Қайднома

Қидирув

Ғурурланавер, Африка! Ёхуд ЖЧ-2018 тақдирини ҳал қилган футболчилар ҳақида

Ғурурланавер, Африка! Ёхуд ЖЧ-2018 тақдирини ҳал қилган футболчилар ҳақида

  26.07.2018 06:14
  0
  1277
Ғурурланавер, Африка! Ёхуд ЖЧ-2018 тақдирини ҳал қилган футболчилар ҳақида

Диққатни тортадиган ажойиб факт: жаҳон чемпионати-2018 ярим финалидан ўрин олган биринчи тўқнашув, яъни Франция - Бельгия ўйини қайдномасига қарасак, икки жамоа таркибидаги жами 46 нафар футболчидан деярли ярми, аниқроғи, 22 нафари қайсидир жиҳат билан Африкага боғлиқ экан.

Қойилмисиз. Булар - Килиан Мбаппе, Н`Голе Канте, Поль Погба, Блез  Матюиди, Стивен Н`Зонзи, Преснель Кимпембе, Самуэль Юмтити, Усмон Дембеле, Корентен Толиссо, Стив Манданда, Одил Реми, Набил Фақир, Жибриль Сидибе, Бенжамин Менди (Франция) ва Ромелу Лукаку, Венсан  Компани, Носир Шодли, Мусо Дембеле, Маруан Феллайни, Миши Батшуайи, Юри  Тилеманс, Дедрик Боята (Бельгия).

Хуллас, биринчи ярим финалга «Африка дербиси» сифатини қўллаш ҳам мумкин эди бемалол...

Сешанба оқшоми бўлиб ўтган ўйинда шу 22 нафар футболчидан айримлари бош ролда намоён бўлишди. Хусусан, финал чиптаси тақдирига ойдинлик киритган ягона гол «француз» Самуэль Юмтити ҳисобига ёзилди.

Умуман, асли африкалик йигитлар бутун турнир давомида ҳар икки жамоа муваффақиятида катта ўрин тутишди. Улар етарлича гол уришди, шунингдек, ассистентлик вазифасини ҳам яхши бажаришди.

Демакки, Франция ва Бельгияда бу футболчиларни чинакамига ардоқлашлари керак. Албатта, ҳар икки мамлакатда РомелуЛукаку ва КилианМбаппе томонидан урилган голларни худди Кевин де Брюйне ва Антуан Гризманники каби шодмон нишонлашганига шубҳа йўқ.

Зеро, Франция ва Бельгияда одамларни танаси рангига қараб, ажратиш эски замонлардан қолиб кетди. Ҳар ҳолда, ирқчиликка қарши кураш натижа бера бошлаганига анча бўлди.

Қаранг, шу рўйхатга тушган 9 нафар футболчи Конго термаси шарафини ҳимоя қилиши мумкин эди. Яъни Франция ва бельгияликлар сафида бу юртга алоқаси бор шунча ўйинчи бор (4 нафари - «француз» ва 5 нафари - бельгиялик).

Шунингдек, 3 нафардан футболчи Сенегал ва Марокашга дахлдор бўлса, Камерун ҳамда Мали 2 нафардан вакилга эга. Яна 3 нафар футболчи шажара бўйича Гвинея, Того ва Жазоирга бориб тақалади.

Қолаверса, 22талик бу рўйхатни Бельгия термаси ярим ҳимоячиси Аксель Витцель ҳисобига узайтириш ҳам мумкин. Тўғри, унинг отаси Кариб ороллари таркибига кирувчи Мартиникадан, лекин катта Витцель аждодлари у ерга айнан Африкадан боришган.

Ушбу фактларга эътибор қаратган журналист Колин Миллар ҳазил оҳангида ҳаттоки, соф оқ танли Кевин де Брюйнени ҳам африкаликка чиқариб қўйди. Гап шундаки, Бельгия миллий жамоасини қўзғатувчи «мотор»нинг онаси - Анна Бурундида туғилган. Қолаверса, унинг бутун болалик йиллари ҳам шу мамлакатда ўтган!

Шундай экан, де Брюйне ҳуқуқий жиҳатдан Бурунди фуқаролигини қабул қилиб, Африканинг футбол бобидаги ушбу камтарин мамлакати шарафи учун тўп суриши мумкин эди. Ҳа, буни ақлга сиғдириш мушкул, аммо факт шуки, «маллавой» ҳам Африкага бегона эмас.

Тўғри, амалда аксарият футболчилар Европа - Африка эмас, аксинча йўналиш бўйиша ҳаракатланишмоқда. Яъни «кўҳна қитъа» мамлакатларининг собиқ колонияларидан кўчиб ўтган этник африкаликлар фарзандлари аждодлари юртларига унча талпинмаяптилар.

Ўзи охирги йилларда бу мавзу кенг муҳокама қилиняпти, аммо ҳозирча ҳаммаси асосан қоғоз ва хайрия акциялари миқёсида қоляпти. Лекин футболчиларни ҳам тушуниш керак - улар мантиқан тўғри қарорга келишяпти. Ҳар ҳолда, Европани танлаб, кўпроқ имконият ҳосил қилишади.

Дейлик, Ромелу Лукакунинг отаси - Роже Бельгияга йўл олишига қадар Киншаса шаҳри жамоасида ўйнаган, Заир (ҳозирги Конго ДР) миллий термаси шарафини ҳимоя қилган, бироқ оиласини зўрға боққан. Мисол учун, Ромелу болалигида доимо сув аралаштирилган сут ичганини эсга олганди.

ДедрикБоятанинг отаси Бьенвеню эса оиласини ҳаминқадар таъминлаш учун Бельгия қуйи дивизионларида тер тўккан. Пьер Компани (Венсаннинг отаси) Брюссель кўчаларида такси ҳайдаш баробарида кечки махсус мактабда ўқиган. Зеро, ўқиш ва ёзишни ўрганмаганида ўғлига агент бўлолмасди.

Европа мамлакатларида ўз навбатида, аввалги ҳолат ҳукмрон - собиқ колонияларнинг истеъдодлаприга қизиқиш катта. Албатта, дейлик, Конго ўта кучли жамоага эга бўлиши мумкин эди - Лукаку, Компани, Боята, Тилеманс, Батшуайи... Буларнинг ёнига «француз»лар - Манданда, Кимпембе, Н~Зонзи ва Матюидини қўшинг.

О, қандай таркиб! Конголиклар бу йигитлар билан бемалол жаҳон чемпионати «плей-офф» босқичига чиқиш учун курашармидилар... Камерун термаси хусусида ҳам худди шундай дейиш. Бироқ Мбаппе ва Юмтити Франция миллий жамоасида ўйнашни маъқул кўришди. Малиликлар Канте ва икки Дембелени, гвинеяликлар эса Погбани ўз томонларига оғдира олишмади.

Марокаш термасига келсак, унинг ҳозирги таркибига Феллайни ва Шодли қўшилишганида, нима бўларди? Ҳа, жамоа гуруҳдан чиқиш йўлида Испания ва Португалия термаларига янада жиддийроқ кураш тақдим этарди.

Хулоса шуки, африкалик мухлислар АФК жамоаларининг бу йилги ЖЧда омадсиз иштирок этганидан ортиқча сиқилмасинлар. Ахир асли африкаликлар чемпионатга ўзгача кўрк бағишладилар. Шунинг ўзи ғурурланиш учун етарли эмасми?

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz