Қайднома

Қидирув

Хосеп Гвардиоланинг диққатга сазовор етти услуби (фотогалерея)

Хосеп Гвардиоланинг диққатга сазовор етти услуби (фотогалерея)

  18.07.2018 06:37
  0
  2498
Хосеп Гвардиоланинг диққатга сазовор етти услуби (фотогалерея)

Хосеп Гвардиола нафақат дунёнинг энг омадли мураббийларидан бири, балки яна жаҳон модаси билан ҳамнафас юрадиган ёрқин сиймодир.

Нисбатан қисқа фаолияти давомида Испания Примероси, Германия Бундеслигаси ва Англия Премьер-лигасидек кучли лигаларда ғалаба нашидасини суришга улгурган каталониялик мутахассис чиндан ҳам, кийиниш ва юриш-туриш бобида доимо ажралиб туради.

Sports.ru сайтининг эътироф этишича, Пепнинг кийиниш масаласидаги алоҳида етти услуби диққатга сазовор.

1. Баданга ёпишиб турувчи костюм

Хосеп Гвардиола «Барселона»даги фаолиятидаёқ каталонияликларни имкони бор барча совринлар сари етаклаш баробарида баданга ёпишиб турувчи нафис костюми билан кўзга ташланган эди. Умуман, ўша вақтдаёқ ушбу кийиниш услуби мураббийнинг ўзига хос «ташриф белгиси»га айланди.

Гвардиола шундан кейин «Бавария» бошқарувини қўлга олди ва ўз образини қоматга ёпишиб турувчи ёқасиз ва тугмасиз трикотаж либоси билан тўлдирди. Эътиборлиси, Хосеп расмий тадбирлар учун ҳамиша нимчали костюм ва нафис бўйинбоғ танлайди.

2. Спорт услуби

Каталониялик мутахассис «Манчестер Сити» бош мураббийи лавозимига тайинланганидан буён жиддий кийинишдан аста-секин воз кечиб, спорт услубига оға бошлади. Оддий айтганда, бежирим кўйлак ва пиджак, нозик бўйинбоғни оддий жемфер ёки футболка ҳамда курткага алмаштирди, оёғида эса туфли эмас, кедани кўришга одатландик.

«Ҳа, одатда доимо костюм киярдим. Уларни турмуш ўртоғим танлаб берарди. Бироқ бу йил ушбу услубдан бироз зерикдим ва енгилроқ кийинишга ўтдим. Муҳими, ҳозирги либосларда ўзимни қулай ҳис қиляпман.

Иримга келсак, ўйиндан олдин ҳеч нарсага қатъий амал қилмайман. Битта истисно бор - ҳар доим учрашув арафасида турмуш ўртоғим билан телефон орқали гаплашаман, албатта», - дейди Гвардиола янги услуби ҳақида.

3. Пальто

Гвардиола эндиликда партушак (момиқ устки кийим)дан енгил пальтони маъқул кўрмоқда. У шунинг баробарида пальто ичидан гоҳида классик костюм, баъзан эса жемфер кийиши мумкин. Оёғида яна кеда.

4. Stone Island

Испан мураббийининг энг севимли брендларидан бири - Stone Island. У ушбу бренд маҳсулотлари (жемфер, поло ва куртка)да тез-тез кўриниш беради.

«Манчестер Сити» раҳбарияти Dsquared2 компанияси билан шартнома тузганидан кейин эса, Гвардиоланинг компас кўринишидаги Италия бренди белгисидан воз кечишига тўғри келди. Бинобарин, Stone Island бозорда Dsquared2нинг жиддий рақобатчиси ҳисобланади.

5. Шарф

Хосеп Гвардиоланинг либослар жавони (гардероб)да муҳим жойга эга элемент. Мураббий ҳаво ҳарорати бироз тушган тақдирда дарҳол шарфни бўйнига ташлайди. Ҳа, гоҳида бу узун матоҳ мураббийнинг енгил ҳаракатланишига халақит ҳам беради, лекин асосийси, у ўзига хос кийиниш услубини ажойиб тарзда тўлдиради. Идеал образ.

6. Кепка

Каталониялик мутахассис коллекциясидаги яна бир муҳим аксессуар. Гвардиола одатга кўра, Манчестер бўйлаб сайрга чиқса ёки шунчаки, стадион атрофини айланиб чиқишни истаса, бошига кепка олади. Пеп шунингдек, жамоа машғулотида спорт костюми ва классик кепкада кўриниш беришдан ҳам хижолат чекмайди.

7. Соқол

Хосеп Гвардиоланинг яна бир ўзига хос белгиси. У Барселона, Мюнхен ёки Манчестерда қандай услубда кийинган бўлмасин, хоҳ классик, хоҳ спорт услубини танласин, соқолига алоҳида эътибор қаратади. Яъни ҳамиша калтагина соқол билан кўзга ташланади. Хуллас, бу унинг шундоқ ҳам нозик кўринадиган образига жуда мос тушган.

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz