«Тоттенхэм» клуби ҳамда Франция терма жамоаси дарвозабони Уго Льорис уругвайликларга қарши кечган чорак финал баҳсининг бош қаҳрамонларидан бирига айланди.
У учрашувдан сўнг ҳал қилувчи аҳамият касб этган ажобтовур ҳаракати - фантастик «сэйв»ни омадга йўйди, лекин Россиядан олтин медаль билан қайтишни режалаштираётганини яширмади.
- Льорис, жамоадошингиз ҳисобни очганидан ке-йин рақиб фаолликни ошириб, дарвозангиз олдида хавфли вазиятларни кўпайтирди. Жумладан, Мартин Касерес томонидан бош билан йўлланган зарба Рафаэль Варан гол урган вазиятнинг асл нусхаси бўлди.
Муҳими, уругвайлик амплуадошингиздан фарқли ўлароқ, тўпни қайтардингиз. Қўшимчасига, Годиннинг бир қадам масофадан аниқ зарба йўллашига имкон қолдирмадингиз.
- Биласизми, ўйиндаги умумий вазият шунчалик тез ўзгарадики, ўйлашга умуман вақт бўлмайди. Тўпни дарвоза тўсини остидан қайтаргач, Годин қаршисига отилдим.
Акс ҳолда, у дарвозани забт этарди. Шу тариқа кичик устунликни сақлаган ҳолда, танаффусга йўл олдик. Менимча, ушбу омадли ҳаракатим жамоамиз муваффақиятида муҳим роль ўйнади.
- Кейин Антуан Гризманн олис масофадан зарба бергач, Муслера хатога йўл қўйиб, ўз дарвозасидан иккинчи марта тўп олиб чиқди...
- Бу омадсизлик Муслеранинг футбол оламидаги юксак нуфузига раҳна солмайди асло. У дунёнинг энг моҳир голкиперларидан биридир. Шахсан мен Фернандони қаттиқ ҳурмат қиламан. Чунончи, жуда кўп мураккаб вазиятларда Уругвай термасини голлардан қутқариб қолган.
Нафақат Россия мундиалида, бошқа кўплаб йирик мусобақаларда ҳам. Шунчаки, бу сафар омади юришмади. Бу каби хатолар - футболнинг бир бўлаги. Дарвозабон сўнгги маррани қўриқлайди ва унинг хатосини тузатиш имконияти йўқ. Қайтараман, Муслера ўз ишининг чин устаси ва танқидга лойиқ эмас.
- Балки гап тўпдадир... Ахир ЖЧ-2018да бундай хатолар кўп кузатилди. Мундиал учун танланган махсус тўп ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳа, у ўта тез учади. Демак, дарвозабондан саноқли сониялар ичида аниқ тўхтамга келиш талаб қилинади. Агар тўпни ушлаб олишни истасангиз, унинг парвозига мос ҳаракатланишингиз зарур. Лекин шу каби ўзига хос нозик жиҳатларни ҳисобга олиш осон эмас, тўпни алмаштиришнинг эса иложи йўқ.
- ЖЧ «Тоттенхэм» вакиллари учун омадли давом этмоқда.
- Бу жуда ажойиб! Мундиалда тўпланган бебаҳо тажриба клубимизга асқотишига шубҳа йўқ. Эҳтимол, қайсидир клубдошим бу ердан жаҳон чемпиони мақомида қайтар...
Шундай бўлишини истардим. Лекин олдинда муҳим ўйинлар кутмоқда. Қани, кўрайликчи, Англия ва Бельгия термалари уларни қандай ўтказади? Тўғри, айни дамда биз худди бошқа жамоалар каби фақат ўз ўйинимиз хусусида бош қотиришимиз лозим.
- Инглизлар туфайли мусобақани барвақт тарк этган Колумбия терма жамоаси таркибида ҳам «Тоттенхэм» вакили бор эди - ҳимоячи Давинсон Санчес...
- Ҳа, у ажойиб йигит. Ўйлашимча, инглизларга қарши баҳсда ҳам чакки кўринмади. Бироқ футболда ҳар доим адолат тантана қилавермайди. Айниқса, пенальтилар сериясида.
Омад сен томонда бўлсаку, яхши. Лекин баъзан... Санчес ҳали жуда ёш ва мана, ЖЧдек йирик мусобақада ишончли тўп суришга улгурди. Қисқаси, «Тоттенхэм»ни ҳам, Колумбия термасини ҳам порлоқ келажак кутмоқда.
- Ҳозирда мундиал ғолибига айланишга жуда яқин турибсизлар. Айтингчи, Дидье Дешам тажрибаси, яъни жаҳон чемпиони эканлиги жамоага қандайдир ёрдам беряптими?
- Очиғи, бу борада аниқ гапириш мушкул. Тўғри, устозимиз терма жамоа сардори сифатида бебаҳо тажриба тўплаган, Франция футболи учун ягона бўлиб турган кубок соҳиби саналади. Энди унинг раҳбарлигида шоҳсупага кўтарилиш йўлларини излаяпмиз.
Орзуни рўёбга чиқариш учун навбатдаги беллашув - ярим финалга пухта тайёргарлик кўришимиз талаб этилади. Таъкидлаш жоиз, ҳозирги Бельгия терма жамоаси таркиб борасида ҳам, маҳорат бобида ҳам, ўта кучли. Шундай экан, учрашув чинакам спектаклга айланиши тайин.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20