Қайднома

Қидирув

Ботирали Эргашев: «Навбаҳор» чемпионлик учун курашади»

Ботирали Эргашев: «Навбаҳор» чемпионлик учун курашади»

  12.07.2018 00:19
  0
  1327
Ботирали Эргашев: «Навбаҳор» чемпионлик учун курашади»

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси деярли икки ҳафта давомида Туркияда ўқув-машғулот йиғини ўтказди.

Ушбу йиғин ЖЧ-2018 сабаб Pepsi Суперлигада юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиш мақсадида ташкил этилди ва август ойида Индонезияда ўтказиладиган Осиё ўйинларига тайёргарлик босқичи вазифасини ўтаб берди.

Қитъа мусобақаси дастуридан футбол турнири ҳам ўрин олган бўлиб, Жакарта шаҳрига 23 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган жамоалар ташриф буюради. Табиийки, улар орасида Ўзбекистон термаси ҳам бор.

Маълумот учун, 1994 йили Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилган XII Осиё ўйинларида Рустам Акрамов ва Биродар Абдураимов мураббийлигидаги вакилларимиз чемпионлик шоҳсупасига кўтарилгандилар.

Мусобақа регламентига кўра, мураббийлар таркибга 3 нафар 23 ёшдан катта футболчиларни қўшиб олиш имкониятига эгалар. Демак, Равшан Ҳайдаров тез орада ана шу 3 футболчининг исм-шарифини ошкор қилади.

Биз йиғин якунида термамиз дарвозабони Ботирали Эргашев билан боғланиб, ундан интервью олдик. Мавсум кашфиётига айланган «Навбаҳор» посбони Суперлигада бир неча бор тур ва ой дарвозабони бўлишга эришди.

Ўз ўйинлари билан миллий жамоада ҳам жиддий рақобатни юзага келтира олди. Унинг жамоаси «Навбаҳор» турнир жадвалида 28 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди. «Лочинлар» пешқадам «Пахтакор»дан 5 очко кам жамғаришган.

Эътиборлиси, наманганлик футболчилар худди «Пахтакор» сингари ўз дарвозаларидан 14та ўйинда 8та гол ўтказиб юборишган.

- Ботирали, таътил қандай ўтди? Жаҳон чемпионати сабаб юзага келган танаффус пайтидаги машғулотлар кўнгилдагидек кечдими?

- Қисқа муддатли таътилни ота-онам, оила аъзоларим даврасида ўтказдим. Аммо бу жараён узоқ давом этмади. Клуб ва олимпия жамоамизнинг ўқув-машғулот йиғинлари бошланиб кетди. Термамиз Осиё ўйинларига, клубимиз эса Суперлиганинг иккинчи давра учрашувларига тайёргарлик кўряпти.

Кунига икки маҳалдан машғулотлар ўтказилмоқда. Олдинда бизни мавсумнинг осон бўлмаган учрашувлари кутиб турибди. Осиё ўйинларида иштирок этадиган терма жамоа олдига чемпион бўлиш вазифаси қў-йилган. Қолаверса, худди шундай вазифа клубимизда ҳам йўқ эмас.

Иккинчи давра ўйинлари олдидан жамоамиз турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Таркибда ўзгаришлар бўляпти. Сафимизга номдор футболчилар келиб қўшиляпти.

Ўйлайманки, мавсумнинг қолган учрашувларида ҳам мазмунли ўйин кўрсатиб, мухлисларимизни хушнуд этишга интиламиз. Лекин осон бўлмаслиги ҳозирданоқ маълум. Боиси, давралар оралиғида қолган клублар ҳам ўз таркибларини сезиларли даражада кучайтириб олишди.

- Биринчи давра ўйинлари ҳақида нима дея оласиз?

- Чемпионатимизда ижобий томонга ўзгариш бўлаётганини деярли ҳамма эътироф этяпти. Ҳақиқатан ҳам, миллий биринчилигимизда фақатгина ном ўзгаргани йўқ. Суперлига ўз номига мос тарзда ўтказиляпти.

Шунчаки, ўткинчи ўйинлар ҳақида гап бўлиши мумкинмас. Турнир жадвалининг қуйи қисмида бораётган клублар ҳам етакчилардан бемалол очко тортиб олишяпти.

Қайсидир ўйиннинг ҳисоби у ёқда турсин, ҳаттоки, натижасини ҳам олдиндан тахмин қилиш қийин бўлиб бормоқда. Етакчи клубларимиз ҳам ўз майдонида очко йўқотмоқда. Бу ҳолат чемпионатимизга бўлган қизиқишни янада оширди. Буни стадионга келаётган мухлислар сонидан ҳам билиб олса бўлади.

Ўйлайманки, иккинчи давра учрашувлари бундан ҳам қизиқарли кечади. Шундай фикр юритишга етарлича асослар бор. Ўз ўрнида, бизнинг жамоада ҳам катта ўзгаришлар бўляпти.

Клубда ички муҳит аъло даражада, жуда яхши шаклланган жамоага эгамиз. Бунда мураббийларимизнинг роли катта бўлмоқда. Биз футболчилар олдимизга қўйилган мақсад йўлида меҳнат қиляпмиз.

- Биринчи даврада «Навбаҳор» учун кутилмаган натижа билан якунланган ўйинлар бўлдими?

- Албатта, бўлди. Масалан, «Сўғдиёна» билан кечган учрашувни бемалол кутилмаган ўйинлар қаторида биринчи ўринга қўйишим мумкин. Жиззахда кечган учрашув биз учун аламли мағлубият билан якунланди.

«Сўғдиёна»га қарши баҳсда 2:0 ҳисобида олдинда бораётгандик. Лекин якунда майдон эгалари «камбэк»ни амалга оширишди ва 3:2 ҳисобида зафар қучишди.

- Бунга ўзларинг сабабчи бўлдингларми ёки «Сўғдиёна» футболчилари фавқулодда кучли ўйин намойиш этишдими?

- Йўқ, ҳамма айб ўзимизда. Икки тўп фарқи билан ҳисобда олдинга чиқиб олганимиздан сўнг футболчиларда хотиржамликка берилиш ҳолати кузатилди. Бундан эса мезбонлар унумли фойдаланиб қолишди.

- Иккинчи даврадан нималар кутяпсиз?

- Такрорлайман, кутилмаган ўйин-лардан ҳеч ким кафолатланмаган. Менимча, иккинчи даврада ҳам бундай натижа билан якунланадиган учрашувлар етарлича бўлади. Юқорида айтганимдек, жамоамизга янги футболчилар келиб қўшилмоқда. Таркибни кучайтириш ҳолати бошқа клубларда ҳам кузатиляпти.

Бир нарсани ишонч билан айта оламанки, мухлислар иккинчи даврадаги ўйинлардан асло зерикиб қолишмайди. Қолаверса, олдинда иккинчи босқич учрашувлари ҳам бор.

Олти жамоа иштирокидаги совринли ўринлар учун кечадиган ўйинларни ҳам кўпчилик сабрсизлик билан кутяпти. Бундан ташқари, Осиё ўйинлари бор, футбол ихлосмандлари бу мусобақадан ҳам баҳра олишади. Биз футболчилар уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

- «Навбаҳор» олдига қандай вазифа қўйиляпти?

- Насиб қилса, совринли ўринлардан бирини эгаллашимиз керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам «Навбаҳор» чемпионлик учун курашади. Ҳозирги потенциалимиздан келиб чиқиб айтсам, бунга бизда тўлиқ асос бор.

Фақат ҳар бир футболчи ўзига берилган имкониятдан максимал даражада фойдаланиб, ўйинларга катта иштиёқ билан киришса, албатта, кўзланган мақсадга эришамиз.

Фақат гап билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Мақсад сари интилиш керак. Чемпионлик вазифаси 2-3та жамоада бор. Бу клублар ҳам осонликча таслим бўлмайди.

- Ботирали, тур ва ойнинг энг яхши дарвозабони, деб топилдингиз. Ушбу совринни кимга бағишладингиз?

- Авваламбор, менинг дунёга келишимга сабабчи бўлган инсонлар, яъни ота-онамга, кейин эса яқинларим ва мухлисларга бағишладим. Улар борки, биз футболчилар қўшимча куч олиб ҳаракат қиламиз. Бундан кейин ҳам уларнинг ишончларини оқлашга астойдил интиламиз.

- Эронга қарши учрашувда миллий жамоа либосида майдонга тушдингиз. Бир пайтлари шундай кунлар келишини орзу қилгансиз. Ўша ўйиндан қандай таассуротлар қолди?

- Шубҳасиз! Ҳар бир футболчи фаолиятида ҳеч бўлмаса бир маротаба миллий жамоа либосида майдонга тушишни орзу қилади. Шу жумладан, менда ҳам шундай истак бўлган. Ўша кезлари, яъни ёшлигимда бу биз учун ширин хаёл эди.

Астойдил ният қилсангиз ва қўйилган мақсад сари интилсангиз, албатта, кўзлаган маррага етар экансиз. Буни ўз мисолимда кўрдим. Эронга қарши кечган ўйинни яхши ўтказдик. Очиғи, ўша учрашувдаги ҳис-ҳаяжонни сўз билан таърифлаб бера олмайман.

Бунинг учун ўша муҳитга тушиб қолиш керак бўлади. Болалигимдаги энг катта орзуларимдан бири ушалди. Бундан ота-онам ҳам беҳад қувонишди. Терма жамоа таркибидаги ўйин клубда ўтказадиган учрашувлардан кескин фарқ қилар экан.

- Олдинда Осиё ўйинлари турибди. Шахсан сиз бу мусобақадан нималар кутяпсиз?

- Тўрт йилда бир маротаба ўтказиладиган мусобақага катта иштиёқ билан тайёргарлик кўряпмиз. Осиё Олимпиадаси номини олган қитъа ўйинларида терма жамоамиз олдига чемпион бўлиш вазифаси қўйилган. Ватанимиз шаъни учун, халқимизни хушнуд этиш мақсадида майдонга тушамиз.

Зиммамизга жуда катта масъулият юкланмоқда. Биз ушбу ёш тоифасида амалдаги Осиё чемпионлари сифатида Жакартага борамиз. Албатта, осон бўлмайди. Япония, Жанубий Корея, Эрон сингари қитъамизнинг кучли термалари ҳам бу мусобақага чемпион бўлиш истагида боришлари аниқ.

Насиб қилса, камида 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида кўрсатган ўйинимизни намойиш этиб, чемпионлик кубоги билан она Ватанга қайтишга ҳаракат қиламиз.

Ҳа, осон бўлмайди, лекин астойдил интилсак, Бразилия термасини ҳам мағлуб этиш мумкин. Мана, буни мундиалда катта шов-шувга сабабчи бўлган Жанубий Корея термаси ҳам исботлади.

Корейслар амалдаги жаҳон чемпиони - Германия жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, Йоахим Лёв шогирдларининг гуруҳда сўнгги ўринни эгаллашларини таъминлашди. Бундай натижани ҳеч ким кутмаганди.

- Ботирали, энди шахсий фаолиятингизга доир саволлар билан мурожаат қиламан. Нима учун дарвозабонликни танлагансиз?

- Болалигимдан шу позицияда тўп суришни хоҳлардим. Айнан нимага шундай эканлигини билмайман. Аксарият болалар сингари ҳужумда ўйнашни истамадим.

Болалик чоғларимда дўстларим билан уйимиз яқинидаги стадионга футбол томоша қилишга борганимизда, дарвозабонларнинг ҳаракатини кузатиб ўтирардим. Уларнинг ўзига хос «сейв»ларини кўриб, менда ҳам дарвозабонликка меҳр уй-ғонган. Бу қизиқиш аста-секин мақсадга айланиб борган.

- Шу ўринда миллионлар ўйинидан сабоқ олган илк спорт даргоҳи ёки клубингиз ва футболдаги биринчи мураббийингиз ҳақида ҳам маълумот берсангиз. Агар устозларингиз ушбу суҳбатни ўқиётган бўлишса, бундан бошлари кўкка етади.

- Биринчи футбол сабоғини Наманган вилоятининг Поп туманида олганман. У ерда 13-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қошида ташкил этилган «Папфен» футбол клуби бўларди. Ана шу спорт мактабининг ёшлар жамоасида миллионлар ўйини билан профессионал даражада шуғулланишни бошлаганман.

Табиийки, унгача ҳамма болалар сингари кўча чангитиб футбол ўйнардим. Лекин ўз олдимга жиддий мақсад қўйганимдан кейин отам Поп туманидаги спорт мактабининг футбол бўлимига олиб борганлар. У ерда мураббий Сервер Меметов қўл остида футбол сир-асрорларини ўрганишни бошлаганман.

Шу ўринда бу инсонга ўз ташаккуримни изҳор қиламан. Бугунги даражага етишимда Сервер Сабриевичнинг ҳиссаси катта. Бундан таш-қари, ўрта махсус мактабида таҳсил берган устозларим ва шу кунгача бирга ишлаган барча мураббийларга раҳмат айтаман.

- Қайси дарвозабонларга ҳавас қиласиз?

- Дунёнинг энг кўзга кўринган киперлари Жанлуижи Буффон ва Мануэль Нойернинг ҳаракатлари ёқади. Уларнинг ўйинларини мунтазам равишда кузатиб бораман. Бу дарвозабонлардан ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп.

Афсуски, Италия термаси Россияда ўтказилаётган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга кирита олмади. Хабарингиз бор, ўз гуруҳида биринчи ўринни олиб «плей-офф»га чиққан Швеция термаси италияликларни мундиал чиптасидан маҳрум қилганди.

Кўпчилик мухлислар қатори мен учун ҳам афсусланарли ҳолат - Германия миллий жамоаси ҳамда Нойер учун бу галги мундиал муддатидан анча олдин тугади.

Мануэль бошчилигида майдонга тушган Германия сўнгги турда шармандали тарзда Жанубий Кореяга имкониятни бой бериб (0:2), гуруҳда 4-ўринни эгаллади. Бундай ҳолат яқин ўртада кузатилмаган эди. Мундиалда айнан немислар термаси ва Мануэль Нойерга мухлислик қилгандим.

Амалдаги жаҳон чемпионларининг бундай ҳолатда мусобақани тарк этишлари жуда ачинарли. Ҳеч ким якун шундай бўлишини кутмаганди. Аслида, бу галги ЖЧ аввалгиларидан айнан мана шу кутилмаган натижалари билан ҳам ажралиб турибди. Олдинда бизни янада кўпроқ «сюрпризлар» қарши олса, ажабланмайман.

- Ботирали, қайси клубда ўйнашни орзу қиласиз?

- Насиб қилса, Европанинг кўзга кўринган клубларида тўп сурмоқчиман. Менимча, ҳар бир футболчида шундай орзу бўлса керак. Лекин фақат истак билан орзуга эришиб бўлмайди. Бунинг учун астойдил меҳнат қилиш лозим.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz