Луис Адвинкула Россияга Перу терма жамоаси бош юлдузларидан бири мақомида келгани йўқ. Ҳар ҳолда, у дисквалификация қилинган, лекин истисно тариқасида кечирилган сардор Паоло Герреро, Европада маълум даражада танилган Гвидо Каррильо ва Жефферсон Фарфан олдида оддий ўйинчи эди.
Лекин перуликларнинг рус диёридаги ёрқин ўйинлари айниқса, Адвинкула учун алоҳида қадрлидир. Бошқача айтсак, у ЖЧ-2018даги иштироки билан ҳар қанча ғурурланишга ҳақли.
Қуйидаги мақола шу манонатли йигитнинг футболдаги ўнқир-чўнқир йўли ҳақида.
***
Луис болалик даврида оиласи таъминотига кўмаклашиш учун кўчада турли хил пишириқлар сотиш билан вақт ўтказарди. Қолаверса, унинг футболчилик фаолиятида жиддий қулашлар кузатилган. Адвинкула бошида вингер сифатида ўйнаган, аммо дастлабки 30та ўйинда атиги 1та гол урганидан кейин мураббий - Луис Суарес (машҳур уругвайликка дахли йўқ) уни ҳимоя чизиғига суради.
Йигитча орқада бирданига ишончли тўп суриб, қатор клублар ва ҳаттоки, терма жамоа мураббийлари назарига тушади. Хусусан, Лотин Америкасида катта обрў қозонган мутахассис Серхио Маркарян Адвинкулани бир неча позицияда синаб кўради. Хуллас, вингер-ҳимоячи тез орада провинция клуби - «Хуан Аурич»дан маҳаллий шаҳар жамоаси сафига ўтади.
«Спортинг Кристал» — Перу миқёсида жиддий клуб. Дейлик, 10 йилча олдин бу жамоани Хорхе Сампаоли бошқарганди. «Кристал» Перу чемпионатида нақ 18 марта ғолиб чиқишдан ташқари, яна 13 марта кумуш медаль ютган, шунингдек, Либертадорес кубогида ҳам ўйнаган.
Хуллас, Адвинкула ушбу совриндор жамоанинг битта чемпионлик мақомига озми-кўп ҳисса қўшади. Ўша мавсум яна қанот ҳужумчиси ролида ўйнаган Луис нисбатан паст самарадорлик кўрсатганди: 70та ўйинда 14та гол ва самарали узатма. Лекин бу статистикаси АҚШ клуби эътиборига тушишига кифоя қилади.
Яъни «Динамо Хьюстон» раҳбарияти уни истиқболли ҳужумчи сифатида кўриб, манфаатли таклиф юборади. Перу матбуоти, хусусан, El Comercio нашри расман шартнома тузилгани ҳақида хабар тарқатган паллада эса трансфер келишуви бузилади.
Эҳтимол, Хьюстон клуби скаутлари Луиснинг аслида марказий ҳужумчи эмаслигини билиб фикрларидан қайтишган, балки перулик футболчи номзодидан воз кечишганида бошқа сабаблар ҳам бордир, факт шуки, унинг АҚШ томон сафари амалга ошмай қолади.
***
«Динама Хьюстон» сафида ўйнаш орзуси сўнгги паллада барбод бўлган Адвинкула яна бир ойдан сўнг жамоасини ўзгартирди, барибир. Лекин унинг йўналиши кескин ўзгарди: Хьюстон ўрнига Қримда пайдо бўлди. Хуллас, шу билан футболчининг энг ғалати саргузашти бошланди.
2012 йили Симферополнинг «Таврия»си Украина Премьер-лигасида ўйнарди. Ўшанда жамоани машҳур Олег Лужний бошқарар, вице-президент лавозимида эса футбол агенти Дмитрий Селюк ишларди.
Адвинкула Қрим клуби ихтиёрида атиги бир ой ушланиб турди ва лоақал 1та ўйинда майдонга тушмасдан Перуга қайтиб кетди. Аниқроғи, собиқ жамоаси - «Спортинг Кристал»га ижара келишуви асосида жўнатди. Нега, нима бўлганди? Бу борадаги тахминлар турлича.
«Спортинг» вакилларининг айтишларича, «Таврия» легионерларга нисбатан чеклов туфайли Луисни «заявка»га киритолмаган. Лекин бу фикрда асос йўқ. Чунки футболчи «заявка» муддати тугашидан 1 ой олдин кетганди. Яна бир изоҳ Дмитрий Селюкка тегишли.
У клуб сайтига мутлақо бошқача мазмунда баёнот берганди: «Адвинкула ногирон экан. Унинг ўйнаш бир четда турсин, машғулотларда ишлаши ҳам мумкин эмас». Қизиғи, Селюк ЖЧ-2018 стартидан олдин Адвинкула ҳақида айтган ўша гапларини яна такрорлади:
«Ҳа, футболчи чиндан ҳам, ногирон эди. Ахир осмондан олиб гапирган эмасман. Унинг битта оёғи иккинчисидан нақ 10 сантиметр калта. Луис «Таврия»нинг бирор ўйинида иштирок этмаган. Агар дарҳақиқат, Россияга Перу термаси таркибида келса, унга Склифосовский номидаги илмий-тадқиқот институтига мурожаат қилиб, икки оёғи узунлигини нисбатан тенглаштириб олишни тавсия этаман».
Воажаб, Адвинкула футболдаги «иккинчи Гарринча» бўлибди-да... Дарвоқе, «Таврия»нинг ҳозирги президенти Сергей Куницин ҳам перулик йигит масаласига тўхталди: «22 ёшигача мамлакат терма жамоаси сафида 23 марта майдонга тушишга улгурган футболчи (ҳа, Адвинкула Қримга Перу термасида етарлича ўйнаган ёш иқтидор сифатида келганди) савиясига шубҳа билан қараш мумкинми?
Статистикасининг ўзи айтиб турибди, у ношуд ижрочи эмасди. Қолаверса, тарихдан биламиз, Гарринчанинг битта оёғи 8 сантиметр калта бўлган, шунга қарамай, у майдонда Пеле билан ҳақиқий мўъжиза кўрсатган.
Бу табиий нуқсони бор ўйинчилар учун ҳақиқий ибрат намунасидир». Бу фикрлардан билиш мумкинки, Адвинкулада жиддий муаммо бўлгани рост.
***
Қримдан ёқимсиз ташхис ва нохуш таассуротлар билан собиқ клубига қайтган перулик йигит тақдир зарбасидан эсанкираб қолмади. У аввалига ярим йилча Перу миллий чемпионатида ижара асосида тўп сурди ва кейин бирданига «Хоффенхайм» жамоаси сафига қўшилди. Transfermarkt.de сайти маълумотларига кўра, «Таврия» унинг учун немислардан 900 минг евро олган.
Катта сумма эмас, аммо унинг профессионал спортга «лаёқатсиз» эканлигини ҳисобга олсак... Нарх ўз йўлига, лекин қаҳрамонимиз «Хоффенхайм»да яна муаммолар гирдобида қолди. Аниқроғи, Луис автоҳалокатга учради, шу сабаблими, 6 ой бадалига атиги 2 марта майдон юзини кўрди.
Боз устига, ҳар икки сафар ўйинга захирадан қўшилиб, қисқа вақт ўйнади. Шундан кейин эса адоғи йўқ ижара келишувлари бошланди. Аввалига «Понте Прету», кейин яна «Спортинг Кристал», «Витория Сетубал» ва «Спортинг»... Аммо Луиснинг Европада иши сира юришмади.
Боз устига, перулик футболчи «Витория»да ўйинларнинг бирида қизил карточка олиб, мемлар қаҳрамонига айланди. 2015 йилнинг ёзига келиб, «Хоффенхайм» Луисга ниҳоят, жазман харидор топди: Туркиянинг «Бурсаспор» клуби унинг трансферини сотиб олди. Тақдир ҳукмига қаранг, Адвинкула Туркия чемпионатида ҳам майдонга тушмай туриб, яна ижара саёҳатига жўнади.
Бу сафарги манзили - Аргентина. Шундай таассурот борки, Луис фақат Лотин Америкасида эркин тўп сурган. Зеро, у Перу, Аргентина ва Мексикада мунтазам равишда ўз ўйинини яхшилаган, Европага келиб эса... Луиснинг айниқса, «Тигрес»га ўтиш қарори фойдали бўлиб чиқди.
Ҳар ҳолда, Перу футбол федерацияси маълумоти бўйича айтсак, у бу клубда тезлик бобида жаҳон рекордини ўрнатди. Яъни Адвинкула «Лобос»га қарши кечган учрашувда 68 метр масофани 36,15 кило-метр|соат тезлигида босиб ўтиб, тўпни рақибидан олиб қўйди.
Аслида бу жаҳон рекорди ҳисобланмайди (Гарет Бэйл бир сафар югуриш суръатини 36,9 километр|соатга кўтарган), лекин Перу футболи ва Мексика чемпионатида қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Луиснинг икки оёғи узунлигидаги фарқни инобатга олсак эса, бундай суръат шунчаки, фантастика!
***
Ўша юқори тезликдан ҳайратга тушган «Лобос» кўп ўтмай, Адвинкулани ўз сафига чорлади. Қаҳрамонимиз шунинг баробарида миллий терма сафига ҳам қайтди. У «Таврия»даги фаолиятидан кейин мамлакат бош жамоасидаги ўрнини буткул йўқотганди.
Аргентиналик мутахассис Рикардо Гарека турли синовлардан ўтган футболчига бошида захирачи сифатида қаради, кейин аста-секин унга асосий таркибдан жой ажратди. Якунда Луис жамоанинг жаҳон чемпионати учун топширган «заявка»сидан жой олди.
Адвинкула ҳаётидаги энг асосий турнирга тайёргарлик жараёнида шундай деганди: «Ишонинг, ҳеч қачон бунчалик кўп шуғулланган эмасдим».
Турмуш ўртоғи эса ўз интервьюсида Луисни чин юракдан севишини айтиб, унинг яхши ўйнашидан ташқари, рақс тушишни ҳам қо-йиллатишини таъкидлаганди. Афсуски, Россияда Адвинкулага гол уриш насиб этмади. Эҳ, агар урганидами, мухлислар унинг чиройли ўйинларига қўшимча равишда чиройли рақсидан ҳам бир парча кўришармиди...?
ЛУИС АДВИНКУЛА ЖЧ-2018ДА
1-тур. Перу - Дания - 0:1, 90 дақиқа
2-тур. Франция - Перу - 1:0, 90 дақиқа
3-тур. Асвтралия - Перу - 0:2, 90 дақиқа
Таъриф. Ёрқин сиймо, ажойиб дриблинг, тинимсиз ҳаракат ва тезкорлик.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20