Қайднома

Қидирув

Бахтиёр қувғинди ёхуд афсонавий Рафаэль Маркес ҳақида

Бахтиёр қувғинди ёхуд афсонавий Рафаэль Маркес ҳақида

  08.07.2018 06:44
  0
  596
Бахтиёр қувғинди ёхуд афсонавий Рафаэль Маркес ҳақида

Мексика терма жамоасининг 39 ёшли сардори аллақачон афсоналар сафидан жой олган, салкам 150 марта ватан шарафини ҳимоя қилиб, «Монако» ва «Барселона» сафида кўплаб совринларга эга чиққанди.

Миллионлаб мухлислар меҳрини қозонган Рафаэль Маркес охирги ярим йил ичида жонажон «Атлас» таркибида мунтазам майдонга тушмаган бўлсада, Хуан Карлос Осорио у учун терма жамоадан жой топа олди.

Тарихий ғалаба иштирокчиси

Россия мундиали Рафа Маркес фаолиятидаги бешинчи жаҳон чемпионатидир. Бу борада ундан ўзиб кетган футболчи йўқ. Антонио Карбахаль, Лотар Маттеус ва Жанлуижи Буффонларгина шундай бахтга сазовор бўлишган.

«Мичоаканлик Кайзер» ЖЧ-2018нинг Германияга қарши старт беллашувида майдонга тушди. Тўғри, у бор-йўғи 16 дақиқа тўп сурди. Лекин ишончли ўйнади. Ўйиндан кейин Рафаэль эҳтиросларини яшириб ўтирмади: «Бугун биз тарихий қадамни амалга оширдик, амалдаги жаҳон чемпионини мағлуб этдик.

Шундай буюк жамоа сафида эканимдан бахтиёрман. Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган ҳар бир жамоадошимга ишонаман. Томоша энди бошланди, шундай руҳда ғолибона юришимизни давом эттирамиз!».

«Аталадан чиққан суяк»

Афсонавий ҳимоячи алоҳида эҳтиромга лойиқ бўлсада, Россияда ўзини чинакам бахтиёр ҳис этолмади. Ҳатто Мексиканинг муваффақиятли ўйинларидан сўнг ҳам кўнглига сиғмади. Чунки АҚШ ҳукумати Маркесни мексикалик наркобарон Рауль Эрнандес билан алоқадорликда гумон қилмоқда ва унга қарши бир қатор чекловларни эълон қилган.

Гарчи ҳимоячининг айби исботланмаган бўлсада, у тўла-тўкис эркин эмас. Масалан, мундиалда ҳаммадан яхшироқ ўйин кўрсатса ҳам, учрашувнинг энг яхши футболчиси совринини ололмасди.

Маркесга яна нималар мумкин эмасди?

- Мексика терма жамоасининг расмий машғулот либосини кийиб юриш (ҳомийларнинг логотиплари туфайли);

- Терма жамоа аъзолари билан умумий хонада истиқомат қилиш (Маркеснинг бир кишилик хонаси мунтазам равишда тафтиш қилиниб, тақиқланган буюмларнинг бор-йўқлиги текшириб турилади);

- АҚШлик фуқаролар билан учрашиш ва мулоқот қилиш;

- Терма жамоа ҳомийсининг идишларидан сув ичиш.

Бундан ташқари, америкаликлар Маркеснинг визасини бекор қилишди, банклардаги ҳисоб-рақамларини музлатиб қўйишди, у билан мулоқот қилмоқчи бўлган компанияларга йирик жарималар белгиланди.

Бироқ бу чекловлар Рафаэлнинг терма жамоадан жой олишига тўс­қинлик қила олмади, жамоадошлари ва бош мураббий уни мунтазам қўллаб-қувватлаб туришди. «Бизни фақат Маркеснинг футболчилик жиҳатлари қизиқтиради, муваффақиятимизда унинг улуши салмоқли бўлмоқда», - деди Осорио.

Шунингдек, мексикалик мухлислар ҳам футбол афсонасига яхши муносабатдалар, у майдонга тушган пайт номини қўшиқ қилиб куйлашади.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2018 1/8 финали доирасидаги Мексика – Бразилия баҳсида пентакампионлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, шимолий америкаликларни мундиалдан чиқариб юборишганди. Мазкур баҳсдан сўнг Рафаэль Маркес расман терма жамоадаги фаолиятини якунлади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz