Қайднома

Қидирув

Ўта шахсий тарих. Ромелу Лукаку: «Сизга дилимни очмоқчиман»

Ўта шахсий тарих. Ромелу Лукаку: «Сизга дилимни очмоқчиман»

  17.07.2018 08:52
  0
  1793
Ўта шахсий тарих. Ромелу Лукаку: «Сизга дилимни очмоқчиман»

Одатда инсон ўта кучли иштиёқ ёки зарурат туфайли қандайдир яширин, юзага чиқмай турган шахсий қобилиятини намойиш этиши мумкин. ЖЧ-2018 қаҳрамонларидан бири Ромелу Лакаку худди шундай зарурат таъсирида ёрқин футбол юлдузига айланди.

Бельгиялик голеадорнинг бугунги нуфузи ва маҳорати ортиқча таърифга муҳтож эмас. Лекин футболчи шу даражага эришиш  йўлида нечоғли машаққат чекканини кўпчилик билмайди, албатта.

Келинг, бу борада муайян тасаввурга эга бўлиш учун Лукакунинг шахсий автобиографиясини варақлаймиз.

-----------------------------------------------

- Бир куни кўчадан уйга кирдиму, тўғри ошхонага югурдим. Ойим одатдагидек музлатгич ёнида турарди. У мени кулиб қарши олди ва егулик тайёрлашга тутинди - музлатгичдан сут олди. Лекин уни пиёлага қуйиш ўрнига негадир идишни қимирлата бошлади.

Кейин билсам, ойим сутга сув қўшаётган экан. Ҳа, оиламиз камбағал эмас, шунчаки, қашшоқ эди. Ўша пайт 6 ёшли  болакай бўлсамда, баъзи нарсаларни тушунардим. Отам футбол билан профессионал даражада шуғулланган ва бошқа касби йўқ эди.

Шу сабаб, тез орада маблағсиз қолдик. Аввалига телевизордан айрилдик ва футбол ҳам, трансляциялар ҳам барҳам топди. Кейинчалик уйимизда ҳафталаб чироқ ёнмаслигига кўникдик, ойим чўмилиб олишим учун чойнакда сув иситиб берарди. Бундан ташқари, нон ва сутни насияга олардик.

Сотувчилар таниш бўлишгани боис, илтимосимизни рад этишмасди. Аҳволимиз оғиргилини билсамда, бунчалик ночор ҳолатга тушиб қолганимизни англаган эмасман. Хуллас, ойимни ранжитиб қў-йишдан чўчиб, индамайгина сув қўшилган сутга нон ботирдим.

Лекин нимадир томоғимга тиқилиб қолгандек бўлди - онамнинг шундай ночор аҳволда кўришга сабрим йўқлигини тушундим. Айнан ўша куни қашшоқликдан қутулиш учун иш бошлашга аҳд қилдим.   

-----------------------------------------------

- Футболга алоқадор мутахассислар руҳият хусусида баҳслашишни хуш кўришади. Бу борада шуни таъкидлашим мумкинки, шу пайтгача ҳеч ким мен каби қайсар болага дуч келмаган!

Дейлик, барчамиз тунда Яратгандан нажот сўрардик ва ойим ҳамда укам йиғлашарди, менинг кўзларимдан эса ҳеч қачон ёш чиқмаган. Йиғлаётган онамга яқинлашиб, шундай деганим эсимда:

«Ойижон, тез орада ҳаммаси яхши бўлади, мен «Андерлехт»да ўйнайман ва бу кунларни буткул унутамиз» Кейин отамни саволга тутдим: «Дада, профессионал фаолиятингизни неча ёшда бошлагансиз?» Жавобини эшитиб, аста пичирладим: «16 бўлса, 16да...».

Шу-шу бор куч-қувватимни футболга сарфлай бошладим. Қаерда тўп суришимнинг ортиқча аҳамияти йўқ эди - болалар боғчасидами, парк ёки шунчаки, кўчада, ҳамма жойда тўпга бор кучим билан зарба берардим. Гўёки, уни ёриб юбориб, аламдан чиқадигандек. Хуллас, ҳар бир ўйин мен учун финал мақомида эди. Болалик шўхликлари ва компьютерларни эса тамоман унутгандим.

-----------------------------------------------

- Улғайган сари кўпчилик эътиборига тушдим. Айрим ота-оналар ва мураббийлар ёшимни, қаердан келганимни суриштира бошлашди. 11 ёшда «Льерс» ўсмирлар жамоаси сафидан жой олганимда, ҳаттоки, майдонга тушишимга қаршилик қилишди: «Бу болакай ким ўзи? Ҳужжатларини кўрсатинг. У қаердан келиб қолди?»

Мен Бельгияданман, Антверпенда туғилганман. Отам жамоамизнинг сафар ўйинларига боролмасди, чунки автомобили йўқ эди. Шунинг учун барчасига ўзим жавоб беришга мажбур эдим. Ҳужжатларимни рюкзакдан олганимда, улар қўлма-қўл бўлиб кетди. Бу ҳол ғазабимни қўзғади:

«Ўғлингизни ўлдираман. Аввалдан шундай фикрда эдим, энди мажаклаб ташлайман. У уйингизга қон йиғлаб қайтади!» Ўша вақтдаёқ Бельгия тарихидаги энг яхши футболчи бўлишни дилимга тугганман. Шунчаки савияли ёки буюк эмас, энг сараси бўлишни!

Бунинг кўплаб сабаблари бор эди: хонадонимизнинг каламушларга тўлиб кетгани, ЧЛ ўйинларини кўролмаслигим, яқинларимнинг ғамгин нигоҳлари... Кун сайин иштиёқим кучайиб, мақсад сари интилишда давом этдим. 12 ёшгача 34та учрашувда 76та гол урдим.

Ўша пайт отамнинг эски бутсасини кийиб ўйнардим, чунки янгисини сотиб олишга маблағ йўқ эди. Бир куни бобомга қўнғироқ қилдим: «Буважон, ишларим жойида. 76та гол урдим, биз чемпион бўлдик. Номдор жамоалар эътиборини торта бошладим».

Табиийки, бу хушхабар уни беҳад қувонтирди: «Қойил, ишларинг жуда ажойиб! Энди айтчи, менинг қизим учун ҳам нимадир қила оласанми?» Кутилмаган саволдан бироз эсанкираб қолдим: «Ойимни айтяпсизми, бобо? Ундан хавотир олманг, ҳаммаси яхши».

Бобом эса гапимни бўлди: «Менга нисбатан ҳурматинг ҳаққи, унга чинакамига ғамхўр бўлишга ваъда бер». Табиийки, дарҳол бобомни юпатдим: «Сира ташвишланманг, сизни тушундим, бобожон, албатта, ваъда бераман. Хотирингиз жам бўлсин».

-----------------------------------------------

-  Орадан атиги 5 кун ўтиб, бобом ҳаётдан кўз юмди. Ҳар сафар уни эслаганимда, чуқур қайғуга ботаман. Агар у яна 4 йилгина яшаганида, ваъдам устидан чиқиб, «Андерлехт»да ўйнаганимни кўрарди. Афсуски, бу конголик бобомга насиб этмади.

Онамга берган ваъдани эса 11 кун кечиккан ҳолда, бажардим: 2009 йилнинг 24 май куни бўлиб ўтган «Андерлехт» - «Стандарт» баҳсида майдонга тушдим. Ўша оқшомни ҳеч қачон унутмайман. Бутун мавсум асосан захирада ўтириб, майдон юзини кўрмадим.

«Шу кетиш бўлса, қандай қилиб профессионал шартномага эга бўламан» қабилида хавотирга туша бошладим ва мураббийга юзландим: «Декабргача 25та гол урсам, асосий таркибдан жой берасизми?» Мураббий бир кулди-да, рози бўлди: «Майли, келишдик!»

Мен эса қўшиб қўйдим: «Бизни яна ҳар куни оладьи билан меҳмон қиласиз». 25та гол маррасини ноябрь ойидаёқ забт этдим ва Рождество байрамида мазали оладьидан лаззат олдик.

Ушбу кулгули тарих бошқаларга сабоқ бўлсин - ҳеч қачон қорни оч йигит билан гаров боғламанг! Профессионал шартномага туғилган куним -13 май санаси имзо чекдим. Ўша куниёқ кабель телевидениеси пакетини харид қилдим. 

-----------------------------------------------

-  Ички чемпионатда вазият кескин, «Андерлехт» ва «Стандарт» ҳисобидаги очколар миқдори тенг. Финиш маррасигача эса атиги 2та тур қолган. Ўйин арафасида ўринбосарлар мураббийи қўнғироқ қилди:

- Салом Ром, қаердасан?

- Уйда, паркда футбол ўйнамоқчиман.

- Йўқ, зудлик билан стадионга кел. Асосий таркибга кераксан...

- Нима? Мен?

- Ҳа, сен.

Қувончдан қичқириб юбордим: «Отажон, туринг, тура қолинг, мени чақиришяпти».

- Нима, қаерга?

- «Андерлехт»га...

Кийиниш хонасида қайси рақамли либосни олишимни сўрашди. Шунда 10-рақамни танладим. Бироқ ходим академия ўйинчиларига 30дан юқори рақамлар берилишини айтди.

«Унда 3га 6ни қўшсак, 9 бўлади. 36ни бера қол», дедим. Ўша оқшом асосий таркиб ўйинчилари қўшиқ куйлашга мажбур этишди. Майдон ва кийиниш хонаси ўртаси 3 дақиқалик йўл. Шу вақт ичида дўстларимдан чамаси 25та SMS-хабар олдим, қўл телефоним тинмади.

Улар саволларга кўмиб ташлашди. Лекин фақат энг яқин дўстимга жавоб қайтаришга улгурдим: «Оғайни, ўйнаш ёки ўйнамаслигимни билмайман. Лекин ўйинни кўр, албатта». Учрашувнинг 64-дақиқасига келиб, ниҳоят, майдонга тушдим.

Ўшанда 16 ёшу 11 кунлик эдим. Гарчи ғалаба қозонмаган бўлсакда, бахтиёрликдан еттинчи осмонда учгандим, гўё. 

-----------------------------------------------

-  Навбатдаги мавсум мактабдаги таҳсилни тугатиб, ЕЛда ўйнашга ҳам улгурдим ва кутилмаганда, ОАВ эътиборига тушдим, илиқ фикрлар эшита бошладим. Айниқса, терма жамоа мутасаддиларидан. Лекин барқарорлик етишмасди. Ахир 17 ёшли ўсмир эдим.

Алам қилган томони, яхши ўйнасам, журналистлар «Ромелу Лукаку - бельгиялик ҳужумчи», деб ёзишарди. Мабодо ҳаракатларим қовушмаса, мени асли африкалик Бельгия фуқароси сифатида тилга олишарди. Агар ўйиним ёқмаса, кўриш-кўрмаслик ҳамманинг ўз ихтиёрида. Бироқ шу юртда туғилганим, Антверпен, Льеж ва Брюсселда улғайганимни унутмасликлари керак.

«Андерлехт»да тўп суришни орзу қилгандим ва бунга эришдим. Ҳа, суҳбатни француз тилида бошлаб, голландчада якунлашим, қайси мамлакатда эканлигимга қараб, испан, португал ёки лингал тилида сўзлашишим мумкин. Факт шуки, бельгияликман, биз - бельгияликмиз.

Ҳайронман, нима учун ватандошларим омадсизликка йўлиқишимни исташади? Мисол учун, «Челси» сафига қўшилиб, майдонга тушолмаганимда, роса калака қилишди, лондонликлар мени «Вест Бром»га «сургун» қилишганида, маломат остида қолдим. Аммо ўша «билағонлар» 10 йил ЕЧЛдан мутлақо узоқда юрганимни билишармикан?

Турнир ўйинларини ҳаттоки, ТВ орқали томоша қилиш имкониятига эга бўлмаганимничи? Мактабда синфдошларим финал учрашуви ҳақида гапиришганида, ўзимни ҳаммасидан хабардордек тутардим. Аслида эса ҳеч нарсани билмасдим.

Ёдимда, «Реал» ва «Байер» ўйини юзасидан баҳс роса қизиганди: «Қандай ажойиб айланма зарба! Фантастика!» Мен эса гўёки, ўша голни кўргандек, бош ирғаб қўярдим. 2 ҳафтадан кейин шерикларимдан бири компьютер синфида ўша лавҳани интернетдан кўчириб намойиш этди ва Зидан дарҳақиқат, чап оёқда бетакрор зарба йўллаганига амин бўлдим.

Ёзда эса ўртоғим уйида Роналдо ЖЧ финалида қандай мўъжиза кўрсатганини кўрдим. Шундан 12 йил ўтиб, ўзим ҳам жаҳон чемпионатида иштирок этдим.

-----------------------------------------------

-  Энди мундиалларда Бельгия термаси шарафини ҳимоя қилишга чоғланяпман. Бундан ташқари, укам ҳам футболчи. Битта оиладан 2 киши бахтимизни футболдан топдик! Биласизми, бу сафар хурсандчиликни ҳам унутмайман - умр ўта қисқа, лаззатланиш имкониятини бой бермаслик керак.

Ҳаёт кутиб турмайди! Болалик пайти менда Тьерри Анрини ҳаттоки, телевизор орқали кўриш имконияти ҳам йўқ эди. Ҳозир терма жамоада ундан сабоқ оляпман, тирик афсона менга футбол сирларини ўргатмоқда.

Назаримда, футболни мендан кўра, кўпроқ томоша қиладиган ягона инсон - бу Анри. У билан барча масалаларни муҳокама этамиз. Ҳаттоки, иккинчи Бундеслига ўйинлари ҳам эътиборимиздан четда қолмайди:

- Тьерри, «Фортуна» ўйинини кўрдингми?

- Ҳазиллашяпсанми, албатта, кўрдим.

Мен учун футболдан яхшироқ нарса йўқ. Эҳ, қани эди ҳозирги ҳолатимни бобом ҳам кўрса! Бунда АПЛ, «МЮ» ёки ЕЧЛни назарда тутмаяпман, гап футболнинг энг йирик мусобақаси - ЖЧ ҳақида кетмоқда.

Иложи бўлганида, айнан унга қўнғироқ қилардим: «Бобожон, мана, ваъдам устидан чиқдим. Қизингиз ҳам соғ-саломат. Уйимизда каламушлар қолмади, зах ерда ухлашга мажбур эмасмиз, ҳужжатларимни текширишларига эҳтиёж йўқ. Чунки бизни бутун дунё танийди...».

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz