Қайднома

Қидирув

Кўрсатмаларнинг оғир ва ортиқча босими

Кўрсатмаларнинг оғир ва ортиқча босими

  11.07.2018 06:38
  0
  769
Кўрсатмаларнинг оғир ва ортиқча босими

Россияда ЖЧ-2018нинг хайрлашув шарпаси кеза бошлади. ФИФА президенти Жанни Инфантино чорак финалнинг сўнгги икки баҳсидан аввал жорий мундиал билан боғлиқ дастлабки таассуротларини баён этди.

Унинг айтишича, Россия ЖЧни ташкиллаш бобида янги эталонни намойиш қилибди. ФИФА раҳбари яна мундиал футбол дунё­сининг Россия ҳақидаги умумий тасаввурларини ўзгартириб юборганини алоҳида қўшимча қилди.

Жанни Инфантинонинг ҳайрату-ҳаяжонини тушуниш мумкин. Чунки ЖЧ-2018га нисбатан «бойкот» эълон қилиш ҳаракати бошланган пайт айнан у футбол сиёсатдан устун туришини қатъий таъкидлаб, Россияга юксак ишонч билдирганди. Мана, ЖЧ-2018 ташкилий қўмитаси шу ишончни оқлади. Айниқса, мамлакат раҳбари ва ҳукумат бу борада мисл­сиз ёрдам кўрсатди.

Қисқаси, ФИФА бошлиғи режаларининг рўёби таъминланди. Бу эса навбатдаги сайловда ташкилот тепасидаги лавозимда қолиш ҳуқуқини қўлга киритишдан умидвор Жанни Инфантино учун айни муддаодир.

Хуллас, Россияда футбол воситасида одамлар руҳияти, ижтимоий-маънавий муҳит янгиланди. Ҳозирдан хулоса чиқариш мумкинки, мундиал Россия футболининг янги тараққиёт босқичига пойдевор вазифасини ўтади.

Шу хулосадан келиб чиқиб, миллий футболимиз муҳитининг бугунги ҳолатидан ҳеч бир қониқмай, чинакам туб ислоҳотларни далиллик билан давом эттиришимиз даркор. Гарчи миллий чемпионатимиз формати ва регламенти кескин янгиланган бўлсада, футболимизда «ярқ» этган тараққиёт белгиси кўзга ташланмаяпти.

Клублар бошқарув механизми ва инфратузилмаси ҳозирги ҳолатда сақланиб қолаверса, жиддий ўзгаришларга умид боғлаш қийин. Мураббий қачон изланади?

Футболчи қачон ўз устида ишлайди? Қачонки, эртанги куни, келажакдаги иқтисодий аҳволидан хотиржам бўлса, шартномасининг молиявий томондан кафолатланганлигига ишонса. У шундагина янгича фикрлашга, ўзгача кайфиятда ишлашга интилади.

Битта клуб бошқасининг молиявий инқирозидан фойдаланиб, футболчиларини ўз таркибига оғдириб олиши - бозор иқтисодиётининг маърифати ёввойиларча бузилаётганидан далолат.

Биз анча аввал Бундеслига ривожи ва «Бавария» мутасаддилари муносиб рақиб топиш орзусида «Боруссия»­(Дормунд)­ни кучайтиришгани хусусида ёзгандик. Ўз навбатида, «Боруссия» Юрген Клопп раҳбарлигида Мюнхен суперклубига муносиб рақиб сифатида танилди.

Икки ўртада муросасиз рақобатдан ўзга манфаат бўлмагани таҳсинга сазовор. «Насаф» футболчиларининг «Пахтакор»га ўтишлари, «шерлар» таркибидаги йигитларнинг «Металлург»га ижара асосида жўнатилишлари эса футболимиз тараққиётида нотекис ҳаракатни юзага келтирмоқда.

Қайсики ҳудудда катта футбол бой берилса, кейинчалик уни тиклаш жуда қийин кечади. Ана, Сирдарёда бўй чўзган «Пахтачи», «Янгиер», «Гулистон» анъаналари ҳамон уйқуда. «Автомолист», «Сурхон», «Тўпаланг» довруғини тиклаш жараёни ҳанузгача айтарли самара бермаяпти Сурхондарёда. Шундай экан, Қашқадарё ёки Бухорода катта футболни асраб қолиш - ҳаётий зарурат.

Тўғри, «Обод» фаолиятини якунлаганда, футболимиз муҳити у қадар ачинмади. Россияда эса мундиал арафасида икки клуб фаолиятига нуқта қў­йилди ва жамоатчилик бу воқеага жиддий эътибор қаратмади. Чунончи, «Насаф» ва «Обод»,  «Зенит» ва «Тосно»ни бир-бирига қиёслаш ноўрин эканлиги барчага тушунарли, албатта.

Эътироф этиш керакки, салкам бир йил ичида футболимиз ривожи ва истиқболи йўлида қатор кўрсатмалар тайёрланди ва жойларга етказилди. Аммо уларнинг ижроси масаласида ошкора мақтов сўзини айтиш мушкул.

Аксарият ишлар ҳамон расмий бюрократик услубда, яъни ҳокимларнинг буйруқ - топшириқлари орқали амалга оширилмоқда. Айниқса, клубларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш мақсадида шундай йўл тутилаётгани афсусланарли. Мазкур эскирган усулнинг охири вой, барибир.

Қолаверса, «Қўлдан берганга қуш тўймас» мақоли бежиз айтилмаган. Келажак - моддий жиҳатдан бақувват клубларники! Бошқа йўл йўқ! Кўрсатмаларни бажаришга моддий асос тополмай таранг аҳволга тушган клубларни фақат инвестициялар қутқаради.

ЎзАда ўзбек миллиардерлари ҳақида чоп этилаётган мақолаларни ўқиб бораётган мухлисларнинг аксарияти шундай кунлар келишидан умидвор. Зеро, аллақачон вазият етилган. Ҳозир қатъий йўл белгилаш керакки, натижада футболимиз муҳити кўрсатмаларнинг оғир ва ортиқча босимидан халос бўлсин!

Чунки бу каби босим фаол ритмни, энди кўникилган маромни издан чиқаради. Россия терма жамоасининг чорак финалдаги ўйини ва натижаси шу фикрнинг яққол исботидир. Маълумки, Станислав Черчесов шогирдлари «қизил фурия»га қарши энг яхши ўйинларини ўтказишди.

Шундан сўнг бир ҳафта давомида Россия терма жамоаси томон ҳар тарафдан тинимсиз кўрсатмалар ёғилди. Ҳамма Хорватия терма жамоасига қарши қандай ўйнаш борасида ақл ўргатди. Аҳвол шу даражага етдики, Станислав Черчесов кўрсатмалар босимидан чарчаганини очиқ-ойдин айтди фиғони фалакка чиқиб.

Охир-оқибат, мураббий чўчиган воқеа юз берди. Александр Головин, Александр Самедов, Артём Дзюба каби энг ишонч­ли футболчиларнинг ҳаракатлари мутлақо қовушмади ярим финал довони йўлида. Улар қандай тўп тепишганини англаб-англамай, майдонни тарк этишди. Ҳа, осон эмас кўрсатмаларнинг оғир ва ортиқча босимини кўтариш...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz