Қайднома

Қидирув

Ҳотамтой Мбаппе ва англиялик сахий юлдузлар

Ҳотамтой Мбаппе ва англиялик сахий юлдузлар

  24.07.2018 06:41
  0
  833
Ҳотамтой Мбаппе ва англиялик сахий юлдузлар

Россия мундиали футбол мухлисларига қанчадан-қанча бетакрор спектаклларни ҳадя этди. Лекин бу мафтункор оламнинг шундай бир ажойиб фазилати ҳам борки, уни стадионда ўтириб кузатишнинг иложи йўқ.

Жумладан, Килиан Мбаппе ўзининг фантастик ўйинлари эвазига Францияни финалга олиб чиқди. Натижада, «учранглилар»нинг 20 йиллик танаффусдан сўнг яна тождорига айланишди.

Жамоанинг 19 (!) ёшли ҳужумчиси эса чинакам олийжаноблик фазилатини намойиш этмоқда - ЖЧдаги иштироки учун олаётган даромадини хайрия жамғармасига эҳсон қилмоқда. Мундиалнинг дастлабки 5 учрашувида топилган 150 минг еврони ночор ва ногиронларга ҳадя этди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Мбаппега ўхшаган саховатпешалар сони тобора ортиб бормоқда. Ҳатто бу инсоний фазилатни дастуриламал қилиб олган жамоалар ҳам йўқ эмас!

ҲАММАСИ БЕКХЭМ ДАВРИДАН БОШЛАНГАН

Килиан Мбаппе ЖЧ-2018да намойиш этган ибратли тадбирни Англия терма жамоаси аъзолари 11 йилдан бери амалга ошириб келишмоқда. Улар 2007 йилда англиялик футболчилар жамғармаси (АФЖ) ташкил этиб, бошқарувни Давид Бекхэмга топширишганди.

Жон Терри ва Гарри Невилл каби юлдузлар муассислигида фаолиятини бошлаган жам­ғарма терма жамоа  футболчиларининг гонорарларини тўлалигича хайрия мақсадларига сарфламоқда.

Буни мамлакат футбол ассоциацияси раҳбари Мартин Гленн ҳам тасдиқлади: «Футболчилар бир чақа ҳам олишмайди».

- Футболчилик давримда маошимни муҳтожларга тарқатардим.Терма жамоа бу анъанани давом эттираётгани қувонарли ҳол. Мен нафақат ватан шарафини ҳимоя қилаётганим, балки майдон ташқарисидаги муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшаётганим билан фахрланаман», - дейди Фрэнк Лэмпард.

Фаолиятини энг номдор клубларда ўтказган Давид Бекхэм ҳам савобли ишларга доимо бош-қош бўлиб келган. Масалан, «ПСЖ»даги даврида олган машининг 100 фоизини Париждаги болалар жамғармасига ўтказиш Бекс учун чинакам инсоний эҳтиёж бўлиб қолганди.

Ваҳоланки, у ҳафтасига 200 минг евро олар, аммо эҳсон қилишга келганда ўйлаб ҳам ўтирмасди. «Айримларга бу ишимиз арзимасдек туюлиши мумкин. Лекин ногирон болалар учун қанчалик муҳим эканлигини бир тасаввур қилинг.

Маошлари қанча бўлишидан қатъий назар, эзгуликни амалга ошириш касбдошларим учун одат тусига кирган. Мен улар сафида эканлигимдан фахрланаман!», - дейди Бекс.

Фаолияти давомида АФЖ дунёнинг таниқли хайрия муассасалари, жумладан, Бобби Мур номидаги саратонга қарши кураш жамғармаси билан ҳамкорлик қилмоқда. Ёдингизда бўлса, инглиз футболи тарихида жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган ягона сардор ичак саратони туфайли 51 ёшида оламни барвақт тарк этганди.

Муассаса  ана шу оғир хасталикнинг олдини олиш ва даволаш масалалари билан шуғулланади. «Бобби ҳаёт бўлганида, албатта, жуда хурсанд бўларди», - дейди афсонавий ҳимоячининг беваси Стефани.

АФЖдан ибрат олган хайрия турнири эса таниқли қўшиқчи Робби Уильямс ва телебошловчи Жонатан Уилкс томонидан ташкил этилмоқда. Лойиҳа жуда оддий: Англия терма жамоаси санъат юлдузларига қарши ўртоқлик учрашувида баҳслашади.

Сўнгги беллашувга бош ошпаз Гордон Рэмзи, хоккейчи Сергей Фёдоров, актёр Майкл Шин, дунёнинг энг учқур спринтери Усейн Болт ва Диего Марадонадан тортиб, Франко Барезигача, Зайниддин Зидандан Роналдиньогача бўлган машҳурлар ташриф буюришди.

Учрашув баҳонасида ўтказиладиган қизиқарли танловлар, викториналар ва бошқа кўнгилочар тадбирлар, ТВ трансляциялари эҳсон салмоғининг ошишига хизмат қилади.

Хайрия учрашувига бўлган қизиқиш ҳавас қилса арзийдиган даражада. 2006 йилдан шу пайтгача ташкил этилган тадбирларда энг оз ташриф 2008 йилда (Уэмбли» - 45000) кузатилди. «Олд Траффорд»даги барча ўйинлар камида 65000 мухлис кузатувида ўтди. Тадбирдан тушган даромад ЮНИСЕФ ҳисобига ўтказилди.

Жамғарманинг ҳозирга қадар халқаро ташкилотга кўрсатган моддий кўмаги 20 миллион фунтдан ошиб кетди. Англия терма жамоаси футболчилари эса ортда қолган 11 йил ичида 5 миллиондан кўпроқ маблағни эҳсон қилишди. АФЖ шу билан чекланиб қолмоқчи эмас - Россия мундиалининг гуруҳ босқичида ҳар бир футболчи 54000дан пул ишлади.

Табиийки, «плей-офф» босқичида рағбат салмоғи сезиларли даражада ошади. Агар Англия шоҳсупага кўтарила олса, даромад 5 миллионга етиши мумкинлиги таъкидланди. Бундан ташқари, терма жамоанинг ҳар бир аъзоси ўртоқлик ва саралаш учрашувларида ғалаба учун 1500, дуранг учун 1000 ва мағлубият учун 500 фунтдан мояна олади.

Энди бу қийматларни «заявка»даги ўйинчилар сонига кўпайтирсангиз, рисоладагидек рақамга эга бўласиз. Хуллас, футбол ихтирочилари терма жамоасининг ҳар бир учрашуви болакайлар учун ўзига хос байрам мақомида.

ундай экан, хайрияни хуш кўрувчилар Англия терма жамоасини қўллаб-қувватлашдан асло чарчашмайди. Зеро, болалар бизнинг келажагимиздир!

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz