Ёдингизда бўлса, 2011 йилги Осиё кубоги чорак финалидан ўрин олган Иорданияга қарши баҳсда Ўзбекистон термаси ҳужумчиси Улуғбек Бақоев ўзига ярашмаган 2-рақамда майдонга тушганди.
Муҳими, мазкур ҳолат маҳоратли форвардга омадли келиб, рақиб дарвозасини икки марта ишғол қилганди.
Жаҳон футболида футболчиларнинг ноодатий рақамда майдонга тушишлари кўп кузатилган. Бугунги мақола айнан шу мавзуга бағишланади.
Ҳозирги пайтда футболчиларнинг рақамсиз либосда майдонга тушишини тасаввур қилиш қийин. Бунақаси анча аввал кузатилган. Биринчи марта футболка орқасига рақам ёпиштирилган расмий учрашув 1923|1924 йиллар мавсуми АҚШда ўтказилган.
Европада эса бу анъана илк бор Англияда қўлланилган. Ушбу воқеа «Арсенал» - «Шеффилд Уэнсдей» ҳамда «Суонси» - «Челси» баҳсида рўй берган.
Ўша кезлари рақамлар қатъий равишда ҳар бир футболчининг майдондаги позициясига қараб берилган. Деярли ҳамма жамоалар бир хил тактикада (2-3-5) тўп суришган, 1дан 10гача бўлган рақамлар эса ўйинчиларга қуйидагича тақсимланган:
1. Дарвозабон
2. Марказий ҳимоячи (ўнг)
3. Марказий ҳимоячи (чап)
4. Ҳимоявий ярим ҳимоячи (ўнг)
5. Ҳимоявий ярим ҳимоячи (марказ)
6. Ҳимоявий ярим ҳимоячи (чап)
7. Ўнг қанот вингери
8. Ўнг инсайд (ҳужумкор ярим ҳимоячи)
9. Марказий ҳужумчи
10. Чап инсайд (ҳужумкор ярим ҳимоячи)
11. Чап қанот вингери.
Кейинчалик кўпчиликка таниш 4-4-2 схемасига ўтилгач, ўйинчилар рақами шунга яраша ўзгарди.
1. Дарвозабон
2,3. Ўнг ва чап қанот ҳимоячилари
5,6. Марказий ҳимоячилар
7,11. Ўнг ва чап томондаги ярим ҳимоячилар
4,8. Марказий ярим ҳимоячилар
9,10. Ҳужумчилар.
Англияда мазкур ҳолатни жуда қадрлашгани сабабли, 2006 йилги жаҳон чемпионатида ҳам терманинг асосий таркиб футболчилари либосидаги рақам худди шу схемага мос тушганди. Айни қоида туфайли рақамларнинг айримларини ҳозиргача «ҳимоячилар учун», баъзиларини эса «ҳужумчилар учун» дейилишига ўрганиб қолганмиз.
Келинг, тарихга назар ташлаймиз-да, ўз позициясига «ярашмайдиган» рақамда тўп сурган машҳур футболчиларни ёдга оламиз.
1 - Эдгар Давидс («Барнет», МЯҲ - марказий ярим ҳимоячи), Норберто Алонсо, Освальдо Ардильес (иккиси Аргентина термаси, МЯҲ), Симон Вукчевич («Партизан», МЯҲ), Жонатан Де Гузман («Кьево», МЯҲ), Диего Соуза («Атлетико Минейро», ҲЯҲ - ҳужумкор ярим ҳимоячи)
Майдондаги ўйинчининг 1-рақам остида майдонга тушганига кўплаб мисоллар бор. Афсонавий Эдгар Давидс «Барнет»да ўйновчи-мураббий бўлиб ишлаётганида, «1»да тўп сурган.
Аргентиналик хавбеклар Норберто Алонсо ҳамда Освальдо Ардилес эса алифбодан жабр кўришган. Чунки ўша кезлари уларнинг миллий жамоасидаги раақмлар айнан алифбо кетма-кетлигида танланиши белгилаб қўйилганди (бу борада фақатгина Марадонага истисно қўлланган).
Шунингдек, Диего Соуза ҳам «Атлетико» Минейро»да 1-рақам остида ўйнаган.
2 - Эмилиано Вивиано («Сампдория», Д - дарвозабон), Жо Уайлдсмит («Шеффилд Уэнсдей», Д), Аруна Коне (МФ - марказий форвард), Уилфрид Бони («Суонси», МФ).
