Қайднома

Қидирув

Польша йўқотган «жавоҳир» Лукаш Подольски ҳақида

Польша йўқотган «жавоҳир» Лукаш Подольски ҳақида

  23.07.2018 00:13
  0
  1789
Польша йўқотган «жавоҳир» Лукаш Подольски ҳақида

Лукас Подольски футболчилик фаолияти давомида кўплаб мухлислар меҳрини қозонди. Унинг ўтмишидан хабар топганлар ҳам бу ноёб шахсни ёқтириб қолишлари муқаррар.

Sports.ru Польшада туғилиб, кейинчалик Германия термаси ва Лондоннинг «Арсенал» клубида етакчилик қилган ҳужумчи ҳақида сўз юритади.

Полякча ибтидо ва футболдаги илк қадамлар

Лукас Юзеф Подольски Польшада туғилиб, спортчилар оиласида улғайган. Онаси Кристина гандбол бўйича Польша аёллар термасида ўйнаган, отаси 1980 йили «Шомберки» таркибида мамлакат чемпионлигини нишонлаган.

1987 йили, Лукас туғилганидан икки йил ўтиб, Подольскилар оиласи Германияга кўчгач, бўлажак жаҳон чемпиони олмонлар юртида яшаб, вояга етди. Унинг болалиги Кёльн яқинидаги кичик шаҳарчаларда ўтган.

Ёш Подольски фаолиятини Бергхаймдаги ўсмирлар жамоасида бошлади. Қизиғи, «Кёльн» клуби афсоналаридан бири Харальд Конопка ҳам футболдаги илк қадамларини шу ерда қўйганди. 1991 йилдан 1995 йилгача Лукас камтарона жамоанинг бир қисмига айланди. У энг фаоллардан бири эди ва завқ-шавққа тўла Подольски 1995 йили «Кёльн»нинг ёшлар жамоасига қабул қилинди.

Шунга қарамай, Лукас илк клубини ҳозиргача қўллаб-қувватлаб келмоқда. Баъзан жамоа ўйинларига ташриф буюради, клубдаги футболчилар ва раҳбарият билан яқин алоқа ўрнатган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, юрагинг қаерда бўлса, уйинг ҳам ўша ерда. Лукаснинг қалби эса ҳамиша Бергхайм билан бирга эди.

Кёльн қаҳрамони

Гарчи Подольски «Бавария»нинг таклифидан сўнг «эчкилар» сафини тарк этган бўлсада (2006-2009), уни барибир, ҳақиқий қаҳрамон сифатида тан олишади. Лукас борлиғи билан Кёльнга содиқ эди. У буни бир неча марта исботлаган.

«Кёльн» 2004|2005 йиллар мавсумини иккинчи Бундеслигада ўтказди. Европанинг кучли клубларидан таклифлар тушганига қарамай, Подольски жамоасининг элитага қайтишига кўмаклашиб, 20дан ортиқ гол урди. Боз устига, қуйи дивизионда тўп суришига қарамай, Лукас мунтазам равишда Германия термасига жалб этилди.

Подольскини Кёльнда ажойиб ўйин сифатлари орқали эслаб қолишган. У нафақат меҳнатсевар, балки иқтидорли ҳамдир. Лукас ғайритабиий гол сезиш қобилиятига эга. «Кёльн» либосида ўтказган 6 мавсуми давомида 86та гол ургани ҳам шундан далолат бериши мумкин.

Россияга ўтиш ўхшамади

- Дарҳақиқат, шунга яқин келгандим. Агентим клуб раҳбарияти билан гаплашгач, Россияга бордим, улар Германияга келишди, аммо якунда «Арсенал»дан таклиф тушгач, Лондонга кўчиб ўтдим. Ҳарқалай, АПЛ - жаҳондаги энг кучли лигалардан бири, у ерда тўп суриш имконияти ҳаммага ҳам берилавермайди, - деганди Лукас Lenta.ru сайтига берган интервьюсида.

2011|2012 йиллар мавсуми ва Евро-2012дан кейин Подольски фаолиятини давом эттириш йўлида бир неч­та вариантларга эга бўлди. Улардан бири Москвага бориб, «Локомотив» сафига қўшилиш эди. Рус «темир­йўлчилари»нинг ўша пайтдаги раҳбари Ольга Смородская ушбу ҳужумчи учун йилига 5 млн. евро тўлашга тайёрлигини билдирганди.

«Кёльн» бу борада рақобатга тайёр эмасди. Шунингдек, ўша кезлари Москванинг «Динамо» клубида тўп сурган Кевин Кураньининг Подольскини Россияга чақиргани ҳақида гап-сўзлар урчиганди.

Гап шундаки, Кевин ва Лукас қадрдон дўст эдилар, биз эса бундай вазиятларнинг кўпини кўрганмиз. Гўёки, шартнома ҳам деярли имзолангандек туюлган паллада Подольски бошқа рейсни танлаб, Лондоннинг «Арсенал» клубига ўтган.

Қойилмақом «тўпчи»

Туманли ўлка... АПЛда ўйнаш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Лукас бу ерда кўплаб қийинчиликларни енгиб ўтди, қисқа муддатда Англия футболига мослашди. 2012 йилнинг 2 сентябрида «Арсенал»даги голлари ҳисобини очди. Дарвоқе, ўшанда Лукаснинг голидан «Ливерпуль» зарар кўрганди (2:0).

Лукас худди Санти Касорла сингари жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланди. У бош тўпурар эди ва шон-шуҳрат чўққисига чиқишда унга ҳеч нарса халал бермайдигандек туюлганди. Аммо Подольскининг муваффақиятларига қарамай, Арсен Венгер унга ишонмай қўйди. Оқибатда Лукас бошланғич таркибда кам кўриниш берди.

2014 йили жамоага Алексис Санчес келиши Подольски энди асосий юлдуз эмаслигига шаъма эди. Боз устига, Лукаснинг термадаги шериги Месут Озил ҳам «канонирлар» сафига қўшилди.

Подольскининг ўйинида кескин пасайиш кузатилди. 2015 йили у ярим йиллик ижара асосида Миланнинг «Интер»ига берилди, бироқ Италияда Лукаснинг ишлари қовушмади. 9та ўйинда (4тасида захирадан майдонга тушган) Лукас бирорта тўп киритмади. Шунга қарамай, самарали узатма муаллифига айланди.

Туркия - мисоли иккинчи уйи

2015 йилнинг 4 июлида Подольски «Галатасарой»га ўтди ва 15 августда янги клубидаги дебют голини урди. Шу паллада, турк клуби билан тузилган шарт­номада белгиланган уч йиллик муддат Лукас учун ажойиб тарзда ўтадигандек туюлганди.

Умуман, Подольски Туркияга мослашишда ҳеч қандай қийинчиликка учрамади. Гап шундаки, Бергхаймнинг ёшлар жамоасида турли мамлакатлар, жумладан, Туркия­дан ҳам футболчилар бор эди.

Боз устига, кўпмиллатли Кёльнда яшаш асносида Лукасда турк ҳаёти ва маданиятидан бохабар бўлиш имконияти туғилганди. Ҳозирда унинг аксарият шериклари «шаҳзода Польди» билан танишишганидан хурсанд эканликларини яширишмайди.

Ғарбдан Шарққа

2017 йилнинг 2 мартида Подольскининг «Виссел Кобе»га ўтгани ҳақида хабарлар тарқалди. Лукасга маоши 15 млн. евро бўлган 3 йиллик шартнома таклиф қилинди. Бунга ажабланмаса ҳам бўлаверади, зеро клубга Япониядаги йирик савдо компанияси ҳомийлик қиларди.

Гарчи мўмайгина даромад орттириш имкони туғилсада, Подольскини асосан клубдаги фаолияти қизиқтирарди, у мазкур жамоада тўп суришдан роҳатланарди. Лукас ўйинлар ва машғулотлар пайти, Кобедаги саёҳатидан олинган суратларни мунтазам равишда «Инстаграм»даги саҳифасига жойлаб боради.

Терма жамоа танлаш

Фаолиятининг муваффақиятли старти сабаб Подольски Польша ОАВ эътиборига тушди, кўпчилик Павел Янас бошчилигидаги миллий жамоадан уни назардан четда қолдирмаслигини сўради.

Бош мураббийнинг ушбу мавзу юзасидан билдирган фикрлари эса мухлису мутахассисларни лол қолдирди: «Бугунги кунда Польшада кўплаб юқори савияли ҳужумчилар бор. Бундеслигада бир-иккита учрашувда яхши ўйин кўрсатган футболчини термага чақиришга ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман. У ҳаттоки, ўз клубида бошланғич таркиб аъзоси ҳисобланмайди».

Охир-оқибат Лукаснинг ўзида ҳам Польша термасида ўйнаш истаги йўқолди ва бор эътиборини Германия миллий жамоасига қаратди. 21 ёшида Подольски халқаро ўйинларда 16та гол уришга улгурди.

Лукас бундай натижани биринчилардан бўлиб қайд этди. У термада 100та учрашув ўтказиш бўйича Франц Беккенбауэрни ҳам ортда қолдирганди. Аниқроғи, Лукас 2012 йил 17 июнда ушбу кўрсаткични қайд этганида, 27 ёшу 13 кунлик эди. Беккенбауэр эса юзлик довонни забт этганида, ёши каттароқ бўлганди.

Бундестимда рақобат кучлилигига қарамай, Подольски ҳар қандай чорловга тайёр эди. У термада ўзини анча эркин ҳис қилиб, сўнгги дамгача курашди. Ҳозирга қадар шундай даражага етгани ҳам бежиз эмас, албатта. 2017 йилнинг 22 мартида Англияга қарши кечган ўртоқлик баҳсида Лукас термадаги фаолиятига якун ясади.

Ресторан хўжайини ва хоккей мухлиси

Яқинда Подольски Кёльн кўчаларининг бирида кабоб ресторани очиб, уни «Mangal Doener», яъни «мангалчи» деб номлади. Очилиш маросимида 2000га яқин ишқибоз тўпланди. Ушбу тадбир катта хурсандчилик билан ўтди.

Ва албатта, Подольски сиз ва биз сингари ишқибоз ҳам ҳисобланади. У Кёльннинг хоккей жамоаси - «Кёльнер Хайе» ёки бошқача айтганда, «Кёльнлик наҳанглар» мухлисларидан бири. Лукас «Твиттер»даги саҳифасида «акулалар»ни кўп бор тилга олиб, шунингдек, собиқ клублари - «Арсенал» ва «Кёльн»ни эътироф этишни ҳам унутмайди.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Тўлиқ исми: Лукас Юзеф Подольски

Туғилган санаси: 1985 йил 4 июнь

Туғилган жойи: Гливице, Польша

Фуқаролиги: Германия

Амплуаси: ҳужумчи

Ютуқлари: иккинчи Бундеслига ғолиби (2005), Германия чемпиони (2008), Германия кубоги соҳиби (2008), Германия лига кубоги соҳиби (2007), Англия кубоги (2014), Туркия суперкубоги (2015), Туркия кубоги (2016), Конфедерациялар кубоги бронза медали (2005), жаҳон чемпионати бронза медали (2006, 2010), Евро-2012 бронза медали, Евро-2008 кумуш медали, жаҳон чемпиони (2014).

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz