Қайднома

Қидирув

Тошкентда оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Тошкентда оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди

  07.07.2018 19:47
  0
  448
Тошкентда оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Хабар бериб ўтганимиздек, пойтахтимиз Тошкент шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати старт олди. Бугун “Ўзбекистон” спорт мажмуасида ушбу нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон велоспорт федерацияси раиси Танзила Нарбаева, Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Томаш Айян ва унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Шарифжон Мўминджaнов, Халқаро оғир атлетика федерацияси ижроия қўмитаси аъзоси, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудовлар иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Танзила Нарбаева очиб берди.

«Авваламбор сизларни пойтахтимиз Тошкент шаҳрида кўриб турганимиздан беҳад хурсандмиз. Бугун катта спорт байрами бошланмоқда. Оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига старт берилади. Оғир атлетика юлдузлари яна бир бора Тошкентда жам бўлишди. Мамлакатимиз мунтазам равишда нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилиб келмоқда. Жумладан, шу йилнинг 23-30 апрель кунлари Урганч шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати юқори савияда ташкил этилди. Умид қиламанки, олдинда турган мусобақани ҳам муваффақиятли ўтказа оламиз. Бугунги кунда мамлакатимизда 100 дан ортиқ оғир атлетика заллари фаолият юритмоқда. Уларда 8000 нафардан ортиқ спортчилар машғулотлар олиб борадилар. Икки йил олдин Риода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида Руслан Нуриддинов олтин медални қўлга киритди. Спортчиларимиз қўлга киритаётган муваффақиятлар муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан яратилаётган шароитлар самарасидир.

Буэнос-Айресда ўтказиладиган ўсмирлар Олимпия ўйинларига уч нафар оғир атлетикачимизнинг йўлланма қўлга киритгани бизга ғурур бағишлайди. Ҳурматли меҳмонлар, сизлар учун барча талабларга жавоб берадиган шароитлар яратишга ҳаракат қилдик. Энди эса мусобақаларга навбат етиб келди. Спортчиларимизга омад тилаймиз, чинакам кучлилар ғолиб бўлишсин. Оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини очиқ деб эълон қиламан”, – деди Танзила Нарбаева.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради.

Халқаро оғир атлетика федерацияси Президенти Томаш Айян жаҳон чемпионати мезбонлиги билан барчани табриклаб ўтди.

“Халқаро оғир атлетика федерацияси номидан Ўзбекистонда ташкил этилаётган жаҳон чемпионати билан қутлайман. Сизлар ажойиб мамлакатда истиқомад қиласизлар.
Маълумки, оғир атлетика Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган спорт туридир. Ваъда бераманки, 2020, 2024, 2028 йилларда ҳам ушбу спорт тури Олимпиада дастурида бўлади.
Фурсатдан фойдаланган ҳолда мусобақани ташкил этишда ёрдам берган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига миннатдорчилик изҳор этаман. Оғир атлетика ривожига қўшаётган ҳиссангиз учун раҳмат”, – деди венгриялик мутахассис.

Шундан сўнг мартабали меҳмонларга миллий урф-одатларимизга кўра эсдалик совғалари тақдим этиди. Оғир атлетика бўйича уч карра Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионлари Пиррас Димас, Кахи Кахиашвилиларга ҳам миллийлигимизни намоён этувчи зарбоп чўпонлар тақдим этилди.

Кейин эса маросимнинг бадиий қисми бошланди. Доирачилар, шунингдек, ўзбек эстрадаси юлдузларининг чиқиши йиғилганларнинг кайфиятини янада кўтарди. Байрамдан сўнг мусобақаларга старт берилди.


Манба: olympic.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz