Қайднома

Қидирув

Темурхўжа Абдухолиқов: «Пулни тўртинчи ўринга қўяман»

Темурхўжа Абдухолиқов: «Пулни тўртинчи ўринга қўяман»

  09.07.2018 06:47
  0
  1341
Темурхўжа Абдухолиқов: «Пулни тўртинчи ўринга қўяман»

Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов ҳалигача ўзига янги клуб топгани йўқ.

Ваҳоланки, футболчига юртимиз жамоаларидан ташқари, Қатар ва Жанубий Корея клубларидан ҳам таклифлар бор. Лекин Темурхўжа танлов борасида шошилмасликни афзал билмоқда.

Зеро, кейин бир йилга яқин вақт мобайнида қийналиб юрмаслик учун обдон ўйлаб, кейин қарор чиқарган афзал. Суперлиганинг «Локомотив», АГМК ва «Пахтакор» жамоалари Абдухолиқовни ўз таркибларида кўришни хоҳлашганди. Лекин «Насаф» ҳужумчиси Черанни ўз сафига қўшиб олганидан сўнг, «Пахтакор» варианти ўз-ўзидан йўққа чиқди.

«Локомотив» эса Нивалдонинг ўрнига айнан Темурхўжани кўзламоқда. Футболчида Қатар клубидан ҳам аниқ таклиф бор. Шу сабабли, тажрибали форвард жамоа танлаш борасида бироз иккиланмоқда.

Абдухолиқовнинг «Ал-Сайлия» клуби билан тузилган шартномаси якунига етгани боис,  мазкур ҳужумчи озод агентга айланган ва исталган жамоа билан музокара ўтказиши мумкин.

Биз таътилни Тошкентда ўтказаётган Темурхўжа Абдухолиқов билан учрашиб, унга  ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, интервью олдик.

- Темурхўжа, таътил қандай ўтяпти? Спорт формангизни ушлаб туриш мақсадида машғулотларни канда қилмаяпсизми?

- Таътил юзага келиши билан уйга - оила аъзоларим бағрига ошиққандим. Мана бир неча ҳафтадирки, мен учун яқин бўлган инсонлар даврасида таътилни ўтказяпман.

Бу орада сиз айтгандек, машғулотларни ҳам бир зумга ташлаб қўймаяпман. Лекин бирорта клуб таркибида эмас, ўзим индивидуал тарзда шуғуллан-япман.

- Кейинги режалар қандай? Фаолиятингизни қайси клубда давом эттирмоқчисиз?

- Бу масалада ҳали бир тўхтамга келганим йўқ. Олдимда 3-4та вариант бор. Улардан энг мақбулида тўхтайман. Бу борада биринчи галда отам ҳамда яқинларим, қолаверса, агентим билан маслаҳатлашяпмиз.

Қизиқарли таклифлар бўлгани учун ҳам бу жараён бироз чўзилмоқда. Лекин тез орада бу ҳақда сизга биринчилардан бўлиб хабар бераман. 

- Таклифлар орасидан қайси бири маъқул кўринмоқда?

- Бундай олиб қаралса, ҳаммаси маъқул. Юқорида айтганимдек, бир-биридан қизиқарли таклифлар бор. Шу жиҳати ҳам мени иккилантириб қўймоқда.

- Таклифни қабул қилишда биринчи ўринга қайси жиҳат қўйилади? Масаланинг молиявий томоними ёки..?

- Биринчидан, чемпионатнинг савиясига қарайман. Кейин клубнинг мавқеси, ўз олдига қўйган мақсадига эътибор қаратаман. Учинчидан, танлаган жамоамдаги кейинги фаолиятим қандай кечиши мумкинлигини чамалаб кўраман.

Шундан кейин эса пул ҳақида ўйлайман. Демак, масаланинг молиявий тарафи тўртинчи ўринда туради.

- Фаолиятингизни яна Қатарда давом эттириш имкониятини қандай баҳолайсиз? Охири тўп сурган  жамоангиз шартномани узайтириш таклифи билан чиқмадими?

- Мана бугун, яъни 30 июнь куни «Ал-Сайлия» билан имзолаган шартномам ўз якунига етди. Ушбу клубда фаолиятимни давом эттирмаслигим юз фоизга аниқ бўлиб улгурган.

Лекин фаолиятимни Қатарнинг бошқа жамоасида ҳам бошлашим мумкин. Ҳозир менда бу борада аниқ таклиф бор. Балки, янги мавсумни ҳам Қатар Юлдузлар лигасида бошларман.

- Жамоангизнинг ўтган мавсумдаги иштироки ҳақида нима дея оласиз? Чемпионатдаги иштирок клубнинг имконияти нуқтаи назаридан қониқарли баҳоландими?

- Очиғи, иккинчи даврада жамоамизнинг намойиш этган ўйинларидан ҳеч қайсинимизнинг кўнглимиз тўлмади. Шу жумладан, клуб раҳбариятининг ҳам. Биринчи даврада анча ёрқин ўйин намойиш этган эдик.

Ҳатто маълум муддат турнир жадвалида пеш-қадамлик ҳам қилгандик. Аммо жамоанинг мен келган пайтдан олдинги натижалари билан мен фаолият юритган вақтдаги натижаларини таққослайдиган бўлсак, бу борада ижобий томонга ўзгариш кўзга ташланади.

Бу билан менинг шарофатим билан «Ал-Сайлия» олдинги мавсумлардан яхшироқ натижа қайд этибди экан-да, деган тушунча пайдо бўлмаслиги керак.

Бироқ факт шуки, «Сайлия»нинг чемпионат якунида эгаллаган ўрни олдинги йиллар билан таққослаганда яхшироқ кўринишга эга. Биринчи даврада намойиш этган ўйи-нимизни чемпионатнинг иккинчи қисмида ҳам кўрсата олганимизда, мавсумни совринли ўринларда якунлаган бўлардик.

- «Ал-Сайлия» маошларингизни тўлиқ бердими?

- Ҳали футболчилар билан тўлиқ ҳисоб-китоб амалга оширилгани йўқ. Умид қиламизки, шу икки ҳафта ичида маошларимизни тўлиқ беришади. Ҳар ҳолда шундай гап-сўзлар бор.

- Мавсумни Ўзбекистон чемпионатида давом эттиришингиз мумкинми? Бу имкониятни неча фоизга баҳолайсиз?

- Эллик фоизга баҳолайман.

- Бошқа Қатар клуби деганда қайси жамоани назарда тутдингиз?

- Агар шу клубни танласам, тез орада билиб оласиз (кулади).

- Ўзбекистонда «Локомотив»дан бошқа жамоада ҳам ўйнашингиз мумкинми?

- Агар «Локомотив» раҳбарияти фикридан қайтса, бўлиши мумкин. Нега энди йўқ?

- Демак, «Локомотив» сизга аниқ таклиф билан чиққан, шундайми?

- Худди шундай.

- Ўйлаб кўриш учун вақт сўрадингизми ёки Қатар варианти сабабли, ўша заҳотиёқ рад жавобини бердингизми?

- Ҳали рад жавобини берганим йўқ. Фақат вақт масаласи муаммо бўлиб турибди.

- «Локомотив»дан ташқари, яна қайси ўзбек жамоаларидан чорлов бўлди?

- «Пахтакор» ва АГМК клубларидан таклиф бўлди.

- Танлов имконияти юзага келса, Ўзбекистондан қайси жамоани танлардингиз?

- Албатта «Локомотив»ни. Бу менинг жамоам.

- Янги клубга кўчиб ўтишингиз агентлар орқали ҳал бўляптими?

- Ўзбекистон жамоалари билан ўзим музокарага киришганман. Хориж клублари билан эса чет элдаги агентим шуғулланяпти. 

- Ўзбекистонлик агентлардан азият чекканмисиз?

- Йўқ. Шунчаки, Ўзбекистон жамоасига ўтиш учун агентнинг хизмати шарт эмас. Мен шуни назарда тутганман.

- Франция - Аргентина ўйинини кўрдингизми? Месси учун ачиндингизми?

- Ҳа, афсуски, Аргентина терма жамоаси ҳамда унинг етакчиси Лионель Мессининг мундиални эрта тарк этгани ёмон бўлди. Лекин футбол жамоавий ўйин, унда маълум бир шахслар эмас, жамоавий ўйини яхши йўлга қўйилган терма жамоа ғалаба қозонади.

Ушбу мағлубият Аргентина терма жамоаси ҳамда Мессининг бутун дунёдаги миллионлаб мухлислари учун кутилмаган зарба бўлди.

Айниқса, аргентиналиклар ҳисобда олдинга чиқиб олган пайтда жуда кўпчилик ўша оқшом америкаликлар ғалаба қозонади, деб ўйлаганди. Афсуски, якунда бундай бўлмади.

- Аргентинанинг мағлубиятида асосий омил нима бўлди?

- Ҳимоя чизиғи ҳамда дарвозабоннинг заифлиги. Шахсий фикрим шундай.

- Мураббий факторичи? Худди гуруҳ учрашувларида бўлгани каби Сампаоли Серхио Агуэрони захирада ушлаб тургани-чи?

- Сиз айтган фактор бу - омадсизликнинг учинчи омили бўла қолсин. Ҳақиқатан ҳам Агуэро майдонга тушганидан сўнг, аргентиналиклар ўйинида ёрқинлик кузатила бошланди.

Унинг ўзи дарвозани ишғол қилиб, ҳисобни қисқартирди. Лекин мувозанатни тиклаш учун Месси жамоадошларига вақт етишмади.  

- Жаҳон чемпионатида қайси терма жамоага мухлислик қиляпсиз?

- Аниқ бир жамоага мухлислик қилмаяпман. Лекин Португалия ва Хорватия терма жамоалари кўрсатаётган ўйинларга бефарқ эмасман. Афсуски, Португалия термаси ҳам мағлубиятга учраб, мусобақани тарк этди. Мессидан сўнг Роналду ҳам Россия мезбонлик қилаётган мундиал билан хайрлашди.

Иккала машҳур футболчининг мухлислари энди хотиржам мусобақанинг қолган ўйинларини кузатишади. Португалияда ҳам худди Аргентинада бўлгани каби ҳимоя муаммоси бор эди. Жамоанинг омадсиз иштирокига биринчи галда ҳимоя қўрғонидаги кемтиклар сабаб бўлди, деб ўйлайман.

Кейин Португалия ва Аргентина термаси дарвозабонлари мағлубиятда катта айбни ўз зиммаларига олишлари керак. Бу менинг шахсий фикрим. Қизиғи, Хорватия терма жамоаси ҳам ҳимоя чизиғи билан мақтана олмайди.

Ўзим Хорватия чемпионатида ўйнаганим учун ҳам бу мамлакат терма жамоасининг мундиалдаги иштирокига бефарқ эмасман. Терма жамоа таркибида дўстларим бор. Уларнинг ўйинларини кузатяпман.

- Темурхўжа, сизнингча, қайси терма жамоалар жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритади? Қайси жамоаларнинг имкониятини қолганларга қараганда юқорироқ баҳолайсиз?

- Франция ва Англия терма жамоаларининг. Шу икки терма жамоадан бири чемпион бўлишини хоҳлайман. Чемпионат тўридан келиб чиқиб, шундай фикр билдиряпман. Лекин мусобақа бошланишидан олдин Англия термасини фаворитлар қаторига қўшмагандим.

Гуруҳ босқичида ўтказган ҳужумкор ўйинларидан сўнг бу терма жамоадан ҳам ижобий натижа кута бошладим.

- Германия терма жамоасининг ўз гуруҳида сўнги поғонани эгаллагани сиз учун ҳам кутилмаган ҳолат бўлдими?

- Йўқ. Мен немисларнинг илк ўйинини кўрганимдан кейин амалдаги жаҳон чемпионлари узоққа бора олмаслигини сезгандим. Менимча, Германия термасини Тер Штегеннинг уволи тутди. Шу томондан Германиянинг ютқазгани яхши бўлди.

- Ўзбекистон Суперлигасини кузатиб бориш имконияти бўлдими?

- Тўлиқ кузата олмадим. Лекин имкон қадар кўриб боришга ҳаракат қилдим. Бу йилдан эътиборан Суперлиганинг барча ўйинларини Sport каналида намойиш этилаётгани яхши янгилик бўлди. Ташқаридан қараганда, баҳслар қизиқарли тарзда ўтяпти. Интрига бор.

- Ичкаридан қараганда-чи?

- Бунинг учун Суперлигада ўйнаб кўришим керак. Дўстларим чемпионат кучайган дейишяпти.

- «Локомотив»га бефарқ эмассиз. Лекин амалдаги Ўзбекистон чемпионлари биринчи даврада ўз имкониятларидан анча паст даражада ўйнашди. Балки, собиқ жамоадошларингиз, дўстларингиз билан гаплашгандирсиз. Муаммо нимада бўлиши мумкин?

- Икки йил давомида ҳам чемпионлик ҳам кубокни қўлга киритиш ва унинг баробарида унвонларни сақлаб туриш осон иш эмас. Яъни, бир хил савияда ўйнашнинг имконияти жуда паст.

Клубда мураббий ўзгарди. Балки, иккинчи даврада жамоа ўйинида ҳам ижобий томонга ўзгариш бўлиб қолар. 

- «Темирйўлчилар» кучли олтиликка кира олишармикан?

- Менимча, «Локомотив» кучли олтиликдан ўрин олса керак. Чемпионатнинг янгича форматда ўтказилаётгани ҳеч бир жамоани хотиржам бўлишга қўймаяпти.

- Терма жамоадаги ўзгаришлар ҳақида нима дея оласиз? Осиё кубогидаги рақибларимиз маълум. Имкониятларимизни қандай баҳолайсиз?

- Осиё кубогига ҳали анча вақт бор. Ҳозир Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи галда бош мураббий номини аниқлаб олиши керак.

Кейин шунга қараб тайёргарлик режаси ишлаб чиқилади. Терма жамоамизнинг бугунги ҳолати ҳақида ҳеч нарса дея олмайман.

- Укангиз Орифхўжанинг ўйинларини ҳам кузатиб боряпсизми? Унга қандай тавсиялар беряпсиз?

- Албатта. Камчиликларини кўриб айтяпман. Ҳали ўз устида кўп ишлаши керак.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 23-августдаги пайшанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz