Қайднома

Қидирув

Азиз Ибрагимов: «Ҳар бир мағлубият сабоқ»

Азиз Ибрагимов: «Ҳар бир мағлубият сабоқ»

  19.07.2018 06:44
  0
  661
Азиз Ибрагимов: «Ҳар бир мағлубият сабоқ»

(P.S. СУҲБАТ 13-ИЮЛЬ, ЖУМА КУНИ УЮШТИРИЛГАН)

Катта танаффусдан сўнг Ўзбекистон Суперлигасида кетма-кет 2та тур учрашувлари ўтказилди ва улар мухлисларни олдинда мавсумнинг энг қизиқарли палласи кутаётганини тасдиқлади, гўё.

Чемпионат пешқадами «Пахтакор» 2та ғалабага эришди. Таркибига Анзур Исмоилов, Темурхўжа Абдухолиқов ва россиялик Павел Пог­ребнякнинг укасини қўшиб олган «Локомотив» ҳам 6 очко ишлади.

Шунингдек, «Бунёдкор» ўз майдонида кечган ҳар икки учрашувда ғалабага эришиб, турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилди. «Бухоро» эса аксинча, кетма-кет 2та мағлубиятни тан олди. Боз устига, жамоа ўз дарвозасидан 5та гол қўйиб юборган ҳолда, бирорта урмади.

Бухороликлар учун айниқса, «Сўғдиёна»дан қабул қилинган мағлубият аламли бўлди. Хуллас, «Бухоро»нинг мавсумдаги биринчи йирик ҳисобли мағлубияти (0:3) билан якунланган шу ўйиндан сўнг жамоа етакчиларидан бири Азиз Ибрагимовни суҳбатга чорлаб, салбий натижалар сабабини суриштирдик.

- Азиз, «Сўғдиёна» билан ўйин ҳақида сўрашдан аввал юзага келган танаффус хусусидаги фикрингизни билмоқчимиз. Зеро, бу тўхталиш жамоаларга турлича таъсир кўрсатди.

- Ҳа, шундай. Етакчи жамоалар ўз таркибини сезиларли даражада кучайтириб олди. Баъзи клублар аксинча, кучсизланиб қолди, ўйин амалиётининг йўқлиги ритмни бузди. Бу танаффусдан кейинги илк ўйинларга жиддий таъсир ўтказмай қолмади. Ўзимга келсак, бир ҳафта Чехия­да ҳордиқ чиқариб қайтдим.

Чунончи, Прага иккинчи уйимга айланиб қолган. У ерда дўстларим жуда кўп. Таътилдан 23 июнь куни қайтдим. Ўша пайт жамоамиз Чимён тоғ бағрида тайёргарлик кўраётганди.

- Танаффус пайти жамоани алмаштириш варианти ҳам юзага келгандир...

- Бир нечта клуб ўз сафига чорлади. Лекин таклифлар «Бухоро»ни алмаштирадиган даражада кучга эга эмасди. Оддий айтганда, улар мени алоҳида қизиқтирмади.

- Ўзи «Бухоро» билан қанча муддатга шартнома тузгансиз?

- Шу мавсум охиригача.

- Ортда қолган учрашувлар ҳақида нима дея оласиз? Ўз ўйинингиздан кўнглингиз тўлдими?

- Менимча, мухлислар зерикиб қолишмади. Кутилмаган натижалар кўп кузатилди. «Бухоро»га келсак, бундан ҳам яхшироқ натижа қайд этишимиз мумкин эди. Ички потенциалимиздан келиб чиқиб шундай фикр билдиряпман.

Бироқ айрим ўйинларда омадимиз келмади, баъзиларида ўз айбимиз билан қимматли очколарни бой бердик. Ўз ўйинимдан эса кўнглим тўлмади. Бунга биринчи навбатда, жамоа таркибига кеч қўшилганим сабабдир. Жамоа ўйинига мослашишим бироз чўзилиб кетди.  

- Жамоангиз бироз нотекис ўйин намойиш этяпти. Бу ҳолат нима билан боғлиқ?

- Тўғриси, сабабини ўзимиз ҳам билолмаяпмиз. Лекин умумий ҳолатни ўнг­лаш учун астойдил ҳаракат қиляпмиз.

- Жамоа мураббийлардан бири Бахтиёр Ашурматов АГМКга ўтди. Бу қанчалик катта йўқотиш бўлди, сизнингча?

- Шу йўқотиш таъсири ҳам озми-кўп билиняпти. Бахтиёр Ашурматов катта тажриба тўплаб бораётган мутахассислардан бири ва Улуғбек Бақоев билан ҳамжиҳат самарали ишлаётганди. 

- Улуғбек Бақоевга қандай таъриф берасиз?

- Бу саволга жавобни жамоамиз кўрсатаётган ўйин ва турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнимиздан олса бўлади. Ҳозир 5-ўринда боряпмиз ва иккинчи босқичга чиқиш учун яхшигина имкониятга эгамиз. Умумий олганда, жорий йилги иштирокимиз чакки эмас. Бунда албатта, Улуғбек Бақоев хизмати ҳам катта.

- Жамоа олдидаги асосий вазифа кучли олтиликка кириш бўлса керак...

- Ҳа. Шундагина совринли ўринлар учун курашни давом эттиришимиз мумкин. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Мазмунли ўйин кўрсатсак, мақсадга эришамиз, албатта.

- Бироқ жамоангиз охирги 2та учрашувда мағлубиятга учради. Айниқса, «Сўғдиёна»га 0:3 ҳисобида имкониятни бой беришингларни ҳеч ким кутмаганди. Бу ўйинларни таҳлил қилиб кўрдингларми?

- Атрофлича таҳлил қилишга фурсат бўлмади. Чунки кетма-кет 2та сафар учрашувида майдонга тушдик. «Пахтакор»га ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Лекин «Сўғдиёна» билан ўйиндаги мағлубият дарҳақиқат, алам уйғотди.

Ўз хатоларимиз оқибатида кетма-кет 3та гол қўйиб юбордик. Нима дердим, хатолар устида ишлаймиз ва кейинги ўйинларда мухлисларни қувонтиришга ҳаракат қиламиз. Футболда ҳар бир мағлубият сабоқ бўлиши керак. Хатолардан хулоса чиқармасликдан ёмони йўқ...

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz