Хабарингиз бор, Россияда давом этаётган ЖЧ-2018 гуруҳ босқичида амалдаги чемпион - Германия термаси шов-шувли тарзда гуруҳдан чиқа олмади. Soccer.ru шу муносабат билан мундиалнинг дастлабки чиғириғида қоқилган термалар ҳақида сўз юритади.
Таъкидлаш жоизки, жаҳон чемпионатининг замонавий формати 1998 йилдан бошлаб амалда қўлланиб келинмоқда. Бунга қадар турли формулалар қўлланган: баъзан ўз квартетида учинчи ўринни эгаллаганлар ҳам «плей-офф» йўлланмасини қўлга киритган бўлсалар, аввалроқ иккита гуруҳ босқичи ҳам ўтказилган.
Шундай экан, ҳисоб-китобни 1998 йили Франция яшил майдонларида ўтказилган ЖЧдан бошлаймиз.
ЖЧ-1998
Испания термаси
Гуруҳдаги рақиблар: Нигерия (2:3), Парагвай (0:0), Болгария (6:1).
Евро-2008|ЖЧ-2010|Евро-2012даги ғалабали серияни қайд этишдан аввал испанлар йирик турнирларда омадсизликка юз тутишган. Ваҳоланки, ўшанда ҳам таркиб ёмон эмасди, жамоани кучли мураббийлар бошқаришган. Тўғри, Испания авваллари «плей-офф» босқичига етиб борарди, аммо 1998 йилги мундиал анча муваффақиятсиз якунланди.
Ўшанда Хавьер Клементе «Реал»дан (ЕЧЛнинг амалдаги ғолиби) 6, «Барселона»дан саккиз футболчини таркибга киритганди. Жумладан, Рауль, Морьентес, Луис Энрике, Субисаррета, Йерро ва Пицци - сўнгги икки ном эгалари ЖЧ-2018да мураббий сифатида қатнашишга ҳам улгуришди.
Шундай футболчиларга эга «қизил фурия» жаҳон чемпионатини гуруҳ босқичидаёқ якунлашга мажбур бўлганди. Омадсизлик дастлабки босқичдаёқ ўз сўзини айтганди: Нигерия термасига қарши баҳсда Йерро етакчилигидаги жамоа 2:1 ҳисобида олдинда бораётганди, аммо иккинчи бўлим ўрталарида вазият тамомила ўзгариб кетди.
Дастлаб Субисаррета қўпол хатога йўл қўйди, орадан беш дақиқа ўтгач, Олисе нигерияликлар учун ғалаба тўпини киритди. Испанлар кейинги учрашувда парагвайликлар ҳимоясини ёриб ўта олишмади - 0:0, Болгария устидан қозонилган 6:1 ҳисобидаги ғалаба эса ҳеч қандай аҳамият касб этмади. Чунки параллель равишда ўтган баҳсда Нигерия Парагвайга ютқазиб қўйганди.
ЖЧ-2002
Франция термаси
Гуруҳдаги рақиблар: Сенегал (0:1), Уругвай (0:0), Дания (0:2).
Мана буни йирик жамоанинг ЖЧдаги энг катта муваффақиятсизликлари қаторига қўшса бўлади. Французлар ўша мундиални амалдаги жаҳон ва Европа чемпионлари сифатида бошлашган, таркибда 1998 ва 2000 йиллардаги турнирларда ғолибликни нишонлаган юлдузлар - Бартез, Десайи, Тюрам, Виейра, Макелеле, Жоркаефф, Пети, Зидан, Трезеге, Анри тўп суришганди.
Айнан шу жамоа бирорта ҳам гол уролмай, гуруҳда сўнгги ўрин билан кифояланди. Очилиш ўйинида «учранглилар» шов-шувли тарзда Сенегалга имкониятни бой беришган бўлса, кейинги баҳсда Уругвай билан голсиз дурангга имзо чекишди.
Данияга қарши кечган баҳсда жароҳатидан қутулган Зидан сафга қайтди, аммо Зизу ҳам термасига ёрдам беролмади.
Аргентина термаси
Гуруҳдаги рақиблар: Нигерия (1:0), Англия (0:1), Швеция (1:1).
Ўша 2002 йилги мундиалда Аргентина термаси «ўлим гуруҳи» «қурбон»ига айланди. Дастлаб ҳаммаси яхши бошланганди - камтарона Нигерия Батистутанинг ягона голи эвазига 1:0 ҳисобида таслим этилди. Бироқ иккинчи турда «альбиселесте» Англияга имкониятни бой берди: гол муаллифи - Дэвид Бекхэм.
Ушбу воқеани 1998 йилги воқеа учун ўзига хос ўч олиш сифатида баҳолаганлар ҳам учраганди ўшанда. Сўнгги турда Марсело Бьелса бош мураббийлигидаги жамоадан шведларни мағлубиятга учратиш талаб этиларди. Аммо аргентиналиклар сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштириб, ишқибозларга умид бағишлаган бўлсаларда, асосий вазифани уддалай олмадилар.
Ваҳоланки, бу Аргентина ҳам юлдузли таркибга эга эди: Почеттино, Самуэль, Занетти, Верон, Симеоне, Аймар, Батистута, Креспо, Ортега...
ЖЧ-2010
Италия термаси
Гуруҳдаги рақиблар: Парагвай (1:1), Янги Зеландия (1:1), Словакия (2:3).
ЖЧ-2006 немисларга хос аниқлик билан ўтиб, гуруҳ босқичи баҳслари шов-шувларсиз ўтди, аммо тўрт йилдан сўнг амалдаги чемпион ва вице-чемпионнинг 1|8 финал босқичига чиқа олишмагани кўпчиликни ҳайратлантирди.
Италияликлар ўз муваффақиятсизликларини гўёки олдиндан режалаштиргандек эдилар: Парагвай ва Янги Зеландия билан дуранг (ҳар икки ўйинда «Скуадра Адзурра» ҳисобда ортда бориб, сўнгра мағлубиятдан қутулиб қолган) италияликларга «плей-офф»га чиқиш учун имконият тақдим этганди: сўнгги турда Словакия мағлуб этилса, кифоя.
Лекин буни уддалаш осон эмасди. Роберт Виттек «дубль» қайд этиб, Италия термаси кушандасига айланган бўлса, «мовий гвардия» вакиллари 80-дақиқадан сўнг гол уришга киришдилар. Аммо мағлубиятдан қутулиб қолиш итальянларга насиб қилмади.
Шу тариқа, гуруҳдаги сўнгги ўрин ва чемпионларнинг мусобақани шармандали тарзда якунлашганини барча кўрди.
Франция термаси
Гуруҳдаги рақиблар: Уругвай (0:0), Мексика (0:2), ЖАР (1:2).
Тўрт йил аввалги мундиал финалида қатнашган французлар «қора қитъа»даги дастлабки ЖЧни ҳам омадсиз ўтказишди. Умуман, медаль билан ташриф буюрган жаҳон чемпионатини бой бериш «учранглилар»га одат бўлиб қолган кўринади.
ЖАРда Франция термаси дастлаб Уругвай билан нурсиз «сулҳ»га кўнди, сўнгра Мексика ва мезбонлар термасига қарши баҳсларда жамоа ўзига ўхшамади. Мунажжимлар башоратига амал қилувчи бош мураббий - Раймон Доменек шогирдлари билан тил топиша олмади.
Николя Анельканинг сафдан тушиб қолиши сабаб юзага келган можародан сўнг футболчилар ўзларига келиб улгуришмаганди. Шу паллада француз футболи чин маънода жарлик ёқасига келиб қолганди.
ЖЧ-2014
Португалия термаси
Гуруҳдаги рақиблар: Германия (0:4), АҚШ (2:2), Гана (2:1).
Тўғри, Португалия термаси жаҳон чемпионати фаворитлари қаторига кирмасди, аммо жамоа таркибида Криштиану Роналдунинг тўп суриши бутун дунёдаги ишқибозларни Европа «селесао»си ўйинларини диққат билан кузатишга ундарди.
Дастлаб португаллар гуруҳ босқичида АҚШ ва Ганани ортда қолдирадигандек кўринишганди. Аммо стартдаёқ немислардан йирик ҳисобли мағлубият қабул қилиб олингач, якунда тўплар нисбати ўз сўзини айтди - Португалия мусобақани тарк этди.
Италия ва Англия термалари
Гуруҳдаги рақиблар: Коста-Рика ва Уругвай.
Қуръадан сўнг деярли барча Коста-Рикани аутсайдер ролида кўриб, Уругвайнинг европаликлар билан гуруҳдан чиқиш учун курашишини тахмин қилганди. Якунда Коста-Рика биринчи бўлди, Уругвай - иккинчи. Англия ва Италия эса гуруҳ босқичидан кейиноқ уйга қайтишди.
«Скуадра Адзурра»нинг 2006 йилги чемпионликдан сўнг мундиалларда қандай иштирок этаётганига эътибор қаратинг: қаторасига икки марта «плей-офф»дан четда қолган Италия бу сафар мундиал йўлланмасини ҳам бой берди.
Испания термаси
Гуруҳдаги рақиблар: Голландия (1:5), Чили (0:2), Австралия (3:0).
ЖЧ-2018да Германия гуруҳ босқичидан чиқолмагач, XXI асрда амалдаги чемпионларнинг муваффақиятсизликка юз тутиш одати сақланиб қолди. Бундан аввал Франция, Италия ҳамда Испания жаҳон кубоги соҳиби сифатида «плей-офф»дан қуруқ қолишган.
Маълум муддат йўлидан чиққан ҳар қандай рақибни «ер тишлатган» «қизил фурия» совринли серияни муносиб якунлашни уддалай олмади. Дастлаб голландларга йирик ҳисобда имконият бой берилди - 1:5.
Иккинчи турда эса испанлар Чилига ютқазиб, кейинги босқичга чиқиш имкониятидан батамом маҳрум бўлишди.
Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20