Қайднома

Қидирув

«Хавфли бурилиш» ёхуд футболдаги кутилмаган жароҳатлар ҳақида

«Хавфли бурилиш» ёхуд футболдаги кутилмаган жароҳатлар ҳақида

  10.07.2018 06:33
  0
  1437
«Хавфли бурилиш» ёхуд футболдаги кутилмаган жароҳатлар ҳақида

Жароҳат - миллионлар ўйинида учраши мумкин бўлган энг қайғули ҳолат. Айрим футболчилар борки, ўта ғалати вазиятда шикастланишади. Soccer.ru айни мавзуда мақола тайёрлаб, бунга етарлича мисоллар келтирди.

СЭМ ХЕНДЕРСОН

«Куин оф зе Саут» (Шотландия) клубининг 19 ёшли дарвозабони оилавий фермасига борлигидан афсусланган бўлса, ажабмас. Зеро бу нафақат машаққатли меҳнат, балки катта таваккалга тенг экан. Қочиб кетган сигирни фермага қайтариш вазифаси Хендерсоннинг зиммасига юклатилгач, озодликдан сарамаст жонивор ишга жиддий киришган футболчини жароҳатлаганди. Оқибатда, Сэм елкасидан жиддий жароҳат олиб, майдонга тушолмаган.

ЭВЕР БАНЕГА

Баъзан ғалати жароҳатлар ўта жиддий бўлиб чиқади. Ишонмасангиз, Банегадан сўраб кўринг. Автомобилининг қўл тормозини кўтаришни унутгани сабабли, машина Эвернинг оёғини босиб кетган. Натижа эса - синиш ва ярим йил майдондан ташқарида қолиш. Бир дақиқалик лоқайдлик қанчалик қимматга тушганини тушунаётгандирсиз?!

САНТЬЯГО КАНИСАРЕС

«Валенсия» дарвозабонининг ҳолати бунданда аламли бўлганди. 2002 йилги жаҳон чемпионати якуний «заявка»сидан ўрин олган Канисаресда бошқа испаниялик киперлар соясидан чиқиш учун ажойиб имконият туғилганди. Аммо тақдир Сантьягога қалтис ҳазил ишлатди. Уйида соқол олаётганида, атир идиши ерга тушиб чил-чил бўлган, Канисарес эса тўсатдан уни босиб олганди. Жароҳат жиддий эди - шиша синиғи товонни кесиб, оёқ пайига текканди. Охир-оқибат ЖЧ-2002 бўйича тузилган режалар саробга айланди.

ЯРИ ЛИТМАНЕН

Одатда, футболчилар ғалати тасодиф туфайли эмас, балки ўзларини ҳаддан зиёд аямасликлари сабабли жароҳат орттириб олишади. Шу боис, аксарият клублар шартнома имзолаш чоғида турли экстремал спорт турлари билан шуғулланишни тақиқлаб қўйишади. Умуман, шусиз ҳам таваккалчилик ҳолатлари етарлича кузатилади. Литманен «Мальмё» клуби спорт директори билан гаров ўйнаб, шиша идишни кўзи билан очишга уринган. Оқибатда кўриш аъзосининг жиддий лат ейиши сабаб Яри бир нечта ўйинни майдондан ташқарида ўтказган.

ОТАР ХИЗАНЕЙШВИЛИ

Кўз билан боғлиқ муаммо грузиялик ҳимоячини ҳам сафдан чиқарган. Аммо унга шиша идиш эмас, балки бут шикаст етказган. Хизанейшвили қаерга борса ҳам ўша санамни ёнида олиб юрарди. Бир сафар ухлаб ётганида, кровати тепасига ўрнатилган бут йиқилиб, унинг кўзини жароҳатлаган. Шифокорлар футболчининг кўз олмасини даволаш учун кўп тер тўкишган.

ДАРИУС ВАССЕЛЛ

Бошқа бир аҳмоқона қилиқ ҳам яшил майдон четида кузатилган. «Топқир» форвард ўзини даволашга киришиб, йиринглаган тирноғидан қутулишнинг ғалати усулини ўйлаб топди. Васселл оддий дрель ёрдамида ярани очишга киришди. Бундай эҳтиёткорсизлик футболчини тирноғи айиришдан ташқари, бир неча ҳафта мобайнида футболдан четда қолдирди.

АЛАН НИЛЬСЕН

Кўз билан боғлиқ муаммолар мавзусини давом эттириб, «Тоттенхэм»нинг даниялик футболчисини ёдга оламиз. 90-йиллар охири Аланнинг кўриш қобилияти хавф остида қолганди. Эътиборлиси, унинг янги туғилган қизалоғи бунга сабабчи бўлган: чақалоқ Нильсеннинг кўзига бармоғини суқиб олган. Ушбу воқеадан сўнг футболчи бир неча ҳафта футболдан четда қолиб, асосий вақтини оиласига ажратганди.

ДАРРЕН БЕРНАРД, КАРЛО КУДИЧИНИ, МАРКО АРНАУТОВИЧ

Футболчилар шартномасида нафақат экстремал спорт турлари, балки итлар билан ўйнаш бўйича ҳам тақиқ қўйиш керак шекилли. Қуйида қайд этиладиган уй жониворларига тааллуқли учта ҳолат ҳам шунга ишора қилмоқда. Дарвозабон Кудичини кучугини сайр қилдираётганда, эҳтиёткорликка йўл қўйди. Ит кутилмаганда ўрнидан жилгач, Карло мувозанатни сақлай олмай, тиззаси билан йиқилди. Натижада жиддий операцияни бошдан кечирди. Худди шундай ҳолат Арнаутович билан ҳам кузатилганди. Бернард тушган ҳолат эса барчасидан ошиб тушган. Унинг кучуги уйида ахлат қолдирган, Даррен эса буни сезмаган. Кутилмаганда ўша ахлатни босиб олган футболчи йиқилиб, жиддий лат еган.

РИО ФЕРДИНАНД

Пайлар билан боғлиқ муаммо кўпчиликда кузатилган. Эътиборлиси, улар футболга алоқадор бўлмаган ҳолатларда орттириб олинган. Кулгили воқеалардан бири Фердинанднинг ҳаётида рўй берган. Телевизор кўриб ётган футболчи қўнғироққа жавоб бериш мақсадида телефонга ноқулай тарзда интилган. Оқибатда, қўл пайи чўзилган.

АЛЕССАНДРО НЕСТА

Бошқа бир афсонавий ҳимоячи ҳам шунга ўхшаш ҳолатга тушган. Неста ўша пайт компьютер ўйини билан машғул бўлган. Бундай машғулотга астойдил берилганидан, пайлари чўзилганини сезмай қолган. Шундай воқеаларни кузата туриб, ўйланиб қоласан: балки клублар ўйинчиларнинг футболдан ташқаридаги барча машғулотлардан четлашишларини талаб қилиши керакмикан? Ахир оддий «жойстик» туфайли жароҳат олишни қандай тушуниш мумкин?

ЖЕРОМ БОАТЕНГ

Бу футболчи тез-тез шикастланади, аммо жароҳат асосан футбол билан боғлиқ бўлади. Боатенг бир сафар навбатдаги даволаниш курсларини якунлаш арафасида самолётдаги нохуш ҳолат туфайли сафга қайтишни кечиктирганди. Жером ўрнидан тураётиб, ичимлик турган аравачани пайқамай, унга урилган ва жиддий лат еганди.

ШОН ФЛИНН

Флинн олган жароҳат Боатенгникидан ҳам ғалатироқми, айтиш қийин. Шон ҳам ғилдиракли буюмни назардан четда қолдирган: бу фарзандининг ўйинчоқ машинаси эди. Комедия фильмларида бўлгани каби, автомобилчани босиб олган футболчи ерга қулаб, жиддий жароҳат олди, бурни сингани эса ҳаммасидан ошиб тушди.

Яна кўплаб футболчилар ноодатий ҳолатлар туфайли шикастланишган: реклама тўсиқлари урилиш, ғалаба ва голларни нишонлашдаги эҳтиётсизлик шулар жумласидан. Аммо биз бугун фақат футболдан четда кузатилган воқеаларга тўхталдик.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz