Қайднома

Қидирув

Катта клублар учун ЖЧ-2018нинг ёш юлдузлари (фотогалерея)

Катта клублар учун ЖЧ-2018нинг ёш юлдузлари (фотогалерея)

  25.07.2018 00:18
  0
  2447
Катта клублар учун ЖЧ-2018нинг ёш юлдузлари (фотогалерея)

Барча нуфузли мусобақалар каби Россия мундиали ҳам кўплаб ёш иқтидор соҳиблари учун ўзига хос зинапоя вазифасини ўташи аниқ.

Футболчилар ўз маҳоратларини намо-йиш этишгани сари харидор клублар улар орасидан энг сараларини танлаш билан овора.

Мана, кўплаб иқтидорли йигитлар аллақачон грандлар назарига тушишди ва айримлари ҳаттоки, манфаатли таклифларга эга бўлишяпти.

1. Ирвинг ЛОЗАНО (Мексика) -22 ёш

Эҳтимолий янги манзили: «Барселона»

Трансфер баҳоси: 40 млн. евро

«Чаки»нинг немислар дарвозасига урган голини мексикалик мухлислар шундай нишонладиларки, сейсмологлар ўша лаҳзада зилзилага хос ер силкинишини қайд этдилар. Хўш, бундай тарихий воқеадан кейин трансфернинг амалга ошиши муқаррарми? «Ҳа, бизга мурожаат қилишди. Лекин ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмас», - деди Ирвингнинг отаси «Барселона»нинг қизиқиши хусусида.

Бундестим устидан қозонилган муҳим ғалабанинг сабабчиси чиндан ҳам, старт беллашувида «ацтеклар»нинг энг фаол жангчиларидан бири бўлди. Умуман, иқтидорли ярим ҳимоячи ПСВдаги ёрқин ўйинлари биланоқ кўпчилик эътиборига тушиб улгурганди.

Хуллас, Лозанонинг таътилдан кейин Голландия Эдеривизионига қайтмаслиги ва Ла-лига, «А» серияси ёки АПЛнинг қайсидир номдор жамоасига йўл олиши эҳтимоли баланд. Бир ёқда Гарет Бэйлдан рад жавоби олган «Бавария» ҳам анчадан буён ёрқин ҳужумкор ярим ҳимоячи изламоқда.

2. Вилфрид Н~ДИДИ (Нигерия) - 21 ёш

Эҳтимолий янги манзили: «Ливерпуль»

Трансфер баҳоси: 30 млн. евро

«Супербургутлар»нинг 19 ёшли дарвозабони Фрэнсис Узохо Исландия термасига қарши ўйинда ўта ишончли ҳаракат қилган бўлсада, асосан Ла-лиганинг ўртамиёна жамоалари эътиборини тортмоқда.

Унинг терма жамоадаги сафдоши Н~Диди эса ҳозирнинг ўзида «Ливерпуль» сафида «Ювентус»га ўтиб кетган Эмре Жан ўрнини тўлдиришга шай. Вильфрид ўзини Н~Голе Кантега таққослаётгани йўқ.

Аммо «Лестер»да ўта ишончли тўп сурди. Экспертлар хулосалари тайин: нигериялик йигит нафақат Юрген Клопп жамоаси, балки бошқа грандлар таркибини ҳам бемалол кучайтиришга қодир.

Дейлик, франциялик Н~Голо мабодо «Челси»дан кетишни ихтиёр этса, Маурисио Сарри нигериялик ёш ярим ҳимоячини қўлга киритиш учун бор имкониятини ишга солади.

3. Никола МИЛЕНКОВИЧ (Сербия) - 20 ёш

Эҳтимолий янги манзили: «Атлетико»

Трансфер баҳоси: 35 млн. евро

Италияликларнинг айтишларига қараганда, «Фиорентина»да Жованни Симеоне билан ёнма-ён тўп сурадиган 20 ёшли ҳимоячи Диего Симеонега шунчалик ёқиб қолганки, у «ҳиндулар» раҳбарияти олдига қатъий талаб қўйган: «Николани харид қилиш шарт». Айни пайт «Атлетико» ҳимоясида икки нафар уругвайлик бош ролни бажармоқда.

Уларнинг бири Диего Годинга эътироз йўқ - «ҳиндулар» сардори аллақачон жамоа рамзига айланиб улгурган. Хосе Мария Хименес эса кетиш тараддудида. Шундай экан, Миленкович дунёнинг энг пухта ҳимоя мактабига эга клуб сафидан жой олиши ҳеч гап эмас.

4. Амин АРИТ (Марокаш) - 21 ёш

Эҳтимолий янги манзили: «Бавария»

Трансфер баҳоси: 40 млн. евро

«Шальке» вакили май ойида Бундеслиганинг энг яхши ёш ярим ҳимоячиси сифатида эътироф этилди. Мундиалнинг илк учрашувида эса миллий жамоаси Эрон термасидан мағлубиятга учраган бўлсада, айнан уни энг яхши футболчи ўрнида кўришди. Ҳаттоки, марокашликларнинг гуруҳ босқичидаги омадсизликлари ҳам Аритга нисбатан қизиқиш даражасини пасайтиргани йўқ.

«Бавария» эса Гельзенкирхен клубининг ёрқин кашфиётларига «мазахўрак» бўлиб улгурган. Агар мюнхенликлар 24 ёшли хорват Анте Ребич (Аргентина термаси дарвозасига урилган гол ва Германия кубоги финалидаги «дубль» муаллифи)ни сотиб ололмасалар, бор эътиборларини Аминга қаратишларига шубҳа йўқ.

5. Бенжамен ПАВАР (Франция) - 22 ёш

Эҳтимолий янги манзили: «Арсенал»

Трансфер баҳоси: 50 млн. евро

ЖЧ-2018нинг бош кашфиётларидан бири Бундеслига сўровида марокашлик амплуадошига имкониятни бой берганди. Лекин унинг «Штутгарт»да ҳимоячи ва ярим ҳимоячи позицияларида бирдек тўп сурганини унутмаслик керак. Франция терма жамоасида эса қанот ҳимоячиси ролини ўз зиммасига олди.

Тўғри, ёрқин ўйинига қарамай, «Барселона» ёки «МЮ» каби грандлардан ҳозирча жиддий таклиф тушмади. Бироқ Франция термаси муваффақиятини ҳисобга олсак, Паварнинг талабгорлари ҳали кўпайиб кетиши тайин. Чунончи, универсал ижрочиларнинг бозори доимо чаққон.

6. Хосе Мария ХИМЕНЕС(Уругвай) - 23 ёш

Эҳтимолий янги манзили: «Ювентус»

Трансфер баҳоси: 50 млн. евро

Бу ҳимоячи шундоқ ҳам «Атлетико»дек номдор жамоада тўп сурмоқда. Лекин манфаатли таклиф олса, жамоасини ўзгартиришга тайёр. «Кекса синьора»даги Меҳди Бенатия 31, Жоржо Кьеллини 34, Андреа Барцальи эса 37 ёшни уриб қўйишганини инобатга олсак, Хосе туринликларга ортиқчалик қилмайди.

Боз устига, жамоа уругвайлик футболчига анчадан буён қизиқиш билдирмоқда. Диего Симеоне эса унга ҳар доим ҳам ишонч билдиравермайди. Бундан ташқари, «Реал» ва «Рома» мутасаддилари ҳам ёш ҳимоячига бефарқ эмаслар.

7. Пионе СИСТО (Дания) - 23 ёш

Эҳтимолий янги манзили: «Челси»

Трансфер баҳоси: 40 млн. евро

Угандада туғилган ва ота-онаси билан Даниядан қочоқ сифатида паноҳ топган Систо улғайиб футболни танлади. Кейин «МЮ» дарвозасини забт этди, «Сельта» сафига қўшилди ва скаутлар эътиборини қозонишга киришди. Жумладан, Россиядаги мусобақада ҳам данияликларнинг барча ўйинларида майдонга тушиб, фаоллиги билан ажралиб турибди.

Тўғри, Систо даҳшатли бомба каби «портлагани» йўқ. Лекин унинг маҳорати Ла-лига вакилларига маълум. Энди АПЛ клублари ҳам данияликка «қармоқ» ташлаши мумкин. Масалан, «Челси». Зеро, италиялик Маурисио Сарри айнан Систога ўхшаган аниқ узатмалар устасини хуш кўради.

8. Сергей МИЛИНКОВИЧ-САВИЧ (Сербия) - 23 ёш

Эҳтимолий янги манзили: «Реал», «Ювентус», «МЮ», «Барселона»

Трансфер баҳоси: 100 млн. евро

Бу футболчига нисбатан қизиқиш ўта юқори. Мана, «Реал»да иш бошлаган Хулен Лопетеги собиқ бош мураббий Зайниддин Зиданнинг ўғли Лукадан Андрей Лунинни афзал кўрган «Реал» скаутлари ва Флорентино Перес билан ҳамфикр эканлигини кўрсатди. Мадридликлар энди Лука Модричнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда, Сергейни сафга қўшиш пайидалар.

Режа амалга ошса, футболчи отаси кутганидек, «Ювентус» эмас, «Қироллик клуби»га йўл олади. Умуман, Неманья Матич билан ёнма-ён ёрқин ўйин кўрсатган сербиялик ярим ҳимоячи трансфер бобида ўз мамлакати рекордини ўрнатса, ажабмас.

9. Александр ГОЛОВИН (Россия) - 22 ёш

Эҳтимолий янги манзили: «Ювентус», «Барселона», «Челси»

Трансфер баҳоси: 25 млн. евро

Россия футболи умидининг трансферини барбод қилиш биргина Евгений Гинер (ЦСКА президенти) қўлидан келиши мумкин. Ахир у музокаралар жараёнида Головин учун ҳаддан ташқари кўп маблағ сўраши ҳеч гап эмас. Мутахассисларнинг баҳолашларича, Александрнинг дастлабки 2та учрашувдаги ёрқин ҳаракатлариёқ трансфер нархининг кўтарилишини тақозо этди.

Айнан шу сабабли ҳам, туринликлар ЖЧ бошланишидан аввал шартнома тузишга уринган эдилар. Бироқ россияликлар ҳам анойилардан эмаслар. Умуман, айни пайт Европада Головинга жиддий қизиқаётган клублар етарли.

Р.S.: эътиборга олиш зарурки, ЖЧ-2018 якунига етгани билан ёзги трансферлар асосий масалага айланди. Демакки, энди бу борадаги маълумотлар кунига эмас, соатига ўзгариб туриши табиий ҳол.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz