УЕФА президенти Александер Чеферин ҳам ЖЧ-2018га юқори баҳо бермоқда. Европа футболи раҳбари финал ўйинидан олдин россиялик касбдошимиз билан суҳбатда турнир савиясидан мутлақо қониқиш ҳосил қилганини алоҳида эътироф этди.
СловенияликфункционершунингбаробаридаХорватиятермасимуваффақиятивамусобақадажорийэтилганянгиқоидалархусусидафикрбилдирди.
- Мундиалнинг ярим финал йўлланмалари тўлалигича Европа вакилларига насиб этди. Ушбу муваффақиятни қандай қабул қилдингиз?
- Мамнуният билан, албатта! Лекин ҳайрон қолганим йўқ. Чунончи, биз кўп нарсаларга эришяпмиз, менимча. Оддий айтганда, УЕФА Европада футболни ривожлантириш борасида кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. Демакки, бошқа қитъалардан устунлигимиз ортиб бораверади.
- Бунинг асосий омили нима?
- Маълумки, турли мусобақалар воситасида даромад миқдорини тобора оширяпмиз ва маблағдан унумли фойдаланяпмиз. Дейлик, мураббийлар ва миллий федерацияларга ёрдам берувчи мутахассисларни ўқитиш каби масалаларни махсус дастурлар асосида ҳал этяпмиз, шунингдек, бошқарув тизимини тобора такомиллаштиряпмиз.
Қолаверса, футбол инфратузилмасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу ишларни муваффақият гарови сифатида кўрсата оламан. Муҳими, Европада ҳар бир болакай ўз маҳоратини мунтазам ошириб бориш имкониятига эга. Билишимча, қолган қитъаларда умумий вазият сал бошқача.
- Айтиш жоиз, «кўҳна қитъа» футболига улкан сармоя жалб этилмоқда. Умуман, Европада футбол аллақачон глобал бизнес даражасига кўтарилди...
- Шубҳасиз, шундай. Ўйлайманки, футбол бизда кейинчалик ҳам биринчи рақамли спорт тури мақомини сақлаб қолади. Асосийси, маблағдан самарали фойдаланишни билиш керак. Рақамлар асосида айтсам, УЕФА умумий даромадидан 85 фоизини харажатларга ажратади.
Хўш, ер юзида шундай серхаражат фирма ёки компания борми? Мана, тўхтамай янги майдонларни барпо этяпмиз, мураббийларни тайёрлаш, болаларни тарбиялаш билан изчил шуғулланяпмиз. Қисқаси, соҳамизда ҳеч қачон катта маблағ тўпланиб қолмайди. Бундан маъно ҳам йўқ.
- Энди мумкин бўлса, қўл остингиздаги ташкилот фаолияти хусусида кенгроқ маълумот берсангиз.
- 2004 йилдан эътиборан амалга оширилаётган катта лойиҳага кўра, қитъанинг барча минтақаларида инфратузилма ривожига сармоя ажратяпмиз. Бунда шарт битта: миллий федерациялар олинган маблағ қаерга ва қандай сарфланиши ҳақида тўлиқ маълумот берса, бас.
УЕФА ўз навбатида, жойларга ўз мутахассисларини юбориб, иншоотларнинг талабларга нечоғли жавоб беришини назорат қилади. Мураббийлар ва ёш футболчиларни тайёрлаш масаласига ҳам худди шундай ёндашяпмиз. Болаларни сиёсатчилар қизиқтиришмайди - улар таниқли мутахассислар ва футбол юлдузлари билан учрашишни истайдилар.
Шундай экан, моддий ёрдам йўналишини белгилашда ақл билан иш тутиш лозим. Умуман, қайси ассоциация биздан олаётган маблағни қаерга сарфлаётганини яхши биламиз.
- Навбат Россия мундиали мавзусига келди. Сизнингча, ЖЧ-2018 мезбон мамлакат ҳақидаги тасаввурни ўзгартирдими ёки йўқ?
- Аввало, ФИФА, Россия-2018 ташкилий қўмитаси ва РФИни юксак савияда турнир ташкил этилгани билан алоҳида табрикламоқчиман. Ўзи шундай бўлишига шубҳа ҳам қилмагандим. Лекин яширмайман, ижобий маънода жуда ҳайрон қолдим.
Балки бу бироз кулгили туюлар, аммо ҳақиқат: ҳаттоки, чегара зоналаридаги божхона хизматчилари ҳам барчани табассум билан кутиб олишгани ва «ЖЧга хуш келибсиз!» дейишганига аввал сира дуч келмаганман. Бу ерда ҳаммаси жуда ажойиб, тажовузкорлик йўқ, экстремизм иллатлари ҳам. Хуллас, мусобақа юксак савияда ташкиллаштирилди.
- Хорватия терма жамоаси финалда чиқиб, барчани бирдек ҳайратлантирди. Митти мамлакатлар вакилларининг йирик турнирларда муваффақият қозонишлари нечоғли муҳим?
- Бу жуда намунали ҳолат. Хорватлар натижаси ҳам Европа футболининг юксак мақомидан далолат бериб турибди. Ўйлашимча, болқонликлар қанчалик улкан ишни уддалашганини ҳали тўла-тўкис ҳис қилишгани йўқ.
Атиги 4 миллион аҳолиси бор давлат жамоасининг ЖЧ финалига чиқиши катта аҳамиятга эга, албатта. Хорватиялик йигитлар чинакам жасорат, иштиёқ ва ирода намойиш этишди.
- Сиз Словениядансиз. Демак, қўшни хорватлар билан фахрланасиз, шундайми?
- Албатта! Мамлакатларимиз ўзаро қўшни, Мана, Хорватияда кўплаб дўстларим бор. Хорватия дунёдаги йирик мамлакат бўлмасада, футболда кўп нарсаларга эришди. Франция термаси эса келажак жамоасидир. Унинг таркибида ўта ноёб иқтидор соҳиблари тўпланишган.
- 2022 йилги мундиал Қатарда ташкил этилади. Турнирнинг қишда ўтказилиши Европа футболига қандай таъсир этиши мумкин?
- Бу масала мен УЕФА раҳбариятига келишимдан аввал ҳал этилган. Нима дердим, миллий лигалар янги тақвимга мослашади - бошқа чора йўқ.
- Боз устига, ҳозир ЖЧ-2022даёқ иштирокчилар сонини 48тага ошириш ғояси муҳокама қилинмоқда...
- Бу масала очиқ турибди ва ФИФА Кенгашида кўриб чиқилади. Мен учун асосий муаммо шуки, ҳозирча ОАВдан олинган маълумотлар билан чекланишга мажбурман.
ФИФА ёки мундиал ташкилотчилари ўзгаришга қандай муносабатда - буни билмайман. Менимча, КОНМЕБОЛдан чиққан ғоя амалга татбиқ этилса, мусобақа тақвимини тузишда жиддий муаммоларга дуч келинади.
- Умуман, Қатарда қайси жиҳат асосий муаммога айланиши мумкин?
- Турнир ноябрь-декабрь ойларига белгиланган. Бу паллада миллий чемпионатлар давом этаётган бўлади. Агар иштирокчилар сони ортса, учрашувлар ҳам кўпаяди.
Ҳисоб-китобларга кўра, шундай ҳолатда ҳар куни 6тадан ўйин ўтказишга тўғри келади. Шахсий фикримча, кунига 12 соатни футболга ажратиш меъёрдан жуда кўп.
- Россия мундиалида илк марта ҳакамларга видеотакрорлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Янгиликни қандай баҳолайсиз?
- Тизим фаолиятига ижобий қараш мумкин. Боз устига, энди ортга йўл йўқ. Ҳа, янги тажриба ҳозирча талаб даражасида самарани бермади. Дейлик, УЕФАнинг айрим лавҳаларга нисбатан эътирози ҳам йўқ эмас. Мисол учун, ён ҳакам «офсайд»ни қайд этса, видеоассистент буни рад этмоқда.
Ваҳоланки, бу пайт ўйин тўхтатилган, ҳужумга ўтган жамоа гол уриш имкониятидан маҳрум бўлади... Демоқчиманки, янгилик мукаммалликдан йироқ. Шу боис, барчасини қайта кўриб чиқиш ва тегишли ўзгаришлар киритиш талаб этилади.
- УЕФА байроғи остидаги мусобақаларда ҳам видеотакрорлардан фойдаланиш режаси борми?
- Шак-шубҳасиз. Эртами-кеч, технологияга мурожаат қиламиз, барибир. Лекин ҳозирча муддатни аниқ айтолмайман. Аввало, тизимнинг мукаммал ишлашини таъминлайдиган асбоб-ускуналар билан шуғулланадиган компания топишимиз керак, ҳакамларни янгиликка пухта тайёрлашимиз лозим.
Мусобақаларда қитъанинг турли бурчакларидан таклиф этиладиган ҳакамлар қатнашадилар. Айни пайт уларнинг 80 фоизида видеоассистент билан ишлаш малакаси йўқ. Бундан ташқари, мундиал тажрибасини ўрганиб, тегишли хулоса чиқариш лозим. Буларни қандайдир 1-2 ой ичида уддалаш иложи йўқ.
- Евро-2020да футболга қўшимча жозиба бахш этадиган янгиликлар хусусида ҳам ўйлаяпсизми?
- Йўқ. Бундай ўй-фикрлардан йироқмиз. Футбол бусиз ҳам ўта мафтункор эканлигини унутманг.
- Навбатдаги қитъа биринчилиги бевосита раҳбарлигингиз остидаги дастлабки турнир бўлади. Унга Европанинг 12та шаҳри мезбонлик қилади. Ғоя чиндан ҳам, қизиқарлими?
- Аввало, бу - катта янгилик. Ҳа, айрим мураккабликлар ҳам йўқ эмас. Учрашувларнинг турли мамлакатларда ўтиши қонун-қоидалар ва виза тизими борасида қийинчиликлар туғдириши мумкин. Лекин иккинчи томондан, турнир бутун Европани бирлаштиради.
Рамзий жиҳатдан олганда, бу жуда қизиқарли - Боку ва Дублин, Санкт-Петербург ва Бильбаонинг яқинлашуви. Евро-2020 оламшумул муваффақиятга эришиб, Европа чемпионати тарихидаги энг яхши мусобақа даражасига кўтарилиши ҳеч гап эмас. Тўғри, бунинг учун астойдил тер тўкиш керак.
- Ниҳоят, сўнгги савол: кейинги қитъа чемпионатида ҳам Евро-2020 формати сақланиб қоладими?
- Йўқ. Ҳамма гап шундаки, Евро-2020 - юбилей турнир. Биз унинг тарихда бетакрор мусобақа бўлиб қолишини истаймиз!
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20