«Унга катта сонлар ёқмасди, «1» ва «12» эса банд эди. Натижада 2-рақамни танлади» - дарвозабон Вивианонинг «Сампдория»даги танлови шундай изоҳланганди. Яна бир кипер Жо Уайлдсмит эса 1-рақам бандлиги сабабли, унга яқинроқ бўлган «2»ни маъқул кўрган.
Африкалик форвардлар Коне ва Бони ўз жамоаларида марказий ҳужумчиларга хос бўлмаган 2-рақамда тўп суришган. Бони якунига етган мавсумда шундай қарорга келган бўлса, Коненинг бутун фаолияти «2» билан боғлиқ.
3 — Асамоа Гьян (Гана термаси, МФ), Муҳаммад Каллон («Интер», МФ).
Яна бир африкалик ҳужумчилар жуфтлиги. Гьяннинг Гана термасида 3-рақамли футболкада ўйнашига мухлислар кўникиб улгуришган. Муҳаммад Каллон эса «Интер»даги фаолиятини 3-рақамли либосда ўтказган.
4 - Нванкво Кану (Нигерия термаси, МФ), Хал Робсон-Кану («Вест Бромвич», МФ).
Уэльс термаси форварди Хал Робсон-Кану, мана иккинчи мавсумдирки, «Вест Бромвич»да марказий ҳужумчиларга хос бўлмаган 4-рақам остида ўйнаяпти. «Бир хонали сонларни маъқул кўраман, улар чиройлироқ.
«9» бандлиги боис айнан «4»ни танлаганман. Қолаверса, деярли адашим бўлган Нванкво Кануни эсласангиз, у ҳам «Вест Бромвич»да ўйнаган, Нигерия термасидаги фаолиятини эса 4-рақамда ўтказган», - дейди Хал.
5 - Милан Барош («Ливерпуль», МФ), Самуэль Это~О («Эвертон», МФ), Зайниддин Зидан («Реал», ҲЯҲ).
Форвардлар учун одатий бўлган «9»да ўйнашига кўникканимиз Это~О «Эвертон»га ўтганида бу рақам банд экан. Танлов учун эса «12», «13», «25», «28», «33» тақдим этилган. Аммо африкалик ҳужумчи марказий ҳимоячиларга хос рақамни танлаган.
Худди шундай ҳолат Зайниддин Зидан билан ҳам кузатилган. «Юве»да 21, Франция термасида эса 10-рақам остида ўйнаган Зизу «Реал»га келганида, бу рақамлар бошқа юлдузлар томонидан эгаллаб бўлинганди.
6 - Эмануэль Адебайор («Реал», МФ), Даррен Хакерби («Норвич», МФ).
«Олтилик» форвардлар эмас, балки марказий ҳимоячиларга мос. Адебайор эса фаолияти давомида турлича рақамларда ўйнаган: 20, 24, 25, 9, 10.
Мадридда эса бир мавсум давомида 28 ва 6-рақамларда тўп суришга улгурган. Яна бир ҳужумчи Даррен Хакерби эса «Норвич» ва «Сан-Хосе»да «6»ни маъқул кўрган.
7 - Пабло Армеро (Колумбия термаси, ЧҚҲ - чап қанот ҳимоячиси), Винстон Богард («Челси», МҲ - марказий ҳимоячи), Лука Буччи («Парма», Д)
7-рақам остида ўйнаш, айниқса, «Манчестер Юнайтед»да жуда урф бўлган, ундан афсонавий футболчилар фойдаланишган. «Еттилик» асосан ҳужумкор ўйинчилар номи билан боғлиқ — Андрей Шевченко, Рауль Гонсалес, Криштиану Роналду. Аммо Пабло Армеро ҳамда Винстон Богард сингари ҳимоячилар ҳам ушбу рақам остида ўйнашга қарор қилишган.
Ушбу рўйхатдаги энг ажабланарли персонаж - италиялик дарвозабон Лука Буччи. Унинг профессионал фаолияти «1» билан бошланган. Аммо кейинчалик, 33, 37, шунингдек, киперлар учун ноодатий бўлган 5 ва ҳаттоки, 7-рақам остида ҳам майдонга тушган. «Наполи»да ўтган фаолиятининг сўнгги дамларини эса «70»да ўтказган.
8 - Глен Жонсон («Сток Сити», ЎҚҲ - ўнг қанот ҳимоячиси), Марсель Десайи (Франция термаси, МҲ), Златан Ибрагимович («Интер», МФ), Уэйн Руни («МЮ», МФ).
Лэмпард, Жеррард, Гаттузо, Иньеста - 8-рақамли футболчиларни ёдга олганда, биринчи навбатда, кўз ўнгингизда айнан шу ярим ҳимоячилар гавдаланади. Аммо «саккизлик»дан бошқа позиция вакиллари ҳам фойдаланишган.
Глен Жонсон «Сток Сити»га ўтгач, ўнг қанот ҳимоячиси учун «8» айни муддао деб билди. Марсель Десайи ҳам Франция термасида шундай рақамли либосда ўйнаган. Златан Ибрагимович эса «Интер»га ўтганида, севимли «9» ва «10» бандлиги сабабли, марказий форвардга хос бўлмаган рақамни танлашга мажбур бўлган.
Шунингдек, Уэйн Руни ҳам навқиронлик даврида «МЮ»нинг 8-рақамли футболкасида тўп сурган. Ҳозир уни форвард эмас, кўпроқ ярим ҳимоячи сифатида биламиз. Аммо «қизил иблислар» сафида ўйнаганида, унинг асосий эътибори рақиб дарвозасини ишғол қилишга қаратиларди. Шу боис, кўп ўтмай рақамини «10»га алмаштирган.
9 - Ҳолид Булаҳруз («Челси», МҲ), Николай Морозюк («Динамо» Киев, ЎҚҲ)
Голландиялик ҳимоячи Ҳолид Булаҳрузнинг «Челси»да 9-рақам остида ўйнагани нафақат англияликлар, балки бутун жаҳондаги футбол мухлисларига ғалати туюлганди. Зеро у тўп сурган кезлари «аристократлар» сафида Саломон Калу, Шон Райт-Филлипс, Арьен Роббен, Скотт Синклейр каби ҳужумкор футболчилар фаолият юритишган.
Аммо санаб ўтилган ўйинчилар 11дан юқорироқда бўлган рақамларни танлашган. Украина Премьер-лигасида ҳам марказий форвардларга хос рақамда ўйнайдиган ҳимоячи бор. Николай Морозюк гарчи қанот ҳимоясига мослашиб улгурган бўлсада, фаолиятини ҳужумкуор футболчи сифатида бошлаган.
10 - Вильям Галлас («Арсенал», МҲ), Кристиан Лупателли («Фиорентина», Д)
2006 йили Лондоннинг икки клуби ўзаро ўйинчи алмашди. Эшли Коул «Челси»га, Вильям Галлас эса «Арсенал»га ўтди. Француз ўшанда ҳимоячиларга хос бўлмаган «10»ни танлаганди. Умуман, ушбу рақам остида 4 мавсум тўп сурган Галлас 17та гол уришга эришди.
Ваҳоланки, аввалги жамоаларида жами 19 марта тўп киритганди, холос. Дарвозабон Кристиан Лупателли «Кьево»да икки мавсум 10-рақамда ўйнади, кейинчалик «Рома»га ўтганида эса унинг либосига «3» муҳрланганди. Римдан кетгач, Лупателли асосан 12дан юқорироқ бўлган сонларни танлади.
11 - Синиша Михайлович («Лацио», МҲ), Дарио Срна (Хорватия термаси, ЯҲ - ярим ҳимоячи), Александр Коларов («Рома», ЧҚҲ), Андре Сандро («Арсенал», ЧҚҲ).
Ҳозирги пайтда қанот ҳимоячиларининг 11-рақам остида тўп суришлари одат тусини олмоқда. Александр Коларов «Рома» ва Сербия термасида айнан «ўн бирлик»дан фойдаланади, «Манчестер Сити»да ҳам шундай бўлган. «Шахтёр» сардори Дарио Срна эса клубдаги «33»дан фарқли равишда, миллий жамоада «11»да ўйнайди.
Шунингдек, Андре Сантосни эслаш мумкин. Бу йигитча, 12 млн. евро эвазига «Арсенал» сафига ўтгач, фақатгина можароли эпизод қаҳрамони бўлгани билан ёдда қолганди: «МЮ»га қарши баҳсда 11-рақамли футболкасини Робин ван Персининг либосига алмаштирганди.
Гарчи ҳимоя марказида тўп сурсада, ҳужумчиларга хос «11»ни танлаган Синиша Михайловични ҳам кўпчилик яхши танийди. У мудофаа вакили бўлишига қарамай, фаолияти давомида рақиблари дарвозасини 70 марта ишғол қилган.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20