Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон терма жамоасининг бош мураббийсиз ўтган кунлари...

Ўзбекистон терма жамоасининг бош мураббийсиз ўтган кунлари...

  22.07.2018 06:43
  0
  1781
Ўзбекистон терма жамоасининг бош мураббийсиз ўтган кунлари...

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийсиз қолганига 10 ой бўлди.

Вақтинчалик тайинланган ва вазифани бажарувчи мураббийлар меҳнатини камситмаган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, термамизга ҳақиқий бош мураббий керак ва унинг олдига Осиё кубоги-2019да аниқ вазифа қўйишимиз шарт.

Ҳозирча бош жамоамизнинг бош мураббийи йўқ. Демак, ЎФА раҳбарияти бу масалани зудлик билан ҳал этиши лозим, шундайми?

ЯНГИ РАҲБАРИЯТНИНГҲАРАКАТЛАРИ

Самвел Бабаян 2017 йил 7 сентябрда истеъфога чиққач, ўртада эски ЎФФ, ҳозирги ЎФАда икки марта раҳбарият ўзгарди. 2017 йил 12 сент-ябрда ЎФФда ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди ва Умид Аҳмаджонов ягона номзод сифатида ЎФФ президенти этиб сайланди.

ЎФАга янги мақсадлар билан келган ёш раҳбар терма жамоа бош мураббийи масаласида баёнот берди: «Терма жамоага ким мураббий бўлишини яқин 20-25 кун ичида эълон қиламиз. У хорижлик, катта тажрибага эга мутахассис бўлади». Лекин бундай мутахассисни топиш учун вақт камлик қилиши кундек равшан эди.

ЎФФ вице-президенти Ш.Исроилов таклифи билан октябрь ойида «Насаф» клуби устози Рўзиқул Бердиев БААга қарши ўртоқлик учрашувида вақтинча бош мураббий вазифасини бажарувчи бўлди. ЎФФнинг бу қарорига ҳеч ким қаршилик кўрсатмади. Аксинча, спорт нашрлари ва интернет оммаси бу ёш мураббийга ишонч билдиргани учун ЎФФдан ҳатто миннатдор бўлди.

14 ноябрь куни БААнинг Ал-Айн шаҳрида мезбонларга қарши кечган ўртоқлик ўйинида терма жамоамиз Али Мабҳутнинг 16-дақиқада урган голи туфайли мағлубиятга учради.

2017 ноябрь ойининг сўнгига келиб, ЎФА халқаро бўлими музокаралар олиб борган бир қатор номзод мураббийлар рўйхати эълон қилинди. Улар орасида Дан Петреску (Руминия), Славолюб Муслин (Сербия), Миодраг Радулович (Черногория), Анжелио Алессио (Италия), Бернд Шторк (Германия), Бранко Иванкович (Хорватия), Славен Билич (Хорватия), Вальтер Маццари (Италия), Берт ван Марвейк (Голландия) кабилар бор эди.

Бу мураббийлар орасида Сербияни Россия мундиалига олиб чиққан ва терма жамоадан кетишига тўғри келган Славолюб Муслин номзоди борасида конкрет ишланмалар пайдо бўлганди. Муслин Сербия миллий жамоасида йилига 1,8 млн. евро маош олгани, терманинг етакчи футболчилари билан муносабатлари каби фактлар ҳам унинг вариантига соя солмаётганди. Лекин бу номзодлар борасидаги якуний қарор 2018 йил аввалида эълон қилиниши ҳақида маълумот берилди.

Эски йилнинг сўнгги кунида ЎФА президенти Умид Аҳмаджонов қуйидагича баёнот берди: «МТЖга келадиган мураббий ўз терма жамоаси билан ЖЧга йўл олган, катта тажрибага эга мутахассис бўлади». Шундан сўнг ҳамма бу ёки Кейруш ёки ван Марвейк дея ўйлай бошлади.

Кейруш номзоди ҳатто кўпроқ тош босаётганди. Бу орада Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги президенти этиб сайланди. ЎФФ Ўзбекистон футбол ассоциациясига айлантирилди ва унга Ачилбой Раматов янги президент этиб сайланди.

2018 йил 27 январь санасида ЎФА биринчи вице-президенти Эрон терма жамоаси бош мураббийи Карлос Кейруш билан музокара ўтказаётгани маълум бўлди. Февраль бошида эса хорижлик мураббий билан оғзаки келишувга эришилгани айтилди. Бу маълумотни ЎФАнинг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг шахсан ўзи тасдиқлади.

2018 йил 15 февралида Ўзбекистон терма жамоасининг вақтинчалик янги бош мураббийи этиб яқинда футболчилик фаолиятини якунлаган, мураббийлик соҳасида тажрибага эга бўлмаган Темур Кападзе тайинланди.

Темурнинг терма жамоада энг кўп ўйин ўтказганлардан бири экани, унинг сафида 2002-2017 йиллар давомида ортирган тажрибаси инобатга олинди. Шу тайинлов билан бирга терма жамоанинг ҳақиқий бош мураббийи июль ойида тайин бўлиши ҳам кенг оммага маълум қилинди.

2018 йил 4 май санасида Осиё кубоги-2019га қуръа ташланди. Миллий жамоамиз «F» гуруҳидан жой олди: Япония, ЎЗБЕКИСТОН, Уммон, Туркманистон.

БОШ МУРАББИЙ ҚАЧОН МАЪЛУМ БЎЛАДИ?

2017 йил сентябрда ўзбек футболига «янги қон қуйиш» жараёни бошланиши маълум бўлгач, ҳамма дунёга донғи кетган мураббийни кута бошлади. Реалистлар эса Кейруш келишини, бу билан ҳам Эронни, ҳам Жанубий Кореяни шокка тушириб қўйишимиз мумкинлигига урғу беришди.

Қисқа муддат ичида янги раҳбарият томонидан бош мураббий масаласини ҳал этишга ваъда берилган бўлса-да, ҳеч ким улардан ваъданинг зудлик билан бажарилишини талаб қилмади. Чунки муносиб номзодлар масаласи мураккаблиги, ҳали мундиал саралаши давом этаётганлиги кўриниб турганди.

ЎФА раҳбарияти ва миллий футболимиз мухлисларини бош мураббий масаласида хотиржам бўлишга ундаган яна битта омил бор эди. Олдиндаги жаҳон чемпионати якунига етгач, дунё тан олган мураббийлар ишдан кетиши ва улар билан музокара олиб бориш осонлашиши кутилганди.

«Жаҳон чемпионати тугасин, терма жамоамизни Осиё кубогига олиб борадиган мураббий ким бўлишини ҳамма билиб олади. Ўзимиз ҳам ўша кун келишини кутяпмиз, лекин ҳозирча эълон қилишга шошилмай турамиз. Барчасини кейинроқ, ОАВ ходимларини бир жойга йиғиб, расман эълон қиламиз.

Карлуш Кейруш варианти ҳақидами? Яширмайман, номзодлар орасида бу мураббий ҳам бор. Мен у киши билан Дубайда учрашиб, гаплашганман. Фақат шуни айтишим мумкинки, терма жамоамизнинг навбатдаги бош мураббийи албатта, номи чиққан, машҳур мутахассис бўлади». Бу баёнотни ЎФА биринчи вице-президенти Осиё кубогига қуръа ташлангандан сўнг берган. Шунга ҳам икки ой бўлди.

Эсон-омон июль ойига ҳам етиб келдик. Бизга керак бўлган мураббийнинг терма жамоаси гуруҳ босқичиданоқ мундиалдан уйига қайтган. Ҳар ҳолда Роберто Мартинес (Бельгия) ёки Златко Даличга (Хорватия) харидор бўлмасак керак?!

Берт ван Марвейк (Австралия), Акиро Нишино (Япония), Эктор Купер (Миср) каби мураббийлар терма жамоалардан кетишди. Эрве Ренарга (Марокаш) 2022 йилгача бўлган янги шартнома таклиф қилинди.

Осиё кубоги бошланишига 6 ойгина вақт қолди. Нега ҳаяжонга тушмаймиз, хавотирланмаймиз? Ахир бизда ҳали бош мураббий аниқ эмас. Япония мундиалда нималар қилганини кўрмадингизми? Умуман, янгича Осиё кубогида ярим финалгача бора оламизми?

Ахир жаҳон чемпионатида иштирок этган 5та Осиё жамоасидан фақат амалдаги қитъа турнири чемпиони Австралия ғалаба қозона олмади.

ЎФА раҳбарияти термамиз Осиё кубогида юқори вазифани бажариш учун курашишини маълум (ваъда деб қабул қилсак ҳам бўлар) қилганди. Қитъанинг энг йирик ва нуфузли турнири бошланишига эса тобоа кам вақт қоляпти. Янги келадиган мутахассис ўта қисқа муддат ичида термамизни тубдан янги қиёфага киритиб қўйишига ишониш мушкул.

Бунинг учун жамоани ҳаммадан ажратиш, Осиё ўйинларидан воз кечиш, Суперлига ўйинларини анча олдин тугатиш керак ва ҳ.к. «Терма жамоа иши клуб ишидан осон», деганлар футболда ҳеч нарсани тушунмас эканлар.

Мундиалда ишлаётган кучли ва тажрибали мутахассисни олиб келмоқчи бўлганимиз якунда панд бериши ҳам мумкин. Бизга Клаудио Раньери сингари клуб футболининг етук намоёндасини олиб, синов қилиб кўриш керак.

