Қайднома

Қидирув

Александр Шадринни эслаб…

Александр Шадринни эслаб…

  12.07.2018 06:44
  0
  1200
Александр Шадринни эслаб…

Яқинда Тошкент вилоятининг Бўка туманига борганимда, Александр Шадриннинг ота-онасини йўқладим. Барчамиз биргаликда Сашанинг қабри устига гуллар қўйдик...

Унинг отаси Вячеслав Михайлович ва онаси Лариса Фёдоровна ўғилларининг қандай инсон бўлганини ҳаяжон билан сўзлаб беришди.

У КЕЛАЖАГИ ПОРЛОҚ ФУТБОЛЧИ ЭДИ

Бундан тўрт йил аввал Тошкентнинг «Локомотив» клуби ва Ўзбекистон миллия термасининг иқтидорли футболчиси Александр Шадрин вафот этганди... Агар у ҳозир орамизда бўлганида бу йил 30 ёшини қаршилаган бўларди!

Александр Шадрин ўз вақтида мамлакатимизнинг келажаги порлоқ ҳужумчиларидан бири сифатида тилга олинарди. У бош жамоамизнинг Япония термасига қарши учрашувида ягона ғалаба голи муаллифига айланиб, Ўзбекис­тон футболи тарихига кирганди.

ҚИШЛОҚДАГИ ФУТБОЛ МАКТАБИ ТАРБИЯЛАНУВЧИСИ

Александр 1988 йилнинг 4 сент-ябрида Тошкент вилоятининг Бўка туманида туғилган. У таваллуд топган кичик шаҳарчада 25 минг аҳоли истиқомат қиларди. Шадрин футболдаги илк қадамларини 9 ёшга тўлганида қўйган.

Унга миллионлар ўйинидаги дастлабки қадамларни қўйишда бўкалик мураббийлар Шарофиддин Сирожиддинов ҳамда Фахриддин Мусаев кўмаклашишган. Саша ўз жамоаси сафида энг фаоллардан бири бўлиб, республика спорт мусобақалари ғолибига айланди. «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», «Универсиада» ва бошқа турнирларда зафар қучди.

Александр ўсмирлик чоғларидаёқ анча ўсишга эришиб, юқори даражада тўп сура бошлади. 2003 йили истеъдодли футболчи тажрибали футбол мутахассиси Сергей Артёмович Арутюновнинг эътиборини қозонди... ва унинг шахсий тавсиясига кўра, «Чиғатой» спорт маҳоратини ошириш республика олий мактабига қабул қилинди.

Шадриннинг янги мураббийи вазифасини Виктор Моисеев бажарди. Ёш Саша шунингдек, Ўзбекистон ўсмирлар термаси таркибида 2004 йилги Осиё чемпионатида қатнашиш орқали машҳур эди. Ўшанда ўзининг юқори тезлиги билан Киевнинг «Динамо» клуби селекцио­нерлари диққатини тортганди.

ЎЗБЕКИСТОН ЎСМИРЛАР ВА ЁШЛАР ТЕРМАСИ АЪЗОСИ

Шадрин турли мусобақаларнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичларида иштирок этиш орқали тажриба тўплади, у ҳақда футбол мутахассислари илиқ фикрлар билдира бошлашди.

Кўп ўтмай, унинг иқтидори ва курашувчанлик характери юксак баҳоланиб, Александр Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар термаларидан чақирув олди. Ёш Саша ушбу жамоаларнинг етакчиларидан бири саналарди. Шу тариқа, Шадрин ўсмирлар ва ёшлар даражасида муваффақиятли тўп сурди.

Ўзбекистон ўсмирлар термаси катта мураббийи Виктор Моисеев ўша дамларни ёдга оларкан, жумладан шундай дейди: «1988 йилда туғилган (13 ёшли) болалардан иборат жамоамиз ўша йили омадли старт олганди. Май ойида шогирдларимиз Марказий Осиё кубогини қўлга киритишди.

Мазкур мусобақанинг ҳал қилувчи баҳсида азалий рақиб - Қозоғистон термаси 1:0 ҳисобида таслим этилди. Сўнгра Қирғизистонда ўтказилган халқаро турнирда биринчи ўринни эгаллашди. Ўшанда саккизта жамоа қирғиз миллати қаҳрамони Шадбан-Ботир номидаги фахрий мукофотга эга чиқиш учун ўзаро куч синашганди.

Турнир тақвими ўта зич бўлиб, 5 кунда 5та ўйин ўтказиш талаб этиларди. Аммо бу омил шогирдларимизга халал бермади. Ўзбекистон термаси барча учрашувларда ғалаба қозониб, биринчи ўринни эгаллади. Якунда кубок ва олтин медаллар бизникиларга насиб қилди.

Дарвоқе, ўша мусобақанинг энг яхши тўпурари сифатида термамиз аъзоси Анвар Ражабов тан олинган, «энг фойдали футболчи»га аталган соврин эса Александр Шадринга топширилганди».

Бундан ташқари, Сашага «сеҳрли таёқча» тахаллуси ҳам қўйилганди... «Александр Шадриндаги футбол кўникмалари, унинг характери, муваффақият сари дадил интилиши келажаги порлоқ футболчи бўлиб етишишида асосий омил бўлиб хизмат қилди», - дейди ўша кезлари Ўзбекистон ўсмирлар термаси мураббийлар штабида ишлаган мутахассис Анатолий Лошинин.

ПРОФЕССИОНАЛ ФАОЛИЯТИ

Шадрин 2005 йили Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ўқишга кирди. Шу йилдан Тошкентнинг «Пахтакор» клуби ўринбосарлари таркибига чақирилди. Аммо унинг профессионал футболчилик фаолияти 2006 йили бошланиб, ўшанда Муборакнинг «Машъал» жамоасида ўйнади.

«Газчилар» сафида 34та ўйин ўтказиб, 6та гол урди. 2011-2012 йиллар мавсумини Шадрин Наманганнинг «Навбаҳор» клубида ўтказди: 19та ўйинда 4та гол. Сўнгра 2012-2014 йиллар мобайнида пойтахтнинг «Локомотив» жамоасида тўп суриб, 37та учрашувда рақиблар дарвозасини 7 марта ишғол қилди.

У 2013 йилги футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг кумуш медали соҳиби ҳисобланади. Бу Сашанинг фаолиятидаги сўнгги клуб бўлиб қолди... Александр охирги марта 2014 йилнинг баҳорида Қаршининг «Насаф» клубига қарши баҳсда майдонга тушди ва учрашувнинг 13-дақиқасида ўзининг сўнгги голини қаршиликлар дарвозасига йўллади...

МИЛЛИЙ ЖАМОА АЪЗОСИ

Ёш ва истеъдодли футболчининг ҳаракатлари ўша пайтлари Ўзбекистон миллий термасига устозлик қилган Вадим Абрамовнинг эътиборидан четда қолмади. Тажрибали мутахассис Александрни мамлакатнинг бош жамоасига таклиф этди.

2011 йилнинг 1 июнида Украина термасига қарши ўртоқлик учрашувида Шадрин Ўзбекистон миллий жамоасидаги дебютини нишонлади. 2012 йили Япониядаги «Тойота Стэдиум» майдонига чиққан ҳужумчи термадаги дастлабки ва сўнгги голини урди.

Ўшанда Ўзбекистон миллий термаси 2014 йилги жаҳон чемпионати саралаш баҳсида японларни сафарда мағлубиятга учратганди. Мазкур натижа ҳам, Шадриннинг голи ҳам мамлакатимиз футболи тарихига зарҳал ҳарфлар билан муҳрланди. Александр миллий жамоа сафида 4та ўйин ўтказиб, бир марта тўп киритган.

ОИЛАСИ

Александр Шадрин - кўпмиллатли Ватанининг суюкли фарзанди эди. У Ўзбекистонни жуда севар, ўз юрти билан фахрланарди. Саша аҳил интернационал оилада туғилган... Отаси Вячеслав Михайловичнинг миллати рус, онаси Ларис Фёдоровна Ким эса корейс миллатига мансуб.

Эътиборлиси, Александр ўзбек тилида бемалол гаплаша оларди. Айни пайт унинг рафиқаси Наталья Ким ўғли Дэвид Шадринни тарбияламоқда. Саша фарзандига буюк футболчи Дэвид Бекхэмнинг номини берган...

Дэвид худди отасига ўхшашни орзу қилади. Айни пайт у «Бунёдкор» ФК болалар футбол мактабида таҳсил олмоқда. Кичик Шадрин кўрсатаётган натижалар ҳам чакки эмас...

ФУТБОЛЧИНИНГ ЎЛИМИ

Отасининг айтишича, сўнгги йилларда Александрни ошқозонидаги кучли оғриқлар кўп қийнаган... Шу боис машғулотлардан вақтинчалик четлашиб, жиддий даволанишга мажбур бўлган... Аммо хасталик вақт ўтгани сайин кучайиб бораверди...

2014 йилнинг 21 июнидан 22 июнига ўтар кечаси Александр Шадрин Тошкентдаги шифохоналарнинг бирида оламдан ўтди. Ўлимга панкреатит касаллиги сабаб бўлган.

Бу воқеадан сўнг ўзбек футболи ўзининг порлоқ юлдузларидан бирини йўқотди... Шадриннинг ёрқин хотираси Ўзбекистон футболи оммаси қалбида умрбод сақланиб қолади.

Мавлон ШУКРЗОДА


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 23-августдаги пайшанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz