Қаранг, аввалги мавсум тегишлича 1-2-ўринларни банд этган «Локомотив» ва «Насаф» клублари ҳозирга келиб, икки хил ҳолатда: амалдаги чемпион хотиржам ҳолда ғолибона одимламоқда ва эндиликда бемалол совринли ўринларни ҳал қилувчи иккинчи босқич ҳақида ўйласа ҳам бўлаверади. Амалдаги «кумуш» жамоа эса анчадан буён ғалаба нималигини билмаяпти ва кучли олтиликка илиниши ҳам катта сўроқ остида турибди. Хуллас, 17-турда ўтган мавсумнинг икки етакчиси ўзаро тўқнашди. Лекин жамоаларнинг айни ҳолати ўйинга нисбатан «марказий» сифатини ишлатишга монеълик қилади. Шу маънода айтсак, «Металлург» - «Бунёдкор» тур бўйича «марказий» бўлди. Ҳар ҳолда, «қалдирғочлар» ҳам, бекободликлар ҳам турнир жадвалининг биринчи ярмида боришяпти.
1-КУН: «НАСАФ»НИНГ ҲОЛАТИ ЁМОН...
«Локомотив» - «Насаф» учрашувида «темирйўлчилар» фахрий Марат Бикмаев томонидан урилган 3та гол эвазига ғалаба қозонишди. Ҳужумчининг илк голи 6-дақиқадаёқ юзага келди: Шуҳрат Муҳаммадиев тўпни ўнг қанотдан жарима майдонига узатгач, Марат уни ўз услубида, яъни боши билан дарвозага жойлаб қўйди. Кейинчалик ҳам «Локо»нинг устунлиги яққол сезилиб турган бўлсада, меҳмонлар ҳисобни тенглаштириш уддасидан чиқишди. Аниқроқ айтсак, 23-дақиқада Шароф Муҳиддинов кучли ва аниқ зарба билан Игнатий Нестеровни ожиз қолдирди - 1:1. Танаффусга чиқиш арафасида эса Олег Зотеев яна ўша Марат Бикмаевга қулай имконият яратди ва «темирйўлчилар» ҳисобда қайта олдинга чиқиб олишди. Рўзиқул Бердиев жамоаси табиийки, иккинчи бўлимда мувозанатни тиклашга уриниб, тез-тез ҳужумга ўтди. Лекин Марат Бикмаевнинг учинчи голи қалтис вазиятни анча «юмшатди». Эътиборлиси, унга бу сафар ҳам Олег Зотеев ассистентлик қилди. Хуллас, ҳужумчи Суперлига ҳисобидан учинчи «хет-трик» муаллифига айланди. «Насаф»га келсак, танаффусдан кейин футболчиларнинг ўртача ёши бўйича Суперлиганинг энг «кичик» иштирокчисига айланган клубнинг турнир жадвалидаги ҳолати янада мураккаблашди. Қаршиликлар ҳозирда 8-ўриндалар ҳамда 6-поғонадаги «Металлург»дан 4 очко орқада қолишмоқда. Дарвоқе, шу билан «Насаф»нинг ғалабасиз серияси 5та ўйинга етди.
«Қўқон-1912» ўз майдонида АГМКдан 3 очко тортиб олиб, 6-поғонага анча яқинлашди. Эътиборли томони, 3:0 ҳисобида якунланган ўйинда Нўъмон Ҳасанов шогирдлари 2 марта пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди ва улардан Мурод Холмуҳаммедов унумли фойдаланди. Боз устига, бош ҳакам Шерзод Қосимов 65-дақиқада АГМК голкипери Павел Матяшни майдондан четлаштирди. Қўқонликлар шундан сўнг учинчи голни ҳам нишонлашди - 72-дақиқада бурчак тўпи амалга оширилгач, Суҳроб Бердиев барчасига нуқта қўйди - 3:0. Диққатга сазовор томони, «Қўқон-1912» жорий мавсум Суперлига ўйинларида 7 марта пенальти тепди (Мурод Холмуҳаммедов уларнинг барчасини голга айлантиргани ҳам диққатга сазовор факт).
Турнир жадвали пешқадами - «Пахтакор» Навоийда «Қизилқум»га ютқаза туриб, якунда ғалабани ўз томонига оғдирди. Биринчи бўлимда ҳар икки томон галма-гал хавфли вазиятлар яратган бўлсада, ҳисоб очилмади. Умуман, стадионга йиғилган 7500дан кўп мухлис илк голни нақ 75 дақиқа кутди. Бу вазиятда Тиаго Безерра қўпол хатога йўл қўйди ва Қозоғистондан қайтган Иван Нагаев тўпни боши билан дарвозанинг узоқ бурчагига йўналтириб, Элдор Суюновни «карахт» ҳолга солди. 90 ва 90+4-дақиқалар эса «пахтакорчилар»га аталди. Аввалига захирадан майдонга тушган Жасур Яхшибоев дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб, ҳисобни тенглаштирди. Сўнгги сонияларда эса бразилиялик Тиаго Безерра ўзини кўрсатди. Шу билан Яхшибоевнинг голлари сони 3тага, Безерраники эса 8тага етди. Айтиш жоиз, Жасур 3та голини ҳам «жокер» ролида урган, яъни захирадан майдонга тушиб, сўнгги дақиқаларда гол муаллифи бўлган.
2-КУН: «МЕТАЛЛУРГ» БЎШ КЕЛМАЙДИ
«Металлург» футболчилари «Бунёдкор»га қарши ўйинда ҳам кучли олтиликдан осонгина чиқиб кетмасликларини исботлашди. Айтиш жоиз, Андрей Шипилов жамоа учрашувни ҳужумкор руҳда бошлади. Бироқ Зоҳид Абдуллаев ва Ислом Исоқжонов яхши вазиятлардан самара чиқаришолмади. «Бунёдкор» эса чинакам илк уринишдаёқ ҳисобни очди: Мурод Тошматов жарима зарбасини аниқ амалга оширди. Бекободликлар шундан кейин ҳам кўпроқ ҳужумга ўтиб, 50-дақиқада Шаҳзод Шайманов голи билан мувозанатни тиклашди. Тўғри, «қалдирғочлар» ортга 3 очко олиб қайтишлари ҳеч гап эмасди. Бироқ Жавоҳир Илёсов 77-дақиқада ажойиб «сейв» кўрсатиб, бунга йўл қўймади.
«Бухоро» меҳмони бўлган «Нефтчи» мавсум ҳисобидан 8-марта дуранг натижа қайд этди - 0:0. Эҳ, агар Достон Тошматов 87-дақиқада атиги бир метр масофадан самарали зарба берганидами, фарғоналиклар ниҳоят, биринчи ғалабани тантана қилишлари мумкин эди. Бироқ унга аниқлик етишмади. Умуман, ҳар икки жамоа вакиллари бутун учрашув давомида кўплаб вазиятларни кўкка совуришди. Хуллас, «Нефтчи»нинг ғалабасиз серияси 17та ўйинга чўзилди, «Бухоро» эса кетма-кет 3та турдан буён 3 очко ололмаяпти.
14-тур ўйинида «Локомотив»га бас келолмаган «Навбаҳор» бу сафар ўз майдонида «Сўғдиёна»ни хотиржам тарзда енгди - 2:0. Ҳисобни 41-дақиқада Дарко Станоевич очди. Бу вазиятда Азиз Турғунбоев ўнг тарафдан жарима майдончасига ёриб киргач, меҳмонлар тўпни қайтаришда пала-партишликка йўл қўйишди. Биринчи бўлимга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар ўтиб бораётган паллада эса Сардор Сулаймонов дарвозабон хатосидан унумли фойдаланди. Иккинчи бўлим нисбатан сокин ўтди. Фақат 67-дақиқада Санжар Рашидовнинг яккама-якка ҳолатдан гол уролмаганини алоҳида айтиш мумкин.
ТУР ИҚТИБОСЛАРИ
- Тан оламан, жадвалнинг юқори қисмига кўтарилиш қийин. Лекин футболчиларимизда бунинг учун етарли потенциал бор ва мақсадга эришишимизга ишонамиз. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).
- Тўпурарлар рўйхати? Бунга қарамайман. Ўйиндан ўйинга жамоамиз натижалари яхшиланиб бормоқда. Тўпурарлар рўйхатининг эса менга умуман қизиғи йўқ. Энг омадли ўйиним? Бу ҳали олдинда. Марат Бикмаев («Локомотив» ҳужумчиси).
- Мағлубиятнинг асосий сабаби - биринчи бўлимдаги бўш ўйинимиз. Ҳозирги ҳолатда баҳона қидириш ярамайди. Натижани яхшилаш учун ҳаракат қилишимиз лозим. Бахтиёр Ашурматов (АГМК бош мураббийи).
- Ўтган йили ҳам бу ерда қийналгандик. Ўшанда пенальтидан гол уролмагандим. Бу сафар эса рақиб гол уришига ёрдам бериб юбордим. Ўша лаҳзада қайғу сездим, жамоага кетма-кет иккинчи йил шу ерда панд бераётганим ҳақида ўйладим. Яратганга шукр, барчасини ўзгартирдик. Тиаго Безерра («Пахтакор» ҳужумчиси).
- Ҳаммасини тўғри бажардик, менимча. Қолгани футболчилар виждонига ҳавола. Ғалабага жуда яқин эдик, аммо якунда уни мағлубиятга алмаштирдик. Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи).
- Секин-аста янги жамоа шакллантиряпман. Шу боис, баъзан ўйинимиз умуман қовушмаяпти. Аслида бугун ҳам ёмон ҳаракат қилмадик. Фақат гол уриш бобида омадимиз келмади. Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи).
ТУР ҚАҲРАМОНИ - МАРАТ БИКМАЕВ
Футболда «хет-трик» доимо алоҳида қадрланади. Боз устига, Суперлига-2018да футболчининг битта ўйинда 3та гол уриши кам кузатилмоқда. Дейлик, Марат Бикмаевгача атиги икки футболчи - Элгужа Григалашвили («Қизилқум») ва Азамат Алланиёзов («Навбаҳор») шундай натижага эришганди. Мавсум ҳисобидан 3-«хет-трик» муаллифини четда қолдириб, бошқа қаҳрамон излашимиз мантиққа мос тушмаса керак. Қолаверса, Бикмаев бир уринишда тўпурарлар пойгаси пешқадамига айланиб олди. Ҳа, чемпионатимизда кетма-кет иккинчи мавсум «хет-трик» қайд этган ягона футболчи бўлиб турган фахрий ҳужумчи бу йил ҳам бош голеадорга аталган совринга чинакамига даъво қилади, чоғи.
Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ"нинг 24 июль кунги сешанба сонида ўқишингиз мумкин...
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20