Мана, Златко Далич Осиё клуб футболидан кейин Хорватия термасига олиб борилди. Бутун бошли Ўзбекистон терма жамоаси сентябрь ойидан буён бош мураббийсиз қолгани фақат ЎФАнинг бошоғриғи бўлиши керак эмас. Биз жуда катта муддат, анча кўп вақтни йўқотдик.

Буни тан олиш лозим. Футбол жамоатчилиги, ОАВ бу борада жар солиши керак эди. Янги келадиган мураббийдан Осиё кубогида натижа талаб қила оламизми?

Ахир у ҳам шартнома тузишдан олдин ўз талабларини қўймайдими, вазиятга реал кўз билан боқмайдими? Ёки унга «Қатар мундиали йўлида Осиё кубоги-2019ни «қурбон қилавер», дея топшириқ берамизми?

ЎФАнинг ҳаракати билан мундиалга йўл олган номдор жамоаларга қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказдик. Бунинг учун мутасаддиларга ташаккур. Аммо бу назорат баҳсларини бўлажак мураббийсиз ўтказдик.

Ҳозирча бизда конкрет режа ва мураббий йўқ. Тимур Кападзе бошчилигида Африка жамоалари билан ўтказилган ниҳоятда фойдали ўртоқлик ўйинларида ўзимиз кутган натижани қайд этолмадик. Биргина юпанч - бизникилар ҳам Африка ва Жанубий Американи кўриб келишди. Луис Суареснинг «тириг»ига қарши ўйнаб кўришди.

БИЗГА ҚАНДАЙ МУРАББИЙ КЕРАК?

Акиро Нишинони термамизга олиб келиш лозим! Колумбия ва Бельгияга қарши ўйинда унинг кучли тактик эканлиги кўринди. Колумбия билан баҳснинг дастлабки 5 дақиқасида кучли прессинг ишлатилди ва колумбиялик футболчи четлатилди.

Шундан сўнг ўйин хотиржам давом этди ва Япония ғалаба қозонди. Бельгия билан учрашувда японлар кўрсатган ўйин Осиё футболи тарихига киради. Кучли футболчиларга қарши тактик прессинг, кучли ва аниқ зарбалар орқали учрашув натижасини кутилмаган ҳолатга олиб келиш - бу Нишино танлаган тактика.

КЕЙРУШ ЭРОНДА ҚОЛАДИМИ?

Эрон Ислом Республикаси футбол федерацияси раҳбари Меҳди Тож терма жамоа устози Карлуш Кейруш билан боғлиқ масалага ойдинлик киритди. У матбуот вакиллари билан суҳбатда шундай деди:

«Сизларга бир гапни айтмоқчиман, Карлуш Кейруш Осиё кубоги-2019 мусобақасида ҳам термада қолади. Жаҳон чемпионатидаги ўйинимиз шуни кўрсатдики, биз тўғри йўлдан кетяпмиз. Йўқса, миллий жамоа мамлакатга қайтганида, 7 минг ишқибоз аэропортга чиқмасди.

Термамиз - ҳамма нарсадан устун. Миллионлаб халқимиз жаҳон чемпионатини катта қизиқиш билан кузатиб борди ва футболчилар кўрсатган ўйин барчага манзур бўлди. Мусобақадаги ижобий иштирокдан кейин ҳаммамиз бир хаёлга бордик - бу ўйин билан бемалол Осиё кубогида зафар қуча оламиз».

Маълумки, португалиялик мураббий ЖЧ-2018да қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, мундиалдан кейин Эрон билан хайрлашишини айтиб ўтганди. Аммо федерация раҳбари бошқача гапиряпти.

«Хавотирга ўрин йўқ, Кейруш терма жамоада қолади. Биз унинг янги шартномасини яқин кунларда кўриб чиқамиз. Мана кўрасизлар, Осиё кубогига ҳаммамиз биргаликда борамиз», - деди Меҳди Тож.

Маълумот учун, Карлуш Кейруш 2011 йилнинг 4 апрелидан бери Эрон термасини бошқариб келмоқда. Унинг қўл остида форслар икки бор жаҳон чемпионати, 2015 йилги Осиё кубогида иштирок этишди.

Ривожлантириш дастури. 2018 йил 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан тасдиқланган «2018 - 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш дастури»нинг III иловаси «2022 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасидаги саралаш турнирларида иштирок этиш учун футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сифатли ва самарали тайёргарлик кўришини таъминлаш» дея номланган.

Истиқболли футболчиларни жалб қилган ҳолда футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янгиланган таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш сифатида келтирилган Дастурнинг 29-банди 2018 йил декабрда бажарилиши белгиланган.

ДОВУДХОН тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz