Қайднома

Қидирув

Рақам ярашмабди-ку! Ёхуд таниқли футболчилардаги ноадатий рақамлар (иккинчи қисм)

Рақам ярашмабди-ку! Ёхуд таниқли футболчилардаги ноадатий рақамлар (иккинчи қисм)

  14.07.2018 06:38
  0
  1912
Рақам ярашмабди-ку! Ёхуд таниқли футболчилардаги ноадатий рақамлар (иккинчи қисм)

Газетамизнинг аввалги сонларида ўз позициясига мос бўлмаган рақамларда тўп сурувчи футболчилар ҳақида мақола чоп этилганди. Бу сафар, умуман, миллионлар ўйини учун ўта ғалати кўринадиган рақамли либосларда ўйнаганлар хусусида суҳбатлашамиз.

ФИФА қоидаларига кўра, ўйинчилар фақат 1дан 99гача бўлган рақамларда майдонга тушишлари мумкин. Аммо аксарият футболчиларнинг ушбу қоидани четлаб ўтишганига етарлича мисоллар бор.

Буни қарангки, айрим футбол федерациялари ўз ўйинчиларига мутлақо ноанъанавий рақамларда тўп суришга рухсат беради.

0 — ҲИШОМ ЗЕРУАЛИ («Абердин»), СТИВ КРОНИН («Гэлакси»)

Марокашлик футболчи «Абердин»да ўйнаб юрган кезлари (1999-2000) шундай экзотик рақамни танлаган, бунга унинг фамилияси, аниқроғи, фамилияси туфайли ўйлаб топилган тахаллуси - «Зеро» сабаб бўлган. Тўғри, ФИФА 1дан 99гача бўлган рақамларда тўп суришга рухсат берган, аммо Зеруали учун истисно қўлланган.

Ҳишом Шотландияда узоқ қолиб кетмади, ваҳоланки, у ердаги биринчи мавсумини ёмон ўтказмаганди. 2003 йили у қадрдон юртига қайтди ва 27 ёшида автоҳалокат туфайли вафот этди. Шунингдек, МЛС иштирокчиси «Лос-Анжелес Гэлекси» дарвозабони Стив Кронин ҳам 2006 йили «0» рақамли футболкада майдонга тушган.

45 - МАРИО БАЛОТЕЛЛИ

Бу форвард бутун фаолиятини 45-рақам остида ўтказди. Умуман, у «9»ни ёқтирарди, аммо «Интер»нинг асосий жамоасида тўп сураётганида бу рақам банд эди. «45»ни танлашимга сабаб, 4}5қ9 бўлади», - дея қарорини изоҳлаб берган Балотелли. У ҳамон 45-рақамли футболкада ўйнамоқда.

58 - ХАРЕД БОРГЕТТИ, ХУАН ПАБЛО РОДРИГЕС, БЕНЖАМИН ГАЛИНДО

Мексика чемпионатида бирданига уч футболчи бир вақтнинг ўзида 58-рақамли либосда мусобақада қатнашишган. Сабаби шундаки, мазкур учовлон маҳаллий радиостанция билан тузилган реклама шартномасига биноан, айнан шундай рақам остида ўйнашлари талаб этиларди.

67 - ВИКТОР ВАНЬЯМА («Селтик»)

Кениялик ярим ҳимоячи «Селтик»ка келганида 1967 йилдан келиб чиқиб рақам танлаган. Ўшанда «кельтлар» Европа чемпионлар кубогида зафар қучишганди.

69 - БИКСАН ЛИЗАРАЗЮ («Бавария»)

Басклик чап қанот ҳимоячиси «Бавария»да ўйнаган кезлари миллий баскетбол лигасида тақиқланган рақамни танлаганди. Ушбу танловга ажойиб тасодиф сабаб бўлган - Лизаразю 1969 йили туғилган, бўйи 169 сантиметрдан ошмаган, ўртача вазни эса 69 килограммни ташкил қилган.

76, 80, 84 - ШЕВЧЕНКО, РОНАЛДИНЬО,ФЛАМИНИ («Милан»)

Сўнгги пайтларда аксарият футболчиларнинг туғилган кунлари шарафига рақам танлашлари одат тусини олмоқда. Масалан, Андрей Богданов «Олимпик»да 90-рақамда тўп сурган.

Аммо бу борадаги эътиборли ҳолат «Милан»да кузатилиб, бир трансфер мавсумида Андрей Шевченко, Роналдиньо ва Матье Фламини таркибга қўшилишганди. Шу тариқа уларнинг либосларига туғилган йилларининг сўнгги иккита рақами муҳрланганди.

01 - РОЖЕРИО СЕНИ («Сан-Паулу»), ДЕРЕК РИОРДАН («Хиберниан»)

Рожерио Сени - дарвозабонлар орасидаги энг яхши тўпурар сифатида футбол тарихига кирган. 2007 йилдан то фаолиятининг охирги кунигача у «01» рақами остида майдонга тушган. Худди шу сонларни «Хиберниан» ярим ҳимоячиси Дарек Риорданнинг либосида ҳам кўриш мумкин эди. Фарқи, бу футболчи тушган вазият бироз қизиқарлироқ.

У одатда, 10-рақамни ёқтирар, аммо Шотландия клубига келганида, «ўнлик» банд эканидан хабар топган. «1» эса бўш эди. Шу тариқа Риордан расман 1-рақам остида рўйхатдан ўтказилган, либосига эса «01» муҳрланган. Яъни, тескарисига «10» бўлади.

618, 700, 800 - РОЖЕРИО СЕНИ («Сан-Паулу»)

Афсонавий бразилиялик кипер ҳақида яна бир нечта факт. Унга қадар клуб тарихида ҳеч ким 617та ўйин ўтказмаганди. Сени рекорд ҳисобланган 618-учрашувида майдонга тушганида, либосига шунга мос равишда рақам танлаганди. Айнан мазкур воқеадан сўнг у «01» рақамли футболкада тўп суришни бошлаган.

Ўз навбатида, юбилей ўйинларини нишонлашни ҳам унутмади. Клубдаги 700 ва 800-учрашувларини шундай рақамли либосларда нишонлаганди. Рожерио умумий ҳисобда 1127та баҳсда тўп сурган.

08 - СТИВЕН ЖЕРРАРД («Ливерпуль»), ЖЕЙМС БИТТИ («Эвертон»)

2006 йили Ливерпулнинг кейинги икки йилдан сўнг Европанинг маданий пойтахти бўлиши ҳақида хабар берилди. Ушбу воқеа сабаб мазкур шаҳар шарафини ҳимоя қилувчи клублар - «Ливерпуль» ва «Эвертон»нинг 8-рақамли футболчилари (Стивен Жеррард ҳамда Жеймс Битти) ўз рақамларини вақтинчалик «08»га алмаштиришди.

1+2 — ХУАН ПАБЛО СОРИН, 1+8 - ИВАН САМОРАНО, 1+9 - КЛИНТОН МОРРИСОН

Иван Саморано - Чилининг энг яхши собиқ футболчиларидан бири. У марказий ҳужумчи бўлгани учун, одатда, 9-рақамда тўп сурарди. Аммо Саморано «Интер»га келганида, иқтидорли Роналдо ҳам шу рақамни беришларини хоҳлагач, Иваннинг кўнишдан ўзга чораси қолмаганди.

Аммо чилилик форвард ўзига хос айёрлик ишлатди: «18»ни танлаб, сонлар ўртасига «плюс» белгисини қўйиб олди ва натижада «9» ҳосил бўлди. Шунингдек, Хуан Пабло Сорин («Вильярреал») ҳамда Клинтон Моррисон («Ковентри») ҳам севимли рақамларини айни услубда либосларида акс эттиришган.

99 - ВИТОР БАЙЯ («Порту»), РОНАЛДО («Милан»)

Бу рақам унчалик ғайритабиий кўринмас, аммо португалиялик дарвозабон еврокубоклар финалида айнан шундай рақамда тўп сурган дастлабки футболчига айланди.

Роналдо эса Миланнинг бошқа бир клубига ўтганида, бошқа рақамни танлашга мажбур бўлди. Чунки «россонери» сафида «тўққизлик» Филиппо Инзаги томонидан банд этилганди. Италиялик тўпурар бразилиялик ҳамкасбига ён босишни хоҳламагач, Роналдонинг «99»да майдонга тушишдан ўзга иложи қолмади.

100 - Кўпчилик

Бундай катта рақам остида тўп суриш ҳолати кўпинча Жанубий Америкада кузатилган. Улар орасида энг машҳури «Чивас» аъзоси Адольфо Баутиштага тегишли. Ушбу футболчи чемпионатда 100-рақамда ўйнаган бўлса, махсус тақиқ қўйилган биринчиликларда «1»ни танлаган.

Либертадорес кубогида 1-рақам дарвозабонга теккани боис, «еттилик»дан фойдаланишга тўғри келди. Бундан ташқари, мексикалик футболчи бошқа бир танлови билан ҳам ёдда қолган. Онасининг ўлимидан сўнг у либосидаги исм-шарифининг ўрнига волидаси тез-тез такрорлайдиган жумла - «Бофо, менинг фариштам» ёзувини муҳрлаганди.

Европада эса 100-рақамда Австрия термасидаги юзинчи ўйинини ўтказган Андреас Херцог тўп сурган. Кейинчалик Дания миллий жамоасида «юзлик» юбилейи муносабати билан Мартин Йоргенсен ҳам худди шундай рақамда ўйнаган. Шунингдек, ЖАРда Аарон Мокоен, Уругвайда Рубен Соса, Лихтенштейнда Марио Фрик муҳим санани айни тарзда нишонлашган.

114, 300 - ЖУНИНЬО ПЕРНАМБУКАНО («Васко да Гама»)

Афсонавий бразилиялик «Васко да Гама» сафида тўп сурганида икки марта ғалати рақамларда майдонга тушган. «114» орқали клубининг «Флуминенсе»га қарши баҳсдаги 114 йиллигини нишонлаган бўлса, ўзининг «Васко»даги 300та ўйинлик юбилейини шунга мос рақамда ўтказган.

121 - ТОММИ ОУР (Австралия)

18 ёшли футболчи Осиё кубоги саралашида мамлакати термасидаги дебютини шундай рақамда нишонлаганди. Турнир қоидасига кўра, ҳар бир ўйинчининг либосида саралаш баҳсларни қайси рақамларда бошлаган бўлса, ўша билан давом эттириши лозим.

Оур «11»ни олишни жуда хоҳлаган, аммо бу рақам ҳақиқатан банд эди. Охир-оқибат, Томми муаммони математик тарзда ечишга қарор қилди: 11нинг квадратини чиқариб, уни либосига муҳрлади.

200 - НЕЙМАР («Сантос»)

Жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бири қадрдон «Сантос» клубида қисқа муддатда 200та ўйинлик маррани забт этиб, ушбу муҳим санани 200-рақамли футболкада нишонлади.

400 - ХЕСУС АРЕЛЬЯНО («Монтеррей»)

1966 йили Мексиканинг Монтеррей шаҳри ўзининг юбилейини байрам қилди. Маҳаллий футбол клуби етакчиси Хесус Арельяно эса ўша мавсум 400-рақам остида тўп сурганди.

2019 - ВИКТОР («Минейро»)

Бразилиялик дарвозабон расмий тарзда жаҳон футболида энг катта рақамда майдонга тушган футболчига айланган. 2015 йили ўз клуби билан 2019 йилгача шартнома тузган голкипер воқеани шу тарзда нишонлаганди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz