Қайднома

Қидирув

«Қироллик» клубидаги дастлабки украиналик ҳақида

«Қироллик» клубидаги дастлабки украиналик ҳақида

  07.07.2018 06:15
  0
  1857
«Қироллик» клубидаги дастлабки украиналик ҳақида

Украиналик ёш иқтидор соҳибининг «Реал»­га ўтиши ҳақида гап-сўзлар тарқалганида кўпчилик ажабланганди. Бироқ 19 ёшли дарвозабон чиндан ҳам «Қироллик клуби»га ўтди.

6 йилга мўлжалланган келишув қиймати 9 млн. еврога тенг бўлди. Бундан ташқари, Андрей Луниннинг аввалги клуби - «Заря» ҳам маълум бонусга эга чиқди.

Келишув арафасидаги вазият

Зайниддин Зидан жамоани тарк этгач, ортидан унинг ўғли - Лукага ҳам жавоб берилди. Ёш бўлишига қарамасдан, Лука 2004 йилдан бери клуб тизимида шуғулланар, жамоанинг 3-дарвозабони ҳисобланарди.

«Реал»нинг янги бош мураббийи Хулен Лопетеги собиқ дарвозабон бўлгани боис, сўнгги чизиққа эътибор қаратиб, учинчи дарвозабон позиция­сини кучайтиришни лозим топди.

Андрей Лунин ҳақида

Ёш посбон Харьков вилоятида туғилган бўлсада, фаолиятини «Днепр»­да бошлади. У келган пайт жамоанинг ёрқин даври ортда қолган, ЕЛ финали тарихга айланиб улгурганди. Андрей ўз дебютини нишонлаган 2016|2017 йиллар мавсумида жамоа биринчи лигага тушиб кетди.

Молиявий муаммолар туфайли «Днепр» яна пастга шўнғигач, футболчилар бошқа жамоаларга ўтиб кетишди. Лунин эса «Заря» сафидан жой олди. Луганскдаги мавсумни барқарор ўтказган ёш посбонни мухлислар мавсумнинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этишди.

Деярли Акинфеевнинг ўзи

Лунин билан россиялик касбдоши ўртасидаги ўхшашлик шундаки, иккови ҳам жуда барвақт камолотга етишди. Дарвоза чизиғида бундай ҳол жуда кам кузатилади. Ўз фаолиятини 18 ёшда бошлаган Андрей бир йилдан сўнг терма жамоа таркибидан жой олди.

Бу воқеа яқинда, Саудия Арабистони термасига қарши ўртоқлик учрашувида юз берди. Шу тариқа Лунин ўз миллий жамоаси тарихидаги энг ёш дарвозабонга айланди.

Тўғри, Акинфеев Россиянинг бош жамоаси шарафини 18 ёшидан бошлаб ҳимоя қилиб келмоқда. Бу икки касбдош ўртасидаги яна бир умумийлик - сўнгги маррадаги совуққонлик. Фарқли жиҳатлари эса шундаки, украиналик дарвозабон Акинфеевдан бўйдорроқ - 191га 186.

Европадан қизиқиш

Журналистлар анчадан бери Лунинни «кўҳна қитъа»га «бичаётгандилар». Андрей ҳаттоки, ЕЛда ҳафтанинг рамзий термаси сафидан жой олишга ҳам улгурди - ўшанда «Заря» гуруҳ босқичи доирасида «Атлетик»дан устун келган, Лунин эса ёрқин ўйин кўрсатганди.

Сўнгги пайтларда украиналик посбоннинг «Арсенал», «Милан», узоғи билан «Ювентус» сафидан жой олиши тахмин қилинаётганди. Андрейнинг ўзи эса топ клубда ўйин амалиёти етарли бўлмаслигидан чўчиб, ортиқча қизиқмаётганди. Бироқ тақдир бу борада у билан ҳисоблашиб ўтирмади.

«Маблағ ёки клубнинг нуфузи - биз учун муҳим эмас. Андрейнинг ўсишига кафолат бера оладиган ва захирага ўтқазиб қўймайдиган жамоага розилик берамиз», - деганди Луниннинг отаси бир неча кун аввал. Лекин кейинчалик Андрейнинг «Реал»га қизиқиши таъсир этдими, ҳар ҳолда, у таклифни қабул қилди.

Айни пайт Луниннинг захирада қолиши ёки ижарага йўл олиши эҳтимоли юқори. У ҳолда «Реал» Лука Зидан ўрнига бошқа бир номзодни топиши керак бўлади. Шунингдек, Андрейда яна бир вариант мавжуд - у «Рел»нинг иккинчи жамоаси сафида Сегундада тўп суриши мумкин.

Футболчининг фикри

- Мен «Реал» таркибида ўйнашни орзу қилардим. Мадрид клуби мухлиси эканимни Украина матбуотига кўп марта айтганман. Ҳозир жамоанинг асосий дарвозабони бўлиш ҳақида ўйламаяпман. Ҳа, бу позиция­ни қачондир эгаллаш ниятидаман. Менга илҳом бераётган орзу - «Реал» сафида узоқ вақт тўп суриб, ЕЧЛ кубогини қўлга киритиш.

Турли жамоалардан кўплаб таклифлар олганимни ҳамма билади. Бироқ «Реал» - менинг орзум, «кумир»им Криштиану Роналду шу ерда фаолият юритади. Бу ерга пул учун келганим йўқ! - дейди ёш кипер.

Ж.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz