Қайднома

Қидирув

Энг яхши тўрурарлар учун аталган соврин - «олтин бутса» пойгаси шарҳи

Энг яхши тўрурарлар учун аталган соврин - «олтин бутса» пойгаси шарҳи

  12.07.2018 06:17
  0
  1968
Энг яхши тўрурарлар учун аталган соврин - «олтин бутса» пойгаси шарҳи

Мавсум-2017|2018 якуни бўйича Европа миллий чемпионатлари бош голеадори мақоми Испаниянинг «Барселона» клуби етакчиси Лионель Мессига насиб этганидан хабарингиз бўлса керак.

Аргентиналик тўпурар «Олтин бутса»ни кетма-кет 2-марта, бутун фаолияти давомида эса 5-марта қўлга киритди.

Хуллас, Лео ушбу совринни ютиш бобида «азалий ва абадий» рақиби Криштиану Роналдудан ўзиб кетиб, танҳо рекордчи бўлиб олди.

Эслатиш ўринли, аргентиналик ва португалиялик юлдуз ҳисобида 5тадан «Олтин тўп» мавжуд. Яъни ҳозирча уларнинг жаҳонда энг яхши футболчи бўлиш масаласидаги кўрсаткичлари тенг.

«Олтин бутса»лар сони бўйича эса Месси бироз устун: 5:4. Лео бу совринни биринчи марта мавсум-2009|2010 якунига кўра олганди - 34та голи 68 очкога баҳоланган (соврин регламентига биноан, Испания Примеросидаги 1та голга 2 очко берилади.

«Барса» жавоҳири кейинги ютуқларини 2011|2012 (50та гол, 100 очко), 2012|2013 (46та гол, 92 очко) ва 2016|2017 (37та гол, 74 очко) йиллар мавсумида нишонлади.

Айтиш жоиз, мавсум-2011|2012да қайд этилган 50та гол ёхуд 100 очко соврин тарихидаги мутлақ рекорд натижа ҳисобланади. Лионель бу сафар 34та гол (68 очко) маррасида тўхтади. Бироз камтарона кўрсаткич, лекин 36та ўйин учун чакки эмас, барибир.

Леонинг финишга яқин «Реал» ва «Вильярреал» дарвозаларига 1тадан гол уриб, «Барселона»нинг охирги 2та ўйинида атиги ярим бўлим тўп сурганини ҳам қўшимча қилиш ўринли.

Чунончи, бу вақтда индивидуал соврин тақдири деярли ойдинлашганди. Ҳар ҳолда, «Олтин бутса»га даъвогар футболчиларнинг охирги турда «буюртма» асосида 5-6та гол уришлари ўтмиш саҳифаларида қолган кўринади.

Умуман, Лео мавсум-2017|2018 давомида 1та «покер», 3та «хет-трик», 4та «дубль» қайд этди ва яна 13та  ўйинда 1тадан гол урди. Демакки, у ўзи иштирок этган 36та учрашувдан 21тасида гол қувончини туйди.

Мессининг соврин йўлидаги асосий рақобатчиси Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль») Англия чемпионати охирида маҳсулдорликни бироз пасайтирди, лекин якуний тур ўйинида «Брайтон» дарвозасини ишғол қилиб, мавсумдаги голлари сонини 32тага етказди.

Мисрлик тўпурар шу тариқа АПЛнинг 20та клубни ўз ичига олган мавсумларида қайд этилган рекордни янгилади.

Бунга қадар 31та голдан иборат энг юқори натижа 3 нафар футболчига тегишли эди: Алан Ширер («Блэкберн», мавсум-1995|1996), Криштиану Роналду («Манчестер Юнайтед», мавсум-2007|2008) ва Луис Суарес («Ливерпуль», мавсум-2013|2014).

Умумий маълумотлар шу. Энди «Олтин бутса» пойгасининг топ-30 рўйхатида вакили бор миллий чемпионатларга назар солиб, тўпурарлик мақоми учун кураш қандай кечганини бирров кўриб чиқамиз.

Испания Примероси. Криштиану Роналду (эндиликда «Ювентус» футболчиси) тақвим доирасидаги 38та ўйиндан атиги 27тасида иштирок этганига қарамай, 26та гол уриб, 52 очко ишлади. Диққат қилинг, португалиялик юлдуз охирги 13та ўйинда 22та (!) голга муаллифлик қилди.

Бу орада «Реал» етакчисининг голли серияси 10та ўйинга чўзилди. Испания чемпионатида энг яхши тўпурар учун таъсис этилган «Пичичи» соврини пойгасида учинчи ўрин Мессининг жамоадоши - «Олтин тўп»нинг икки карра соҳиби Луис Суаресга насиб этди.

Уругвайлик тўпурар 33та ўйинда 25та гол урди (50 очко). Номдор ва совриндор 3 нафар голеадор ортида Яго Аспас бор: «Сельта» вакили 34та ўйинда иштирок этиб, 22та гол (44 очко)дан хирмон ясади.

«Жирона» шарафини ҳимоя қилган мавсум кашфиётларидан бири Кристиан Стуани  33та ўйинда ўз ҳисобига 21та гол (42 очко) ёзиб қўйган бўлса, «Атлетико» ҳужумчиси Антуан Гризманн бу сафар камтарроқ натижа билан 6-ўринга жойлашди - 32та ўйинда 19та гол (38 очко).

Англия Премьер-лигаси. Англияда Салоҳдан кейинги ўрин аввалги икки мавсумнинг бош тўпурари Гарри Кейн томонидан «брон» қилинди. «Тоттенхэм» етакчиси чемпионат доирасидаги 37та ўйинда майдонга тушиб, 30та гол урди, демак, 60 очко тўплади.

Қизиқ факт шуки, у аввалги мавсумларда бундан камроқ гол уриб, Англия чемпионати «Олтин бутса»сига эга чиққанди. Яъни мавсум-2015|2016да 25та гол ва кейингисида 29та гол пойгада биринчи бўлишига кифоя қилганди.

Фахрли учинчи поғонада жароҳатлар туфайли кўплаб ўйинларни ўтказиб юборган Серхио Агуэро («Манчестер Сити») турибди - аргентиналик ҳужумчи майдонга 25 марта тушиб, рақиблар дарвозасини 21 марта (42 очко) нишонга олди.

«Лестер» вакили Жейми Вардининг якуний натижаси ҳам чакки эмас - 37та ўйин, 20та гол, 40 очко. Тўпурарларнинг элит рўйхатида чемпион - «Манчестер Сити»дан яна бир вакил бор - Раҳим Стерлинг (33та ўйин, 18та гол, 36 очко).

Шу жойда қишда Дортмунд «Боруссия»си билан хайрлашиб, «Арсенал» сафига қўшилган Пьер-Эмерик Обамеянг натижасини алоҳида тилга олиш керак. Габонлик ҳужумчи Германия Бундеслигасида 16 марта майдонга тушиб, 13та голга муаллифлик қилганди.

Англияда эса бунинг ёнига 10та гол (13та ўйинда) қўшиб қўйди. Хуллас, Обамеянг 46 очко (23х2) тўплаб, «Олтин бутса» пойгасида 11-ўринни эгаллади.

Германия Бундеслигаси. Роберт Левандовскига қойил. «Бавария» снайпери «Олтин бутса» пойгасида кучли 30таликка кирган Германия биринчилигининг ягона вакилидир. Айтиш мумкинки, польшалик ҳужумчи ички рақобатнинг пастлиги боис, асосий эътиборини Европа Чемпионлар Лигаси ўйинларига қаратгандир.

Шундай бўлсада, 30та ўйинда иштирок этиб, 29та гол урди (58 очко). Бундеслигадаги энг яқин таъқибчиси - Нильс Петерсен («Фрайбург») ҳисобида эса атиги 15та гол йиғилди ва у 30 очко билан «Олтин бутса» пойгасига қўшилолмади ҳам.

Италия «А» серияси. Италия биринчилигида Чемпионлар Лигасининг охирги йўлланмаси ва тўпупарлар пойгаси тақдири охирги турдан ўрин олган «Лацио» — «Интер» ўйинига қадалди.

Ўта муҳим учрашувда жароҳатдан сўнг сафга қайтган мезбонлар ҳужумчиси Чиро Иммобиле гол урмади, аммо 75-дақиқада, қулай ҳисоб қайд этилаётган паллада (дурангга ҳам рози «Лацио» 2:1 кўринишида олдинда бораётганди) алмаштирилди.

Шу билан ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди - атиги 3 дақиқадан кейин Иммобиленинг пойгадаги таъқибчиси Мауро Икарди пенальтидан фойдаланиб, ўртадаги мувозанатни тиклади.

Қолган дақиқаларда «Интер» ғалаба голини ҳам нишонлади ва 7 йиллик айрилиқдан сўнг яна ЧЛга йўл очди. Хуллас, Европа клуб футболининг биринчи рақамли турнири йўлланмаси «Интер»га насиб этди, бош тўпурарлик мақоми эса Иммобиле ва Икардига. Тўғри, «Лацио» вакили 29та голни 33та ўйинда нишонлаган бўлса, аргентиналик ҳужумчи 34та ўйинда шундай натижага эришди.

Хуллас, ҳар иккиси «Олтин бутса» пойгасида 58 очко тўплади. «А» серияси тўпупарлари баҳсида эса кейинги ўринларга Пауло Дибала («Ювентус», 33таўйинда 22та гол, 44 очко), Фабио Квальярелла («Сампдория», 35та ўйинда 19та гол, 38 очко) ва Дрис Мертенс («Наполи», 38та ўйинда 18та гол, 36 очко) жойлашишди.

Франция 1-лигаси. Қаранг, «Олтин тўп» пойгасининг элит 30талик рўйхатида ушбу лигадан нақ 8 нафар футболчи бор. Улардан 3 нафари «Лион» таркибида ўйнаганига нима дейсиз?

«ПСЖ» бош ҳужумчиси Эдинсон Кавани мавсумни ўта юқори суръатларда бошлаб, дастлабки 14та ўйинда 17та гол урганди, бироқ у кейинчалик маҳсулдорликни кескин пасайтириб юборди ва «Олтин бутса» учун чинакам даъвогарлар қаторидан тушиб қолди. Шунга қарамай, 32та ўйинда урилган 28та гол (56 очко) Каванига Лига 1нинг бош тўпурари мақомини берди.

Ички пойгада 2-ўринни Флориан Товен («Марсель») эгаллади - 35та учрашувда 22та гол (44 очко). 25 февралдан кейин Лига 1 доирасида бирор марта майдонга тушмаган «ПСЖ»нинг бразилиялик юлдузи Неймар эса 3-ўринда қолди, барибир.

Диққат қилинг, у жиддий жароҳатга йўлиққунига қадар 20та учрашувда ўз ҳисобини 19та гол билан бойитганди. Тўғри, охирги тур ўйинида «хет-трик» расмийлаштириш асносида «Лион»нинг ЧЛга чиқишини таъминлаган Мемфис Депай бразилияликка тенглашиб олди. Фарқли томони шуки, голландиялик футболчи 19та гол ёхуд 38 очко учун 36та ўйин сарфлади.

Кейинги поғоналарга бир хил натижага эришган, яъни 18тадан гол урган 4 нафар голеадор жойлашди: Радамель Фалькао («Монако», 26та ўйин), Марио Балотелли (Ницца», 28та ўйин) ва «Лион» вакиллари Набил Фақир (30та ўйин) ҳамда Мариано Диас (34та ўйин).

Португалия Примероси. Жароҳат туфайли 4та ўйинни ўтказиб юборган Жонас («Бенфика») мавсум охирида сафга қайтди ва голлари сонини 34тага етказиб, Португалия чемпионати бош тўпурари бўлди. Бу натижага 30та учрашувда эришган ҳужумчи ҳисобига «Олтин бутса» пойгасида 51 очко ёзилди.

Чунончи, Португалия Примеросидаги 1та гол коэффициенти 2 эмас, 1,5 очкога тенг. Жонаснинг яқин таъқибчиси Бас Дост («Спортинг») ҳам 30та ўйинда майдонга тушди ва 27та гол билан кифояланди.

Дарвоқе, голландиялик голеадор ўтган йилги «Олтин бутса» пойгасида 2-ўринни эгаллаганди. Аниқроғи, 31та ўйинда рақиблар дарвозасини 34 бора ишғол қилган Дост биргина Лионель Мессидан ортда қолганди, холос.

Туркия Суперлигаси. Турк диёрида ҳам бош тўпурарлик мақоми машҳур футболчига насиб этди. Яъни Франциянинг «Сент-Этьен», «Лион», «Марсель» ва Уэльснинг «Суонси» клубларидаги фаолияти орқали танилган Бафетимби Гомис мамлакат чемпиони - «Галатасарой»нинг 33та ўйинида майдонга тушиб, 29та гол ҳосил қилди. Бу 43,5 очко демакдир.

Исроил Премьер-лигаси. Тўпурарларнинг ички мусобақасида Диа Сабага тенг келадигани топилмади. Нетаниянинг «Маккаби» клуби шарафини ҳимоя қилган футболчи 33та баҳсда 24та гол уриб, 36 очко йиғди.

Польша Экстракласс лигаси. Бу биринчиликда энг яхши тўпупар мақоми учун 2 нафар испаниялик ўртасида жиддий кураш кечди. Якунда Краковнинг «Висла» клуби легионери Карлос Лопес (36та ўйинда 24та гол, 36 очко) «Гурник» (Забже)даги ҳамюрти Игор Ангулони бироз ортда қолдирди.

Энди битта қизиқарли жадвалга эътибор қаратинг. Унга ўз коллекциясида ҳам «Олтин бутса», ҳам «Олтин тўп» соврини бор футболчилар киритилган. Бундайлар атиги 7 нафар, жадвал эса хронологик тартибда тузилган.

*** Афсонавий Эйсебио барча совринларини Лиссабоннинг «Бенфика» клуби аъзоси сифатида қўлга киритган.

*** Герд Мюллер ҳам битта клуб - Мюнхеннинг «Бавария»си сафида лауреат бўлган.

*** Марко ван Бастен «Олтин бутса»ни Амстердамнинг «Аякс» клуби учун урган голлари туфайли олган, 3та «Олтин тўп»ни эса «Милан»да ютган.

*** Христо Стоичков Софиянинг ЦСКА клуби ҳужумчиси сифатида «Олтин бутса» ютиб, «Барселона»да унинг ёнига «Олтин тўп»ни қўшиб қўйган.

*** Бразилиялик Роналдо ўз ҳисобидаги ҳар икки «Олтин тўп»ни бир мавсум давомида 2та клуб шарафини ҳимоя қилган даврида қўлга киритган. Биринчисини - «Барселона» ва «Интер» (Милан)да, иккинчисини - «Интер» ва «Реал»да. «Олтин бутса»га эса «Барселона» вакили ролида сазовор бўлган.

*** Криштиану Роналду дастлабки 2та совринни «Манчестер Юнай-тед»да, қолганларини «Реал»да қўлга киритган.

*** Ниҳоят, Лионель Месси. Унинг барча совринларида «Барселона» тамғаси бор.

Футболчи

Фуқаролиги

«Олтин тўп»

«Олтин бутса»

Эйсебио

Португалия

1965

1967|1968, 1972|1973

Герд Мюллер

ГФР

1970

1969|1970, 1971|1972

Марко ван Бастен

Голландия

1988, 1989, 1992

1985|1986

Христо Стоичков

Болгария

1994

1989|1990

Роналдо

Бразилия

1997, 2002

1996|1997

Криштиану Роналду

Португалия

2008, 2013, 2014, 2016, 2017

2007|2008, 2010|2011, 2013|2014, 2014|2015

Лионель Месси

Аргентина

2009, 2010, 2011, 2012, 2015

2009|2010, 2011|2012, 2012|2013, 2016|2017, 2017|2018

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ ТАЙЁРЛАДИ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz