Кевин ОГЮСТЕН (Франция)

Олдинги клуби: «ПСЖ» (Франция)

Янги клуби: «РБ Лейпциг» (Германия)

Трансфер нархи: 13 млн. евро

Натижа. Жан-Кевин атиги 20 ёшда. Реактив ҳужумчи «РБ Лейпциг»даги дебютини 9та гол билан безаб, трансфер суммасини икки ҳисса оширди.

 

Чемпионшипдан ЧЛ финалига: Эндрю РОБЕРТСОН (Шотландия)

Олдинги клуби: «Халл Сити» (Англия)

Янги клуби: «Ливерпуль» (Англия)

Трансфер нархи: 9 млн. евро

Натижа. Атиги 9 миллионга харид қилинган йигит атиги 9 ойдан кейин жамоанинг асосий ҳимоячилари қаторида ЧЛ финалида ўйнади. Ажойиб юксалиш.

 

АПЛга «ўт» қўйган «фиръавн»: Муҳаммад САЛОҲ (Миср)

Олдинги клуби: «Рома» (Италия)

Янги клуби: «Ливерпуль» (Англия)

Трансфер нархи: 42 млн. евро

Натижа. Ортиқча таърифга эҳтиёж йўқ. Мисрлик томонидан АПЛнинг битта  мавсумида гол уриш бобида қайд этилган рекорднинг ўзи салмоқли тош босади. Ой лауреати бўлиш масаласидаги рекорди-чи...!

 

МАВСУМ-2017|2018: ЭНГ ОМАДСИЗ 6та ТРАНСФЕР

Диего Костадан ҳам «ёмон»: Альваро МОРАТА (Испания)

Олдинги клуби: «Реал» (Испания)

Янги клуби: «Челси» (Англия)

Трансфер нархи: 66 млн. евро

Натижа. Испан ҳужумчиси АПЛда 11та, жами 15та гол урди. Октябрдан кейинги 8 ойда эса атиги 8та. Оқибатда «Челси» ЧЛга йўл очолмади, Альваронинг ўзи эса ЖЧ-2018га...

 

«Гудисон»даги чин муваффақиятсизлик: Дэви КЛАССЕН (Голландия)

Олдинги клуби: «Аякс» (Голландия)

Янги клуби: «Эвертон» (Англия)

Трансфер нархи: 27 млн. евро

Натижа. «Аякс» етакчиси Ливерпуль клубида тоза «ошқовоқ»қа айланди-қўйди. Дэвининг АПЛ доирасидаги атиги 3та ўйинда бошланғич таркибга кирганини яна қандай изоҳлаш мумкин?

 

Голсиз «Янги Роналду»: Андре СИЛЬВА (Португалия)

Олдинги клуби: «Порту» (Португалия)

Янги клуби: «Милан» (Италия)

Трансфер нархи: 38 млн. евро

Натижа. Оҳ, қандай гап-сўз бўлганди-я... Андре Сильвани сотишдан олдин роса «реклама» қилишди, аммо у амалда 20 ёшли Патрик Кутроне билан рақобатда енгилди. Боз устига, «А» сериясида атиги 2та гол урдики, бу деярли 40 «лимон»ли ўйинчи учун жуда кам, жуда...

 

«Челси»нинг энг заиф футболчиси: Тьему БАКАЙОКО (Франция)

Олдинги клуби: «Монако» (Франция)

Янги клуби: «Челси» (Англия)

Трансфер нархи: 40 млн. евро

Натижа. Омадсизликка учраган «Монако»нинг яна бир собиқ вакили. Бакайоко «Стэмфорд Бриж» ҳафсаласини шу қадар пир қилдики, фанатлар ўз эътирозларини очиқ-ошкора баён этишди. Айтишларича, «Челси» энди Тьему билан хайрлашмоқчи.

 

«Ёлғиз отнинг чанги чиқмас»: Леонардо БОНУЧЧИ (Италия)

Олдинги клуби: «Ювентус» (Италия)

Янги клуби: «Милан» (Италия)

Трансфер нархи: 42 млн. евро

Натижа. «Милан» «А» сериясида 42та гол қўйиб юборди - бу Бонуччи трансферига кетган миллионлар сонига тенг. Умуман, Италиянинг энг яхши ҳимоячиси ушбу салбий статистикага болаларга хос кўплаб хатолари билан «ҳисса» қўшди.

 

Биринчи мавсум оғирлиги: Усмон ДЕМБЕЛЕ (Франция)

Олдинги клуби: «Боруссия» Д. (Германия)

Янги клуби: «Барселона» (Испания)

Трансфер нархи: 115 млн. евро

Натижа. Жароҳатдан жабрланган яна бир иқтидор. Факт шуки, 115 «лимон» эвазига олинган футболчи ҳозирча улардан лоақал 15тасини ҳам оқламади.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz