Қайднома

Қидирув

Бахтиёр Ашурматов: «Кўп йиллик режа асосида иш бошлаймиз»

Бахтиёр Ашурматов: «Кўп йиллик режа асосида иш бошлаймиз»

  07.07.2018 06:43
  0
  758
Бахтиёр Ашурматов: «Кўп йиллик режа асосида иш бошлаймиз»

Тошкент вилоятининг АГМК жамоаси иккинчи давра учрашувларига тайёргарликни Беларусь пойтахти Минск шаҳрида олиб боряпти. Олмалиқликлар «Славянская» меҳмонхонасида истиқомат қилиб, машғулотларни Беларусь терма жамоалари спорт мажмуасида олиб боришмоқда.

Минскдаги ўқув-машғулот йиғини бугун якунланади. АГМК ушбу йиғин доирасида «Динамо» (Сочи), «Балтика» (Калининград) ҳамда «СКА Хабаровск» (Хабаровск) клубларига қарши назорат учрашувларини ўтказди.

Жамоани ҳужумчи Вадим Чемиртан, ярим ҳимоячилар Дилшод Жўраев, Отабек Зокиров, Санжар Рихсибоев ҳамда ҳимоячи Миржалол Мирюсупов тарк этишди. Мавсумни «Насаф»да бошлаган таниқли ярим ҳимоячи Жасур Ҳасанов АГМК билан шартнома имзолади.

Олмалиқлик мухлисларга қадрдон бўлган ва ушбу клуб таркибида элитада энг кўп учрашув ўтказган Зоҳир Пиримов ҳам фаолиятини яна жонажон жамоасида давом эттиради. Пиримов бу йилги мавсумни «Навбаҳор»да бошлаганди.

АГМКни иккинчи даврага Бахтиёр Ашурматов тайёрлаяпти. Бу мутахассис «Бухоро»да бош мураббий Улуғбек Бақоевга ёрдам бериб келаётганди.

Омадсиз ўйин ва бунинг кетидан келган салбий натижалар сабаб Виктор Кумиков жамоа билан хайрлашди. Биз Беларусда бўлиб турган Бахтиёр Ашурматов билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Бахтиёр Аъзамович, аввало, янги клубда иш бошлаганингиз билан табриклайман. Албатта, таклифнинг бўлгани яхши, лекин бош­қа томондан бу катта масъулият ҳам юклайди. Умуман, ана шу таклиф ва ўзига хос трансфер қандай амалга ошди?

- Табрик учун катта раҳмат. Тўғри айтдингиз, зиммамга жуда масъулиятли вазифа юкланди. АГМК жамоаси раҳбарлари кутилмаганда таклиф билан чиқишди. Мен «Бухоро» бош мураббийи Улуғбек Бақоев билан маслаҳатлашиб, бу таклифга розилик бердим.

АГМК клуби ва мухлисларининг ишончини оқлаш учун бор кучим билан, чин юракдан ишлашга тайёрман. Фурсатдан фойдаланиб, менга билдирилган ишонч ва таклиф учун жамоа раҳбариятига миннатдорчилик билдираман.

- Клуб раҳбариятининг ўзига яраша талаблари бўлиши табиий. Чунки вазифа бажарилиши учун сизга шароит яратиб берилиши керак. Шу маънода, сиз ҳам баъзи бир талабларни қўйдингизми?

- Тўғри, клуб раҳбарлари томонидан талаб ва мақсадлар қўйилди. Асосий вазифа - чиройли ўйин кўрсатиш ва жамоа мухлисларини стадионга қайтариш. Агар ишқибозларга ёқадиган футбол намойиш эта олсак, натижа ҳам яхшиланади. Насиб қилса, олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз.

Жамоа раҳбарлари томонидан иккинчи давра ўйинларига муносиб тарзда тайёргарлик кўришимиз учун барча шароитлар яратилмоқда. Мана, хорижда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказяпмиз. Россия клубларига қарши ўртоқлик ўйинлари бўлиб ўтди. Ҳеч қандай камчиликлар йўқ.

- «Бухоро» раҳбарияти жамоадан кетишингизга осонликча рози бўлмагандир? Шу жумладан, Улуғбек Бақоевнинг ўзи ҳам. Ҳар ҳолда, биргаликда олиб бораётган ишингиз яхши самара бераётганди. Шундай эмасми?

- АГМКдан таклиф тушган пайтда Улуғбек Бақоев билан маслаҳатлашдик ва бир-биримизга омад тилаган ҳолда хайрлашдик. Шу икки мавсум давомида менга ишонч билдиришгани учун Бақоев ва жамоа раҳбарларига, клуб мухлисларига, бирга ишлаган футболчиларга раҳмат деб қоламан.

Икки мавсум давомида қўлимдан келганича «Бухоро»нинг ютуқларига ўз ҳиссамни қўшиш учун меҳнат қилдим. Жамоа раҳбарлари билан ака-укадек бўлиб қолгандик. Клуб мухлислари билан муносабатим аъло даражада эди. Улуғбек Бақоев келажаги порлоқ мураббий. Унга ва жамоага келажакда омад тилайман.

- АГМКда сизга мураббийлар штабида кимлар ёрдам беряпти? Аввалги мураббийлардан кимлар қолган?

- Мураббийлар штабида менга Зоҳид Нурматов ёрдам беряпти. Ўринбосарлар таркибида ишлаган маҳаллий мутахассис Аъзам Шерғозиев асосий таркиб жамоасига ўтказилди. Аввал жамоада дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишлаган Антон Майеранов эса мураббийлар штабида ишини давом эттиради.

- Адашмасам, Беларусь йиғини сиз келишингиздан олдин режалаштирилганди. Бу йиғинга ҳеч қандай ўзгариш киритмадингизми?

- Худди шундай. Беларусь йиғини мен келгунимга қадар режалаштириб қўйилганди. Аслида, йиғин икки ҳафтага мўлжалланганди. Лекин унга озгина ўзгартириш киритдик ва Минск шаҳрида тўққиз кунлик ўқув-йиғин машғулотини ўтказишга қарор қилдик.

Ўртоқлик учрашувлари эса режалаштирилганидек ўз вақтида бўлиб ўтди.

- Таркибдаги ўзгаришлар ҳақида ҳам маълумот беринг. Жамоадан кимлар кетди ва аксинча, қайси футболчилар сафга келиб қўшилишди?

- Мен жамоани қабул қилиб олганимда Миржалол Мирюсупов ва Вадим Чемиртанлар АГМКдан кетиб бўлишган экан. Келганимдан кейин Дилшод Жўраев, Отабек Зокиров ва Санжар Рихсибоев жамоани тарк этишди. Бу футболчилар билан дўстона кайфиятда хайрлашдик.

Ҳозирча тажрибали ярим ҳимоячи Жасур Ҳасанов ва Зоҳир Пиримов билан шартнома имзоладик. Бу футболчиларга ортиқча таъриф бериш шарт бўлмаса керак. Пиримов бир неча йил давомида олмалиқликлар шарафини ҳимоя қилиб келган. Бу йилги мавсумни «Навбаҳор» жамоасида бошлаганди.

Жасур Ҳасанов «Насаф»дан сафимизга келиб қўшилди. Ушбу футболчилар таркибда рақобатни яхшигина кучайтиришларига ишонаман. Шунингдек, Алишер Саматов ва Азамат Исроилов ҳам жамоамиз йиғинида қатнашишяпти. Селекция ишлари трансфер дарчаси ёпилгунига қадар давом этади.

- Жамоани мураккаб вазиятда қабул қилиб олдингиз. Осон бўлмаслиги аниқ. Айтинг-чи, клубда нималарни ўзгартиришни режалаштиряпсиз?

- Тўғри, жамоани давралар оралиғида қабул қилиб олдим. Сиз айтгандек, осон бўлмайди. Лекин бошқа томондан ҳозир енгил ишнинг ўзи йўқ. Мендан олдин ишлаган Кумиковни кучли мураббийлардан бири деб биламан. Виктор Балютович Олмалиқда яхши жамоа туза олган.

Фақат омадсизлик сабаб биринчи даврада кутилганидан камроқ очко йиғишди. Бунинг натижасида жамоа ўзига бўлган ишонч­ни йўқотиб қўйган. Авваламбор, жамоа футболчиларининг ўзига бўлган ишончини қайтармоқчиман. Кейин ўйин услубимиз ҳам озроқ ўзгаради.

Асосийси, жанговар жамоа тузиш ва мухлисларни стадионга қайтаришга ҳаракат қиламиз. Энг муҳими, кўпроқ очко жамғариб, турнир жадвалидаги ўрнимизни имкон қадар яхшилаб олишимиз шарт. АГМКнинг айни пайтда эгаллаб турган ўрни ўзига мос эмас. Жамоа етакчи клублардан очко тортиб олиши билан танилган.

Ўша кунларни қайтаришимиз лозим. Тўғри, буларнинг бари осон кечмайди. Аслида бир-икки ойда бўладиган ишлар эмас. Лекин ҳаммамиз астойдил меҳнат қилсак, кўзланган мақсадга албатта эришамиз.

Ҳозирдан айтиш мумкинки, иккинчи давра учрашувлари биринчисидан шиддат бобида фарқли тарзда ўтади. Ҳеч бир жамоа учун осон бўлмайди. Шу нарсани олдиндан ҳис қилиб, тайёргарликка зўр берганмиз. Аслида барчамиз чемпионатнинг шундай кучли бўлишини истаймиз.

- Клуб раҳбарлари билан кўпроқ муддатга шартнома имзоладингизми ёки мавсум охиригачами?

- Ҳозирча мавсум охиригача битим туздик. Насиб қилса, жамоа раҳбарлари ва мухлисларининг ишончини оқласак, шартнома муддати ўзаро келишув асосида узайтирилади. Бу нарсага олдиндан келишиб олганмиз.

- Бугунги кунда АГМКдаги кўзга ташланган энг катта муаммо нима?

- Айни пайт энг катта муаммо - жамоанинг ўзига мос ва хос бўлмаган ўринда жойлашганлиги. Насиб қилса, биз бу муаммони бартараф қилишимиз ҳамда турнир жадвалидаги ўрнимизни яхшилашимиз керак.

Яна бир асосий масалалардан бири - бу жамоага жалб қилмоқчи бўлган яхши савиядаги ўйинчиларнинг ўз клублари билан шартномалари борлиги. Селекция ишларини ўзимиз хоҳлаган даражада олиб боришимиз қийин бўлади.

Лекин янги футболчиларни имкон даражасида таклиф қиламиз. Чунки жамоанинг ҳар бир чизиғида рақобатни кучайтиришимиз шарт. Рақобат бор жойда футболчи ўсади.

- Мабодо, АГМК кучли олтиликка кира олмаса, бу клуб учун катта йўқотиш бўладими? Ёки жамоада кўп йилга мўлжалланган истиқболли лойиҳа тузилганми?

- Кучли олтиликка кириш асосий вазифаларимиздан бири. Тўғри, осон бўлмайди. Лекин биз футболчилар билан биргаликда охиригача курашамиз. Насиб қилса, шу йилги мавсумни муносиб тарзда ўтказиб олсак, келаси йилдан кўп йиллик режа асосида ишни бошлаймиз.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарлари томонидан футболимиз ривожи учун кўплаб қарорлар қабул қилиняпти. Бунинг натижасида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Ўз ўрнида мамлакатимиз футболи ривожига биз мураббийлар ҳам масъулмиз. Барчамизнинг олий мақсадимиз Ўзбекистон терма жамоаси учун муносиб номзодларни етказиб беришдан иборат бўлиши керак.

Шу сабабли ҳам ўринбосарлар таркиби мунтазам диққат марказимизда туради. Олмалиқда болалар футболига бўлган эътиборни янада кучайтиришимиз лозим. Боиси, охирги пайтда АГМК футбол мактабидан асосий жамоага жуда кам футболчилар ўтяпти. Демак, тизимда ишни тўғри йўлга қўйиш керак.

Болалар билан ишлайдиган мураббийлар масаласини кўриб чиқиш лозим. Вақт жуда кам, лекин ҳаммасига улгуришга интиламиз. Олдиндан айтаман, бизни осон бўлмаган иккинчи давра учрашувлари кутиб турибди. Биринчи навбатда, кучли олтиликка кириб олиш учун курашамиз.

Вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун бизда имконият бор. Фақат гап ана ўша имкониятдан қай даражада фойдаланишда. Қолган клублар ҳам қараб туришгани йўқ. Улар ҳам танаффусдан унумли фойдаланиб қолиш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этишга астойдил бел боғлашган.

Ҳеч ким Суперлигани тарк этишни хоҳламайди. Шундай экан, бизни ёзнинг ҳароратли кунларидаги тафтли ўйинлар кутиб турибди. Ишончим комилки, мухлислар асло зерикиб қолишмайди.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz